Россия ва сиёсат: Путин суратини осиб қўйинг – уйингиз пулга тўлади

Артем Галанов с портретом Путина Фото муаллифлик ҳуқуқи Страница Артема Галанова во "ВКонтакте"
Image caption Артем Галановнинг айтишича, клипи оммабоп бўлиб кетганидан кейингина уйига Путиннинг портретини илган

Россиялик Артем Галанов YouTube'да сатирик руҳдаги «Путин портрети» клипини эълон қилди ва бирдан катта шуҳратга эришди. Би-би-си Рус Хизмати Галанов билан суҳбатлашиб, ҳозирги замонда Путиннинг сурати устидан кулиш қандай бўлиши ҳақида сўраб кўрди.

Би-би-си: Қўшиқ ғояси қандай қилиб ҳаёлингизга келди?

Артем Галанов: Характерим туфайли - одамларнинг устидан кулиш менга ёқади. Менинг танишим уй учун қўлбола жавонлар тайёрлайди ва мен Вконтакте'даги саҳифасида унга ҳазил изоҳ ёзиб қолдиргандим: "Олегдан жавон сотиб олдим - хотинимнинг кўкраги каттариб кетди, болаларим олимпиадада ғолиб чиқди, уйда гуллар очилиб—сочилди ва ҳаётим буткул ўзгара бошлади." Ўзимга ўзим кулдим, кейин ўйлаб қолдим: жавон эмас, Путин сурати ҳақида қўшиқ яратсамчи? Ўшанда менталитетимиз ва биз яшаётган воқелик тўғрисида шунақа бир заҳарханда пайдо бўлар эди.

Би-би-си: Клипни суратга олиш тўғрисида: у қаерда суратга туширилган, қанча вақт кетган, қанча пул сарфланган ва кимлар роль ижро этган?

Артем Галанов: Клипни Иркутскдан 120 километр наридаги Бохан қишлоғида олинган. Роппа-роса ярим кун кетди.

Қанча маблағ сарфладик? Тасвирчига озгина пул бердик ва Боханга етиб олиш учун машина бакини икки марта бензин билан тўлдирдик.

Асосий қаҳрамон ўзим. Клипда мен билан ёқалашган эркакнинг исми Юрий Дромашко. У Иркутскда машҳур майнер. Клипни эса Евгений Джем суратга туширган.

Клипда яна икки бувижон ҳам роль ўйнаган. Биринчиси - Юрий Дромашконинг онаси. Иккинчиси - боханлик бувижон. У бор вужуди билан рақсга тушди.

Сюжет бўйича клипда менинг хотиним ҳам бор. «Хотин»ни Иркутскдан олиб келиш ёдимиздан кўтарилибди, шунинг учун зудлик билан танишлар орқали Боханнинг ўзидан хотин изладик. Икки соат ичида суратга тушишга рози бўлган қиз топилди. Менимча, у ўз ролига жуда мос тушган.

Ўзбекистон: Путин билан учрашувда Мирзиёев "фарзандлари" муаммосини кўтардими?

Ўзбекистон Россия томон яна бир қадам ташлайдими?

Сиёсат: АҚШ Ўзбекистонни Россиядан "рашк қилаяпти"ми?

Ўзбекистонликлар кимни кўпроқ яхши кўради? Путинними ё Мирзиёев?

Би-би-си: YouTube ва ВКонтакте'да клипингизга нисбатан қандай изоҳ-муносабатлар билдирилди?

Артем Галанов: Изоҳлар менга ёқадиган - жуда бир-бирига зид. Ёши ўтган, ҳазил қила оладиган, дунёқараши кенгроқ одамлар дарҳол бу пичингга тўла ҳажвий қўшиқ эканини англадилар. Изоҳ қолдирганларнинг ярми эса бу президентни кўкларга кўтариш учун Кремл томонидан молиялаштирилган қўшиқ, деб ўйлади. Бироқ изоҳлар кўпроқ бундай маънода: "Оғайни, баракалла, шундай руҳда давом эт. Жуда нозик сатира!"

Аслида сиёсат жуда қалтис мавзу эканини тушунаман. Шу сабабдан сўзларни «низом бўйича» ёзиш мен учун жуда муҳим эди. Ҳам сатира, ҳам пичинг бўлиши, лекин ҳокимиятга нисбатан бирор ҳақоратли сўз бўлмаслиги зарур эди. Ўйлашимча, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди.

Ниманингдир устидан кулиб, лекин айни вақтда қаҳр ва тажовуз кўрсатиш даражасига етиб бормаслик айнан сатирадир. Мен мусиқачиман, сатирани шундай кўраман. Сиёсатга бурун тиқишни истамайман. Бироқ оғзимдан кўпик сачратиб, сиёсатда ниманидир исботлашга уринган вақтларим ҳам бўлган. Кейинроқ тушуниб етдим: сиёсатга таъсир ўтказишни истаган тақдиримда ҳам, буни ошхонадаги муҳокамалардан кўра мусиқа орқали амалга ошираман.

Би-би-си: Изоҳ қолдирганлар сизни Путиннинг номи ҳисобига шов-шув кўтариб, машҳурликка интилишда айблашмадими ҳеч?

Артем Галанов: Йўқ. Қўшиқни ёзаётган пайтимда шов-шув кўтариш ҳаёлимга келмаган эди. Шунчаки портрет ғояси ҳаёлимга келиб қолди. Аввал бошидан деворга осилган икона тасвирини тасаввур қилдим. Сўнг шундай ҳукмдор-руҳонийнинг муқаддас суратини деворига илиб қўйиб, ҳаёти ўзгариб кетишидан умид қилаётган содда рус одамини ўйладим. Бу худди олтин балиқ ҳақидаги эртакнинг замонавий талқинига ўхшаб кетади.

Шу сабабдан мени Путин номи орқали машҳурликка интилишда айблаш бемаънилик. Умуман олганда, қўшиғим бунчалик шов-шувга сабаб бўлиши тушимга ҳам кирмаган эди. Мен шунчаки кўнглим тусаган ишга қўл урдим, холос ва у кимгадир маъқул келган бўлса, бундан бошим осмонда. Россияликлар учун нимадир қилиш - бу мен учун катта шараф.

Би-би-си: Ўзингизнинг сиёсий қарашларингиз қандай?

Артем Галанов: Мен, эҳтимол, вазмин либерал бўлсам керак - лекин бундай тушунча борми ўзи, билмайман. Ёшим энди 29 да. Ўғлим катта бўляпти. Ўзим ўрта синфга мансуб ишбилармонман ва, албатта, фаол фуқаролик позициясига эгаман. Ҳозирги сиёсатнинг аксар қисмини ёқламайман. Қисқа ва лўнда айтадиган бўлсам, жорий ҳукуматни кўп жабҳаларда қўллаб-қувватламайман. Бироқ бу суҳбатнинг асосий мазмуни сиёсий бўлмаслиги лозим, деб ўйлайман. Мен сиёсатчи эмас, мусиқачиман. Мамлакатимиз конституция бўйича ҳар ким ўз шахсий фикрига эга бўлишга ҳақли ва мен ўз қарашларимни шу йўл билан изҳор этаман.

Би-би-си: YouTube'даги каналингизга қараганда, анчадан мусиқа билан шуғулланиб келар экансиз, лекин ўткир мавзули қўшиқларни куйлай бошлаганингизга кўп бўлмабди. Бундай ўзгаришнинг сабаби нимада?

Артем Галанов: Балки бу 29 ёшга кириб, ўзимни энди англай бошлаганим сабаблидир. Ўсмирлик даври ўтмишда қолиб кетди. Олдин мен рок қўшиқлар ёзар эдим. Бирмунча вақт олдин тор доирадаги танишлардан бошқа ҳеч кимга қизиқ эмаслигимни тушуниб етдим. Вужудимдаги фуқаролик онги тўсатдан уйғонди ва ижтимоий мавзуларга қизиқиб қолдим.

Умуман олганда, қўшиқларимнинг аксарияти ўз ҳаётимдан олинган. Мен фақат ўзим бошимдан ўтказган мавзуларга бағишлаб қўшиқ яратишга интиламан. Масалан, ҳарбий хизмат чоғида «Менинг исмим - ғаввос» номли қўшиғимни ёзганман. Мен ғаввослик бўлинмасида хизмат қилганман. Қўшиқни ёзиш учун чуқур сувга шўнғиганман. Ана шундан сўнггина ҳаёлимдан ўтган ҳислар асосида бу қўшиқ дунёга келган ва у ҳарбийлар орасида машҳур бўлиб кетган.

Би-би-си: Бир нарса жуда қизиқ: уйингизда Путиннинг сурати доим бўлган, шундайми?

Артем Галанов: [Кулади]. Биласизми, бу шунчаки ҳазил. Уни клипдан сўнг ошхонам деворига осиб қўйдим. Рафиқам уйда бундай сурат турганидан бироз хижолат тортишини айтади. Аслида, мен шу йўл билан пичинг қиламан. Бу борада менда ҳаммаси жойида - унга ҳеч қачон сиғинмайман. Шунчаки, балки, у омад келтирувчи тумор бўлиши мумкин, деган ҳаёлда осиб қўйдим. Ҳар сафар суратнинг ёнидан ўтаётганимда, унга қараб, кўзимни қисиб қўяман ва енгил тортаман.

Би-би-си: Мусиқий сатираларнинг тезда машҳур бўлиб кетиши (буни Сергей Шнуров ва Семен Слепаков мисолида кўрганмиз) нимага боғлиқ, деб ўйлайсиз ва шундай руҳда ижод қилишда давом этасизми?

Артем Галанов: Сўзсиз давом этаман. Клипдан сўнг Санкт-Петербургдан маиший техника рекламасига буюртмалар олдим. Яъни сатирик қўшиқлар ёзаман ва маиший техника иштирокида клиплар ишлайман. Энди портрет иш беради, деб аниқ айтишим мумкин: уни дарҳол деворингизга илинг - уйингиз пулга тўлади!

Агар жиддий гапирадиган бўлсам, кўплаб мавзулар тақиқ остида қолаётган ва давлат телеканаллари бир нуқтайи-назарни омманинг онгига сингдираётган бир пайтда, сатиранинг талабчан мавзуга айланиши табиий ҳол. Яхшиямки, интернет бор. Ўз фикрларингни одамларга етказиш мумкин.

Назаримда, сатира - бу жуда ажойиб нарса. Мен барча мусиқачиларни ҳамма бир-бирига бақириб чақирадиган, оғзидан кўпик сачратадиган шоулар даражасига тушиб қолмасликка чақираман. Мен ҳар ким ўзича хулоса чиқара оладиган бамаъни сатира тарафдориман. Бу нарса ҳозирда бутун дунёга керак, деб ҳисоблайман. Хусусан, Россияга жуда ҳам зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek