Президент Эрдўғон: Туркия Россия ракеталаридан воз кечмайди

Россия С-400 зенит-ракета мажмуаси Қримдаги Жанкой яқинида Фото муаллифлик ҳуқуқи Sergei Malgavko/Getty Images
Image caption Туркия Россиянинг С-400 зенит-ракета тизимини ишлаб чиқаришни ўз ҳудудида йўлга қўймоқчи

Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 2017 йили имзоланган Россия ракеталарини сотиб олиш битимини бекор қилиш режасида эмаслигини айтган.

"Биз Россия билан С-400 бўйича келишувга эришганмиз. Буни ортга қайтариш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Иш қилинди. Биз Россиянинг июл ойида етказиб беришни бошлаши ҳақидаги ваъдасидан келиб чиқиб ишлашда давом этаяпмиз", деб айтган Президент Эрдўғон.

Бундан олдин АҚШ Туркияни С-400 шартномасини бекор қилиш, унинг ўрнига Американинг Patriot тизимини олишни таклиф қилган эди.

Бунга АҚШ раҳбарияти жим қараб турмаслигини билдирди.

"Биз НАТОдаги иттифоқчиларимизнинг бизнинг душманларимиздан қурол сотиб олаётганига қўл қовуштириб ўтирмаслигимизни тушунтириб қўймоқчимиз. Агар бизнинг иттифоқчиларимиз Шарқдаги қурол олди-сотдисига қарам бўлиб қоладиган бўлса, биз Ғарбни муҳофаза қилолмаймиз", - деб айтган АҚШ Вице-Президенти Майк Пенс Мюнхендаги хавфсизликка бағишланган анжуманда.

АҚШ Туркия иқтисодиётини чўктира оладими?

Туркия ҳарбийлари Сурия тупроқларига кирди

Чорраҳадаги Туркия: Эрдўғон Россия билан АҚШга қарши бирлашадими?

АҚШ санкциялари Россия ва Туркияга қарши: Воқеалар ривожи қандай кечмоқда?

АҚШ Туркияга жазо чораларини киритди

Туркия учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сотиб олиш билан бирга уларни Туркиянинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муҳимдир.

"Биз келажакда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сотиб олишни эмас, ўзимизда ишлаб чиқаришни режалаяпмиз", деб айтган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон.

Президент Эрдўғоннинг сўзларига кўра, "Россия томони зенит-ракета мажмуаларининг нарх-навоси бўйича, уларни етказиб бериш муҳлати бўйича ҳам, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва технологияларни бўлашиш бўйича ҳам" Туркия томонга қадам ташлаган.

"АҚШ маъмурияти эса муддатидан олдин етказиб беришга ижобий қарагани билан қўшма ишлаб чиқариш ва кредит ҳақида оғиз ҳам очмаяпти", дея Президент Эрдўғондан иқтибос келтирган ахборот агентликлари.

Жаноб Эрдўғон бу масалага буткул нуқта қўйилмагани, Туркия АҚШнинг янги таклифларини кутаётганини англатган.

Россия қандай қилиб С-400 ракеталарини сотди?

Энг янги зенит-ракета мажмуаси ҳисобланадиган С-400 "Триумф" билан ҳозир Россия армияси қуроллантирилган. Уларни етказиб бериш бўйича шартномалар Хитой, Туркия ва Ҳиндистон билан имзоланган. Бу борада Саудия Арабистони билан музокаралар олиб борилаётгани хабар қилинган. Туркия С-400 ракеталарини сотиб олиш истагини билдирган ягона НАТОга аъзо мамлакат.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SERGEI CHIRIKOV/Getty Images
Image caption Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Россия Президенти Владимир Путин 14 февраль куни Сочи шаҳрида учрашганлар.

Туркия Россиянинг зенит-ракета мажмуасини сотиб олиши мумкинлиги ҳақидаги илк хабарлар 2016 йилнинг ноябрида тарқалди. 2017 йил 25 июлида Президент Эрдўғон "муайян ҳужжатлар" имзолангани ҳақида айтди. 2017 йил 12 сентябрида битим имзоланганини Россия тарафи тасдиқлади.

2017 йил 27 декабрида "Ростех" давлат корпорацияси раҳбари Сергей Чемезов Россия Туркияга 2,5 миллиард долларлик С-400 мажмуаларини етказиб беришни режалаётгани ҳақида айтди.

2017 йил 9 октябрида Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли, агар С-400ни Туркиянинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида келишувга эришилмаса, Туркия томони уларни сотиб олишдан воз кечиши мумкин, деб айтди. Орадан тўрт кун ўтиб Президент Эрдўғон бундай келишувга эришилишига умид билдирди.

Бундан олдин АҚШ расмийлари С-400 га ўхшаш ўзларининг Patriot зенит-ракета мажмуаларини Туркияга сотмоқчи эмасликларини, агар Patriot сотилмаса, F-35 жанговар самолётларини Туркияга етказиб бериш келишуви ҳам барбод бўлиши ҳақида айтган эдилар.

Америка томони сўзларига кўра, Туркия билан Россия ўртасидаги келишув "Америка рақибларига қарши кураш" қонунига(CAATSA) зид келади ва ушбу қонунга мувофиқ санкцияга тушган Россия корхона ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилаётган мамлакат ва компанияларга нисбатан санкциялар жорий қилиниши мумкин.

"С-400 борасида. Ҳаммага маълумки, ушбу масала бўйича Америка раҳбарияти бизга катта босим ўтказмоқда", - деб айтган Президент Эрдўғон 14 февраль куни Президент Путин билан учрашувдан олдин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ