Ўзбеклар ва дунё, йигит дарди: Қўрққанимдан севган қизимдан қочиб кетолмадим

Алекс севган қизи Жордан билан Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC THREE / CENTURY FILMS

Алекснинг севган қизи Буюк Британияда муштумзўр ҳулқ-атвори ва оилада зўравонлик содир этгани туфайли қамалган илк аёлга айланди. Эндиликда, Алекс севган қизи уни қандай азоблаб, таҳқирлаб келганини оммага очиқ айтишга қарор қилди.

Алекс Скил, 22 ёш

"Севгилим устимдан қайноқ сув қуйиб юборган лаҳзаларни ҳеч унута олмайман. У қўлида чойнак тутганча, мени хонанинг бурчагига қисиб олганди.

У вақтга қадар бирга яшаётганимизга уч йил бўлган эди. Аввалига у кийимингни ранги менга ёқмаяпти, соч турмагингни ўзгартир каби майда нарсалардан нолий бошлади. Кейин бу дийдиёлар тўққиз ой давом этган таҳқир ва хўрлашларга айланиб кетди. Ундан ўлгудек қўрқиб қолган эдим.

Ҳали ҳам танамга қуйилган илк қайноқ сув томчисини яхши эслайман. У секин-аста чойнакда қолган сувни ҳам яланғоч баданимга қуя бошлади. Сув теккан жойларим бирданига шишиб чиқди. Бундай оғриқни умрим бино бўлиб, ҳис қилмаган эдим. Ундан ваннахонага кириб, куйган жойларимни муздек сувда ювиб ташлашимга рухсат беришини ёлвора бошладим. У рухсат берди. Оловдай ёнаётган танангизни яхдек сувга ботиришдан ҳузурли ҳис бўлмаса керак. Сўнг у мени яна чақириб олди ва қийноқ қайта-қайта такрорланди.

Азобдан ўкиришни бошласам, у «Ваннахонага кириб чиқ,» деб буюрар эди. Бироқ бу унинг кўнгли юмшаганини билдирмасди. Ванна ичида терим арчилиб, духовкага тиқилган товуқдек ётар эдим.

У ҳаётимнинг бор жабҳаларини назорат қилишни истарди."

2018 йил март ойи якунига кўра, Англия ва Уэлсда 16-59 ёш ўртасидаги икки миллионга яқин инсон оиладаги зўравонлик қурбонига айланган. Уларнинг учдан бир қисми эркаклар экани тахмин қилинади.

Бундан ташқари ҳар бешинчи ўсмир ўзининг севган қизи ёки йигити томонидан таҳқирланганига ишонилади. Эркакларнинг аёллар томонидан зўравонликка учраш даражаси эса ўйланганидан анча кўпдир.

Россия: 'Эрим хиёнат қилдинг, деб қўлимни болта билан чопди'

Тошкентдан муносабат: Қайнона келиннинг ўртасига ким тушади?

100 аёл 2014: 'У мени бўға бошлади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC THREE / CENTURY FILMS

Англия ва Уэлс полицияси 2017 йилда эркаклар оиладаги зўравонлик қурбонига айланган 150,000 ҳолатни рўйхатга олган.

Шундай ҳолатга ўзи тушиб қолган Алекс Скил бошидан ўтганларни ҳикоя қилишда давом этади.

Жордан Ворт ва мен 2012 йили - 16 ёшлигимизда танишиб қолганмиз. У мактабни аъло баҳолар билан тамомлади ва университетга ўқишга кирди. У ўқитувчи бўлишни орзу қилар эди.

Танишувимизнинг илк ойлари ажойиб кечди. Бирга эканимиздан бахтиёр эдик. Турли жойларга айланишга борар эдик. Ҳатто, вақтимни у билан кўпроқ ўтказиш учун дўстларим билан ҳам кўришмай қўйдим.

Орадан бир қанча вақт ўтиб, ғалати нарсалар юз бера бошлади. Ўша вақтда Жордан эътиборимни янада тортиш учун ўзини шундай тутяпти, деб ўйлаган эдим.

Ота-онам Лондонга бориб, айланиб келишимиз учун менга пул берди. Бироқ Лондонга келганимизда, ҳе йўқ, бе йўқ, Жордан сувга тушган тошдек ғойиб бўлди. Ҳамма уни қидиришга тушди. Анча хавотирли қидирувлардан сўнг у топилди. Мени кўриб, қаҳ-қаҳ ура бошлади. Жуда ўнғайсиз ҳолга тушиб қолган эдим. Шу йўл билан у ҳақида кўпроқ ташвишга тушишимни истади шекилли, деган ўйга бордим.

Аммо унинг хурмача қилиқлари анча олдин бошланган эди. Жордан мени дўстларим ва оилам билан алоқани камайтиришга мажбурлади. Ҳатто, Facebook'даги саҳифамни ҳам эгаллаб олдим. Гўё бутун дунёдан узилиб қолгандек эдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC THREE / CENTURY FILMS

Сўнг овқатланишимга ҳам хўжайинлик қила бошлади. Жуда озиб кетдим, лекин унга бироз қарши чиқсам, бошимга янгидан-янги муаммолар ёғдирар эди. Жимгина унинг хулқ-атворига кўникишдан бошқа чора топа олмадим.

Вақт ўтган сайин бор эркимни қўлдан бой бера бошладим. Энди қандай рангдаги кийим кийишим, сочимни қандай турмаклашимни ҳам у ҳал қилар эди.

У мени ўз тасаввуридаги қўғирчоққа айлантиришни хоҳлар эди.

Улғайиб, икки фарзанд кўрдик. Болалар уни ўзгартира олишидан умид қилар эдим. Бироқ айни вақтнинг ўзида, менга ўтказаётган зуғумини гўдакларга ҳам кўрсатишидан қўрқар эдим. Шунинг учун ҳам уни ташлаб кетмадим. Жигарбандларимга кўз-қулоқ бўлиш бурчим эди.

Албатта, ҳаётимиз давомида ёқимли онлар ҳам бўлган. У билан бирга эканимдан масрур бўлган кунларни ҳам кўрганман. Бирга кулганмиз, шўхликлар қилганмиз. Ягона орзуйим у билан бахтли бўлиш эди. Қисқаси, уни жондан ортиқ севар эдим.

Фарзандли бўлганимиздан 18 ой ўтиб, руҳий босимлар жисмоний қийноқларга ўз ўрнини бўшатиб берди. У тунлари ёнига шиша идиш қўйиб ётадиган бўлди. Мени турли баҳоналар билан айблаб, хиёнат қилаётганимни юзимга соладиган одат чиқарди, аммо бу даъволарнинг ҳеч бири ҳақиқатга яқин эмасди. Шубҳасиз, мен унинг айбловларини инкор қилар эдим. Сўнг у ухлашимни кутар ва бошимга шиша идиш билан солиб қолар эди. Шу тариқа яна мени тун бўйи тергов қилиб чиқарди.

Озроқ вақт ўтиб, оғриқларга ўрганиб қолдим, жисмоний қийноқ мен учун одатий ҳолга айланди. Энди у азоб беришнинг кейинги босқичига ўтди ва жонимни қийнашнинг янги усулларини топа бошлади. Шиша идиш ўрнини болғача эгаллади. Унга дош бера олмадим.

Унинг навбатдаги қийноқ қуроли ноутбукнинг қувватлантирадиган сими бўлди. У симни қўлига ўраб олди ва қувватлантиргичнинг темир учи билан бошимга солди. Полга қон сочила бошлади. Оғриқдан додлаб юбордим. Жордан аҳволимни кўриб, маза қилиб, кулар эди. Ундан ёрдам беришини сўрадим. Жавобан: «Ўлиб кетсанг ҳам, ҳеч ким ачинмайди,» деди.

Табиийки, у бундай усуллардан қониқмай қолди. Пичоқ билан баданимни тилишга ўтди. Бир сафар артерия томиримни узиб юборишига сал қолди. Сўнг навбат қайнаган сувга келди. Олдин ҳикоя қилганимдек, баданимнинг учдан бир қисми куйиб кетди. Ҳар оғриққа кўникканимда, унинг усуллари янада ваҳшийлашиб борар эди.

Жорданни кўрганимда, лабимга учуқ тошадиган бўлиб қолди. Азбаройи азоблардан қўрқиб қолганимдан унга қарши бир сўз айтишга юрагим бетламас эди. Ўзим касалхонага бориб, бошимни уриб олдим ёки душдан қайноқ сув устимга тўкилиб кетди, деган баҳоналар билан даволаниб келар эдим.

Додлашимни эшитган қўшни бир-икки бор полиция ҳам чақириб кўрди. Мен бор гапни яшириб, полицияни алдаб-сулдаб, кетказиб юбордим. Дардимни кимгадир очсам, мени ўлдириб қўйишидан чўчир эдим. Кўзимни таги кўкарган пайтлар у упа билан беркитиб қўяр эди.

Танам руҳан ва жисмонан ўлиб борар эди. Азоблар ва руҳий қийноқлар туфайли 30 килограмм вазн йўқотдим. Алал-оқибат, шифокорлар жароҳатларимни даволамай юраверсам, 10 кун ичида ҳаётдан кўз юмишимдан огоҳлантирди.

Ҳаммаси олдин ҳам уйимизга келган бир полиция зобити мени қайта сўроққа тутганида, якун топди. Бу воқеа 2018 йилда бўлган эди. Мен аламдан унга бор ҳақиқатни тўкиб солдим. Танамдаги жароҳатлар тузатиб бўлмас даражага келиб қолган эди. Бундай ҳаётга ортиқ бардош бера олмас эдим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC THREE / CENTURY FILMS

Агар полиция айни вақтида мен билан суҳбатлашмаганда, аллақачон гўрда ётган бўлар эдим. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Жорданнинг менга қандай ваҳшийликлар қилгани баданимда яққол ўз изини қолдирган эди.

Ўйлашимча, Жорданнинг ўзини бундай тутишига фақат рашк сабаб бўлган. Мен оилам билан жуда яқин эдим, ажойиб дўстларим бор эди ва у мени ҳаммадан ажратиб олишга уринди. Ихтиёримдаги бор нарсани тортиб олди. Бир марта шундай деганини ҳали ҳам яхши эслайман: «Ҳаётингни барбод қилишни истайман.»

Полиция тергов бошлаганида ҳам Жордан қилмишларидан бирор марта афсус билдирмади. У судда айбига иқрор бўлди. Бироқ, ишонаманки, у пушаймон бўлиб эмас, балки енгилроқ жазо олиш учун шундай қилди.

Жордан қўл урган ваҳшийликларини қандай оқлайди - буни билмайман. Менимча, оилада зўравонлик қилгувчи шахслар қўл остида азоб чекаётган инсонларнинг фарёдига мазахўрак бўлиб қолса керак. Бу гўё гиёҳвандликка берилиб қолишга ўхшайди. Уларни азоблаб, роҳатланади, ҳукми остида бутун бошли бир инсон борлигидан ғурурланади. Сени тамомила назорат қилиш, қулга айлантиришга интилади.

Жордан билан учрашгунимга қадар ҳам аёллар томонидан таҳқирланган эркаклар ҳақида эшитган эдим. Мен оиладаги зўравонлик қурбонига айланганимни яхши англардим. Мен Жорданнинг қули эканлигимни билардим, лекин нима қилишни билмас эдим.

Қанчалик кулгили эшитилмасин, бундай жаҳаннамдан чиқиб кетишга шошилмадим. Унга қарши ҳеч қандай чора қўлламадим. Муҳими, ўртамизда икки гўдак бор эди. Болаларим ҳақи-ҳурмати у билан яшашда давом этдим. Биласизми, камроқ калтакланган куним мендан бахтли инсон бўлмас эди.

Ягона истагим болаларимнинг ҳам азобланмаслигига ишонч ҳосил қилиш эди.

2018 йил апрел ойида Жордан етти ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. У ишқий муносабат давомида таҳқирлашларга қўл ургани, танага қасддан оғир шикаст етказганини тан олди. Ҳукм ўқиб эшиттирилганида, «Ва ниҳоят, адолат қарор топди,» деган ўйдан бошқа ҳеч қандай ҳис ўтмади ҳаёлимдан. Елкамдан улкан тоғ ағдарилгандек эди. Унинг қўлига кишан солиб, қамоқхона машинасига тиқишаётганда, беш йиллик севгилимга нисбатан заррача ачинмадим ҳам.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC THREE / CENTURY FILMS

Албатта, фарзандларим бўлиб ўтган воқеаларни тушунишга ҳали ёшлик қилади. Судда кўриб чиқилган ҳужжатларнинг деярли ҳаммасини асраб қўйганман. Улар катта бўлганда, бўлган ишларни ётиғи билан уларга тушунтираман.

Жордан зуғумкор хатти-ҳаракатлари учун озодликдан маҳрум этилган Буюк Британиядаги биринчи аёлга айланди. Бу аёллар ҳам оиладаги зўравонлик ижрочиси бўлиши мумкинлигига яққол далилдир. Полиция, аксар ҳолларда, эркакларга нисбатан зўравонликка жиддий эътибор бермайди.

Тўғри, уят зўрлигидан бўлиб ўтган кўп ҳолатларни омма олдида очиқ айта олмайман, лекин зўравонлик қурбонига айланган эркакларга сўз берилмаслиги жуда катта хато. Ваҳшийлик жинс танламайди.

Албатта, барча аёллар ҳам Жорданга ўхшайди, деган фикрдан йироқман. Бироқ ҳозир бошқа аёл билан қайтадан муносабатга киришишга тайёр эмасман. Жордан мендан тортиб олган бахтли онларни яна ҳис қилишни истайман. У чипталарини йиртиб ташлаган футбол ўйинларига боришни, ҳаётдан лаззатланишни хоҳлайман.

Биласизми, нега у томиримни пичоқ билан тилганда ҳам, бошимни минглаб марта мажақлашга уринганда ҳам, омон қолдим? Ўйлашимча, мен аёлидан азоб кўрган эркаклар дардини баралла айтиб, бундай ҳолатларга нисбатан ҳушёрликни ошириш учун ҳам тирик қолдим. Ҳа, ҳали ҳам яшаётганимнинг ўз сабаби бор. Сабаб эса бошқа эркак-қурбонларга ёрдам бериш.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek