Трамп ва Клинтон: Ким кулдирди ва ким кулди?

Three children laughing Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган йилнинг сентябр ойида БМТ минбаридан туриб, ўз мамлакати тарихида «деярли ҳар қандай президентдан» кўпроқ ишларни амалга оширгани ҳақида гапирган вақт унинг сўзларини кўпчилик қаҳқаҳа билан қарши олди.

Бу кулги уйғотадиган кўплаб сабабларнинг бири - ва одамларнинг аксарияти айнан кимнингдир ўзини аҳмоқона тутишидан кулмайди.

Кулги инсонларни ўзаро яқинлаштирувчи ибтидоий туйғу - биз одамлар даврасида ёлғиз ҳолатдан кўра 30 марта кўпроқ куламиз.

Ушбу қадимий туйғу фақат инсонларгагина хос эмас: кўплаб жониворлар, жумладан, маймунлар ва, ҳатто, каламушларнинг ҳам кулиши олимлар томонидан кузатилган.

Каламушлар бир-бири билан ўйнаган вақтда чирқиллаган товуш чиқаради. Олимлар буни кулгининг ўзига хос ифодаси, дейди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Олимлар маймунлар ҳам кулишини айтишади

Агар каламушлар ҳам бундай хусусиятни ўзида намоён қилса, у ҳолда одам кулгисининг ҳам биз ҳали англаб етмаган жиҳатлари мавжудлиги табиий.

Биз ўзаро ижтимоий муносабатларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш учун кулгидан фойдаланамиз. У бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз ёки бошқаларнинг ўзимизга бегона эканига ишора қилишга ёрдам беради.

Бундай ижтимоий ва ҳиссий ифода кулгини янада қудратли кучга айлантиради. Шу сабабдан ҳам сиёсатда, ҳам шахсий ҳаётда одамлар уни, табиий равишда, мунтазам қўллаб келади.

Биз нега куламиз?

Кулги бирор ҳодисага нисбатан тўсатдан юзага келувчи нутқий хусусиятга эга бўлмаган товушли-жисмоний реакциясидир . Бу жиҳатдан у кўпроқ қичқириш ёки йиғлашга ўхшаб кетади.

Биз кулган вақт юзага келувчи товуш маймунлар ўзаро ўйнаган пайтда чиқарадиган хур-хурлаган овозга жуда ўхшайди.

Нутқдан фарқли ўлароқ, мазкур товушни чиқаришда тил, жағлар ёки лабларнинг ҳаракатга келиши деярли талаб қилинмайди. У инсон нутқидан кўра кўпроқ сутемизувчиларнинг товушига яқинроқ туради.

Илм-фан қанчалик такомиллашганига қарамай, олимлар бизнинг нега бундай товуш чиқаришимиз сабабини ҳали тўлиқ англаб етмаган. Кулги инсон овозининг энг ибтидоий кўринишларидан бири - уни ҳосил қилиш учун шунчаки ўпкадаги ҳавони сиқиб чиқаришнинг ўзи кифоя.

Одам вояга етиб борган сари унинг кулгиси ҳам эврилишга учраб, шунчаки ибтидоий ҳиссий ифодадан такомиллашган ижтимоий билдиргига айланиб боради. Бироқ унинг авлоддан-авлодга ўтиб келувчи табиий ҳаракат эканини осонгина аниқлаш мумкин: кўр ва кар туғилган гўдакларни қитиқласа, улар бунга жавоб кула бошлайди.

Сиёсий қаҳқаҳа

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Қизиқчилар бизни кулдириш йўлида жон куйдиради, лекин одамларнинг деярли бари кулгидан ўз шахсий манфаатларида фойдаланади.

Россиялик сиёсатчилар ўзини танқид қилган инсонларни камситиб, уларнинг устидан кулишда кўп айбланади. Бундан ҳолларга, айниқса, телевизион ток-шоулар давомида кўп гувоҳ бўлиш мумкин.

Аммо сиёсий кулги ҳар доим ҳам камситиш маъносида бўлавермайди.

Масалан, АҚШ президенти Бил Клинтон Россия президенти Борис Елтсиннинг матбуотга ширакайф ҳолатда берган баёнотидаги сўзларни эшитиб, маза қилиб кулгани тасвирланган видеони кўпчилик кўрган бўлса керак.

Бироқ жаноб Клинтон ўз кулгиси ва тана ҳаракатлари орқали Россия президентини мазах қилмаётгани, аксинча, у билан бирга чин дилдан аския қилаётганини кўрсата олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бил Клинтон ва Борис Ельцин матбуот анжуманида

Шахсий ҳаёт

Кулги кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми.

Мисол учун, мен бир куни йўлни кесиб ўтаётган вақтда, бошқа бир аёлга урилиб кетдим.

Шунда ҳар иккимиз бир-биримизга қараб, кула бошладик. Биз шундай табиий йўл билан тўқнашувда ҳеч қандай лат емаганимиз ва бундан ҳеч қанақасига жаҳлимиз чиқмаётганини кўрсатишга беихтиёр уринар эдик.

Натижада кулги жисмоний тўқнашув туфайли икки ўртада жанжал чиқишига йўл қўймай, бир-биримизни ўзаро англашга имкон берди.

Илмий кузатувларга кўра, кундалик ҳаётда юзага келадиган кулгининг аксар қисми атайин айтилган ҳазиллар эмас, балки одамларнинг оддий гаплари ва фикрларига нисбатан пайдо бўлади. Пировардида, кулги ижтимоий муносабатларни шакллантирувчи кўприк вазифасини ўтайди.

Шунингдек, шахснинг кулгидан фойдаланиш малакаси ҳам йилдан-йилга ошиб боради.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, кулгининг ижтимоий хусусиятлари инсоннинг гўдаклигиданоқ шакллана бошлайди, аммо шахс 30 ва ундан каттароқ ёшга тўлмагунча, уни қўллашни тўлиқ ўзлаштира олмайди.

Кулгининг яна муҳим ижобий жиҳатларидан бири - бу унинг тушкунлик ҳолатидан чиқишга ёрдам бериши.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Лондон мэри Борис Жонсон Виктория боғида троссда осилиб қолган вазият

Оилавий жуфтликлар ўз муносабатидаги қийин масалаларни кулги каби қувноқ хатти-ҳаракатлар орқали муҳокама қилишга уринса, улардаги тушкунлик даражасининг кескин пасайиб кетиши бир тадқиқот давомида аниқланган.

Кулги жуфтликларнинг узоқ вақт ўзаро ижобий муносабатни сақлаб қолишига ҳам ёрдам беради.

Аммо бундай бўлиши учун ҳар икки инсоннинг ҳам тенгдан ва чин юракдан кулиши талаб этилади.

Агар эр ёки хотиннинг фақат биттаси кулиб, иккинчисига бундай ҳолат ёқмаса, у ҳолда муносабатга қайтанга дарз кетиши мумкин.

Кулгида ҳеч қандай мўъжизавий хусусият мавжуд эмас. У ҳолда нега кулги одамлар кайфиятини янада шодон қилади? Бунинг асосий сабаби - биз кулгидан фойдаланганимизда бошқалар билан нисбатан эмин-эркин мулоқотга кириша оламиз.

Бундан ташқари ўзаро қаҳқаҳа отаётган одамлар даврасида ўтирган шахс ўзини бехатар ҳам ҳис этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek