Ўзбекистон, минтақа ва дунё: Яна эшак ва эшак гўшти можароси

Эшакларимизни ўғирламанг, сўйманг ва гўштини сотманг.

Акс-ҳолда бизда эшак буткул қирилиб кетиши мумкин.

Бугун эшак ва эшак гўшти муаммоси дунёнинг бошқа бир бурчагида - Кенияда долзарб тус олган.

Ҳаммасига мамлакатда эшак гўшти истеъмоли ва экспортига расман рухсат берилиши сабаб бўлган.

Кения мисолида ҳам асосий харидор сифатида Хитой ўртага чиққан.

Эшак гўшти ва терисига бўлган бунча талабни кўриб, маҳаллий қассоблар кунига мингтача эшак сўйишга ўтишган.

Бунинг ортидан, бозорда эшакларнинг нархи осмонга сапчиган, эшак ўғрилари сони кескин кўпайган.

Эшак гўшти тамаддихоналарга тарқатилган

Ўзбекистон: Эшак гўшти таомларга тушганми?

Марказий Осиё: Хитойликлар туфайли Қирғизистонда эшаклар камайиб кетмоқда

Кения қишлоқларида ҳали-ҳануз кўпчилик эшаклар меҳнатидан фойдаланади.

Эшакларда сув, ўтин, кўмир келтиради, қум ташиб, сотиб, тирикчилигини ўтказади.

Уларнинг айтишларича, мавжуд вазиятни кўриб, уйқуларини йўқотишган, эшакларини ўғрилардан ҳимоя қилиш ташвишига тушиб қолишган.

Маълум бўлишича, ҳаммадан ҳам экспертлар хавотирда.

Уларга кўра, эшакларни сўйиш жараёни жадаллик билан тартибга солинмаса, бор-йўғи 10 йилнинг ўзида Кенияда бирорта ҳам эшак қолмаслиги мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LIGHTROCKET/GETTY IMAGES

Эшак ўғрилари, эшак гўшти ва эшак териси мавзуси яқинда Ўзбекистон дохил айрим Марказий Осиё давлатларида ҳам бўй кўрсатган.

Маҳаллий аҳоли орасида ва оммавий-ахборот воситаларида қизғин баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлган.

Ўтган йил бошида "Ўзбекистон 24" телеканали эшак гўштини мол гўшти дея жамоат ошхоналарига тарқатган уч шахс қўлга олингани ҳақидаги кўрсатувни намойиш этган.

2017 йил ноябрида эса, Тошкентдаги колбаса цехига Хоразмдан 69 килограмм эшак гўштини олиб келган икки шахс ва бу гўштни мол гўшти деб расмийлаштирган цех ходимлари устидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Қирғизистонда эса, ўтган беш йил ичида эшаклар сони икки баробар камайиб кетган.

Ҳукумат берган маълумотларга кўра, 2012 йилда мамлакатда 77 минг бош эшак бўлган.

2017 йилга келиб эса, уларнинг сони 33 мингтага тушиб қолган.

Экологларнинг огоҳлантиришларича, яна бир неча йилдан кейин Қирғизистонда ҳам эшаклар умуман йўқолиб кетиши мумкин.

Хитой ва эшаклар

Фото муаллифлик ҳуқуқи China Photos

Эшакларнинг асосий "харидори" Хитойдир.

Хитойликлар эшак терисини эцзяо желатини тайёрлашга ишлатади.

Анъанавий хитой тиббиётида бу желатин билан камқонлик ва саратон хасталиклари даволанган, ҳозирда эса у косметика, озиқ-овқат саноати ва қандолат маҳсулотларига қўшилади.

Хитойда уни "ҳаёт" ёки "ёшлик эликсири" сифатида реклама қиладилар.

Хитой табибларининг иддао қилишича, бу эликсир қон айланишини яхшилайди, бола тушиб қолиши олдини олади ва тери қаришини секинлаштиради.

Алибаба интернет-дўконида эцзяо асосида тайёрланган маҳсулотлар нархи $2000 га қадар етиши мумкин.

Хитойнинг Соғлиқни сақлаш бўйича давлат қўмитаси эцзяонинг фойдали хусусиятлари бўрттириб юборилгани ҳақида огоҳлантиришига қарамай, эшак терисини қайта ишлаш соҳаси фақат гуллаб-яшнамоқда.

Хитойнинг ўзида йилига 4 миллион эшак эцзяо тайёрлаш учун сўйилади.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатдаги эшаклар сони 1990 йилдаги 11 миллиондан 2017 йилда 3 миллионга тушиб қолган.

Узоқ йиллар давомида эшаклар Хитойга Африкадан олиб келинган.

Аммо бу қитъадаги камида етти давлат жониворларнинг хорижга сотилишини тақиқлаб қўйган.

Ўшандан сўнг хитойлик тадбиркорлар эътиборини Марказий Осиёга қарата бошлаган.

Би-би-си мухбири Фердинанд Омонди Кениядаги бугунги вазиятга назар ташлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek