Нега ўғил болалар қизлардан кўра кўпроқ туғилади?

Smiling babies on their backs Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дунёда янги туғилган ҳар 100 қиз чақалоққа 105 нафар ўғил бола тўғри келади.

Англия ва Уэлсда янги туғилаётган чақалоқларни рўйхатга олиш бошланган 1838 йилдан буён манзара айнан шундай бўлиб келмоқда.

Қиролича Виктория тахтга ўтиргандан бери ўтган бирор йилда туғилаётган қизлар сони болаларникидан ошиқ бўлмаган.

Мисол учун, 2017 йилда Англия ва Уэлсда 348,071 ўғил бола ва 331,035 қиз дунёга келган, яъни ўртадаги фарқ деярли 17,000 нафарни ташкил қилган.

Ана шундай ҳолат 180 йилга яқин вақтдан бери узлуксиз такрорланиб келмоқда.

Табиатан, ҳар 100 нафар қизга нисбатан 105 ўғил боланинг туғилиши нормал ҳол ҳисобланади.Ҳар йили Англия ва Уэлсда қизлардан кўра кўпроқ ўғил бола туғилади. Бу исботланган. Бироқ бунинг сабаби нима?

Ўғил фарзанд кўпроқ афзал кўринадиган Хитой ва Ҳиндистондан ташқари дунёнинг аксарият ҳудудларида 100 га 105 нисбати изчил давом этиб келмоқда.

Қизиғи шундаки, ўғил болаларнинг қизлардан кўра кўпроқ сонда туғилиши инсониятга 17-асрдан бери маълум.

Аммо унинг сабаби нимада экани ҳали тўлиқ англаб етилмаган. Шунга қарамай, баъзи бир назариялар мавжуд.

Ҳаммасига эволюция сабаб

Биринчи назария эволюция билан боғлиқ. Унда айтилишича, вояга етиш даврида аёллар ва эркаклар сони тенг бўлиши учун, табиатан, эркаклар кўпроқ сонда туғилиши зарур.

Бунинг сабаби қадимдан эркак бўлиш анча хавфли бўлиб келганидадир. Эркаклар ҳаётнинг турли даврларида аёллардан кўра кўпроқ ўлим билан юзлашади - бахтсиз ҳодисалар, хатарли ҳолатлар, суиқасд ва соғлиқ муаммолари.

«Ҳар қандай ёшда, деярли ҳамма вақт ва жойда эркаклар аёллардан кўра кўпроқ ҳалок бўлади,» дейди Оксфорд Университетидан статистика бўйича профессор Девид Штейнсалтз.

Шу сабабдан ҳаётнинг кейинги босқичларида эркаклар ва аёллар сони деярли бир хил бўлиши учун табиат ўғил болалар сони кўпроқ туғилишига имкон яратган, деган қараш илгари сурилади ушбу назарияда.

Ҳақиқатан ҳам, статистика маълумотларига кўра, қиз болалар кам сонда туғилишига қарамай, Буюк Британиядаги вояга етган аёллар сони доимо эркакларникидан бироз кўпроқ бўлади ва улар узоқроқ яшайди ҳам.

Сперма ва вақт

Эркак сперма (маний) ёки аёл спермадан қайси бири аёл тухумини биринчи уруғлантиришига таъсир кўрсатадиган омиллар жуда кўп ва улар турли-туман.

Ота-онанинг ёши, аёлнинг овуляция даврийлиги, тушкунлик даражаси, парҳез ва жинсий алоқа вақтидаги тананинг ҳолати шулар жумласидандир.

Кўпчиликка яхши таниш назариялардан бирига кўра, қиз бола туғилиши эҳтимолини ошириш учун овуляция жараёнидан бир неча кун олдин секс билан шуғулланиш, сўнг жинсий алоқадан тийилиш лозим. Шунда эркак спермадан секинроқ ҳаракатланувчи, лекин узоқроқ яшайдиган аёл сперманинг бир ўзи қолади ва у тухумни уруғлантиради.

Агарда бунинг акси, яъни секс овуляция бошланишига яқинроқ ёки ундан сўнг бўлса, эркак сперма биринчи бўлиб манзилга етиб боради ва ўғил бола дунёга келади.

Ота-оналарнинг аксарияти юқорида тилга олинган усуллар иш беришига ишониши мумкин, лекин олимлар уларнинг деярли кўп нарсани ўзгартирмаслигини таъкидлайди.

Шунингдек, тушкун ҳолдаги ота-оналардан кўпроқ қиз туғилиши, уруш ва зиддиятлар ҳукм сурган вақтларда эса ўғил чақалоқлар сони устун бўлишини тахмин қилган тадқиқотлар ҳам ўтказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Эркак хромасомалар "чаққон", аммо аёл хромасомалар яшовчанроқ.

Бачадонда омон қолиш

Агар секс жараёни вақтидаги аксарият ташқи таъсирлар ҳомиланинг жинси қандай бўлишини белгилаб бермаса, у ҳолда ҳомиладорлик давомида нимадир ўзгариши мумкинми?

Мабодо уруғлантирувчи эркак ва аёл спермаларнинг сони тенг бўлса, унда аёл ҳомилалар ҳалок бўлиб, эркакларга йўл очилади.

Айрим тадқиқотларда аёл ҳомиланинг ҳомиладорликнинг илк даврида ҳалок бўлишга мойиллиги юқорироқ бўлиши аниқланган бўлса, бошқалари ҳомиладорликнинг сўнгги босқичида ўғил ҳомила мўртроқ бўлиши ва ўлик туғилиши борасидаги тахминларни илгари суради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek