#10YearChallenge: 10 йил ичида дунё не қадар ўзгарди? Иқлим ўзгаришидан Раҳмон ва Назарбоевга қадар...

Дунёда 10 йил олдин нималар бўлганлигини эслай оласизми? Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дунёда 10 йил олдин нималар бўлганлигини эслай оласизми?

10 йил муқаддам ҳаётингизда қандай ўзгариш юз берган? Дунёда қандай воқеалар содир бўлгани эсингиздами? 2009 йилда Майкл Жексон оламдан ўтган, Барак Обама АҚШ президенти вазифасини ўташга киришган, дунё эса чўчқа гриппи билан курашган эди.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўзларининг 10 йил олдинги суратларини #10YearChallenge ҳештеги остида тинимсиз улашмоқдалар, бу йиллар ичида қанчалик ўзгаришга учраганларини қизғин муҳокама қилмоқдалар.

Кимдир 10 йил ичида сочига оқ оралаганидан хафалигини билдирса, яна кимдир ортиқча вазн ташлай олганидан беҳад шодлигини намоён этмоқда.

Аммо атрофга яхшилаб разм солсангиз, дунёнинг у қадар сезиларли ўзгармаганига гувоҳ бўласиз.

Таниш чеҳралар

Мабодо бир одам 10 йил олдин комага тушиб қолиб, 2019 йилнинг январида ўзига келган бўлганда, у кўплаб мамлакатлар президентлик саройларини ҳали ҳам таниш шахслар эгаллаб турганини кўриши мумкин эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Таниш чеҳраларми? Уларнинг ҳаммаси 10 йилдан ошиқ ҳукумат тепасида қолмоқда

Сўнгги 10 йилдан бери ўзгармай келаётган давлат ва ҳукумат раҳбарлари орасида ўз мамлакатида содир бўлган тўнтаришлардан омон қолган ҳам, конституцияни ўзгартириш орқали ҳокимиятни қўлида сақлаб қолган ҳам ва мухолифат билан келишиб ишлашга мажбур бўлган ҳам бор.

Бундан ташқари кўп каррали президентлик сайловларида «ғолиб чиқиб», ўз мамлакатини бошқариб келаётганларни ҳам топиш мумкин.

Энди мазкур манзаранинг акс томонига назар ташласак: охирги 10 йилда Швейцарияда 10 президент алмашди. Бу мамлакат конституцияси президентлик муддатини атиги бир йил билан чеклаб қўйган.

Юқори қатор чапдан ўнгга (суратда): Теодоро Обианг Нгема Мбасого (Экваториал Гвинея), Эмомали Раҳмон (Тожикистон), Исаяс Афеверки (Эритрея), Александр Лукашенко (Беларус), Фор Эссозимна Гнассингбе (Того), Ангела Меркел (Германия), Илҳом Алиев (Озарбайжон), Пьер Нкурунзиза (Бурунди), Эво Моралес (Боливия).

Ўрта қатор чапдан ўнгга: Пол Бийя (Камерун), Жозеф Кабила (Конго Демократик Республикаси), Бенямин Нетаняҳу (Исроил), Маҳмуд Аббос (Фаластин ҳудудлари), Нурсултон Назарбоев (Қозоғистон), Абдел Азиз Бутефлика (Жазоир), Пол Кагаме (Руанда), Йовери Кагута Мусевени (Уганда), Омар ал-Башир (Судан).

Қуйи қатор чапдан ўнгга: Али Бонго Ондимба (Габон), Идрис Деби (Чад), Владимир Путин (Россия), Дени Сассу-Нгессо (Конго), Ражаб Таййип Эрдўған (Туркия), Исмоил Омар Гелле (Жибути), Башар Ассад (Сурия), Гурбангули Бердимуҳаммедов (Туркманистон).

Янада иссиқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи NASA
Image caption Иқлим исиши давом этмоқда, сўнгги 10 йилдаги маълумотлар бунга далолат бермоқда

Биз инсоният иқлим ўзгаришига қанчалик таъсир қилаётганидан деярли бир асрдан бери хабардормиз. Бироқ иқлим ўзгариши муаммоси пайдо бўлганидан буён одамзотнинг бунга нисбатан муносабати сезиларли ўзгармади.

Глобал исиш феноменига қарши кураш бўйича якдилликка эришиш йўлида дунё етакчилари 21 йил вақт сарфлади.

2018 йилнинг декбар ойида Полшада БМТнинг иқлим ўзгариши масаласига бағишланган Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур йиғилиш давомида Париж битимини ҳаётга татбиқ қилиш тартиблари қабул қилинди.

Аммо ўтган 10 йил давомида бу муаммога жиддий эътибор қаратилмади. Оқибатда сайёрадаги ҳарорат йилдан йилга кўтарилиб бормоқда.

НАСА берган маълумотларга кўра, 2009 йилда Ер юзасидаги ўртача ҳарорат 1951-1980 йиллардагидан Цельсий бўйича 0,63 даражага юқори бўлган. 2017 йилга келиб, бу кўрсаткич 0,90 даражага етган.

Қашшоқлик ҳануз биздан аримаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Сўнгги 10 йилда фақирлар ва бойлар ўртасидаги катта фарқ ўсишда давом этди

Бироқ кўп нарсалар ўз ўрнида қолаётганига қарамай, айрим соҳаларда сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Биринчи навбатда, бу иқтисодиётда кўзга ташланади. Бундан 10 йил аввал дунёда нефть ва молия билан шуғулланадиган компаниялар энг бой эди. Бугунга келиб эса, Financial Times Global 500 рейтингининг энг юқори ўринларини Apple, Google, Microsoft, Amazon каби технология гигантлари забт этиб турибди.

Айни вақтнинг ўзида аҳолининг бой ва қашшоқ қатламлари орасидаги жарлик шиддат билан кенгайиб бормоқда. Бу жараёнга 2008 йилдаги халқаро молиявий инқироз сабаб сифатида кўрилади.

Таҳлилчиларнинг башоратига кўра, 2030 йилга келиб, энг бой шахсларнинг атиги бир фоизи бутун дунёдаги умумий бойликнинг 64 фоизига эгалик қила бошлайди.

Тенгликка эришишга эса ҳали анча бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Таҳлилчилар жинсий тенглик 200 йилдан олдин келмаслигини айтишмоқда

Ўтган йил давомида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги йўлида бошланган ҳаракатлар бутун дунё бўйлаб кенг акс-садо бериб турди. Бироқ асл ҳаётда инсонлар тенглиги унчалик ўзгаришга учрамади.

Албатта, аёллар ҳуқуқини таъминлашда бир қанча ўзгаришларни кўриш мумкин. Масалан, upskirting (юбка остидан аёлларни яширинча суратга олиш) Британияда ноқонуний, деб тан олинди. Жанубий Кореяда яширин камера билан олинган яланғоч аёллар суратларини чоп этувчи порносайт ёпиб ташланди. Саудия Арабистонида аёлларнинг футбол матчларига тушиши ва машина ҳайдашига рухсат берилди.

Айни дамда эса бошқа кўплаб мамлакатларда аёллар билан мавжуд вазият ўзгармай қолаётир: Непалда аёллар хайз келган кунларни махсус ҳужраларда ўтказишга мажбур; Ҳиндистонда қизларни зўрлаш кенг кўламда давом этмоқда; Салвадорда аборт қилдирган аёлни ҳали ҳам қамоқ жазоси кутиб турибди. Шу тариқа ўз уйи кўплаб аёллар учун энг хавфсиз макон бўлиб қолмоқда.

Халқаро Иқтисодий Форум экспертларининг баҳолашича, жинсий тенгсизликка қарши кураш жуда секин суръатларда кетмоқда. Уларнинг тахминига кўра, эркак ва аёлнинг меҳнат ҳақи ўртасидаги тенглик, агар ҳаммаси ҳозиргидек кетаверса, фақат 202 йилдан сўнггина таъминланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek