Ўзбекистон - Дунё: Қайси давлатлар энг кўп гўшт истеъмол қилади?

гўшт

Сўнгги вақтларда кўплаб одамларнинг гўшт истеъмолини камайтираётгани ёки ундан буткул воз кечаётгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Ўзбекистон қўшниси Қозоғистон ва Туркманистондан камроқ гўшт истеъмол қилади.

Кўпчилик гўшт истеъмолини камайтириш соғлиққа фойда, атроф-муҳитнинг заҳарланишини камайтиради ёки жониворларни азобдан қутқаради, деган фикрда.

Буюк Британияда одамларнинг учдан бир қисми, Америкада эса учдан икки қисми гўшт ейишни камайтиргани ёки ундан воз кечгани ёда шундай ниятда эканини таъкидламоқда.

Бир қанча ҳаракатлар ҳам одамларни бундай қарор олишга ундамоқда. Айни вақтда гўшт истеъмолини камайтиришнинг фойдалари тўғрисида кўплаб ҳужжатли филмлар ҳам суратга олинмоқда.

Бироқ бу каби ҳаракатлар амалда қанчалик самара бермоқда?

Ортаётган даромад

Охирги 50 йилдан бери халқаро гўшт истеъмоли даражаси кескин ортиб бормоқда.

Бугунги кунда инсоният 1960 йиллардагидан 5 баробар кўп гўшт емоқда - йилига 330 миллион тоннадан ортиқроқ.

Бунинг асосий сабаби дунё аҳолисининг икки мартага кўпайганидир. Бугунги кунда Ер юзида 7.6 миллиарддан кўпроқ инсон яшайди.

Аммо аҳоли сони ўсгани гўшт истеъмоли ортишининг асосий сабаби бўла олмайди.

Бошқа муҳим омил даромадларнинг кўпайишидир.

Дунё бўйлаб одамлар янада бойимоқда. Ярим аср ичида ўртача даромад миқдори уч баробарга ортган.

Бироқ барча мамлакатларда ҳам ўхшаш манзара ҳукмрон эмас. Табиийки, бой мамлакатлар кўпроқ гўшт истеъмол қилади.

Энг кўп гўштни ким ейди?

Бойлик ва гўшт истеъмоли ўртасида яққол боғлиқлик мавжуд.

2013 йилда АҚШ ва Австралия гўшт истеъмоли бўйича биринчиликда эди. Ўша вақтда Янги Зеландия ва Аргентинада йилига киши бошига 100 килограммдан кўп гўшт истеъмол қилинган.

Ғарбий Европада ҳам бу кўрсаткич юқори. Бу ерда киши бошига йиллик гўшт истеъмоли 80 ва 90 килограмм ўртасини ташкил этади.

Ўз навбатида, қашшоқ давлатлар аҳолиси жуда кам гўшт ейди.

Масалан, ўртахол эфиопиялик йилига атиги 7 килограмм, руандалик 8 килограмм ва нигериялик 9 килограмм гўшт ейди.

Камбағал мамлакатлар аҳолиси учун гўшт фақат бойлар имконли бўлган танқис маҳсулот.

Гўшт истеъмоли бўйича аниқланган рақамлар фақатгина одамларнинг қанча гўшт сотиб олишини кўрсатади. Сотиб олинган гўштларнинг қанча қисми ахлатга ташланиши эса маълум эмас. Бироқ нима бўлганда ҳам, бу рақамлар ҳақиқатга энг яқин тахминдир.

Аравани юргизаётган мамлакатлар

Бой давлатлар кўп, қашшоқлари эса кам гўшт ейиши ҳеч кимга сир бўлмаган ҳолат. Сўнгги 50 йилдан бери бу ҳолат ўзгармай келаётир.

Лекин дунё бўйича гўшт истеъмоли ортишига бошқа мамлакатлар сабаб бўлмоқда.

Хитой ва Бразилия каби шиддат билан ривожланаётган мамлакатларда сўнгги ўн йилликларда гўштга бўлган талаб ақл бовар қилмас даражада юқорилаган.

Мисол учун, хитойликлар 1960 йилларда йилига 5 килограммдан кам гўшт истеъмол қилган. Бу рақам 1980 йилларда 20 килограмм ва ҳозирги пайтга келиб, 60 килограммга етган.

Бразилияда ҳам айни ҳолат кузатилган.

Ривожланаётган давлатлар ичида Ҳиндистон эътиборга молик истиснодир.

1990 йиллардан буён ҳиндистонликларнинг ўртача даромади уч баробарга кўпайган бўлсада, бу гўшт истеъмоли даражасига деярли таъсир қилмаган.

Яхши маълумки, ҳиндистонликларнинг кам гўшт ейишига асосий сабаб - бу диний қарашлар. Мамлакатда киши бошига йилига атиги 4 килограмм гўшт истеъмол қилинади.

Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг қўшниси бўлган Қозоғистони ва Туркманистон энг кўп гўшт истеъмол қилишини кўриш мумкин. Бу давлат аҳолиси ўртчача бир йилда киши бошига 50 килодан 100 килогача гўшт ейди.

Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич 10 килодан 50 килогачани ташкил қилади.

Ғарбликлар гўштдан воз кечмоқдами?

Европа ва Шимолий Америкада истиқомат қилувчиларнинг аксарияти шундай ниятда эканини маълум қилган.

Бироқ, статистик маълумотларга кўра, гўшт истеъмоли қайтанга кўпайиб бормоқда.

2018 йилда АҚШда сўнгги ўн йилликлар ичида энг кўп гўшт истеъмол қилинган.

Европада ҳам деярли ўхшаш манзара.

Аммо америкаликлар ва европаликлар қорамол гўштидан кўра кўпроқ товуқ гўштини афзал билмоқда.

Масалан, ҳозирда АҚШда товуқ гўшти бутун гўшт истеъмолининг ярмини ташкил қилади.

Гўшт ейиш зарарлими?

Айрим ҳолларда гўшт соғлиққа фойда келтириши мумкин.

Меъёрдан ошмаган миқдордаги гўшт ва сут маҳсулотлари инсоннинг соғлигини яхшилайди. Айниқса, қашшоқ давлатларда яшаётган ва турли хил таомлар истеъмол қилишга имконли бўлмаган инсонлар кўпроқ гўшт ейиши лозим.

Аммо баъзи давлатлар меъёрий чегарадан анчайин ўтиб кетган. Тадқиқотлар давомида ортиқча гўшт истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликлари, юрак хуружи ва саратоннинг маълум турларининг ривожланишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.

Қорамол гўштини товуқ гўштига алмаштириш эса тўғри қадам бўлиши мумкин.

Бундай қадам бўрдоқига қорамол боқиш кўламининг камайишига ҳам олиб келади.

Товуқларга солиштирганда қорамол етиштириш учун 10 баробарга қадар кўпроқ ер, озиқ-овқат ва сув талаб этилади. Шунингдек, қорамол ўзидан кўп миқдорда иссиқхона газларини ҳам чиқаради.

Келажакда мамлакатлар бўйлаб гўшт истеъмоли онгли даражада ва мувозанатда сақланган ҳолда бўлиши учун катта ўзгаришларни амалга ошириш лозим.

Бу ўз-ўзидан гўшт ейишни камайтириш лозимлигини англатади.

Натижада, гўшт яна ҳашаматли танқис маҳсулотга айланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek