Ўзбекистон ва дунё: Зўравон жиҳоднинг туганмас жозибаси

A member of the Iraqi forces walks past a mural bearing the logo of the Islamic State (IS) group in a tunnel that was reportedly used as a training centre by the jihadists, on 1 March 2017, in the village of Albu Sayf, on the southern outskirts of Mosul. Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Яқин Шарқнинг салмоқли ҳудудида исломий халифалик эълон қилган ИШИДнинг парчалаб ташланиши ортидан юзлаб - эҳтимол минглаб - халқаро жиҳодчилар аросатда қолиб кетди. Уларнинг айримлари ҳибсга олиниш эҳтимоли юқори эканига қарамай, ўз ватанига қайтишга таваккал қилмоқда.

Бироқ суронли жиҳод васвасаси ҳали ҳам босилмаган.

Янги йилнинг илк ойида Кения пойтахти Найробида жойлашган меҳмонхонага ал-Шабаб жиҳодчи-қуролли гуруҳи томонидан уюштирилган ҳужум бунга яққол мисол бўла ололади.

Африканинг бепоён шимолий-ғарбий минтақалари ҳозирда тез-тез шафқатсиз қароқчи жиҳодчилар нишонига учрамоқда.

Сомали, Яман ва Афғонистон эса аллақачон жиҳодчилар учун энг хавфсиз гўшаларга айланиб улгурган.

Хўш, зўравон жиҳоднинг жозибаси нимада ўзи? Нега у дунё бўйлаб одамларни ўзига жалб этишдан тўхтамайди?

Марказий Осиё ва ИШИД: Россия Ўзбекистонни қўрқита олмайди

Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?

Россия, Марказий Осиё ва ИШИД: Ислом Каримов ўлими Россия учун қулай сиёсий фурсатми?

Дўстлар таъсири

Жиҳодчилар, одатда, қисқа муддатга чўзилувчи қонли сафарбарлик йўлида тинч-осуда, қонунларга асосланган ҳаётдан воз кечади, ўз оиласини тарк этади. Жиҳодга даъват этувчи шахслар одамлар эътиборини дин номи йўғрилган қурбонлик ва олий мақсадга қандай жалб этиш, уларнинг ҳисларини қай тарзда қитиқлашни яхши билади.

Охирги 20 йил давомида интернет жиҳодга чорловчи пропаганда медиа маҳсулотлар, дунёнинг қайсидир бурчида азобланаётган мусулмонлар аҳволи тасвирланган видеоларга тўлиб-тошиб кетди. Бундай медиа маҳсулотлар шахснинг онгида ўз диндошларига нисбатан ачиниш, «душманлар»га нисбатан эса ғазаб ва нафрат туйғусини осонгина уйғотиши мумкин.

Жиҳодий пропагандадан асосан икки мақсад кўзланади. Бирламчи мақсад шахсда диндошларига нисбатан ҳамдардлик туйғусини шакллантириш ва мусулмонлар «золимлар» қўлида азоб чекаётган бир вақтда, барча воқеани интернет орқали ўз уйида хотиржам томоша қилиб ўтирганидан шахсни уялтиришдир.

Иккинчиси, «душманлар»дан қасос олиш жараёни тасвирланган қонли манзаралар орқали зўравонликка мойиллиги бор шахслар эътиборини тортиш.

Кўп ҳолларда дўстлар таъсири ва босими ҳам шахснинг тинч ҳаётдан воз кечиб, қўлига қурол олишига сабаб бўлади.

Мен Иордания қамоқхонасида мактабдаги энг яқин дўсти ундови остида Исломий Давлат сафларига қўшилган маҳбус билан суҳбатлашган эдим. Бу йигит, аввалига, дўсти таъсирида жунбушга келган ҳисларига қулоқ солиб, Сурияга йўл олади, аммо, кейинроқ, бу танловидан афсуслана бошлайди. У яна ватани Иорданияга қочиб келади ва бу ерда беш йилга озодликдан маҳрум этилади.

Жиҳодий даъватларга, кўпинча, ўз оиласи ёки жамиятидан узилиб қолган ёш йигит-қизлар тез эътибор қаратади.

Бундай инсонлар ўзининг бошқалар томонидан қадрланиши, эътироф этилишини истайди. Жиҳодий гуруҳларда эса биродарлик руҳи анча юқори бўлади.

Ёмон ёки заиф ҳукумат

Нега Яқин Шарқ узоқ йиллардан буён халқаро жиҳоднинг асосий таъминотчисига айланиб келаётганининг ўз сабаби бор.

Коррупция, демократиянинг йўқлиги ва зўравон сиёсий тузум фонида ҳар қандай тинч мухолифат соя ортига кириб кетади.

2000 йиллар бошида Сурияда мавжуд бўлган вазият бунга ёрқин мисолдир. Ўша вақтларда ҳукумат томонидан тазйиққа учраган, қамоққа ташланган фуқаролар, инқироз бошлангандан сўнг, экстремист гуруҳлар манбайига айланди.

2003 йилда амалга оширилган АҚШнинг муваффақиятсиз босқини натижасида ағдар-тўнтар бўлиб кетган Ироқда эса мазҳабий камситиш ал-Қоида ва, кейинроқ, Исломий Давлатнинг бош кўтаришида катта роль ўйнади.

АҚШ дастагини олган шиалар ҳукумати саккиз йил давомида суннийларни эзиб келди. Оқибатда асосини суннийлар ташкил қилган Исломий Давлат ўзини "Ироқ суннийларининг муҳофазачиси" сифатида намоён этиб, осонлик билан мамлакатнинг катта қисмини босиб олди.

Яман, Афғонистон, Сомали ва Саҳел (Мали, Буркина Фасо, Чад ва Мавритания)нинг барида ҳукумат назорати ўрнатилмаган катта-катта ҳудудлар мавжуд. Бу ерларда жиҳодчилар машғулотлар ўтказади, хуружларни режалайди.

Афғонистонда Толибонга қарши тура оладиган ҳукуматни шакллантириш учун йўналтирилган миллиардлаб долларга тенг халқаро ёрдам бирор самара келтирмади. Бутун мамлакат коррупцияга ботган, ҳукумат давлатнинг оддий функцияларини ҳам бажара олмайди, аксарият одамлар эса полицияга ишонмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Айрим кишилар ҳатто егани нон тополмай, экстремизмга юз тутишган

Мамлакатнинг чекка ҳудудлари ҳукуматдан кўра Толибоннинг қаттиққўл ва бешафқат тартиб-қоидаларига бўйсуниб яшашни афзал билади.

Ғоят даражадаги қашшоқлик, чуқур илдиз отган ишсизлик ва заиф ҳукумат ёки ҳукуматнинг тамомила мавжуд эмаслиги омиллари Африканинг айрим мамлакатлари, айниқса, Саҳройи Кабирга ёндош давлатларни жиҳодчи гуруҳлар учун жозибадор бошпанага айлантирган. Бироқ Африкада кўплаб одамлар мафкура таъсирида эмас, балки шунчалик очликдан жон сақлаш мақсадида бундай гуруҳларга қўшилади.

Диний бурч

Ал-Қоида, Толибон ва бошқа ташкилотлар муқаддас китобларда тилга олиб ўтилган диний бурч ва итоаткорлик тушунчаларидан ўз сафларига янги аскарлар жалб қилиш йўлида узоқ вақтлардан бери самарали фойдаланиб келади.

Диний экстремизм бўйича мутахассис Эрин Солтманнинг сўзларига кўра, жиҳодчи гуруҳлар «фоний дунёдаги азоб-уқубат тасвири, қаҳрамонона шаҳидлик ва диний бурч қоришмаси орқали эҳтимолий кўнгиллилар билан алоқа ўрнатишга уринади.»

Эътиборли жиҳати шундаки, Найробидаги меҳмонхонага ҳужум қилган ал-Шабаб гуруҳи бу хуруж президент Трамп томонидан Исроилдаги АҚШ элчихонасининг Тел Авивдан Қуддусга кўчирилишига нисбатан ўз жавоби эканини маълум қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 15 январ куни Найробида юз берган ҳужумда 20 дан ортиқ киши ўлдирилган.

Ислом дунёсида Макка ва Мадинадан сўнг учинчи энг муқаддас шаҳар ҳисобланувчи Қуддус Яқин Шарқдаги кўплаб мусулмонлар учун муҳим саналади. АҚШ элчихонасининг Қуддусга кўчирилиши тўғрисидаги хабар Яқин Шарқ ва дунё мусулмонлари томонидан ғазаб билан қабул қилин

Ал-Шабаб эса Қуддус масаласи орқали мусулмонларнинг ҳисларига таъсир қила олди.

Зўравон жиҳод пойдеворини ташкил қилган мафкуранинг - гарчи уни дунёдаги мўътадил мусулмонлар қўллаб-қувватламасада - яна бир қанча вақт яшаб қолиши турган гап.

Осама бен Ладеннинг ўлимидан сўнг ал-Қоида яшаб қола олди ва ҳалига қадар Осиё ҳамда Африкада фаолият юритиб келмоқда. Парчалаб ташланган бўлсада, ИШИД ўз тарафдорларидан буткул айрилиб қолмади. Ҳанузга қадар кўплаб одам очиқдан-очиқ ёки яширин тарзда мазкур гуруҳни қўллаб-қувватлайди.

Халқаро миқёсда зўравон жиҳод илдизини қирқиб ташлаш учун шунчаки яхши истиҳборот тузилмаси ва хавфсизлик хизматлариданда кўпроқ нарсалар талаб қилинади. Бунинг учун ҳукуматлар яна ҳам адолатли бўлиши, инсонлар ғазабини келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатлардан тийилиши лозим.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.