Дунё ва тақдирлар: фоҳишаликка мажбурланган икки қиз қочирилди

Шимолий Кореялик икки аёл жонини чексиз хатарга қўйиб, ўз ватанидан қочиб чиқади. Бироқ ташқи дунёга илк бор чиққан аёллар одам савдоси ва секс саноатида ишловчи кимсалар қўлига тушиб, бир неча йил тутқунликда умр кечиради. Ниҳоят, улар иккинчи бор муқаррар ўлимдан қочиб қутилишга муваффақ бўлади.

Хитойнинг Янжи шаҳридаги осмонўпар турар-жой биносининг учинчи қаватидан икки ёш аёл шошганча, чойшабларни бир-бирига улаб тайёрланган қўлбола арқонни пастга ирғитади.

Улар арқондан осилиб тушиб, озодлик томон ошиқадилар.

«Тезроқ! Вақтимиз кам!» ундайди уларнинг пастда кутиб турган халоскори.

Эсон-омон ерга тушиб олган собиқ асиралар жон ҳолатда машина томон чопадилар.

Бироқ хатар уларни ҳали тўлиқ тарк этмаган.

Нега Шимолий Корея АҚШнинг талабларини бажаришга шошилмаяпти?

АҚШ дипломатияси Шимолий Корея борасида "натижа бермоқда"

Шимолий Корея Трамп билан музокаралар ўтказишга тайёр

Фото муаллифлик ҳуқуқи Chun Kiwon
Image caption Screenshot of Mira on the sexcam site

Аросатдаги қочоқлар

Мира ва Жиюн йиллар олдин одам савдоси билан шуғулланувчилар алдовига учиб, Шимолий Кореядан қочиб чиққан.

Хитой чегарасини кесиб ўтган аёлларни уларнинг Шимолий Кореядан қочишига ёрдам берган «воситачилар» номи билан маълум кимсаларнинг ўзи секскам (sexcam - видео мулоқот орқали мижознинг эротик истакларини қондириш) саноатига сотиб юборади.

Мира ўтган беш, Жиюн эса саккиз йил давомида бир уйда тутқунликда сақланган. «Хўжайинлари» уларни вебкамера олдида мижозлар кўнглини хушнуд қилиш учун ечиниб, эротик ҳаракатларни бажаришга мажбурлаб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Chun Kiwon
Image caption Screenshot of sexcam site

Шимолий Кореяда ҳукумат рухсатисиз мамлакатни тарк этиш жиноят саналади ва қўлга тушиб қолган қочоқлар аёвсиз жазога тортилади. Шунга қарамай, аёллар таваккал қилишга қарор қилган.

Қочиб ўтган шимолий кореяликларга Жанубий Корея бошпана бериб, уларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Бироқ икки мамлакат ўртасидаги чегара қаттиқ қўриқланади ва миналарга тўла. Шу сабабдан Жанубий Кореяга бевосита қочиб ўтишнинг деярли имкони йўқ.

Бунинг ўрнига қочоқларнинг аксарияти шимолга - Хитойга ўтиб олишга ҳаракат қилади.

Аммо Хитой шимолий кореялик қочоқларни «ноқонуний муҳожирлар» деб ҳисоблайди ва қўлга тушиб қолганларни қайтадан Пхенянга топширади.

Ортга қайтарилган қочоқлар «Ота Ватанга хиёнат қилгани» учун қийноққа солиниб, меҳнат жамлоқларига юборилади ёки изсиз ғойиб бўлади.

1990 йиллар ўртасида Шимолий Кореяда қаттиқ очарчилик юзага келган ва унда камида бир миллион одам қирилиб кетган. Кўплаб шимолликлар ўша кезларда ватанини ташлаб чиққан.

Лекин Ким Жон Ун 2011 йилда ҳокимиятга келгандан бери мамлакатдан қочиб кетаётган одамлар сони ҳар йили ярим баробарга камайиб бормоқда. Кузатувчилар бу ҳолатни чегара назоратининг янада кучайтирилгани билан изоҳлайди. Айнан шунинг учун ҳам қочиб чиқишга ёрдам берувчи «воситачилар» ўз хизмати нархини бир неча баробарга оширган.

Мира

Мира мамлакатдан қочганда энди 22 ёшда эди.

Очарчилик поёнига етаётган йилларда дунёга келган Мира шимолий кореяликларнинг янги авлоди сифатида вояга етган. Маҳаллий халқ орасида Жангмаданг номини олган қора бозор тармоқларининг янада кенг илдиз отиши шарофати билан бу авлод DVD, косметика, қиммат кийим брендларининг сохта нусхалари, хориж филмлари юкланган флешкалар нималигидан хабар топди, улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Ташқи дунёдан кириб келаётган бундай «ноёб» нарса-буюмлар ёшлар онгида янгича қарашларни пайдо қилди, улар хориж филмлари орқали билиш ман этилган олам ҳақида бироз бўлсада, тасаввурга эга бўлдилар. Натижада кўпчиликда мамлакатни тарк этиш иштиёқи кучая бошлади.

Мира ана шундай ўзгача қарашли ёшларнинг бири эди.

«Мен Хитой филмлари оламига бутун борлиғим билан сингиб кетгандим, барча хитойлик эркаклар шундай бўлса керак, деб ўйлардим. Хитойлик йигитга турмушга чиқишни орзу қилардим. Шимолий Кореядан кетиш фикри менга ҳеч тинчлик бермай қўйганди.»

Унинг собиқ аскар ва партия аъзоси бўлган отаси жуда қаттиққўл эди, оиладаги барча унинг чизган чизиғидан чиқмас эди. Отаси Мирани вақти-вақти билан калтаклаб турар эди ҳам.

Миранинг орзуси шифокорликка ўқиш эди, аммо бу режаси ҳам отаси томонидан йўққа чиқарилганди.

Қизнинг бундай турмуш тарзига нисбатан ички исёни шиддат билан ўсиб борар, у Хитойда янги ҳаёт бошлашдан бошқа нарсани ўйламасди.

«Отам партия аъзоси эди. Бу эса одамни баттар эзарди. У хориж киноларини кўришимга изн бермасди. Мен у ухлаган пайтларни мўлжаллаб, кун тартибимни мослардим. Ҳеч қандай шахсий ҳаётим йўқ эди.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Туман дарёси бўйлаб ўрнатилган тўсиқлар

Мира бир неча йил давомида Туман дарёсини кечиб, кучли қўриқланадиган чегарадан қочиб ўтишга ёрдам берувчи воситачини излайди. Бироқ унинг оиласи ҳукуматга яқин бўлганидан кўплаб воситачилар қизга ишонқирамай қарайди, ундан ўзини олиб қочади.

Ниҳоят, тўрт йиллик уринишдан сўнг Мира ёрдам беришга тайёр одамни топишга муваффақ бўлади.

Бошқа кўплаб қочоқлар каби Мирада ҳам воситачи ҳақини тўлашга етарли пул йўқ эди. Унинг хизматкорликка «сотилиб,» қарзини меҳнати орқали узишга розилик билдиришдан бошқа иложи қолмайди. Мирани ресторанда ишлайсан, деб ишонтирадилар.

Аммо у одам савдогарларининг тузоғига тушган эди. Мирага ёрдам қўлини чўзган шахс шимолий кореялик қизларни секс саноатига пуллаш билан шуғулланувчи уюшган тўда аъзоси бўлиб чиқади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Durihana
Image caption Мира ва Жиюн яқин-атрофдаги хавфсиз уйлардан бирига боришади

Секскам

Хитойга кириб келиши билан Мирани Янжи шаҳрига олиб кетадилар. У ерда қиз «директор» номи билан танилган корейс-хитойлик шахс қўлига топширилади.

Янжи шаҳрида кўп сонли этник корейслар истиқомат қилади. Шимолий Кореядан қочиб келганларнинг катта қисми ҳам шу ердан пинҳон қўним топади.

Шимоллик қочоқларнинг кўпчилиги аёллардир. Бироқ Хитой ҳукумати уларни қочқин сифатида расман тан олмайди. Шу туфайли ҳам аёллар яширин ҳаёт тарзига кўникишга мажбур бўлади, уларнинг аксарияти эксплуатация қилинади: кимдир жория сифатида сотилса, бошқаси фоҳишаликка ёки, Мира сингари, секскам саноатида ишлашга мажбурланади.

Мира ўзи тутқунликда сақланган уйга келиши билан директор унга бўлажак вазифаси нима эканини очиқ маълум қилади.

Уни иш ўргансин, деб бошқа бир тажрибали қизга қўшиб қўяди.

«Бунга ҳали ҳам ишонолмайман. Одамлар кўз ўнгида кийимларингни ечишга мажбурлаш аёл қадрини топташдан бошқа нарса эмас.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Chun Kiwon
Image caption Мира Жанубий Кореяга тегишли секскам қаршисида, нусха

Миранинг хўжайини таклиф қилган секскам хизматидан фойдаланувчилар, асосан, жанубий кореялик эркаклар эди. Улар хизматнинг ҳар бир дақиқаси учун пул тўлар, шунинг учун хўжайин қизларни мижоз эътиборини кўпроқ тутиб туришга ундарди.

Мира бундай ҳолатдан норозилик билдиргудек бўлса, директор Шимолий Кореяга қайтариб юборишини айтиб, таҳдид қилар эди.

«Барча оила аъзоларим ҳукуматда ишлайди. Агар мен қайтариб юборишса, оиламга ғоят иснод келтирган бўлар эдим. Номим шунчаки тутундек бир зумда бу ҳаётдан ўчиб кетарди.»

Image caption Жиюн

Жиюн

Мира сақланаётган уйда бир вақтнинг ўзида тўққиз аёл яшар эди. Унинг биринчи хонадоши бошқа бир қиз билан қочиб кетгандан сўнг Мирани янги гуруҳга қўшиб қўядилар. Айнан шу вақтда Мира Жиюн билан танишади.

Жиюн ҳали 16 ёшлигида - 2010 йили Шимолий Кореядан қочиб чиққан.

У икки ёшга тўлганда ота-онаси ажрашиб кетади, оиланинг аҳволи оғирлашади. У тирикчилик учун ишлаш мақсадида 11 ёшидан мактабни ташлаб қўяди. Бироз вақт ўтиб, унда Хитойга бориб ишлаш фикри туғилади.

Бироқ, худди Мирадек, у ҳам одам савдогарлари қўлига тушиб қолади.

Илк бор Янжига олиб келинганда, директор «таппидек қора ва хунук экансан,» деб уни ортга қайтариб юбормоқчи бўлади.

Таҳқирий аҳволга тушиб қолганига қарамай, Жиюн уйга қайтгандан кўра шу ерда ишлашни афзал кўради ва бунга директорни кўндиради.

«Имконим бўлганда, бундай ишга яқинлашмасдим ҳам. Бироқ мен ҳаётимни хавф остига қўйиб, Хитойга келгандим. Қуруқ қўл билан қайтиб кета олмасдим.»

«Орзуйим умри охирлаб қолган бувим ва бобомнинг яхши овқатланишига имкон яратиш эди. Бу учун ҳар нарсага чидашга тайёр эдим. Оиламга пул жўнатишни истагандим.»

Жиюн бор кучи билан ишлай бошлайди. Директордан оғир меҳнати эвазига мукофот кутиб яшайди. Оиланг билан боғланишинг, уларга пул жўнатишингга шароит яратамиз, деган ваъдаларга ишонади.

«Директорнинг эътиборини қозонишни хоҳлардим. Асосий истагим оилам билан қайтадан алоқа ўрнатиш эди. Агар бу уйдаги ҳамма қизлардан зўр ишласам, тез орада пул билан мени қўйиб юборишади, деб ўйлардим.»

У қўйилган кунлик $177 ли режани бажариш учун баъзи кунларда атиги тўрт соат ухларди, холос. Унинг бутун ўй-ҳаёлини оиласига пул юбориш мақсади эгаллаб олганди.

Жиюн, ҳатто, Мирани норозилик билдириш ўрнига директор билан келишиб яшашга ундарди.

«Биринчидан, тинмай ишла,» уқтирарди у Мирага. "Агар директор сени қўйиб юборишга рўйхушлик билдирмаса, у ҳолда у билан келишишга урин."

Жиюн йиллар давомида бошқа қизлардан анча кўпроқ пул ишлагани, директор уни мунтазам мақтаб келгани ҳақида сўзлайди.

"Менга нисбатан муносабати самимий, деб ўйлардим. Аммо пул топишим камайган кунлари унинг юзи бирдан тундлашиб, бизни вақтимизни фақат сериал кўриб, бекор ўтказаётганликда айбларди."

Image caption Бу қочқинликдан сўнг Жиюннинг қўлидаги бор-йўғи бўлади

Ваъдабоз 'директорʼ

Уй директор оиласининг қатъий назорати остида эди. Унинг ота-онаси чиқиш эшигини доим қўриқлаб ётарди.

«Уй худди зиндоннинг ўзгинаси эди. Ҳатто, қамоқхонадаги муҳит ундан яхшироқ эди,» эслайди Жиюн.

Шимолий кореялик қизларнинг ҳар олти ой, агар яхши пул ишласа, бир ойда бир бор ташқарига чиқишига рухсат бериларди. Бундай камёб вазиятларда улар дўконларни айланар, гўзаллик салонларига борар эди. Бироқ директор уларни ҳеч кўздан қочирмай назорат қилар, бегоналар билан сўзлашишига йўл қўймасди.

«У биздан бир қадам ҳал нари жилмасди, гўё турмуш ўртоғимиздек ёнма-ён юрарди,» дейди Мира.

Директор уйда сақланаётган аёллардан бирини «менежер» сифатида тайинлар эди. Бу аёл қизларга доим кўз-қулоқ бўлар, директорга бор гапни етказиб турар эди.

Image caption Бу эса, Миранинг жиҳозлари

Директор агар тер тўкиб ишласанг, сени яхши бир одамга турмушга узатаман, деб Мирага ваъда берган эди. Жиюнни эса оиласи билан алоқа ўрнатишида ёрдам беришга ишонтирганди.

Кунларнинг бирида Жиюн директордан ўзини қўйиб юборишини илтимос қилади. Директор унга яна $53,200 ишлаб бериши лозимлигини айтади.

Мира ва Жиюннинг сўзлашича, улар секскам орқали топилган пулларни ҳеч қачон кўрмаган.

Бошида директор даромаднинг 30 фоизини уларга беришга, йиғилган пулларни эса озод этилган куни қизларнинг қўлига тутқазишга рози бўлади.

Аммо йил ўтган сари қизлар бу ваъдаларнинг барчаси ёлғон эканига ишона бошлайди.

«Юртимдан қочишдан олдин ўзимни ўлдириш ҳақида ҳеч ўйламаган эдим, лекин бу ерда бир неча бор жонимга қасд қилишга уриндим,» тан олади Жиюн.

Алал-оқибат, Миранинг директор тутқунига айланганига беш, Жиюнга эса саккиз йил тўлади.

Халоскор руҳоний

Кунлардан бир кун Миранинг секскам хизматидан уч йилдан буён фойдаланиб келаётган бир мижоз унинг тақдирига ачинишини маълум қилади. Сўнг у Миранинг сўнгги 20 йил давомида шимолий кореялик қочоқларга ёрдам қўлини чўзиб келаётган пастор Чун Кивон билан алоқа ўрнатишига кўмаклашади.

Image caption Pуҳоний Чун Кивон қизларнинг Хитойни тарк этишганига оид тасдиқни олди

Мижоз Миранинг пастор билан сўзлаша олиши учун қизнинг компютерига масофадан туриб мессенжер иловасини ўрнатади.

Пастор Чун Кивон шимоллик қочоқлар орасида анча машҳур. Шимолий Корея телевидениеси пасторнинг шахсига тез-тез ҳужум қилиб, уни «одам ўғриси» ва «фирибгар» деб атайди.

Руҳоний 1999 йилда Durihana хайрия ташкилотига асос солгандан бери, тахминан, 1,200 нафар қочоққа ёрдам берганини айтади.

Бир ойда икки ёки учта қочоқ нажот излаб, унга мурожаат қилади. Бироқ пасторнинг ўзи Мира ва Жиюннинг аҳволини кишини ўта қайғуга соладиган, деб ҳисоблагани борасида сўзлайди.

«Олдин ҳам уч йилга қадар тутқунликда сақланган қизларни кўрганман, лекин инсон боласи бунча узоқ вақт давомида асирликда ушлаб келинган ҳолатга энди гувоҳ бўлишим. Бу қалбимни чиндан ҳам эзиб юборди.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Durihana
Image caption Шимолий Корея давлат телевидениеси руҳоний Чун ҳақида

Жаноб Чун ёш аёл қочоқларни алдов йўли билан Шимолий Кореядан олиб чиқиш тизими яхши ташкил этилгани ва бу ишга айрим шимоллик чегара зобитлари ҳам бош қўшганини маълум қилади.

Олиб чиқилган аёллар секс саноатидаги «бизнесмен»ларга бир неча юздан бир неча минг АҚШ долларига қадар нархда пулланиши мумкин. Бироқ ҳар йили қанча аёл одам савдоси қурбонига айланиши номаълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Chun Kiwon
Image caption Pastor Chun Kiwon talks to Jiyun via the sexcam site

Қочиш

Бир ой давомида жаноб Чун мижоз қиёфасида секскам вебсайти орқали Мира ва Жиюн билан алоқада бўлади. Шу тариқа улар ортиқча эътиборни тортмай, қочиш режасини муҳокама қиладилар.

"Одатда, бундай шахслар қўлига тушган қизлар ўзининг айнан қаерда эканини билмайди, чунки уларни кўзини боғлаб ёки ярим тунда манзилга олиб борадилар. Омадни қарангки, улар [Мира ва Жиюн] ўзларининг Янжи шаҳрида эканидан хабардор эди ва деразадан бир меҳмонхонанинг номи уларга кўриниб турарди."

Жаноб Чун онлайн харитадан фойдаланиб, қизлар турган уйнинг манзилини аниқлашга муваффақ бўлади ва текшириш учун у ерга ўз ташкилотидан бир кўнгиллини юборади.

Image caption "Қочоқлар" босиб ўтган йўл...

Хитойдан чиқиб кетиш ҳар қандай шимоллик қочоқ учун ўта хавфлидир.

Аксарият қочоқлар учинчи мамлакат ёки Жанубий Корея элчихонасига етиб олишга интилади. Агар бунинг уддасидан чиқса, Жанубий Корея қочқинни бошпана билан таъминлайди.

Аммо шахсни тасдиқловчи ID картасиз Хитой ичида ҳаракатланиш катта таваккалчиликни талаб қилади.

«Олдинлари қочоқлар сохта ID'дан фойдаланар эди, лекин ҳозир полиция ўзи билан картанинг ҳақиқий ёки сохта эканини бир зумда аниқлайдиган электрон қурилма олиб юради,» изоҳлайди жаноб Чун.

Уйдан қочиб чиққандан сўнг Мира ва Жиюн Durihana ташкилоти ходимлари кўмагида Хитой бўйлаб узоқ ва хатарли саёҳатга отланади.

ID'сиз улар бирор меҳмонхонага жойлаша олмас, шу сабабдан поездларда ухлашга ёки тунни ресторанларда мижжа қоқмай ўтказишга мажбур бўлади.

Ниҳоят, бир неча кундан сўнг улар беш соат давомида баланд тоғ тизмасидан ошиб ўтиб, қўшни давлатга кириб келади. Уларнинг хавфсизлиги юзасидан бу давлат номини ошкор қилишнинг имкони йўқ.

Image caption Беш соатлик тоғоша саёҳатдан Жиюнда мана шундай хотира қолади

Директор тутқунидан халос бўлгандан 12 кун ўтиб, Мира ва Жиюн жаноб Чун билан илк бор юзма-юз кўришишга муяссар бўладилар.

"Менимча, Жанубий Корея фуқаролигини олганимдан сўнггина ўзимни тўла хавфсиз ҳис қилсам керак, лекин пастор Чун билан учрашиш мени янада руҳлантирди. Озодликка эришганимдан тўйиб-тўйиб йиғладим," дейди Жиюн.

Биргаликда улар машинада 27 соат йўл босиб, энг яқин Жанубий Корея элчихонасига борадилар.

Жаноб Чуннинг сўзларига кўра, айнан машинадаги саёҳат умрида деярли автоуловга чиқмаган қизлар учун жуда оғир кечган.

«Машинада қизларнинг ранги оқариб, қайт қилаверди. Бу йўл жаннат излаб кетаётган инсонлар учун нақ дўзахнинг ўзи бўлди.»

«Ўзимни ҳақиқий жаҳаннамдан қутилиб чиққандек ҳис қиляпман. Бироқ ҳаёлимда яхши-ёмон ҳаёллар айланиб юрибди. Жанубий Кореяга борсам, балки оиламни ҳеч қачон кўра олмасман. Бундай мақсадда уйни ташлаб кетмаган эдим,» иккиланади Жиюн.

Улар пастор билан бирга элчихонага кириб кетади. Бир неча сониядан сўнг дарвоза олдида жаноб Чун пайдо бўлади. У зиммасидаги вазифани адо этди.

Янги ҳаёт

Мира ва Жиюннинг яқин вақт ичида тўғри Сеулга жўнатилиши кутилмоқда. У ерда уларни синчков миллий истихборот хизмати ходимлари кутиб турибди. Ходимлар қизларнинг жосус эмаслигига амин бўлиш учун қатъий текширув жараёнини амалга ошириши лозим.

Агар хавфсизлик хизмати қизларнинг бирор таҳдид туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилса, улар Сеул яқинида шимолий кореялик қочқинлар қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган Ҳанавон оқартув марказига жойлаштирилади. Бу ерда Мира ва Жиюн уч ой давомида Жанубдаги ҳаётга кўникиш йўлларини ўрганади.

Қочқинлар супермаркетдан қандай қилиб нарсалар харид қилиш, смартфондан фойдаланишга ўргатилади, эркин бозор иқтисодиёти асослари билан таништирилади. Шундан сўнг улар расман Жанубий Корея фуқароларига айланади.

«Хитой ёки инглиз тилини ўрганишни истайман. Мақсадим сайёҳларга йўлбошловчилик қилиш,» жавоб беради Мира Жанубий Кореядаги орзулари ҳақидаги саволга.

«Оддий инсонлардек яшашни, қаҳвахонада дўстларим билан мириқиб суҳбатлашиб ўтиришни истайман,» сўзлайди Жиюн. "Бир вақтлар кимдир ёмғирнинг қачондир тиниши ҳақида айтганди. Бироқ ёмғир мавсуми мен учун шу қадар узоқ давом этдики, қуёшнинг борлигини ҳам ёдимдан чиқара ёздим."

Image caption Мира ва Жиюн эркинликда