Дунё: Спиртли ичимликни тақиқлашга эришган Ҳиндистон аёллари

Women at an anti-alcohol rally in northern India Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дунёнинг энг катта демократияси деб аталадиган Ҳиндистон сиёсатчилари, агар ҳокимиятда қолишни истасалар, аёллар талабига қулоқ солишлари лозимлигини тушуниб етмоқдалар.

Ҳиндистон шимолида истиқомат қилувчи бир гуруҳ аёллар узоқ вақтдан бери ўз турмуш ўртоқларининг ичкиликбозлиги дастидан зада бўлганини таъкидлаб, шикоят қилиб келар эдилар.

Ниҳоят, маҳаллий аёллар талаби билан, шимолий Биҳор штати ҳукумати 2016 йил баҳоридан бошлаб ҳар қандай турдаги спиртли ичимликларни тақиқлаган.

Бу тақиқ 100 миллион инсоннинг ҳаётига таъсир кўрсатган.

Штат ҳукуматининг иддаосича, тақиқдан ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳудудда узоқ вақтдан буён муаммо бўлаётган оиладаги зўравонлик, майда безорилик ва пулни мақсадсиз ишлатиш даражаси сезиларли пасайган.

1.3 миллиард аҳолига эга Ҳиндистоннинг яқинлашиб келаётган умуммиллий сайлови фонида аёллар ҳаракатлари янада каттароқ таъсирга эга бўлмоқда.

Қизлар учун бепул таълим, янги келинлар учун ёрдам пули ва махсус аёллар полиция маҳкамалари ташкил қилишни ваъда қилган сиёсатчилар ҳудудий сўровномаларда юқори рейтингни қайд этган.

Нега айнан аёллар масаласи энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда? Ҳиндистоннинг асосан эркаклар ҳукмрон консерватив жамиятида аёлларнинг кичик ҳаракати ҳам кенг акс-садо бериши табиий ва аёл сайловчилар шиддат билан қудратли кучга айланиб бормоқда.

Аёл сайловчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ражастондаги 2018 йил декабрдаги сайловда овоз бериш учун ўзларининг шахсини тасдиқловчи қоғози билан навбатда турган аёллар

Жинслар тенглиги бўйича учинчи дунё давлатлари ичида энг қуйи ўринлардан бирини эгаллаган Ҳиндистон аёлларнинг сайлаш ҳуқуқи йўлида узоқ ва машаққатли кураш олиб борган.

Аёлларнинг сайлаш ҳуқуқи кенг миқёсда таъминланмаганининг бир неча сабаблари мавжуд.

Маҳаллий анъаналардан келиб чиқиб, сайлов участкаларида аёллар энг охирги бўлиб рўйхатга олинади. Шу сабабдан сайлов тизимида улкан жинсий жарлик юзага келган.

Ҳатто, рўйхатга олинган тақдирда ҳам, аёлларнинг овоз беришга бориши эркаклар томонидан ёқланмайди. Қаршилик ва зўравонлик оқибатида, улар овоз бериш жараёнида иштирок эта олмайди.

Бир неча ўн йиллар давомида аёлларнинг сайловлардаги иштироки нисбати 6-10 фоиздан ошмай келган.

Натижада сиёсий ўзгаришлар, асосан, эркаклар иродаси билан амалга оширилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бундан ташқари мамлакатдаги аёллар сони ҳам мақсадли аборт қилдириш, қиз гўдакларни қасддан йўқ қилиш ва ўғил фарзандга кўпроқ афзаллик берилиши туфайли эркакларникидан камдир. Ҳиндистонда ҳар 1,000 эркакка фақатгина 943 нафар аёл тўғри келади, холос.

Аммо бундай муаммоларга қарамай, сўнгги йилларда сайловлардаги жинсий жарлик анчайин қисқарган.

Масалан, 2012 йилдан 2018 йил ўртасига қадар ўтказилган 30 та ҳудудий сайловда аёллар сони, штатларнинг учдан икки қисмида, эркакларникидан юқори бўлган.

Тақиқланган алкогол

Ҳиндистон шимолида жойлашган Биҳор штати аёл сайловчилар нисбати кўп ҳудудлардан биридир.

Ҳудуд аксил-ижтимоий характерга эга муаммолар, ичкиликбозлик билан боғлиқ жиноятчилик ва оилавий бюджетнинг бемақсад совурилишидан узоқ йиллардан бери азият чекиб келган.

2015 йилда ўтказилган штат сайловларида аёл сайловчилар сони эркакларникидан 7 фоизга юқори бўлган. Биҳорлик аёл сайловчилар ягона мақсадда қатъият кўрсатдилар: алкоголни бутунлай тақиқлаш.

Қайта сайланиш ниятида бўлган Биҳор бош вазири Нитиш Кумар сайловдан сўнг шу ишга қўл уришга сўз беради.

У штатда спиртли ичимликлар истеъмоли ва савдосига қарши тақиқни эълон қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Биҳор чегарасида ёпилган спиртли ичимликлар дўкони ёнидан ўтиб бораётган аёл

Тақиқдан сўнг атиги бир-икки йил ичида ҳукумат штатда жиноятчилик даражаси кескин пасайгани юзасидан ҳисобот берган ва, эндиликда, ичкиликдан иқтисод қилинган пуллар ҳисобига автомобиль ҳамда тракторлар сотиб олиш миқдори кўпайганини маълум қилган.

Медҳа Паткар каби фаоллар узоқ вақт давомида бошқа штатларни ҳам алкоголни тақиқлашга чақириб келади. Фаолларга кўра, «спиртли ичимликлар аёлларга қарши йўналтирилган жиноятларнинг асосий сабабчисидир.»

Бироқ яқинда ўтказилган бир тадқиқот алкогол тақиқини назорат этишга шунчалик кўп полиция кучи йўналтирилганидан жиноятчиликка қарши кураш салоҳияти сезиларли пасайганини аниқлаган.

Нега аёл сайловчилар сони ортмоқда?

Ҳиндистон бўйлаб аёлларнинг тўсатдан фаоллашиб қолишига нима туртки берди?

Аёллар саводхонлиги ва таълим даражасининг ошиши, шубҳасиз, янада кўпроқ хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кучлироқ таъсир ўтказишга ундамоқда.

Шунингдек, ҳукуматнинг аёллар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўлидаги ҳаракатлари ҳам бундай манзара юзага келишига ҳисса қўшган.

Охирги бир неча йил ичида Ҳиндистонда аёлларнинг таҳқирланиши ва зўрланиши бўйича очилган кўплаб ишлар ҳам мамлакат ичида, ҳам дунё бўйлаб овоза бўлди.

Ҳинд хотин-қизлари ўз ҳуқуқини талаб қилиб, кенг намойишлар уюштира бошлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уттар Прадеш, Жамму ва Кашмир каби ҳудудларда бўлиб ўтган ана шундай мавзудаги намойишлар бунга ёрқин мисолдир.

Ҳозирда Ҳиндистон Сайлов Комиссияси баҳорда ўтказилиши режалаштирилган ялпи сайловда иштирок этиш давомида аёлларнинг эҳтимолий зўравонлик ва таҳдид билан юз келиши ҳолатлари олдини олишга уринмоқда.

Комиссия 900 мингдан зиёд сайлов участкаларида хавфсизлик даражасини ошириб, аёлларнинг нисбатан эмин-эркин овоз беришига шароит ҳозирлаган.

Бундан ташқари Сайлов Комиссияси фақат аёллар томонидан юритиладиган сайлов участкаларини ташкиллашни тажриба қилиб кўрмоқда.

Ялпи сайлов

2019 йил баҳорида ўтиши кутилаётган умуммиллий сайловда Ҳиндистон тарихида илк бор аёл сайловчилар сони эркакларникидан юқори бўлиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур ҳолатга жорий ҳукумат амалга оширган ўзгаришлар сабаб бўлган.

2014 йилда қудратга келганидан бери Бош вазир Нарендра Моди аёл сайловчилар фаоллигини оширишга қаратилган истагини ҳеч яширмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мисол учун, у миллионлаб ҳинд оилаларини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш режасини таклиф қилган. Жаноб Моди сиёсий партиясининг иддао қилишича, бу режа кўплаб уй бекаларини овқат тайёрлаш давомида заҳарли тутундан нафас олиш ва ўтин йиғиш муаммосидан халос этади.

Ҳукуматнинг аёллар манфаатини кўзлаб, таклиф қилган яна бир режаси ҳар бир оила номига банк ҳисоб рақами очишдан иборат. Режа доирасида очилган ҳисоб рақамларнинг камида ярим қисми тарихан замонавий банк тизими қулайликларидан мосуво бўлиб келган аёллар номига рўйхатдан ўтказилган.

Келажакка боқиб…

Ҳиндистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқини таъминлаш йўлида ташлаган қадамлари жуда секин ва ортга чекинишларга мойил бўлиб келган.

Ҳиндистон аёлларнинг иш билан таъминланганлиги борасида 131 давлат ичида 121-ўринни эгаллайди.

Сиёсатда ҳам аёллар нисбати жуда кичик. Парламент депутатларининг атиги 11.5 фоизини аёллар ташкил қилади.

Бироқ яқин келажакда ушбу воқелик ўзгариши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жамму ва Кашмир штатидаги сайловда овоз бераётган аёллар

Аёллар фаоллиги босими остида сиёсий партиялар парламентдаги учдан бир қисм ўринни хотин-қизларга ажратишни кўзда тутувчи қонунни қабул қилиш арафасида турибди.

Маҳаллий даражадаги сиёсий ҳаётда ҳам ўхшаш манзарани кузатиш мумкин.

Янада кўп аёллар қудратга келиши билан Ҳиндистоннинг ўз аҳолисига нисбатан сиёсий қараши ҳам ўзгара бориши турган гап.

Шунингдек, Ҳиндистон аёл сиёсатчилардан кутилмаган тарзда манфаат кўриши ҳам мумкин: янги бир тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, аёллар коррупцияга берилишга камроқ мойил бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Мақола ҳақида

Бошқа ташкилот ходими бўлмиш мутахассис қаламига мансуб ушбу таҳлилий материал Би-би-си томонидан маъқулланган.

Милан Ваишнав халқаро демократия масалаларини ўрганувчи Carnegie Endowment for International Peace таҳлил марказидаги Жанубий Осиё Дастури директори ва катта илмий ходимидир.

Жеми Ҳинтсон Carnegie марказининг Си Гайзер дастури тадқиқотчиси.

Бу мавзуда батафсилроқ