Америка: Ўз ихтиёрига қарши стерилланган аёллар

Jean Whitehorse Фото муаллифлик ҳуқуқи Lorna Tucker’
Image caption Жан Уайтҳорс

«Қизим 12 ёшга тўлган вақт мендан нега укаси ёки синглиси йўқлигини сўрай бошлади. Мен унга бор ҳақиқатни 32 ёшга кирганида айтиб бердим,» сўзлайди Жан Уайтҳорс.

Жан АҚШдаги энг катта ҳинду қабилаларидан бири - Наваҳо элатидан.

«Улар мени кўришим бўлган барча фарзандларимдан айирдилар. Боласини етаклаб юрган ёш оилаларга кўзим тушганида, менинг ҳам фарзандларим кўп бўлиши мумкин эди, деб ўйлайман доим.»

Оилани режалаштириш

Жан Уайтҳорс давлат ҳомийлик қилган оилани режалаштириш дастурининг минглаб қурбонларидан биридир. Би-би-си билан суҳбат давомида у ўзининг қалбида яшаётган оғриқ ва ғазабни яшириб ўтирмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

1969 йили қизига ҳомиладор бўлганда, Жан Калифорниянинг Оакленд шаҳрида яшаётган эди. У ўзини текширтириш учун шаҳар тиббий марказига боради. У ерда Жандан тиббий суғуртаси борлигини сўрайдилар. «Йўқ» жавобини олган шифокорлар қандайдир ҳужжатларни тайёрлай бошлайди.

«Улар, агар бу ҳужжатларга имзо чексам, тиббий харажатлардан қутилишим мумкинлигини айтдилар. Мен бу қандай бўлишини сўрадим. Уларнинг айтишича, агар ҳужжатларни имзоласам, туғиладиган қизимни асраб олиш учун бошқа оилага беришимга тўғри келар ва ўша оила харажатларимни тўлар экан. Мен рад жавобини бердим ва у ердан кетдим.»

«У менинг фарзандим эди. Уни ҳеч кимга бериб қўёлмасдим,» қўшимча қилади Жан.

Ҳеч қандай розиликсиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lorna Tucker

Жан фарзандини эсон-омон дунёга келтириш мақсадида Нью-Мексикода жойлашган ўзининг Наваҳо элатига қайтиб боради.

Туғруқдан бир неча ой ўтиб, унда кучли қорин оғриғи пайдо бўлади ва у маҳаллий клиникага мурожаат қилади. Клиника Ҳиндулар Соғлиғини Сақлаш Хизматига қарашли эди.

«Клиникада кўричагимга инфекция тушганини айтишди ва мени тез ёрдам машинасида бошқа касалхонага олиб бордилар,» эслайди Жан.

Мазкур касалхонада Жаннинг қўлига турли қоғозларни тутқазиб, уларга қўл қўйишни сўрайдилар. Аёл бу жарроҳлик амалиётидан олдин бажарилувчи одатий ҳужжатбозлик бўлса керак, деган ўйга боради.

"Оғриқдан азойи баданим қақшаётган эди. Улар ҳужжатларга имзо қўймагунимча, мени жарроҳлик столига ётқиза олмасликларини маълум қилди. Мен ўқиб ҳам кўрмасдан қоғозларни имзолай бошладим."

Амалиёт муваффақиятли ўтади. Бироқ орадан бир неча йил ўтса ҳам, Жан ортиқ ҳомиладор бўла олмайди. У шифокорга кўринади ва ўзининг стерилланганидан хабар топади.

«Улар касаллик тарихимни ўрганиб чиқиб, энди ҳеч қачон фарзанд кўра олмаслигимни айтишди.»

Давлат сиёсати

Маълум бўлишича, Жан АҚШ ҳукумати томонидан туб америкалик жамоатлар учун жорий қилинган оилани режалаштириш дастури доирасида бепушт қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lorna Tucker

Дастур низоми бўйича ҳар бир ҳолатда аёлнинг розилигини олиш қатъиян талаб қилинса ҳам, кейинроқ туб қабилаларга мансуб кўплаб аёлларнинг пушти куйдирилаётганидан ҳеч қандай хабари бўлмагани ойдинлашди.

Аксар ҳолларда, ушбу аёллар, худди Жан сингари, ўзи мазмунини тушунмаган ҳужжатларга имзо чеккан.

1976 йилда АҚШ ҳукумати стерилизация ҳолатларини ўрганиб чиқиб, батафсил ҳисобот эълон қилди.

Ҳисоботда 1973-1976 йиллар давомида стерилизация амалиётлари ўтказилган 12 штатдан тўрттасидаги вазият тадқиқ қилинган бўлиб, якуний хулосада 3,406 нафар аёлнинг ўз ихтиёрига зид равишда стериллангани таъкидланади.

Ҳақиқатнинг юзага чиқиши

Мазкур ҳисобот эълон қилиниши ортидан Ҳиндулар Соғлиғини Сақлаш Хизмати дастур қурбонига айланган аёлларга кўмак кўрсатиш ишларини бошлаб юборганини маълум қилди.

Бироқ Жан кўмак етарли даражада бўлмагани ҳақида сўзлайди.

Ўзининг айтишича, у йиллар давомида дардини ҳеч кимга очиқламаган, аламини ичкиликдан олган ва, ҳатто, тушкунлик туфайли қизига ёмон муносабатда бўлган.

Ниҳоят, орадан анча йиллар ўтиб, Жан ўз ҳикоясини матбуот орқали одамларга етказишга розилик билдирди.

«Фақат мени бўлажак фарзандлардан айиришди, деб жаҳлим чиқиб юрарди. Мен тақдиримни одамлар билан баҳам кўрганимдан мамнунман. Ёш аёллар тарихимизнинг бу қисмини яхши билиши лозим.»

Наваҳо маданиятида бойлик пул билан эмас, балки кишининг фарзандлари сони билан ўлчанади.

Мажбуран куйдирилган пуштлар

Тарихан, Американинг туб одамлари кўплаб дискриминациядан азоб чекиб келган. Бундай амалларнинг оқибатлари ҳалига қадар сезилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Наваҳо эркак ва аёли. 1939 йил

2010 йилда эълон қилинган БМТ ҳисоботига кўра, туб америкаликнинг сил касалига чалиниши эҳтимоли умумий аҳолиникидан 600 баробар, ўз жонига қасд қилиши эса 62 фоизга юқоридир.

Тарих мобайнида дунёнинг кўплаб қисмларида мажбурий стерилизация дастурлари жорий этилган.

Канада ва Перуда туб маҳаллий аҳоли, Исроилда эфиопиялик яҳудийлар, Россияда ногиронлар ва Жанубий Африкада ОИТСга чалинган аёлларга нисбатан мажбурий стерилизация ўтказилган. Иккинчи Жаҳон Уруши давомида Германияда, шунингдек, Хитой ва Ҳиндистонда аҳолининг салмоқли қисми стерилланган.

Бугунги кунда чеварали бўлган Жан, бошидан ўтган шунга ғурбатларга қарамай, ўзининг жамоати келажагидан хавотирланмаслигини айтади.

«Ҳозир ҳаммаси ўзгармоқда. Ёшларимиз бошига биз кўрган кунлар тушмаслиги аниқ.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Наваҳо элати

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek