Яқин Шарқ ва Америка: Трампча уруш ва тинчлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Афғонистон

«Америка чиқиб кетган вақтда, кўп ҳолларда, тартибсизлик бошланишини англаб етдик,» дея таъкидлади АҚШ Давлат котиби Майк Помпео яқинда Қоҳирада сўзлаган нутқида. Бироқ бу таъкид АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги келгуси режаларига деярли ойдинлик киритмади. АҚШ қўшинлари Сурияда қоладими ёки чиқиб кетадими? Агар қолса, қанча вақтга? Чиқиб кетса, қачон?

Сўнгги вақтда АҚШнинг минтақадаги сиёсати қайта кўриб чиқилиши тўғрисида бир-бирига зид турли хабарлар пайдо бўлмоқда. Жаноб Помпео ўз нутқида ана шундай кутилаётган ўзгаришга ишора қилишга уринган.

Майк Помпео ўз нутқининг катта қисмини Барак Обама маъмурияти олиб борган сиёсатни қоралашга бағишлаган, ўтган ишларни президент Трамп сиёсати билан солиштиришга ҳаракат қилган.

Аммо у бир неча муҳим масалалар бўйича оғиз ҳам очмаган: жаноб Помпео Миср ёки Саудия Арабистонидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ёдга олмаган.

Яманда давом этаётган инқироз ҳақида жуда қисқа изоҳ бериб ўтиб кетган ва жаноб Трамп илгари сурган Исроил-Фаластин тинчлик режаси ҳақида бир сўз ҳам айтмаган.

Давлат котиби Вашингтоннинг минтақадаги ҳамкорлари ва иттифоқчилари биргаликда қанчалик ижобий ўзгаришларни амалга ошираётганига асосий урғуни қаратган.

Жаноб Помпеонинг айтишича, «АҚШ Суриядан Эроннинг энг сўнгги қадамини аритиш йўлида дипломатиядан фойдаланади ва ҳамкорлари билан бирга ишлайди.»

Нутқдан маълум бўлишича, Эронни жиловлаб туриш яқин келажакда Вашингтоннинг асосий мақсадига айланади, лекин ҳозирча буни амалга оширишнинг иқтисодий санкциялардан бошқа йўли йўққа ўхшайди.

Ҳозирда кун тартибида турган масала АҚШнинг 2,000 кишилик қўшинининг Сурияда қолиши ёки олиб чиқиб кетилиши ҳақида эмас. Муҳими, бу қўшиннинг Суриядаги мавжудияти ёки чиқиб кетишининг Америка сиёсий мақсадларига қандай таъсир қилишидир.

Президент Трампнинг америкалик ҳарбийларнинг Суриядан олиб чиқиб кетилишини эълон қилиши унинг минтақага нисбатан шахсий ёндашуви аслида қандай эканига оид кўп мубҳамликларга ойдинлик киритади. Бундан ташқари бу унинг маъмурияти қандай ишлашини ҳам кўрсатади.

Би-би-си текшируви: Президент Ассад тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўллаганми?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
АҚШ қўшинларининг Суриядан чиқиш хабари ИШИДни илҳомлантириб юборди

Вашингтоннинг ушбу режасига нисбатан экспертлар ва таҳлилчиларнинг муносабати кутилгандек муросасиз бўлди.

Улар, агар АҚШ ўз ҳарбийларини Суриядан олиб чиқиб кетса, бу Вашингтон ўзининг курд иттифоқчиларига нисбатан хиёнат қилганини англатиши ҳақида кўп мақолалар чоп этдилар. Экспертларга кўра, Сурияда АҚШ ҳарбий мавжудиятининг йўқолиши ортидан Москванинг минтақадаги таъсир даражаси фақатгина ортади, пайдо бўлган вакуумдан ягона манфаатдор куч эса Эрон бўлади.

Бу қарашларнинг баъзиси бўрттирилган ёки айрими асосли бўлиши мумкин. Бироқ бундан ҳам чуқурроқ бир муаммо мавжуд ва у президент Трампнинг хориждаги ҳарбий машмашаларни хуш кўрмаслигига бориб тақалади.

'Буюк стратегияга эҳтиёж йўқʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи MARK WILSON/GETTY IMAGES

Шу вақтга қадар бир қанча экспертлар президент Трампни ҳарбий стратегияни тушуна олмасликда айблаб чиққан, лекин шунга қарамай, улар президентнинг ҳарбийларни олиб чиқиш режасини олқишламоқда.

АҚШ президентини стратегик нўноқликда айблаган экспертлар, аввало, 2,000 нафар ҳарбийнинг Сурияда аниқ бир натижага эриша олиш салоҳиятини савол остига олади.

11 сентябр воқеаси ортидан Афғонистонда АҚШ бошлаган уруш зудлик билан Ироққа, ундан сўнг Сурияга ёйилди.

Уруш кўлами ортиб борган сайин Вашингтоннинг шошилинчда олган сиёсий қарорлари оқибатлари бўй кўрсата бошлади.

Мисол учун, Теҳронни стратегик жиҳатдан мувозанатда ушлаб турган Саддам Ҳусайн тузумининг ағдарилиши Эроннинг минтақадаги таъсир доираси янада кенгайишига замин яратди.

Сурия масаласи дунё эътиборини ўзига қаратиб турган бир пайтда президент Трамп Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сонини сезиларли қисқартириш борасида ҳам гап очди.

Афғонистон масаласида ҳам экспертлар ва таҳлилчилар, доимгидек, яна икки томонга бўлинганча, фикр билдирмоқда. Кам сонли таҳлилчилар АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонда қолишидан ортиқ маъно йўқлиги, бутун мамлакатни назорат остига ололадиган бирлашган миллий ҳукумат ташкил қилиш ҳаракатларининг ҳаммаси пуч экани ҳақида гапиради. Уларга кўра, ҳеч бир томон мутлақ ғолиб чиқа олмайдиган урушга бош қўшиш аҳмоқликдан ўзга нарса эмас.

Менинг мақсадим эса ким ҳақ, ким ноҳақлигини кўрсатиш эмас.

Аммо президент Трамп америкаликларнинг Абадий Урушлардан безиб кетганига ишора қилмоқда ва, шу нуқтайи-назардан қараганда, унинг гапларида жон бор. Америкаликлар ҳафсаласини янада пир қилмаслик учун Вашингтон Афғонистон ёки Яқин Шарқ минтақасида қандай сиёсат юритиши лозимлиги эса бошқа масала.

Американинг аксар аҳолиси хориждаги ҳарбий амалиётларни қисқартириш режасини қўллаб-қувватлайди. Шу сабабдан ҳам жаноб Трамп, ўтмишдошларидан фарқли равишда, ҳеч қандай буюк стратегияга эҳтиёж сезмайди.

Доналд Трамп халқаро муносабатларни кўпроқ бизнес кўзи билан кўради - эҳтимол, унинг Вашингтоннинг Ғарбдаги иттифоқдошларидан кўра авторитар раҳбарлар билан мулоқот қилишни афзал билишига сабаб ҳам шу бўлса керак.

Муаммо эса, аксар давлат раҳбарлари сўзларига кўра, АҚШнинг ўз қобиғига тобора ўралиб олаётгани, кўп ҳудудлардан оёғини тортаётганида.

Бунинг натижасида халқаро майдондаги улоқни, кўп ҳолларда, Россия ва Хитой олиб кетмоқда. "America First" (Америка Биринчи) жумласи Доналд Трамп президентлигининг асосий шиорларидан бирига айланган, аммо жаноб Трамп ушбу шиорга зид ҳолатда қатор халқаро келишувлардан чиқиб кетиб, АҚШнинг халқаро таъсирини онгли равишда қисқартирмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek