Дунё: Смартфонлар қандай қилиб ҳинд ёшларининг секс борасидаги қарашларини ўзгартирмоқда?

Representational image Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Порнографик материал тайёрлаш ва уни тарқатиш Ҳиндистонда қонунан жиноятга тенглаштирилган

Ҳиндистонда зўрлаш жараёни акс этган кўплаб видеолар тарқалиши ортидан аксарият одамларда смартфонлар жинсий зўравонлик оловига мой қуйиши мумкин, деган қараш шаклланиб бормоқда. Би-би-си мухбири Дивя Аря мазкур ҳолатни ўрганиб кўрди.

Жорий йилнинг бошида бир гуруҳ ўсмирларнинг ёш аёл эгнидаги кийимни зўравонларча тортқилаб, йиртиб ташлашга уриниши видеоси WhatsApp орқали Ҳиндистонда жуда кенг тарқалди.

Видеода аёлнинг дод солганча, болалардан тўхташни илтимос қилиши, уларга "бҳайя" (ҳиндчада «ака» маъносини билдиради), дея мурожаат қилиб, ўтинаётганини кўриш мумкин эди. Бироқ ўсмирлар аёлнинг фарёдига эътибор ҳам қилмай, уни таҳқирлаб, кулишдан тўхтамайдилар.

Видео деярли бутун мамлакатга тарқалиб кетгандан сўнг полиция бу ҳодиса содир бўлган жойни аниқлашга муваффақ бўлади. У шимолий Биҳор штатидаги бир қишлоқ бўлиб чиқди ва гумондорлар ҳибсга олинади.

Ҳибсдан сўнг Жаҳонобод номли бу қишлоқнинг ёши ўтган оқсоқоллари ғалаён кўтариб, барча айбни смартфонларга тўнкайди, бу қурилмаларни болаларнинг тарбиясини бузаётганликда айблайди.

Порнографик материал тайёрлаш ва уни тарқатиш Ҳиндистонда қонунан жиноятга тенглаштирилган.

Арзон интернет ва смартфонлар сабабли порнографик материалларни кўриш ёки юклаб олиш бир неча карра осонлашганига қарамай, аксар мутахассислар зўравонликка технология эмас, балки секс ва муносабатларни тўғри тушуна олмаслик сабаб бўлаётганини таъкидлайди.

Ёш аёлни таҳқирлаган жаҳонободлик ўсмирлар Би-би-сига ўша воқеадан олдин зўрлаш ва тажовуз тасвирланган видеолар кўрганини очиқ тан олди.

16 яшар бир ўсмир 25 дан ортиқ бу мавзудаги видеони кўргани, уларни смартфон орқали дўстларига ҳам улашгани ҳақида сўзлаб берди.

«Синфимдаги болаларнинг кўпчилиги бундай видеоларни биргаликда, баъзи пайтлари ёлғиз кўришади,» дейди яна бир ўсмир. «Ҳамма кўргани учун ҳам ғалати туйилмайди.»

Мутахассислар секс ҳақида илк маълумотни мазкур усулда олиш ҳинд эркаклари учун одатий ҳол эканини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бу каби видеолар асосан WhatsApp орқали бўлишилади

«Бизга болаликда жинсий тарбия беришмаган ёки катталар билан бу мавзуда умуман гаплашмаганмиз,» дейди киночи ва ёзувчи Паромита Воҳра.

«Агар киши фақат зўрлашдан иборат порнографик материал кўраверса, унинг ҳислари ўлиб, фақат шу йўл билангина лаззатланиш мумкин эканига ишониб бораверади ва унга аёлнинг розилиги керак ҳам бўлмай қолади.»

Ҳиндистонда 400 миллион одам смартфондан фойдаланади ва уларнинг ярмидан кўпи WhatsApp ишлатади. WhatsApp мессенжери эса порно видеоларни тарқатишда асосий восита сифатида хизмат қилади.

WhatsApp маъмурияти томонидан Би-би-сига йўлланган баёнотда шундай дейилади: «Бизнинг платформамизда бундайин жирканч зўрлаш видеолари ва болалар порнографиясига ўрин йўқ. Шу сабабдан ҳам биз бу каби видеолар юзасидан шикоят қилишни осонлаштирдик. Энди биз зарурий чоралар кўра оламиз, жумладан, тегишли аккаунтларни ёпиб қўямиз. Шунингдек, жиноятларни текширишда ёрдам бериш борасида Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан юборилган расмий сўровларга ҳам жавоб қайтарамиз.»

Тақиқ

Мобил телефонда порно кўргандан сўнг мактаб ўқувчисини зўрлаган ёш йигитлар ишини кўриб чиққан Уттараҳанд штати суди, интернет ва зўравонлик ўртасидаги алоқадан хавотирланиб, Олий Суддан порнографик материалларга эга вебсайтларга нисбатан ишлаб чиқилган тақиқни қайта жорий қилишни сўраган.

Тақиқ зўравонлик ва таҳқирлаш мавзусидаги видеолардан иборат 800 тага яқин вебсайтларга нисбатан амал қилади, холос. Вебсайтлар шунчалик кўплигидан бу каби тақиқлов чорасининг самараси деярли сезилмайди.

Тақиқ амалга киргандан сўнг атиги бир неча кун ичида йирик порнография сайтларидан бири Ҳиндистон бозори учун муқобил сайт яратишга улгурган.

Хўш, порнографияни тақиқлаш ягона чорами?

Айримлар жинсий зўравонликнинг асосий сабаби секс бўйича етарлича таълим-тарбия берилмаслигида эканига ишонади.

Бундан ташқари аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам жинсий муносабат ёки алоқа қандай кўринишда бўлиши кераклигининг умумий тушунчаси мавжуд эмас.

Ҳиндистон ҳукумати 2009 йилда жинсий тарбия бўйича махсус дастур жорий этиб, шу йўл билан ахлоқсизлик ва зўравонликка барҳам беришга уринган эди. Дастурда вояга етиш давридаги ўзгаришлар, жинслар бўйича шаклланган нотўғри тушунчалар, жинсий йўл орқали юқувчи касаллик ва бошқалар тўғрисида маълумот бериш кўзда тутилган эди.

Аммо мазкур дастурни умуммиллий миқёсда ҳаётга татбиқ этишнинг ҳануз уддасидан чиқилмаган. Масалан, Жаҳонобод қишлоғидаги мактаб директори бундай дастур ҳақида ҳеч ҳам эшитмаганини тан олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Катта бозор

Жинсий тажовуз ва одам савдоси муаммоларини ўрганиш билан шуғулланувчи Пражвала ташкилоти асосчиси Сунита Кришнан зўравонлик акс этган видеоларни кўришга юқори мойиллик жамиятда асрлардан бери сақланиб келаётган бир қарашнинг инъикоси эканини таъкидлайди: «Аёлнинг танлови ва ихтиёри мутлақо аҳамиятга эга эмас.»

Кришнан хонимнинг ўзини ҳам зўрлашган. Унинг қатъий ҳаракатлари ва шикоятлари ортидан Олий Суд 2015 йилда порнографик мазмундаги вебсайтларни блоклаш тўғрисида қарор чиқарган.

Лекин Кришнан хоним бир-икки видеони тақиқлаб қўйган билан уни интернетдан бутунлай йўқотиб юборишнинг деярли имкони йўқ, дейди.

Ҳиндистон порнографик материал тайёрлаб сотувчилар учун катта бозор саналади.

Биҳор штати депутати Ранжит Ранжат зўрлаш ҳолатлари туширилган видеоларнинг тарқалишини ўта хавотирли ҳолат, деб ҳисоблайди.

«Ҳеч кимнинг бу билан иши йўқ. Агар одамларда ўша қизларга нисбатан заррача ҳурмат бўлганда, видеоларни тарқатиб ўтириш ўрнига полицияга бориб, хабар берар эди.»

«Агар бу видеолар тарқалишда давом этаверса ва биз фарзандларимизга жинсий тарбия бермасак, у ҳолда аёл - бу шунчаки кўнгилхушлик манбайи, деган ёввойи қараш ҳеч йўқолмайди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek