Дунё: Венесуэлада давлат тўнтариши юз бердими ё ҳокимият алмашдими?

Ҳуан Гуайдо ўзини президент деб эълон қиларкан, ўн минглаб одамлар қўлларини кўтариб уни маъқуллашди Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳуан Гуайдо ўзини президент деб эълон қиларкан, ўн минглаб одамлар қўлларини кўтариб уни маъқуллашди

Сўнгги икки кундан бери Венесуэлада юз бераётган воқеаларга бутун дунё диққат қилмоқда. Мухолифат етакчиси ҳали амалдаги президент ҳукуматдан кетмасидан туриб, ҳокимиятни ўз қўлига олганини эълон қилган.

Жанубий Америкада жойлашган ушбу мамлакат бир неча йилдан бери сиёсий ва иқтисодий инқироз ботқоғига ботиб қолган.

Аҳоли миллий валютанинг кескин қадрсизланиши, озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллиги ҳамда электр таъминотидаги мунтазам узилишлардан қийналиб келади.

Яқин йиллар ичида уч миллиондан зиёдроқ венесуэлаликлар ўз ватанини ташлаб чиққан. Бу умумий аҳолининг деярли 10 фоизи демакдир.

Айни кунларда мамлакатдаги сиёсий вазият ҳам ўта қалтислашган.

Амалдаги президент Николас Мадуро ҳали ҳокимиятдан кетмасидан туриб, мухолифат етакчиси Ҳуан Гуайдо ўзини муваққат президент, деб эълон қилган.

Хўш, ҳақиқий президент ким ўзи?

Бу саволга аниқ жавоб бериш осон эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Айрим мамлакатлар Николас Мадурони қонуний президент эканлигини айтмоқда, баъзи давлатлар эса Ҳуан Гуайдони президент сифатида тан олмоқда

23 январь куни мухолифат назорати остида бўлган Миллий Ассамблея, яъни парламент раҳбари Ҳуан Гуайдо ўзини амалдаги президент, деб эълон қилди ва шу вақтдан бошлаб ижро ҳокимиятининг барча ваколатлари унга ўтишини таъкидлади.

Ўз навбатида, атиги икки ҳафта олдин иккинчи олти йиллик муддат учун қасамёд келтирган амалдаги президент Николас Мадуро Гуайдо ҳокимиятини тан олмади.

Бунинг ўрнига жаноб Мадуро мухолифат етакчисини АҚШ томонидан тайёрланган фитнага бош қўшганликда айблади.

Николас Мадуро ўзининг мамлакатнинг ягона конституциявий президенти экани ва шундай бўлиб қолишини маълум қилди.

Нега президентлик масаласи бундайин чигал?

2013 йилда ҳокимият тепасига келган Николас Мадуронинг президентлик даврида мамлакат иқтисодиёти шиддат билан чўка бошлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Николас Мадуро раҳнамоси Ҳуго Чавес ўлганидан сўнг 2013 йилда сайланган

Венесуэлаликлар юзага келган иқтисодий қийинчиликларда у ва унинг социалист ҳукуматини айблайди.

Жаноб Мадуро ўтган йилнинг май ойида катта зиддиятлар билан ўтган сайловда ғолиб чиққан ва бундан икки ҳафта муқаддам иккинчи муддатини ўташга киришган эди.

Сайловга қадар кўплаб мухолиф номзодлар таъқиб қилиниб, уларнинг рўйхатдан ўтишига йўл қўйилмаган, оқибатда жаноб Мадурога рақиб бўлиши мумкин бўлган айрим шахслар қамоққа ташланган ёки мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлган эди.

Венесуэла Миллий Ассамблеяси Николас Мадуронинг қайта сайланганини тан олмаган.

2018 йил май ойида ўтказилган муддатидан олдин сайловда ғолиб чиққанидан сўнг жаноб Мадуро аввал биринчи муддатини охирига етказиши ва иккинчи муддатни 2019 йилнинг 10 январидан бошлашини эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Мухолифатга кўра Николас Мадуро сайлов натижаларини сохталаштириш эвазига ҳукумат тепасида қолмоқда

Мухолифат назоратидаги парламент шу вақтга қадар сайлов натижасини тан олмаган ва жаноб Мадурони ҳокимиятни куч билан босиб олишда айблаб, президентлик ўрнини бўш, дея ҳисоблаб келган.

Венесуэла конституциясига кўра, бундай ҳолларда Миллий Ассамблея раҳбари президент ваколатларини ўзига олиб, муваққат ҳукуматни шакллантириши лозим.

23 январь куни 35 яшар Ҳуан Гуайдо айнан шундай қилди.

Дунё бунга қандай муносабат билдирмоқда?

Жаноб Гуайдо ижро ҳокимиятини ўз қўлига олганини эълон қилишидан бир неча дақиқа ўтиб, АҚШ президенти Доналд Трамп унинг ҳукуматини расман тан олди.

АҚШга бир неча Жанубий Америка давлатлари қўшилган. Европа Иттифоқи янги ҳукуматни тан олмаган бўлсада, «Миллий Ассамблеяни тўлиқ қўллаб-қувватлаши»ни маълум қилган.

Россия хорижий кучларнинг Ҳуан Гуайдони дастаклашини қоралаб, бундай амал халқаро қонунларни қўпол равишда бузиши ва «бевосита қон тўкилишининг бошланишига сабаб бўлиши»дан огоҳлантирган.

Николас Мадуро Венесуэланинг АҚШ билан дипломатик алоқаларни узганини айтиб, америкалик дипломатларга мамлакатни тарк этиш учун 72 соат вақт берган.

25 январь куни АҚШ Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Оқ Уйнинг президент Мадуро олиши мумкин бўлган ҳар қандай ташқи молиявий оқим йўлини тўсиб қўйишга ҳаракат қилаётганини маълум қилди.

Айни дамда Венесуэланинг ўзида мухолифат тарафдори бўлган юз минглаб инсонлар жаноб Гуайдо олган қарорни олқишлаётган бўлса, ҳукумат расмийлари президентни ҳар қандай «империалист таҳдидлар»дан муҳофаза қилажагини таъкидлаган.

Энди воқеалар қандай ривожланиши мумкин?

Ҳуан Гуайдо Мадуро ҳукуматига қарши барча одамларни «Венесуэла озод этилмагунга қадар» норозилик ҳаракатини давом эттиришга чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ҳуан Гуайдо тарафдорларини ҳукуматга босим ўтказишдан тўхтамасликка чақирди

Жаноб Гуайдони АҚШ ва бир неча Жанубий Америка давлатлари қўллаб-қувватлаётган бўлса ҳам, амалда унинг қудрати у қадар юқори эмас.

Ҳуан Гуайдо раҳбарлик қиладиган Миллий Ассамблеяга қарши 2017 йилда Николас Мадуро тарафдорлари Миллий Таъсис Ассамблеясини ташкил этган. Натижада президент Мадуро парламент қабул қилган қарорларни мунтазам инкор қилиб келади.

Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича мухбири Пол Адамснинг сўзларига кўра, ҳозирда асосий ҳал қилувчи куч - бу ҳарбийлар.

Агар армия президент Мадурога содиқ қолса, у ҳолда мухолифатга қарши ялпи таъқиб бошланади.

Мабодо ҳарбийлар Ҳуан Гуайдо тарафига ўтса, бу жаноб Мадуронинг саноқли кунлари қолганини англатади.

Агарда ҳарбийлар ҳам иккига бўлингудек бўлса, Венесуэлада фуқаролар уруши бошланиб кетиши мумкин.

Армиянинг юқори раҳбарлари ҳозирча президент Мадурога содиқ қолишини бевосита ва билвосита маълум қилган. Жаноб Мадуро юқори рутбали ҳарбий амалдорларни доимий мукофотлар билан сийлаб келган ва улар муҳим иқтисодий-саноат секторларини назорат қилади.

Бироқ аксар зобитлар ва аскарлар, оддий халқ каби, озиқ-овқат тақчиллиги ва пулнинг қадрсизланишидан азият чекиб келади. Айнан улар мамлакат тақдирини ҳал қилиши мумкин. Венесуэла кўчаларида туширилган тасвирларда айрим ҳарбийларнинг оддий намойишчилар сафига қўшилиб кетаётгани кўринади.

Жаноб Гуайдо, агар хавфсизлик хизматининг барча ходимлари президент Мадурони қўллашдан бош тортса, уларга амнистия берилишига ваъда қилган.

Ҳуан Гуайдо ким ўзи?

Ҳуан Гуайдо 1983 йили Варгас штатининг Ла Гуайра шаҳрида кўп болали оилада дунёга келган.

Венесуэлада ҳокимият тепасига 1999 йилда Уго Чавез келганда, у 15 ёшда эди.

Ўша йили Ла Гуайра шаҳрига катта тошқин ёпирилиб, ўн минглаб одамнинг ёстиғини қуритади.

Ҳуан Гуайдога яқин инсонларнинг маълум қилишича, айнан ҳукуматнинг табиий офатдан зарар кўрганларга беписандлик билан муносабатда бўлгани уни сиёсат томон етаклаган.

У АҚШ ва Венесуэладаги олийгоҳларда таҳсил олган.

Талаба сифатида у Уго Чавезнинг матбуотни назорат қилишга уринишига қарши норозилик билдириб чиққан.

Жаноб Гуайдо 2009 йилда ташкил топган Халқ Истаги (Popular Will) сиёсий партияси асосчиларидан бири ҳисобланади.

У 2011 йилда Миллий Ассамблеяга сайланган ва 2016 йилда ўз штатининг парламентдаги вакилига айланган.

Жаноб Гуайдонинг 2017 йили Мадуро ҳукуматига қарши оммавий намойишлар чоғида жароҳат олгани айтилади.

Мухолифатдаги сиёсий партиялар уни Миллий Ассамблея раҳбари сифатида сайлаган ва Ҳуан Гуайдо шу йилнинг 5 январидан ушбу вазифани ўташга киришган.

Сайловдан бир неча кун ўтиб, ҳукумат кучлари уни ҳибсга олган, лекин қисқа вақтдан сўнг қўйиб юборган.

Жаноб Гуайдони аҳолининг аксар қашшоқ қатлами қўллаб-қувватлайди.

Бироқ танқидчилар унинг сиёсатда ҳали анча нўноқ эканини таъкидлайди. Уларга кўра, жаноб Гуайдода Венесуэланинг келажаги бўйича аниқ бир тасаввур мавжуд эмас.

Матбуот юзини кўрган хабарларга кўра, Ҳуан Гуайдо, Чавез ёки Мадуронинг социалист ҳукуматидан фарқли ўлароқ, эркин бозор иқтисодиёти тизими ва регионал ҳукуматларнинг янада мустақил бўлиши тарафдори.

Венесуэла нега инқирозга тушиб қолди?

Муаммоларнинг илдизлари анча узоққа бориб тақалади.

1999 йилда социалист кучлар ҳокимиятни қўлга олганда мамлакатда кескин тенгсизлик ҳукмрон эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кўплаб венесуэлаликлар Николас Мадуро ва унинг ҳукуматини иқтисодий инқирозда айбдор деб билади

Уго Чавез ҳукумати қашшоқликни тугатиш бўйича бир қанча социал ислоҳотларни амалга оширди.

Масалан, аҳолининг қашшоқ қисми қурби етсин учун кундалик эҳтиёж молларининг нархи кучли давлат назоратига олинди.

Оқибатда, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқариш хусусий бизнес учун ортиқ манфаат келтирмай қўйди.

Танқидчилар мамлакатда юзага келган иқтисодий инқирозда президент Чавез томонидан 2003 йилда жорий қилинган валюта назоратини ҳам айблайдилар. Янги тартибга кўра, фақат муҳим сабабларни - масалан, товар импорт қилиш - кўрсатганларгагина расмий курс бўйича хорижий валюта сотиб олиш ҳуқуқи берилар эди.

Шундан сўнг асосий валюта айирбошлови қора бозорга кўчиб, расмий ва норасмий курс ўртасидаги тафовут бир неча мингга баробарга етади.

Мамлакат юзлашган энг муҳим муаммо нима?

Шубҳасиз, ҳозирдаги энг муҳим муаммо - бу гиперинфляция, яъни пулнинг кескин қадрсизланиши.

2018 йилнинг 12 ойи давомида йиллик инфляция даражаси 1,3 миллион фоизга етган.

2018 йил охирига қадар маҳсулотлар нархи ҳар 19 кунда икки баробарга ошиб борган. Оқибатда кўплаб венесуэлаликларнинг бирламчи оддий товарларни сотиб олишга ҳам қурби етмай қолган.

Ҳукумат қандай чора кўрмоқда?

Ўтган йилнинг август ойида Николас Мадуро ҳукумати миллий пул бирлиги - боливардан бешта нолни олиб ташлаб, уни "суверен боливар" дея қайта номлади. Бу одамлар ўзи билан ортиқ бир арава пул кўтариб юрмаслигини билдирар эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Одамлар Венесуэла банкининг эски банкнотларини 2018 йилнинг декабр ойи озирида ёқа бошлашди

Янгиланган пул бирлиги, ҳукуматнинг маълум қилишича, мамлакат иқтисодиётини оёққа турғазишга ёрдам берадиган «мўъжизавий формула» доирасидаги чораларнинг биридир.

Ҳукумат илгари сураётган чоралар орасида яна қуйидагилар бор:

  • 2018 йил 1 сентябридаги дастлабки ҳолатидан бошлаб, энг кам ойлик иш ҳақини 34 баробарга ошириш
  • Суверен боливарни Венесуэланинг нефть захираларига асосланган рақамли валюта - петрога боғлаб қўйиш
  • «Ота Юрт IDси»га эга бўлмаганлар учун йирик давлат субсидияларига асосланган нефть маҳсулотларини қисқартириш (Венесуэла аҳолиси нефть маҳсулотларини имтиёзли арзон нархларда олиш имкониятига эга; Ота Юрт ID - 2017 йилда президент Мадуро томонидан жорий этилган шахсни тасдиқловчи янги гувоҳнома. Унинг ҳукуматига қарши бўлган одамлар бундай IDни олишдан бош тортиб келади)
  • Қўшилган қиймат солиғини 4 фоиздан 16 фоизга қадар кўтариш

Бироқ бундай чора-тадбирлар ва уларнинг ҳаётга жорий этилишига қарамай, боливар қадрсизланишда шиддат билан давом этмоқда. Мутахассислар эса бу чораларнинг самарадорлигини чуқур савол остига олади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek