Илм-фан: Араб Баҳорига иқлим ўзгариши сабаб бўлганми?

5,6 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатдан қочди, яна 6 миллиони жойини ўзгартиришга мажбур бўлди Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption 5,6 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатдан қочди, яна 6 миллиони жойини ўзгартиришга мажбур бўлди

Глобал иқлим ўзгаришининг оқибатлари ўта иссиқ об-ҳаво ва табиий офатлар билан чекланмайди, дея таъкидламоқда олимлар. Ўзгараётган иқлим, шунингдек, кўп сонли ихтилофлар ва оммавий кўчишларга сабаб бўлади. Яқинда илм-фан бу назариянинг ҳақиқатга мос келишини тасдиқлади.

Амалий Тизимли Таҳлил Халқаро Институти олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот, илк бор, иқлим ўзгариши ва ортиб бораётган ихтилофлар, шунингдек, табиий оқибатлар туфайли юзага келаётган оммавий кўчишлар ўртасида сабаб-оқибат боғлиқлиги мавжудлигини кўрсатиб берди.

Хусусан, эълон қилинган тадқиқотда таъкидланишича, иқлим ўзгариши 2010-2012 йилларда Тунис, Ливия, Яман ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган умумий Араб Баҳори номи билан маълум халқ қўзғолонларининг бошланишига туртки берган муҳим омиллардан бири бўлган.

Тадқиқотда халқ исёни кенг кўламли фуқаролар урушига айланиб кетиб, ҳалига қадар тинчимаган Суриядаги ҳолат алоҳида мисол сифатида келтирилади.

Муаллифлар воқеаларнинг бу йўсинда шиддат билан ривожланиб кетишига сабаб қилиб, ушбу ҳудуддаги ўртача ҳаво ҳароратининг кўтарилганини кўрсатадилар. Давомли келган қурғоқчилик ва ичимлик суви билан юзага келган тақчиллик оқибатида Сурияда бир неча йил давомида ҳосил яхши бўлмаган. Оқибатда қишлоқ аҳолиси иш ва тирикчилик дардида шаҳарларга оммавий кўчиб кета бошлаган.

Бу ўз-ўзидан мамлакатда салбий урбанизация шароитининг пайдо бўлишига олиб келган, шаҳарлар яшин тезлигида одамлар билан тўлиб тошган. Натижада турар-жой етишмовчилиги бошланган, ишсизлик даражаси кескин ортган.

Мазкур омиллар қурғоқчилик, қишлоқ хўжалигининг оғир аҳволга тушиб қолиши, маҳсулотлар тақчиллиги, сиёсий бошбошдоқлик каби бошқа муаммолар билан биргаликда одамлардаги норозилик кайфиятининг янада кучайишига туртки берган.

БМТнинг 2018 йил ноябрь ойида тақдим қилган маълумотларида 5,6 миллиондан зиёд сурияликларнинг ватанидан қочиб чиққани, яна 6 миллионга яқин одам мамлакат ичида кўчиб юришга мажбур бўлаётгани айтилади.

Тадқиқотда айнан ўхшаш ҳолат бошқа Африка давлатлари, жумладан Саҳройи Кабирнинг жанубий минтақаларида ҳам юзага келгани эслатиб ўтилган.

«Бизнинг тадқиқотимиз сўнгги вақтларда матбуот томонидан жуда кенг ёритилган муҳим мавзуга алоқадор,» сўзлайди тадқиқот муаллифларидан бири бўлмиш Рая Муттарак. «Биз оммавий миграция борасида жамоатчилик муҳокамасига ўз ҳиссамизни қўшдик ва унинг иқлим ўзгариши туфайли юзага келганига далиллар келтириб бердик.»

Олимлар бугунги кунда жамоатчиликнинг иқлим ўзгариши ва оммавий миграция ўртасида узвий боғлиқликлар борлигини тан олмаётгани юзасидан ўз хавотирини билдирмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ўзгаришлар миграция йўналиши ва даражасида ҳам асосий ўрин тутган

Сабаб ва оқибат

Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан Европага кўчиб бораётган одамлар оқимининг кескин ортиб кетишига иқлим ўзгариши сабаб бўлаётгани тўғрисидаги қарашлар сўнгги йилларда бир неча бор ўртага ташланган.

Мутахассислар иқлим ўзгаришининг бу минтақалардаги турмуш даражасини кескин издан чиқараётгани ва, табиий равишда, одамлар яхши ҳаёт илинжида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлаётганини таъкидлайдилар.

Бироқ сўнгги вақтларга қадар олимлар иқлим ўзгариши ва миграция ўртасидаги сабаб-оқибат боғлиқликларини ўрганишга жиддий эътибор қаратмай келаётган эди.

Гап шундаки, бир омилнинг бошқасининг юзага келишига сабаб бўлаётганини исботлаш учун ўта қатъий ва жиддий илмий далиллар талаб этилади.

Масалан, ёнғинни ўчириш учун йўналтирилган ўт ўчирувчи машиналар сони ва ёнғиндан келадиган зарар ўртасидаги нисбатни олайлик. Агар ёнғинни ўчиришда иштирок этаётган машиналар сони қанча кўп бўлса, катта эҳтимол билан, ёнғин келтирадиган зарар ҳам шунчалик юқори бўлади. Сабаби ўт ўчирувчи машиналар сонининг кўплиги ёнғиннинг кўлами анчайин катта эканидан дарак беради. Бироқ бу, айни дамда, ёнғиннинг кўлами айнан машиналар сонига боғлиқ ёки аксинча эканини англатмайди.

Иқлим ўзгариши ва миграция кўламининг ортиши ўртасидаги боғлиқликни юқори аниқликда исботлаш учун муаллифлар бир қанча тадқиқотларни умумийлаштириб, ягона манзарани ҳосил қилишга ҳаракат қилганлар.

Бошланишига улар 2006-2015 йиллар давомида бошпана сўраб, бутун дунё бўйлаб 157 давлатда қочқинлар томонидан берилган аризалар сонини ўрганиб чиққанлар. Сўнг қочқинларнинг асл ватанида рўй берган иқлим ўзгаришининг динамикаси жадвалини тузганлар.

Иқлим ўзгаришининг асосий кўрсаткичи сифатида ёғингарчилик миқдорининг тушиб кетиши ва парланиш ҳажми олинган.

Қуролли зиддиятларнинг сони ва кўлами эса Швецияда жойлашган Уппсала Университети 1946 йилдан бери юритиб келадиган қуролли инқирозлар тўғрисидаги маълумотлар базасига таяниб, ўрганилган.

Тадқиқотчилар томонидан ишлаб чиқилган илмий моделда қочқинларнинг асл ватани ва улар қочиб келган мамлакат орасидаги масофа, ҳар иккала давлатдаги аҳоли сони, улардаги сиёсий вазият, этник ва диний гуруҳлар ҳамда бошқа омиллар ҳам ҳисобга олинган.

Пировардида, тадқиқот натижалари 2006-2015 йиллар давомида иқлим ўзгариши миграция даражаси ва йўналишига катта таъсир кўрсатганини инкор қилиб бўлмас даражада кўрсатиб берган. Кучли қурғоқчиликлар эса мавжуд қуролли зиддиятларни янада кучайтиргани, қурбонлар сонининг кескин ортишига сабаб бўлгани аниқланган.

Аммо тадқиқотчилар иқлим ўзгариши ва оммавий кўчишлар ўртасидаги сабаб-оқибат боғлиқликлари бевосита эмас, балки билвосита эканини таъкидлайди. Содда қилиб айтганда, иқлим ўзгариши бевосита оммавий кўчишларни келтириб чиқармайди - у ижтимоий норозиликнинг кучайишига туртки беради. Унинг ортидан инқирозлар ва мажбурий-оммавий миграция юзага келади.

«Иқлим ўзгариши тўғридан-тўғри инқирозлар ва миграцияни юзага келтирмайди,» тушунтиради тадқиқот муаллифларидан бири, Венадаги Иқтисодиёт ва Бизнес Университетидан Креспо Куаресма.

«Бироқ давлатни уқувсизларча бошқариш ва қониқарсиз демократия даражаси шароитида иқлим ўзгариши осонгина қуролли зиддиятлар ва чекланган ресурслар учун курашни юзага келтириши мумкин.»

Амалий Тизимли Таҳлил Халқаро Институти Австрияда жойлашган нуфузли илмий марказлардан бири бўлиб, у дунёнинг етакчи олимларини ўзида бирлаштирган.

Олийгоҳ экология, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни биргаликда тадқиқ қилиш мақсадида АҚШ ва Совет Иттифоқи томонидан 1970 йилларда таъсис этилган. Шундан бери жаҳоннинг 20 га яқин илғор давлатлари ушбу лойиҳага қўшилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek