Уйғур мусулмонлари ва Хитой: Ота-онамни топиб беринг

Фото муаллифлик ҳуқуқи HALMURAT HARRI

Хитой давлат матбуоти видео тарқатиш орқали таниқли ҳофиз ва созанда Абдураҳим Ҳайитнинг вафот этгани тўғрисида тарқалган хабарларни рад этиши ортидан уйғур мусулмонлари ижтимоий тармоқларда ғойиб бўлган ўз яқинлари ҳақида ҳам дарак берилишини ҳукуматдан сўрай бошлаган.

Туркия Абдураҳим Ҳайитнинг қайта тарбиялов жамлоғида ҳалок бўлганини иддао қилиб, Хитой ҳукуматини уйғурларга нисбатан ноинсоний сиёсат олиб боришда айблаб чиққанидан сўнг - 10 февраль куни - машҳур уйғур ҳофизининг «саломатлиги жойида» экани тасвирланган видео пайдо бўлган.

Гарчи бу видеонинг ҳақиқийлиги аксар уйғурлар томонидан шубҳа остига олинган бўлишига қарамай, яқинлари ҳибс этилган уйғурлар ва ҳуқуқ фаоллари ижтимоий тармоқларда #MeTooUyghur (#МенҲамУйғур) ҳаракатини бошлаб юборган.

Уйғурлар ушбу ҳештег ёрдамида Хитой ҳукуматидан ҳибс этилган ўз яқинларининг ҳам, худди ҳофиз Ҳайитдек, тирик эканини исботлашни сўрашмоқда.

'Улар ҳаётми?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Алфред Уйғур номли Twitter фойдаланувчиси ота-онасини 11 бир ойдан буён кўролмаётгани ҳақида ёзади. У Хитой ҳукуматидан «уларнинг тирик эканини кўрсатинг,» деб сўраган.

Хорижда яшаётган уйғурлар ҳам Хитой ҳукуматининг қаттиққўл назорати остида қолаётган Шинжондаги яқинлари билан мулоқот қила олмаётганини маълум қилган.

Ота-онаси 2018 йилнинг январида жамлоқларнинг бирига олиб кетилган Бобур Жалолиддин ва унинг синглиси ҳам ҳукуматдан уларнинг ҳаёт эканига далил талаб қилган.

Давлатга тегишли Шинжон Маданият Журнали собиқ бош муҳаррири Қурбон Мамутнинг ўғли Баҳром Қурбон ҳам 2017 йилда бедарак кетган отасининг озод этилишини сўраб, арз қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

«Худди Абдураҳим Ҳайит сингари отам Қурбон Мамутнинг видеосини ҳам кўрсатинг. Сиз бизни ажратиб қўйганингизга бир йилдан ошди,» ёзган Баҳром Мамут Twitter'даги саҳифасида.

2018 йилда ҳибсга олинган 25 яшар профессионал футболчи Эрпат Аблекремнинг амакиваччаси ҳам Facebook орқали Хитой ҳукуматига айни мазмунда мурожаат қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Финляндияда истиқомат қилаётган уйғур фаоли Холмурот Ҳарри бедарак кетган бошқа инсонлар ҳақида ҳам маълумот беришларини сўраган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Ҳофиз Ҳайитнинг видеоси нега эълон қилинган эди?

Бир мунча вақт олдин Туркия ташқи ишлар вазирлиги Абдураҳим Ҳайитнинг ўлими тўғрисидаги хабарларга нисбатан баёнот эълон қилган эди. Баёнотда Хитой олиб бораётган уйғурлар сиёсати «инсоният учун ғоят улкан иснод» деб аталган ва Хитой ҳукумати "консентрацион жамлоқлар"ни ёпишга даъват этилган.

Хитой ҳукумати ушбу даъволарнинг «аҳмоқона ёлғон» ва «ҳақиқатга зидлиги»ни маълум қилган.

Халқаро инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотлари уйғурларнинг жамлоқларда ўз ихтиёрига зид сақланаётгани ва уларнинг ташқаридаги яқинлари билан алоқа қилишига имкон берилмаётганини таъкидлайди.

Хитой эса бундай иддаоларни рад этиб, жамлоқларни «ихтиёрий касб-ҳунар ўргатиш марказлари» деб номлаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Хитой ва Ислом олами: Уйғурлар, дейдиган мусулмон давлати қани?

Дунёда мусулмон давлатлари кўп. Аммо, афсуски, уларнинг орасида уйғурларнинг тақдири юзасидан Хитойга расман норозилик билдирганлари деярли йўқ.

Уйғурларни қўллаётган асосан айрим Ғарб давлатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бўлиб турибди...

Уйғур зиёлисининг бу каби фикрлари Хитой ҳукуматининг мусулмон озчиликларга нисбатан "кучайиб бораётган тазйиқона сиёсати" манзарасида янгради.

Яқинда Би-би-си Хитой Шинжонда маҳаллий мусулмонлар учун йирик ҳибс жамлоқлари тармоғини қураётганига оид янги далилларни қўлга киритган.

Экспертлар орасида улардан бири "дунёдаги энг йирик ҳибс марказларидан бири" бўлиши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам янграган.

Ўтган йил август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус қўмитаси ушбу масалага эътибор қаратган.

Ўшанда Шинжонда уйғурлар дохил бир миллионга яқин мусулмоннинг ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги тилга олинган.

Уларнинг махсус дастурлар асосийда "қайта таълим"дан ўтаётганликлари айтилган.

Хитой, Ислом ва мусулмонлар: Хитой жаҳаннамида етти кун

Хитой - Мусулмонлар: Жамлоқда ўлгани айтилган уйғур дутор қироли Абдураҳим Ҳайит видеоси пайдо бўлди

Такрорий раддиялар

Уйғурлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Kevin Frayer

Аммо расмий Пекин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари томонидан янграган бу каби даъволарни рад этган.

Хитой томони бу жамлоқларнинг терроризм хавфи билан курашиш мақсадида ташкил қилинганини даъво қилган.

Аммо сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар ва бу каби жамлоқлардан омон чиқишга муваффақ бўлган айрим мусулмонларнинг иқрорлари уларнинг қамоқхонага ўхшаш махфий иншоотлар эканига далолат қилган.

Ҳозирча бирор бир инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бу каби жамлоқларга кириш, уларни яқиндан ўрганишга муваффақ бўлган эмас.

Таниқли уйғур ҳофизи Абдураҳим Ҳайитнинг айни шу жамлоқлардан бирида "вафот этган бўлиши мумкин"лигига оид куни-кеча ўртага чиққан хабар яна ушбу мавзуни халқаро миқёсда кун тартибига олиб чиққан.

Хитой давлат матбуотининг ҳофиз тирик эканига оид раддиявий мазмундаги хабарлари ҳам мазкур жамлоқлар ва у ердаги маҳбусларнинг тақдирларига оид қайта бўй кўрсата бошлаган хавотирларни боса олмаган.

Таниқли уйғур зиёлиси Абдураҳим Ҳафизов билан Бишкекда мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов суҳбатлашган.

Суҳбатимизни кўринг, тингланг, маъқул деб топсангиз улашинг ва ўз фикрларингизни билдиринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Ўзбекистон ва дунё: Ўлим жазоси наркотрафикни тўхтата олмайдими?

Гиёҳванд моддалар Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Бир-биридан минглаб километр олисда жойлашган икки давлат бу ҳақида бир хил тўхтамга келган.

Шри Ланка ҳукумати гиёҳванд моддалар ташиш жиноятида айбланганларга олий жазо бериш ниятида эканини маълум қилган.

Айни вақтда Миср ҳукумати ўлим билан жазоланувчи жиноят турлари доирасини кенгайтиришга розилик берган.

Мисрда тайёрланаётган қонун лойиҳасида айтилишича, "анестезик таъсирга эга ёки онг, тана ёда руҳий ва асаб ҳолатига зарар келтирувчи синтетик моддаларни мамлакатга олиб кириш ёки олиб чиқиш ўлим билан жазоланади."

"Ислом ОИТСни тўхтатади деган мафкура тўғри эмас!"

Мирзиёевнинг орзусига АҚШ, Афғонистон ва Покистон тортишуви тўсиқми?

"Марказий Осиёдаги барқарорлик ҳаммамиз учун муҳим"

Гиёҳванд моддалар савдоси минтақада терроризмни суғораётган манбами?

'Катта намунаʼ

Шри Ланка президенти Маитрипала Сирисена ўтган ой Филиппинга ташрифи чоғида президент Родриго Дутертенинг гиёҳванд моддалар тарқатувчиларига қарши курашини «дунёга улкан намуна» дея тасвирлаган.

Ҳозирда Шри Ланкада ўлим жазосига ҳукм этилган 1,299 нафар маҳкум бор. Уларнинг 48 нафари гиёҳванд моддаларга боғлиқ жиноятларда айбланган.

Мамлакатдаги сўнгги қатл 1976 йилда ижро этилган.

Президент Сирисена ўлим жазосига қўйилган мораторий қачон олиб ташлангани ҳақида ҳеч нарса демаган.

Жамият дастаги

Шри Ланка пойтахти Коломбода истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руки Фернандо охирги пайтда мамлакатда гиёҳванд моддалар истеъмоли ўсиб бораётгани ва наркотик савдосига қарши қаттиқ чоралар ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлаётгани ҳақида гапиради. Бироқ у ўлим жазоси тарафдори эмас.

«Ҳукуматни нега бундай йўл тутаётганини англаш осон эмас. Жамиятнинг айрим қисми олий жазо жиноятчиларни чўчитади, деб ўйлайди.»

«Лекин ўлим жазоси янги муаммоларни юзага келтириши турган гап. Бунинг учун полиция, қонун доирасидан чиқмаган ҳолда, гиёҳванд моддалар таъминоти занжирини аниқлай оладиган ва парчалаб ташлайдиган даражада яхши тайёргарликдан ўтган бўлиши керак,» фикрлайди жаноб Фернандо.

Наркотикка қарши уруш

Филиппинда ўлим жазоси 2006 йили тугатилган. Шу ўтган вақт давомида ҳукуматнинг олий жазони қайта тиклашга бўлган уринишлари муваффақиятсизликка учраган.

Бироқ 2016 йилда ҳокимият тепасига келган президент Родриго Дутерте «наркотикка қарши уруш» очди ва, оқибатда, минглаб одамлар бу «уруш» қурбонига айланди. Жаноб Дутерте полицияга гиёҳванд моддаси савдосида иштирок этаётган шахсларни отиб ўлдириш ҳуқуқини берган.

Президент Дутерте наркотик савдосига қарши қаттиққўл ва қонли кураш самарали эканини бир неча бор таъкидлаган.

Филиппин ҳукумати берган маълумотларга кўра, 2016 йил 1 июлидан 2018 йил 30 ноябрига қадар гиёҳванд моддалар савдосига қарши ўтказилган амалиётларда 5,050 нафар инсон ўлдирилган.

Аммо Human Rights Watch ташкилоти бу рақам камида 12,000 га тенг эканини таъкидлайди.

Айни дамда Reuters агентлиги тайёрлаган ҳисоботда жаноб Дутертенинг наркотик савдосига қарши қонли кураши савдогарлар сонини камайтирган бўлсада, бу соҳада айланаётган гиёҳванд моддалар миқдори ва маблағга у қадар таъсир кўрсата олмагани айтилади.

Масалан, метамфетамин моддасининг бир грамми 2016 йил июлида 1,200-11,000 песо ($24-$220) турган бўлса, 2017 йил июлида у 1,000-15,000 песо ($20-$300)дан сотилган.

Мазкур ҳолат, савдогарлар отиб ўлдирилаётганига қарамай, гиёҳванд моддалар таъминоти пасаймаганидан далолат беради.

Олий жазо

Дунёнинг камида 35 мамлакатида, жумладан Ҳиндистон ва АҚШда ҳам, гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор жиноятларда айбланган шахслар учун ўлим жазоси тайинланиши мумкин.

2015-2017 йиллар ўртасида камида беш давлатда ана шундай қатллар ижро этилган: Хитой, Эрон, Саудия Арабистони, Индонезия ва Сингапур.

БМТ бу қатллар сони 1,320 тадан кам эмаслигини айтади.

Биргина Эроннинг ўзида 1,176 қатл амалга оширилган.

Бу борада Хитой бўйича бирор ишончли маълумот мавжуд эмас, лекин Пекин томонидан ўтказилган қатллар сони кам эмаслигига ишонилади.

Аммо қаттиққўл жазоларга қарамай, дунё бўйича гиёҳванд моддалар савдоси гуллаб-яшнамоқда, дея таъкидланади 2018 Жаҳон Тараққиёти Ҳисоботида.

Глобал инқироз

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига кўра, дунё бўйлаб 16-64 ёшлар ўртасидаги 275 миллион инсон 2016 йил давомида камида бир марта гиёҳванд модда истеъмол қилган.

31 миллионга яқин инсон эса гиёҳванд моддалар туфайли келиб чиққан хасталиклардан азоб чекади. 2015 йилда роппа-роса 450,000 одам гиёҳванд модда истеъмоли оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

БМТнинг тахмин қилишича, халқаро опиум ишлаб чиқариш кўлами 2016 йилдан 2017 йилга қадар ўтган вақт ичида 65 фоизга ошган. Бунга Афғонистондаги кескин ўсиш сабаб бўлган. Шу бир йил давомида бутун дунёда 9,500 тонна опиум ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 8,100 тоннаси фақат Афғонистоннинг ўзига тўғри келган.

Қўрқмас савдогарлар

Ҳуқуқ фаоллари ўнлаб йиллардан бери наркотрафикка алоқадор жиноятлар учун олий жазо тайинлаб келинаётган бўлса ҳам, ўлим жазоси гиёҳванд моддалар савдогарларини мутлақо қўрқувга солмаётганини таъкидлайди.

«Агар биз жазога тортилган ёки қатл этилган одамларга қарасак, уларнинг аксарияти курьер эканини кўришимиз мумкин. Курьерларнинг асосий вазифаси гиёҳванд моддаларни кўчаларда сотиш ва кичик миқдорда яширинча ташишдан иборат,» тушунтиради Harm Reduction International тадқиқот гуруҳи таҳлилчиси Жиада Жирелли.

«Гиёҳванд моддалар савдосидаги курьерларни осонгина алмаштириш мумкин. Уларни йўқ қилиш наркобизнес моделига ҳеч қандай жиддий таъсир кўрсатмайди.»

Филиппиндаги наркотикка қарши урушда ўлдирилганларнинг асосий қисми қашшоқ қишлоқ оилалардан чиққани айтилади.

Жирелли хоним ўлим жазосининг акс таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

"Масалан, Малайзия, Вьетнам ва Эрон ҳар йили ўнлаб қатлларни амалга оширади, лекин бу мамлакатларда гиёҳванд моддаларга берилиб қолган инсонлар сони наркотрафик учун ўлим жазосини бекор қилган давлатлардагидан анча кўпдир."

БМТнинг наркотик ва жиноятчиликка қарши бошқармаси (UNODC) ҳар қандай ҳолатда ҳам олий жазога қарши эканини маълум қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek