Мен Саудия Арабистонини нега тарк этишга мажбур бўлдим?

араб

29 яшар Босма Халифа янги ҳаёт бошлай оладими ё йўқлигини билиш учун киндик қони тўкилган юртга қайтиб келади. Бироқ биргина нотўғри ташланган қадам уни илк ватанидан айиради.

2018 йилнинг октябр ойида мендан Саудия Арабистонидан чиқиб кетишни талаб қилдилар. Бу менинг киндик қоним тўкилган мамлакат ва мен унда янги ҳаёт бошлай оламан, деб ўйлаган эдим.

Саудия Арабистонида ҳибсга олинган аёл ҳуқуқ фаоллари тўғрисидаги мақолани ўқиётганимни эшитиб қолишган эди. Айни вақтда Би-би-си учун мамлакатда қандай ҳаёт бошлаётганим тасвирланган ҳужжатли филм ҳам суратга олаётган эдим.

Мен ўз хатти-ҳаракатларим билан «қиролликни танқид қилганим»ни маълум қилдилар ва мен зудлик билан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдим.

Мен ҳайратдан қотиб қолган эдим. Қўл урган бор-йўқ «танқидим» аёлларнинг машина ҳайдаш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳаракат қилган фаоллар ҳақидаги мақолани ўқиб, уни ёнимдаги бир-икки танишим билан муҳокама қилишдан иборат эди, холос. Бу мавзу тўғрисида ортиқ чурқ этма, дея мени огоҳлантирдилар.

Шундан сўнг менда қўрқув ҳисси уйғонди. Ўзимга ўзим ўйлай бошладим: балки ўзим билмаган ҳолда катта хатога қўл уриб қўйгандирман? Бироқ ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир бўлдики, қилган ишларимни таҳлил қилиб чиқишга шунчаки вақт топа олмадим.

Image caption Басма Жиддага қўнмоқда

Агар уларнинг талабига бўйсунмай, Саудияда қолганимда визамни ҳам бекор қилишлари мумкин эди. Мен воқеалар ривожи кескинлашиб кетишини истамадим. Чипта сотиб олиб, ўша куниёқ Лондондаги уйимга қайтиб келдим.

Охирги марта Саудия Арабистонида болалигимда бўлган эдим. Шундан бери орадан 25 йил ўтган эди. Узоқ вақтли танаффусдан сўнг ўтган йили у ерга қайтиб борганимда, мамлакат не қадар ўзгариб кетганини кўриб, ҳайратдан ёқа ушладим. Ҳар ёқда пляжлар, савдо марказлари ва қиммат ресторанлар қад кўтарган эди.

Болалигимда қиролликда ўтказган кунларимни зўрға эслайман. Мен 1989 йили пойтахт ар-Риёдда суданликлар оиласида дунёга келганман.

Ота-онам Мисрда ўқиётган пайт танишиб қолганлар. Шифокор бўлган дадамга Саудия Арабистонидан иш таклиф қилишган. Мен ўша ерда туғилганман. Сўнг дадам яна бир бошқа таклиф олган. Шундай қилиб, уч ёшга тўлганимда, биз Шимолий Ирландияга кўчиб кетганмиз.

Болалигим жаҳонгашталик билан ўтган, десам ҳам бўлади. Шимолий Ирландияда 13 ёшимгача яшаганмиз. Кейин Шотландияга кўчиб ўтиб, у ерда 20 ёшимгача истиқомат қилдим. 21 ёшга кирганимда Нью-Йоркка ўқишга кетдим. Олти ой давомида фейшн пиарни ўрганиб, Лондонга кўчиб келдим ва стилист сифатида ишлай бошладим.

Агар умрингизнинг асосий қисми кўч-кўчлар билан ўтса, ҳақиқий уй тушунчаси нима эканини ҳам унутиб юборасиз. Эҳтимол, бу яхши ёки ёмондир: кўчиб келган исталган ерингиз сиз учун уйга айланиб қолаверади ёки аксинча: бирор ерни асл уйингиз сифатида қабул қила олмайсиз. Мен эса ҳар ерни уйим, деб ҳисоблаб кетаверадиган одамман.

Дунё бўйлаб саёҳат, турфа одамлар билан танишув ортидан менда фейшн саноатида меҳнат қилаётган аёллар билан суҳбатларга асосланган влог яратиш ғояси пайдо бўлди. Аёллардан интервью олиш жараёни давомида хаёлан ўзимни ҳам саволларга тутар эдим: мен аслида кимман?

Яқин Шарқ ва Ғарбда яшаган суданлик аёл сифатида аслида қаерга мансублигимни тўлиқ англаб етмаган эдим. Лондонга кўчиб келганимдан сўнг турли миллат ва элатга мансуб инсонлар билан танишдим. Уларнинг аксарияти асл ватани билан фахрланар эди. Бундай ҳолат ўзимни янада кўпроқ англашимга ундай бошлади.

Мен Саудияда туғилган эдим, у ерда учта аммам истиқомат қилар эди. Шу сабабдан аслида ким эканлигимни тушуниб етиш мақсадида, у ҳақида салбий фикрлар дунё бўйлаб урчиб ётса ҳам, киндик қоним тўкилган юртга қайтиб боришга қарор қилдим.

Ватанга қайтишни меҳнат фаолиятим ва қизиқишларим билан боғлашни истадим. Болаликдан одамларга савол бериш, воқеаларни ёритишга қизиқишим кучли эди.

Ўша вақтда 27 ёшда эдим. Мен медиа соҳасида фаолият юритувчи бир қанча компанияларга мактуб йўллаб, агар Саудия Арабистонига қайтишим ҳақида ҳужжатли филм тайёрласам, мен билан ҳамкорлик қиласизларми, деб сўрадим.

Ниҳоят, ҳа, деган бир жавоб келди. Икки йиллик тайёргарликдан сўнг режиссёрим Жесс ва мен йўлга отландик.

Мен ҳеч қачон Яқин Шарққа бориб, у ернинг тартибларини онгли равишда бузишни истамаганман. Ягона мақсадим - танасида Ғарб ва араб маданиятлари қоришиб кетган ёш аёл сифатида Саудия Арабистонида янги ҳаёт бошлай олишим ёки йўқлигини синаб кўриш эди.

Мен у ерда кундалик эҳтиёж учун харидлар қилиш ва дўстлар билан учрашиш каби одатий машғулотлар билан шуғулланишни режалаштирган эдим. Яна аёлларнинг машина минишига берилган рухсатдан ҳам фойдаланиб кўрмоқчи эдим.

Албатта, у ерда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари анчайин чекланганини яхши билар эдим. Масалан, бу ерда аёллар эркак маҳрам рухсатисиз мамлакатдан чиқа олмайди, банк ҳисоб рақами очолмайди ва ресторанларда аёллар ажратилган алоҳида жойларда ўтириши керак.

Бундай чекловларга қарамай, мамлакат ўзгариб бормоқда. Эндиликда аёллар жамиятда нисбатан эркинроқ ҳаракатлана олиши мумкин.

Аммо қироллик эркин фикрга қарши ўрнатилган қаттиққўл назоратдан ҳали-бери воз кечиш ниятида эмас. Сиёсий тузумни танқид қилганларнинг овози дарҳол бўғилади.

Менинг Саудия Арабистонига келишим Истанбулдаги Саудия консуллиги биносида журналист Жамол Хашоқжининг ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган кунларга тўғри келиб қолди.

Табиий равишда, танқидчи журналистнинг аёвсиз қатл этилгани менда қўрқув уйғотди. Бироқ мен у ерга журналист сифатида бормаётган эдим. Шунчаки кундалик ҳаётим тўғрисида ҳужжатли филм олмоқчи ва яқинларимни бориб кўрмоқчи эдим. Мадина шаҳрига келиб қўнганимда, «Нималар қилиб қўйдим ўзи? Нега келдим бу ерга?» деган саволлар билан мамлакатдаги икки ҳафталик саёҳатимни бошладим, аммо аммаларим билан кўришишим билан хавотирларим босилиб, кўнглим анча таскин топди.

Энг катта аммам 25 йилдан бери Саудия Арабистонида яшайди. У бу мамлакат фуқароси эмас, лекин меҳнат фаолиятида катта муваффақиятларга эришган. У иш юзасидан кўп саёҳат қилади, лекин Саудияни бошқа ҳеч бир давлатга алишмайди. Айнан у бу ерда янги ҳаёт бошлай олишимга бўлган ишончимни оширди.

Мен Саудиядаги вақтимни фақат аммаларим билан ўтказмадим. Келишимиз билан ҳукумат бириктириб қўйган расмийлар бизга соядек эргашиб, ортимиздан қолмади. Улар маҳаллий одатларга амал қилишимизни назорат қилар эди. Шунингдек, ҳайдовчи, тасвирчи ёрдамчиси ва икки фиксер [хорижий ижодий гуруҳларга ташкилий масалаларда ёрдам берувчи маҳаллий одам - таҳр.]дан иборат саудиялик суратга олиш гуруҳини ҳам бизга қўшиб қўйган эдилар. Гарчи бу гуруҳ раҳбари ишимизга у қадар кўп бурун тиқмаётган бўлса ҳам, уларни атрофимизда ўралашиб юришидан хурсанд эмасдик.

Маҳаллий суратга олиш гуруҳи ўзимизни тутишимизни ҳам назорат қилишга интилар эди. Улар режиссёрим Жесс иккимизга абая (узун либос) кийиб юришимизни «тавсия» қилди ва машина ташқарисида рақс тушганим учун менга танбеҳ бердилар.

Кунлардан бирида бизни зиёфат таклиф қилишди. Жесс билан бирга такси чақирдик ва маҳаллий гуруҳсиз айтилган жойга йўл олдик. Биз борган зиёфатнинг Лондондагилардан у қадар фарқи йўқ эди. Ягона фарқ - аёллар сипо кийинган, одамлар ўзини консерватив тутар ва ҳеч қандай ичкилик йўқ эди.

Саудия Арабистонида спиртли ичимлик ичиш озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўлиши мумкин. Мен ичмайман, аммо ичган тақдиримда ҳам, бу ерда ичкилик топиш жуда қийин ва хавфли эди.

Ўша зиёфатдан бир неча кун ўтиб, маҳаллий «ҳамроҳларим»дан машина минсам бўладими, деб сўрадим. Ўтган йилнинг июнь ойида ҳуқуқ фаолларининг йиллар давомида олиб борган кураши ортидан қиролликда аёлларнинг машина ҳайдашига қўйилган тақиқ олиб ташланган эди.

Буюк Британияда ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритганимга кўп бўлмаган эди. Мен қироллик ташкил топгандан буён инкор қилиб келинган аёлларнинг бу ҳуқуқидан фойдаланиб кўриш истагида ёнаётган эдим. Бироқ айни ўша дамда ҳаммаси чаппа кета бошлади.

Маҳаллий йўлбошловчи нариги машинадан нарса олиб келгани тушиб кетган эди. Шу пайт мен машина минишга қўйилган тақиқ олиб ташланган пайтларда ҳибсга олинган ва ҳали ҳам панжара ортида қолаётган саудиялик аёл фаоллар тўғрисидаги мақолани баланд овоз билан ўқий бошладим.

Буни эшитиб қолган саудиялик жамоа вакиллари ғазаблана кетди. Жамоа раҳбарининг фикрича, мен аёл фаоллар жасоратини муҳокама қилмаётган эдим, балки қироллик шаънига танқид тошлари отаётгандим.

Ҳаммасини англаб етгунимга қадар жамоа раҳбари расмийлар ва Британиядаги гуруҳимизга қўнғироқ қилиб улгурди. Нима қиларимни билмай қолган эдим. Кимнидир хафа қилиш ёки кўнглини чўктиришни сира ният қилмагандим. Қилган ягона «нотўғри» ишим - мақолани баланд овозда ўқиганим бўлди. Дунёдаги бирор тадқиқот бу билан қиролликни танқид қилганимни исботлаб беролмаса керак.

Британиядаги муҳарриримиз қўнғироқ қилиб, Саудия Арабистонини зудлик билан тарк этишимиз лозимлигини маълум қилди. Келганимга энди олти кун бўлган, режаларим эса бир дунё эди. Ҳали аёл тадбиркорлар билан учрашмоқчи ҳам эдим, аммо, наилож, нарсаларимни йиғиштиришдан ортиқ йўлим қолмаган эди.

Улар шунчаки бир танқидий руҳдаги мақолани ўқиганим учун мени ҳибсга олишгача бориб етган бўларди, деб ўйламайман. Бироқ таваккал қилиш ҳам хавфли эди - улар визамни осонлик билан бекор қилишга қодир эди. Кўзларимда ёш ила аммаларим билан хайрлашдим ва аэропорт томон йўл олдим.

Лондонга етиб келганимда, ўзимни яна эркин нафас ола бошлагандек ҳис қилдим - қиролликнинг қўли етмайдиган жойга келиб олгандим. Бунга қадар Британия фуқароси эканлигимдан ҳеч қачон хурсанд бўлмагандим. Энди эса сўз эркинлиги таъминланган ерда яшашимдан бошим осмонда.

Мамлакатдан чиқиб кетганимдан бери Саудия расмийлари мен билан қайтиб алоқа қилмади. Ўйлашимча, ҳужжатли филмим эълон қилингандан сўнг мени ортиқ қиролликка қўйишмаса керак.

Мен у ернинг тартибларини кўр-кўрона буздим, деб ҳисобламайман. Бироқ энди Саудия ҳеч қачон менинг уйим бўла олмаслигини тўлиқ тушуниб етдим. Айниқса, аёл сифатида.

Балки, саудиялик аёллар чекловлар билан яшашни тўғри қабул қилар. Ахир, туйилмаган эркинлик ҳиссининг қадрига қандай етиш мумкин?

Бошимдан ўтган бундай воқеаларга қарамай, мен Саудия Арабистонига ёруғ кунлар келишидан ҳали ҳам умидворман. 2018 йилнинг декабрь ойида америкалик қўшиқчи Жейсон Деруло қиролликда концерт берди. Очиқ осмон остида ташкил қилинган бу концертда аёллар ҳам эркаклар билан ёнма-ён иштирок этди. Бу аёлларнинг баъзилари концертга ўз машинасида келган бўлса керак. Атиги бир неча йил олдин бундай ҳолатни тасаввур қилиб ҳам бўлмасди.

Ҳозирда қиролликда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Улар кун келиб, ҳақиқий эркин ҳаёт бошланишидан дарак бераётгандек гўё. Мен эса бундай ҳаётни мамлакат ичидан кузатишга рухсат ололаманми - буни ҳали билмайман.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.