Ўзбекистон:Палов ва қазидан воз кечиб,сули ёрмасига ўтиш керакми?

Opening a kitchen cupboard containing storage jars Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Тортмангизда ҳаётингизни сақлаб қоладиган егулик борми?

Германиялик олимлар Ўзбекистонни нотўғри овқатланиш туфайли ўлим ҳолатлари қайд этилаётган давлатлар қаторида биринчи ўринга қўйишган.

Мутахассисларга кўра, бу ҳолат яқин ўртада ўнгланмаслиги мумкин, чунки иқтисодий фаровонлик дастурхонларни тўкин қилаверади.

Турфа ош марказлари, қази ва кабобхоналар тобора оммалашаётган бир пайтда... сизга узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришни кафолатловчи суперовқат таклиф қилишса, сиз унинг нима экани билан қизиқиб кўрган бўлармидингиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption "Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин"ми?

Би-би-си мухбири Жеймс Галлаҳер ҳикояси:

Табиатан, ушбу овқат юрак хуружи ва хафақонлик, шунингдек, қандли диабет каби бир ёпишиб олса, сизни бир умр тарк этмайдиган касалликлар келиб чиқиши эҳтимолини камайтиради.

Ва у сизнинг вазнингиз, қон босимингиз ва танангиздаги холестерин даражасини нормал ҳолатда тутиб туради.

Энг муҳими, ушбу мўъжизавий овқат арзон ва уни деярли ҳар бир супермаркетдан топиш мумкин.Бу фибра - ёки содда тил бил айтганда, асосан ўсимликлар таркибида учровчи ва ҳазм қилиш жараёни давомида ичакларга деярли сўрилмайдиган углеводлар-толалардир.

Фибранинг инсон саломатлигига таъсири ва фойдаси қай даражада юқори экани бир йирик тадқиқот доирасида ўрганиб кўрилди.

«Унинг фойдали эканига далиллар шунчалик кўплиги кишини лол қолдиради ва у инсонлар ҳаётини кескин ўзгартирувчи моддадир,» дейди тадқиқотчилардан бири профессор Жон Каммингс Би-би-сига.

Шу вақтга қадар фибра қабзият (ич қотиши)ни тўхтатишда самарали ҳисобланар эди, аммо унинг соғлиққа фойдаси бунданда зиёдроқ кўринади.

Бизга қанча миқдорда фибра зарур?

Янги Зеландиянинг Отаго Университети ва Шотландиядаги Данди Университети тадқиқотчилари биз кунига камида 25 грамм фибра истеъмол қилишимиз лозим, дейдилар.

Бироқ уларга кўра, ушбу миқдордаги фибра соғлиқни мақбул даражада сақлаб туриш учун етарлидир.

Бор-йўқ маълумот шуми?

Йўқ, албатта. Фибранинг фойдаси ва унинг кунлик миқдорини айтгандан кейин уни қаердан олиш мумкинлигини ҳам эслатиб ўтмоқ жоиз.

Масалан, ўртача банан 120 грамм тош босади, лекин у тўлиқ фибра, аниқроқ айтганда, толалардан иборат эмас. Агар банан таркибидаги бор табиий шакар ва сув чиқариб ташланса, бизнинг қўлимизда атиги 3 грамм фибра қолади, холос.

Ер шаридаги аксарият инсонлар бир кунда 20 граммдан кам фибра истеъмол қилади.

Ҳатто, Буюк Британияда ҳам 10 нафар вояга етган инсондан фақат биттаси кунига 30 грамм фибра ейди.

Ўрта ҳисобда, аёлларнинг кунлик истеъмол қиладиган фибра миқдори 17 грамм, эркаклариники эса 21 грамм.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Мевалар, қора нон, мош ва нўхат фибрага бой

Қандай маҳсулотлар фибрага бой?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Бунда фибра йўқ...

Фибрани мевалар, сабзавотлар, айрим нонушта учун овқат тайёрланадиган бошоқли ўсимликлар, бутун донлардан фойдаланиб, пиширилган нон ва макарон маҳсулотларида топиш мумкин. Бундан ташқари ловия, ясмиқ ва нўхат каби дуккакли экинлар, ёнғоқлар ва уруғлар ҳам ўзида кўп миқдорда фибра сақлайди.

30 грамм фибра олиш учун қанча нарса ейиш керак?

Окланд Технология Университетида соғлом овқатланиш бўйича профессор сифатида фаолияти юритадиган Элайн Раш кунлик 25-30 грамм фибра олиш учун қанча нарсани истеъмол қилиш зарурлигини бирма-бир санаб берди:

•Ярим коса сули ёрмаси - 9 грамм фибра

•Буғдойдан тайёрланган иккита Weetabix бўтқаси - 3 грамм фибра

•Юпқа кесилган икки бўлак қора нон - 2 грамм фибра

•Бир коса пиширилган ясмиқ - 4 грамм фибра

•Пўсти билан қайнатилган бир дона ўртача картошка - 2 грамм фибра

•Ярим коса манголд япроғи - 1 грамм фибра

•Бир дона сабзи - 3 грамм фибра

•Бир дона пўсти арчилмаган олма - 4 грамм фибра

Раш хоним шундай қўшимча қилади: «Парҳездаги фибра миқдорини ошириш ҳамма учун ҳам осон эмас.»

Профессор Каммингс бу фикрга қўшилади.

«Ҳақиқатан, бу одамлар учун катта синов. Жуда қийин.»

Бошқа тез ва осон йўллар йўқми?

Буюк Британия Соғлиқни Сақлаш Миллий Хизмати кунлик фибра миқдорини олишнинг кўплаб тез ва осон йўлларини ишлаб чиққан.

Қуйида уларнинг баъзилари билан танишиб чиқишингиз мумкин:

•Картошкани пўстини тозаламай пишириш

•Оқ нон, макарон ва гуручдан бутун донлардан тайёрланган маҳсулотлар фойдасига бутунлай воз кечиш

•Нонуштада фибра миқдори юқори бўлган ёрмалар, масалан, сули бўтқасини истеъмол қилиш

•Овқат ва салатларга нўхат, ловия ва ясмиқ каби дуккакли ўсимликларни солиш

•Снек ёки десерт учун ёнғоқ ва меваларни ейиш

•Ҳар куни камида беш дона мева ёки сабзавот тановул қилиш

Буларнинг фойдаси борми ўзи?

185 тадқиқот ва 58 та клиник ҳолатлар таҳлил қилиб чиқилгандан сўнг натижалар Lancet тиббиёт журналида эълон қилинди.

Маълум бўлишича, 1,000 одам бир вақтнинг ўзида фибра миқдори паст парҳездан (кунига 15 граммдан кам) юқори миқдорли парҳезга (25-30 грамм) ўтказилса, 13 та бевақт ўлим ва олтита юрак хуружи ҳолатининг олди олинган бўлади.

Тилга олинган тадқиқотларнинг айримларида одамлар саломатлигидаги ўзгариш ўн йилдан йигирма йилга қадар кузатилган.

Бу вақт давомида фибра қандли диабет ва ичак саратони ривожланиши эҳтимолини камайтиради, шунингдек, вазн, қон босими ва холестерин даражасини нормал ҳолатда ушлаб туради, деган хулосага келинган.

Қисқача айтганда, одам қанча кўп фибра истеъмол қилса, унинг соғлиги шунча яхшиланиб бораверади.

Унутилган ўсимликлар инсониятни очликдан сақлаб қола оладими?

Дунёнинг ишлари: 'Агар семиз бўлсам, ҳеч ким асл қиёфамни кўролмайди, деб ўйлардим'

Касал бўлмаслик учун ҳар куни тухум ейиш керакми??

Фибра танага қандай таъсир қилади?

Авваллари фибранинг танага ижобий таъсир кам, дея ҳисобланар эди. Бунинг сабаби одам танаси фибрани ҳазм қила олмайди ва у шунчаки ташқарига чиқиб кетади.

Аммо фибра ўзимизни тўқ ҳис қилишимизни таъминлайди ва ёғларнинг ингичка ичакда сўрилишига таъсир кўрсатади. Энг муҳими фибра йўғон ичакда кун кечирувчи бактерияларнинг севимли таомидир.

Йўғон ичакда миллиардлаб фойдали бактериялар яшайди ва улар фибра билан жон, деб озуқаланади.

Бактериялар фибрани ферментлаб, кимёвий моддаларга парчалаб юборади.

Натижада ушбу моддалар танамиз бўйлаб кўплаб ижобий жараёнларни ишга туширади, жумладан ёғларни парчалайди.

Нега айнан ҳозир бу масалага эътибор қаратилмоқда?

Фибра, ёрмалар, мева ва сабзавотларнинг одам саломатлиги учун фойдали экани катта янгилик эмас.

Бироқ сўнгги вақтларда одамлар бошқа парҳезларга берилиб, фибрадан юз ўгирмоқда.

Кембриж Университетидан Нита Форуҳи шундай дейди: «Биз мазкур тадқиқотдан жиддий хулоса олишимиз зарур.»

«Тадқиқот аниқлаган нарсалар ҳозирда шиддат билан оммалашиб бораётган углеводлар миқдори паст парҳезга ўтиришдан олдин фибрани кундалик истеъмол чиқариб юбориш эҳтимоли ҳақида ўйлаш лозимлигини кўрсатмоқда.»

«Ушбу тадқиқот фибра ва бутун донларнинг узоқ давом этувчи соғлик учун зарур эканини тасдиқлади.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас