Ҳинд олимлари: Эйнштейн ва Ньютон назариялари хатодан ўзга нарса эмас

Альберт Эйнштейн Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Некоторые в Индии считают теории Эйнштейна ошибочными

Ҳиндистон илмий конференциясининг йиллик йиғилишида сўзга чиққан маърузачилар Исаак Ньютон ва Алберт Эйнштейн очган илмий кашфиётларни шубҳа остига олди.

Сўз олган бир неча олимлар қадимги ҳиндларнинг илдиз ҳужайралар мавжудиятидан бохабар бўлгани ва бу соҳада тадқиқотлар олиб борганини иддао қилиб ўтган.

Бошқа таниқли ҳинд олимлари мазкур иддаоларни танқид остига олган.

Ҳиндийлик таълимотига асосланган қадимги ҳинд мифологияси ва назариялари сўнгги вақтларда Ҳиндистон илмий конференцияси дастуридан мустаҳкам ўрин олиб бораётир.

Ҳиндистон жанубида жойлашган университетлардан бирининг раҳбари ўз нутқида гўё илдиз ҳужайраларнинг бундан минг йиллар муқаддам Ҳиндистонда аниқлаб бўлинганини исботловчи кўҳна матнни ўқиб, эшиттирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Анжуман очилишида Бош Вазир Моди сўзга чиққан...

Андра Университети вице-президенти Нагешвар Рао қадимий Рамаяна диний эпосида тилга олинган иблиснинг 24 турдаги самолёти ва замонавий Шри Ланка ҳудудида учоқлар қўниши учун барпо этилган йўлаклар тармоғи бўлганини таъкидлаган.

Тамил Наду штатидаги университетдан бошқа бир олим - доктор К.Кришнан сўзга чиқа туриб, Исаак Ньютон ва Алберт Эйнштейннинг физика соҳасидаги назариялари хато эканлиги ва Эйнштейн томонидан башорат қилинган гравитацион тўлқинларни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди шарафига қайта номлаш зарурлигини маълум қилган.

Доктор Кришнаннинг сўзларига кўра, Ньютон "гравитацион репулсив [итариш] кучлар табиатини яхши тушунмаган", Эйнштейн илгари сурган назария эса одамларнинг нотўғри фикр чиқаришига сабаб бўлади.

Ҳиндистон Илмий Конгресслар Уюшмаси ушбу баёнотлар юзасидан ўзининг чуқур хавотирда эканини эълон қилган. Уюшманинг баёнотида қадимий ёзувларнинг маънавий аҳамиятига шубҳа йўқлиги, аммо улардан илмий манба сифатида фойдаланиш ақлдан эмаслиги айтилади.

«Биз уларнинг қарашларига қўшилмаймиз ва ўзимизни уларнинг баёнотидан четга тортамиз. Бу қарашлар ноўриндир,» маълум қилган Ҳиндистон Илмий Конгресслар Уюшмаси бош котиби Пременду Матур.

Кузатувчилар Бош вазир Нарендра Моди бошқаруви даврида псевдо илм-фаннинг яна оммалаша бошлаганини айтади. Ҳукмрон BJP партияси мифология ва динни илм-фан билан қориштириш орқали миллатчиликни кучайтиришга уринаётганликда танқид қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Hulton Archive/Getty images
Image caption Ака-ука Райтларнинг илк учоғи

В Ўтган йиллар ичида бир қатор ҳинд расмийлари ва олимлари замонавий илм фан тушунчаларига зид баёнотлар билан чиққан.

Ўтган йили мамлакат таълим вазирининг ўринбосари Сатяпал Сингх самолётлар ҳақида илк бор Рамаяна эпосида эслатиб ўтилганини таъкидлаган эди. Унинг сўзлашича, дунёдаги биринчи самолёт прототипи ака-ука Райтларга қадар саккиз йил аввал Шивакар Бабуджи номли ҳинд томонидан ясалган.

Дунё: Спиртли ичимликни тақиқлашга эришган аёллар

Ўзбекистон Ҳиндистон: Нега афсонавий Тож Маҳал нураб бормоқда?

Акбаршоҳнинг Аллоҳободини Праягражга ўзгартиришди

Ҳиндистон Бобурийларни тарихдан ўчирмоқда

Image caption Донолик илоҳи Ганеша

2014 йилда Мумбайдаги касалхонада шифокорлар билан учраша туриб, Бош вазир Нарендра Моди боши фил, танаси одам кўринишида бўлган донишмандлик ва тўкинлик худоси Ганеша образи Қадимги Ҳиндистонда самовий жарроҳлик мавжуд бўлганидан далолат бериши ҳақида сўзлаган эди.

2017 йил январь ойида Рожастон штати соғлиқни сақлаш вазири сигирларнинг илмий аҳамиятини англаш зарурлиги, улар кислород ютиб, кислород чиқарадиган дунёдаги ягона жонивор эканини даъво қилиб чиққан.

Якшанба куни илмий конференцияда чиқиш қилган геолог Ашу Хосла ҳиндийлик дини худоси Браҳма динозаврларни кашф этгани ва улар ҳақида кўҳна битикларда ёзиб қолдирганини маълум қилган.

2014 йилда ҳиндистонлик ҳуқуқшунос Рамеш Покриял Нишанк "бутун илм-фан астрологиянинг олдида ип эша олмаслиги" ва бундан 100 минг йил олдин Ҳиндистонда ядровий бомба синаб кўрилганини иддао қилиб, кўпчиликнинг танқидига учраган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek