Ўзбекистон ва дунё: Покистонлик болакай полицияни қандай фош этди?

Punjab Chief Minister Usman Buzdar (right) visited the surviving children in hospital Фото муаллифлик ҳуқуқи Punjab government
Image caption Панжоб вилояти бош вазири Усмон Бўздор (ўнгда) омон қолганларни шифохонага бориб кўрган.

19 январь куни юз берган қонли отишмада ота-онаси ва опасидан айрилган тўққиз яшар болакай полиция бошқача тасвирлашга уринган шафқатсиз ҳаракатнинг асл тафсилотларни фош этиб берди.

Юқори тайёргарликдан ўтган террорчиликка қарши кураш бўлинмаси полиция зобитлари Лаҳор жанубий-ғарбида «қўлга киритилган ишончли маълумотларга асосан ўтказилган амалиёт» чоғи Исломий Давлатга алоқадор тўрт нафар «террорчи»ни отиб ўлдирганини иддао қилган. Полицияга кўра, «террорчилар»нинг ўзи биринчи бўлиб ўқ уза бошлаган.

Полиция қолган уч нафар «террорчи»нинг мотоциклда воқеа жойидан қочиб кетганини маълум қилган.

Воқеа Саҳивал шаҳрига кириш жойида содир бўлган.

Аммо шифохонага олиб борилган тўққиз яшар Умайр Ҳалил журналистларга бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини мутлақо бошқача тасвирлаб берган.

Болакайнинг сўзлашича, унинг оила аъзолари Лаҳордан Саҳивалдаги қариндошининг тўйига келаётган бўлган. Машинани отасининг дўсти бошқариб борган. Саҳивал шаҳрига киришда полициячилар машинани тўхтатган.

«Отам полициячиларга пул олишни, эвазига ўқ узмасликларини айтди. Бироқ улар ўт оча бошладилар,» деган Умайр журналистларга.

Оқибатда, унинг ота-онаси ва 12 яшар опаси ҳамда рулда бўлган отасининг дўсти ҳалок бўлган.

Отишмадан фақат Умайр ва унинг икки синглиси омон қолган, холос.

Умайрнинг кўрсатмаси тасвирланган видео покистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан яшин тезлигида тарқатилган. Одамлар полицияни бегуноҳ инсонларни ўлдиришда айбламоқда.

Бироз вақт ўтиб, отишма жараёни тасвирланган видео пайдо бўлган. Бу тасвир боланинг сўзларини дастаклайди.

Гувоҳлар томонидан суратга олинган мазкур видеода полициячиларнинг машинага қарата ўқ узаётгани, сўнг унинг ичидан тирик қолган уч болани олиб, воқеа жойини тарк этганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари отишмадан сўнг машина ичидаги ҳолат тасвирланган суратлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқатилган. Суратларда ҳайдовчининг, ҳатто, хавфсизлик камарини ечишга улгурмагани, қўллари эса ҳали ҳам руль чамбарагида турганини кўриш мумкин. Умайрнинг отаси олд ўриндиқда, онаси ва опаси орқада бўлган.

Бундай ҳолатдан покистонликлар ғоят ғазаб отига минган. Мамлакат Бош вазири Имрон Хон «ота-онаси кўз ўнгида отиб ўлдирилган болалар аҳволини кўриб,» даҳшатга тушганини маълум қилган.

Бош вазир ўзининг Twitter саҳифасида террорчиликка қарши курашувчи кучлар тинчликни сақлаш йўлида қанчалик самарали фаолият олиб бораётган бўлмасин, ҳар кимнинг қонун олдида жавоб бериши лозимлиги, ҳукумат бу ҳолатга нисбатан тезкор чоралар кўражагини ёзиб қолдирган.

Ҳодиса юз берган куннинг ўзида бир неча зобитлар ҳибсга олинган, воқеа жойида тезкор текширув бошланган.

Расмийлар терроризмга қарши кураш бўлинмасининг айрим юқори лавозимли раҳбарлари ишдан олингани, отишмада бевосита иштирок этган беш нафар зобитнинг одил суд олдида жавоб беришини эълон қилган.

Йиллар давомида Покистон полицияси - бошқа давлат институтлари каби - давомли равишда сиёсийлаштириб келинган. Полициячиларда ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзининг сувдан қуруқ чиқиб кетишига ишонч анчайин юқори.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Умар оиласининг жанозасида юзлаб одамлар қатнашган.

Мамлакатда полициянинг ўзбошимчалик билан одамларни ўлдириш ҳолати тез-тез учраб туради.Карачи шаҳрида фаолият юритувчи юқори мартабали полиция зобити Рао Анварнинг, хавфсизлик хизмати кўрсатмасига асосан, одамларни судсиз қатл этиш орқали тирикчилик қилиб келганига ишонилади.

2018 йил бошида Анвар террорчиликда ноҳақ айбланган модель йигит Нақибулло Маҳсудни ўлдириши ортидан Пуштун Муҳофаза Ҳаракати (ПМҲ) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кампанияси бошланиб кетган эди.

Асосан, Шимолий-Ғарбий Покистон ва Афғонистон чегарасида яшовчи Пуштун этник гуруҳи кучишлатар тизимларнинг ўз ҳуқуқларини поймол қилаётганини иддао қилиб, норозилик ҳаракатини бошлаган. Ҳарбийлар бу ҳаракатни қаттиққўллик билан бостиришга уринган.

Тергов давомида Рао Анвар Нақибулло ва бошқа инсонларни ўлдиришда айбдор, деб топилган, аммо у ҳеч қандай жазога тортилмаган.

Аксар покистонликлар ўзбошимча полициянинг зўравонлигидан норозилик билдиради. Ижтимоий тармоқлар тез суръатларда ривожланаётган бир даврда, полиция билан боғлиқ бундай ҳолатларни бости-бости қилиш янада қийинлашиб бормоқда.

19 январдаги фожиага нисбатан нафақат оддий халқ, балки Имрон Хон ҳукумати ҳам ўз дарғазаблигини билдирмоқда.

Аввалига полиция Умайрнинг отаси Муҳаммад Ҳалил, онаси Набила, синглиси Ариба ва отасининг дўсти Зишанни бир АҚШ фуқароси ва собиқ депутатнинг ўғлини ўғирлашга алоқадор террорчилар сифатида тасвирлаган эди.

Полициячилар уларнинг машина ва мотоциклда ҳаракатланиб, ўзи билан қурол-яроғ ҳамда портловчи моддалар олиб юргани ва биринчи бўлиб ўқ уза бошлаганини даъво қилган.

«Отишма тўхтаганидан сўнг тўрт террорчи, жумладан, ўз шериклари ўқи билан отиб ўлдирилган икки аёлнинг жасади топилди. Уларнинг уч нафар шериги қочиб кетишга муваффақ бўлди,» дейилади полициянинг илк баёнотида.

Бироқ атиги бир неча кун ичида бу иддаонинг умуман акси исботлаб берилди.

Гувоҳлар тасвирга туширган видеода машина ёнида ҳеч қандай мотоцикл кўзга ташланмайди ва отиб ўлдирилган шахсларнинг бирор қуроли бўлгани кўринмайди.

Қайтанга, полициячиларнинг машина ортидан биринчи бўлиб ўқ уза бошлагани, машинанинг йўлак четига урилиб, тўхтаб қолганини кўриш мумкин. Шундан сўнг полициячилар машина ичидан уч нафар ёш болани чиқариб олади ва машинани яна ўққа тутиб, ҳодиса жойини тарк этади.

Бироз вақт ўтиб, бошқа бир полиция машинаси тўхтаб турган автоулов ёнига келади. Полициячилар ўққа тутилган машина ичидаги юкларни олиб, кетади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам полициячилар машина ва жасадларни ёлғиз ташлаб кетади. Бу полиция низомининг қўпол тарзда бузилиши демакдир. Бундай ҳолларда полиция жиноят содир бўлган жойни ёпиб қўйиши, оғир жароҳатланган инсонлар бўлган тақдирда уларга тез тиббий ёрдам кўрсатиши ва суд тиббий экспертизаси ходимларини чақириши лозим.

Одамларнинг дарғазаблигига қарамай, Саҳивал шаҳри жойлашган Панжоб провинцияси ахборот вазири ҳайдовчи Зишаннинг «қидирувдаги террорчи» бўлганини эълон қилган. У қолган инсонларнинг «вазият тақозоси билан қурбон бўлгани»ни айтган.

Мазкур қонли фожиа бутун мамлакатда акс-садо берган бўлсада, 22 январь куни Панжоб адлия вазири Ража Башарат амалиётнинг «100 фоиз асосли» ўтказилганини таъкидлаган.

Зишаннинг кўплаб қўшнилари ва дўстлари Би-би-сига унинг Жамият Аҳли Ҳадис фундаментал гуруҳи фирқаси доирасида фаол бўлганини маълум қилди.

Ушбу гуруҳ бир қанча қуролланган тармоқларга эга. Бундай тармоқлардан бирига БМТ томонидан халқаро террорчи, деб тан олинган Ҳафиз Саид асос солган. Саид Покистонда эркин фуқаро сифатида яшаб келади.

Ҳозирча расмийлар Зишаннинг Исломий Давлатга алоқадорлиги бўйича аниқ бир хулосага келмаган.

Панжоб полициясининг собиқ раҳбари Шавкат Жавед Би-би-сининг Урду Хизматига ҳужумни амалга оширган полициячиларнинг «ўзбошимчалик билан ваколати доирасидан чиққани» тўғрисида гапирган.

Унга кўра, машина ичидаги шахснинг террорчи эканига ишончли далиллар бўлган тақдирда ҳам «қўлга олиш режасини амалга оширишда ўта қўпол хатоларга йўл қўйилган.»

«Менимча, полициячилар кузатув камераси орқали фақат олд ўриндиқдаги икки эркакни кўрган, холос. Орқада аёл ва қиз ўтирганини сезмаган. Улар ҳаракатни бошлагандан сўнг ҳеч нарсага эътибор бермаган. Бундай қилмасликлари керак эди,» сўзлайди жаноб Жавед.