Ўзбекистон ва дунё: Инсоният инқирози - охирзамон яқинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Drew Angerer
Image caption Бойлар янада кўпроқ бойимоқда,к амбағаллар...

Заволга учраган қадимий тамаддунларни ўрганишдан олинган хулосалар шунга ишора қилмоқдаки, биз қўлга киритган ютуқлар ва ривожланган жамият жар ёқасида турибди, дейди инқирозлар бўйича мутахассис Лук Кемп.

Буюк тамаддунларни ҳеч ким вайрон қилмаган, балки улар «ўз жонига қасд қилган.»

Бундай хулосага машҳур тарихчи Арнолд Тойнби келган. У ўзининг 12 томлик «Тарихни ўрганиш» (A Study of History) асарида 28 турли тамаддунларнинг равнақ топиши ва қулашини тадқиқ қилган.

У бир нарсада мутлақ ҳақ эди: тамаддунлар заволига уларнинг ўзи сабабчи бўлади. Бироқ бу жараёнга бошқа омиллар ҳам катта ҳисса қўшади.

Масалан, Рим Империяси ўз ҳудудининг ҳаддан зиёд кенгайиб кетиши, иқлим ўзгариши ва давлат бошқарувидаги нўноқлик каби омиллар оқибатида қулаган эди. Милодий V асрдаги варвар қабилаларнинг Римга босқини эса бу қулашни охирига етказади.

Илм-фан: Араб Баҳорига иқлим ўзгариши сабаб бўлганми?

Илм-фан: Иқлим яхшиланишига ҳали умид бор

Уйғурлар инқирози: Хитой жаҳаннамида етти кун

Одатда, бирор тамаддуннинг инқирозга юз тутиши шиддат билан кечади ва буюклик ҳамда қудрат уни муқаррар ўлимдан сақлаб қола олмайди. Мисол учун, Рим Империяси ҳудуди милодий 390 йилда 4.4 миллион квадрат километр эди. Атиги беш йил ичида бу рақам 2 миллион квадрат километр, яъни нақ тенг ярмига қадар қисқаради. 476 йилда эса империядан асар ҳам қолмайди.

Маълумки, тарих даврдан даврга ўтиб, ўз ўзини такрорлаб боради. Хўш, қадимий тамаддунлар тақдирини синчковлик билан ўрганиш ҳозирда биз яшаётган дунёнинг келажагини олдиндан башорат қилиш имконини берадими? Кўҳна дунёлар инқирозини юзага келтирган омиллар ҳали ҳам ўша-ўшами?

Қадимий тамаддунлар тақдирини таҳлил қилиш аввалида, биринчи навбатда, уларнинг қанча вақт давомида яшаганини солиштириб чиқмоқ лозим. Бироқ бу осон иш эмас. Сабаби айнан «тамаддун» (цивилизация) тушунчасининг аниқ таърифи мавжуд эмас. Бундан ташқари айрим тараққий этган даврлар жуда узоқ чўзилган ва уларнинг ибтидо ҳамда интиҳоси тўғрисида ишончли манбалар жуда кам.

Кўҳна тарих давомида қишлоқ хўжалиги тараққий топган, кўплаб шаҳарлари бор, ўзи жойлашган географик ҳудудда қудратли ҳарбий таъсирга эга бўлган ва давомий сиёсий тизим ташкил қила олган жамиятларни тамаддун, деб аташ мумкин. Бундай таърифдан келиб чиқилса, барча империялар тамаддундир, аммо барча тамаддунлар ҳам империя бўлмаган. Милоддан аввалги 3,000 ва 600 ҳамда милоддан аввалги 600 ва милодий 600 йиллар давомида мавжуд бўлган тамаддунларнинг ўртача умр давомийлиги 336 йилга тенг бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи YASIN AKGUL
Image caption Суриялик аёл уруш вайроналари ичра кетиб бормоқда (Getty Images)

Тамаддунинг қулаши, дея аҳоли, ўзлик ва ижтимоий-сиёсий тузилмаларнинг тезкор ҳамда батамом йўқолиб кетишига айтиш мумкин. Қулаш жараёни мобайнида давлат кўрсатаётган хизматлар фалажланиб қолади, ҳукумат юзага келган бошбошдоқликларга қарши назоратдан айрилади.

Умуман олганда, ўтган деярли барча тамаддунларнинг тақдири ана шундай якун топган. Уларнинг баъзилари, масалан Хитой ва Миср, қайта тикланишга муваффақ бўлган ёки ўз шаклини ўзгартирган. Бошқалари Ер юзидан бутунлай йўқолиб кетган. Мисол учун, Пасха Ороли.

Айрим ҳолатларда, инқироз ўчоғи бўлган шаҳарлар қайта тикланган. Буни Рим шаҳри мисолида кўришимиз мумкин. Бошқалари Майя шаҳарлари каби сайёҳлар ташриф буюрадиган харобаларга айланган.

Хўш, қадим қишлоқ хўжалигига асосланган тамаддунлар билан юз берган бундай ҳолат XVIII аср саноат капитализми меваси бўлмиш тараққий этган замонавий давримиз тақдирида ҳам такрорланиши мумкинми?

Бу саволга комил ишонч билан «ҳа» деб жавоб қайтариш мумкин. Ўтмишдаги ва ҳозирги жамиятлар шунчаки одамлар ва технологияларнинг уйғунлашган мураккаб тизимлари, холос. «Одатий ҳодисалар» назариясига кўра, мураккаб технологиялар тизимида мунтазам равишда носозликлар юзага келади. Шунинг учун, инқирозга юз тутиш инсоният тарихидаги, қанчалик қудратли ва улкан бўлмасин, ҳар қандай тамаддун кун келиб юзлашадиган одатий ҳолат ҳисобланади.

Бугун биз технологик жиҳатдан анча юксаклашиб кетганимиз шубҳасиз. Бироқ бу ютуқлар аждодларимиз дуч келган таҳдидлардан тўлиқ муҳофазаланганимизни англатмайди. Қайтанга, технологик ютуқлар янгидан-янги мисли кўрилмаган хатарларни юзага келтиради.

Замонавий тамаддун глобал даражага кўтарила олган бўлсада, унинг қулаши худди салтанатлар ва қиролликларники каби кечишини тахмин қилиш мумкин. Энг муҳими, бутун дунёга қулоч ёзган тараққиёт фонида инқирозлар ва қулаш жараёни яшин тезлигида кечади. Масалан, глобал иқтисодий тизим бунга ёрқин мисол бўла олиши мумкин.

Агар олдинги тамаддунларнинг тақдири бизнинг тақдиримизни башорат қилишда дастурул-амал вазифасини ўтар экан, ундан қандай хулоса чиқаришимиз мумкин? Бунинг энг самарали усули қадимий инқирозларнинг бошланишига туртки берган омилларни синчковлик билан ўрганиш ва уларнинг аломатини бугунги мавжуд жамиятимиздан излашдир.

Айни вақтда нега тамаддунлар инқирозга юз тутишини изоҳлаб берувчи якдил назария мавжуд эмас, лекин тарихчилар, археологлар ва бошқа мутахассислар қатор омиллар ўртага ташлайди. Жумладан:

ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ: Иқлимий мувозанат бузилган даврларда, бунинг оқибати инсоният учун доим хатарли кечади. Ҳосилдорлик камаяди, кенг кўламли очарчиликлар юзага келади ва чўллашиш жараёни тезлашади. Аназай, Тиванаку тамаддунлари, Аккадлар, Майя, Рим империялари ва бошқа тараққиётларнинг қулашига айнан иқлим ўзгариши, айниқса, қурғоқчилик катта таъсир кўрсатган.

АТРОФ-МУҲИТ МУВОЗАНАТИНИНГ ИЗДАН ЧИҚИШИ: Имкониятлар ва ресурсларни ҳисобга олмай, табиатни ҳаддан зиёд эксплуатация қилган ҳар қандай жамиятда инқироз бошланиши мумкин. Ресурсларни аямай исроф қилиш ўрмонларнинг кескин қисқариши, сув ҳавзаларининг ифлосланиши, тупроқ емирилиши ва биохилма-хилликнинг бузилишига олиб келади ва айнан шу омиллар тарих давомида инсоний жамиятларнинг завол топишида асосий роль ўйнаган.

ТEНГСИЗЛИК ВА ОЛИГАРХИЯ: Иқтисодий ва сиёсий тенгсизлик жамиятларни парчалаб юборувчи асосий омилларга айланиши мумкин. Бундай тенгсизлик шаклланган жамиятда нафақат норозилик кайфияти ошади, балки жамиятнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф қила олиш салоҳияти ҳам пасаяди.

Клиодинамика соҳаси тенглик ва демография каби омилларнинг қандай қилиб сиёсий парокандаликка таъсир қилиш йўлларини тадқиқ қилади. Бунга қадар мавжуд жамиятларнинг статистик таҳлили фаровонлик ва инқирозга учраш жараёни маълум бир ҳалқа шаклида юз беришини кўрсатди.

Мазкур қайталанувчи жараён шундай кечади: фаровонлик ортидан аҳоли сони ўсиб борган сари меҳнатга лаёқатли одамларнинг кун кечириш учун иш топиш имконияти камайиб кетади, меҳнаткашлар қадри пасаяди, меҳнат учун тўланадиган иш ҳақи миқдори кескин қисқаради ва айни вақтда бир ҳовуч юқори қатлам бойиб бораверади. Бундай ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик оқибатида аҳоли бирлигига путур етиб, сиёсий парокандалик юзага келади.

МУРАККАБЛИК: Инқирозлар бўйича мутахассис ва тарихчи Жозеф Тейнтер ўртага ташлаган қарашда таъкидланишича, жамиятлар вақт давомида шаклланиб борган мураккаб тузилма ва бюрократия юкини, охир оқибат, кўтара олмай, қулайди. Аввалига бундай мураккаб тизимлар жамиятнинг гуллаб-яшнаши, муаммоларнинг ечим топишига замин яратади. Бироқ улар ўзининг маълум нуқтасига етганда, энергиянинг ортга қайтиш қонуни ишга тушади ва муқаррар инқироз юзага келади.

ТАШҚИ ШОКЛАР: Бундай таъсирларга тўрт асосий омилни мисол қилиб кўрсатиш мумкин: уруш, табиий офатлар, очарчилик ва эпидемиялар. Масалан, Ацтеклар Империяси испан босқинчилари томонидан тугатилган эди.

Илк аграр давлатларнинг кўпчилигининг йўқолиб кетишига эпидемиялар тарқалиши сабаб бўлган. Ўша даврларда одамлар ва уй ҳайвонлари девор билан ўраб олинган манзилгоҳларда бирга яшаган, гигиенага деярли амал қилинмаган. Бундай ҳол касалликларнинг яшин тезлигида тарқалиши ва аҳолининг катта қисми қирилиб кетишига олиб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Boston Globe
Image caption Иқлим ўзгаришининг оқибатлари ёмонлашмоқда (Getty Images)

Айрим вақтларда эса юқорида тилга олинган омилларнинг камида иккитаси биргаликда тараққиётнинг емирилишига таъсир кўрсатган.

ВОҚEАЛАРНИНГ ТАРТИБСИЗ РИВОЖИ: Империялар юзасидан ўтказилган статистик тадқиқот инқирозларнинг тартибсиз равишда юзага келгани ва кечганини кўрсатади. Бундай тартибсизликни «Қизил Қиролича Таъсири» (Red Queen Effect) назарияси орқали изоҳлаш мумкин: агар мавжудотлар рақиблар кўп бўлган ўзгарувчан муҳитда жон сақлашга интилса, уларнинг ҳаёти турли кутилмаган тартибсиз воқеалар ривожи фонида кечиб, вазиятга мослаша олмагани туфайли қирилиб кетиш эҳтимоли юқори даражага етади.

Биз кўриб чиқаётган мавзуда саноқсиз китоблар ва мақолалар ёзилганига қарамай, ҳанузга қадар тамаддунларнинг нега инқирозга учрашини изоҳлаб бера олувчи тугал назарияга эга эмасмиз. Биз англаган ягона ҳақиқат шундаки, тилга олинган омилларнинг бари инқирозга ҳисса қўшиши мумкин.

Биз фақат замонавий жамиятимизнинг қулаш эҳтимоли ошаётгани ёки пасаяётганини англашга ёрдам берувчи хатарлар аломатини тадқиқ қилишимиз мумкин, холос.

Ўтган ўн йиллар давомида шундай аломат-ўлчовларнинг асосий тўрттаси ўрганиб чиқилган.

Ҳарорат иқлим ўзгаришини ҳис қилишга ёрдам берувчи энг бирламчи ўлчовдир. ЯИМ ўрганилаётган жамиятнинг қанчалик мураккаб тузилганини билвосита кўрсатса, атроф-муҳитнинг мавжуд аҳволи экологик мувозанатнинг нақадар издан чиққанидан дарак беради. Ҳозирда бу омиллар бўйича вазият таранглашиб бормоқда.

Тенгсизликни ўрганиш қолган учта ўлчовдан кўра мураккаброқдир. Мавжуд иқтисодий-ижтимоий индекслар дунё бўйлаб тенгсизликнинг бироз пасайгани, аммо мамлакатлар ичида ижтимоий-иқтисодий жарлик кескин кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бироқ бундай индекслар (масалан, Gini Index) одамларнинг даромадлари ўртасидаги ҳақиқий фарқни аниқ англашдан чалғитиши мумкин. Айтайлик, ЯИМга кўра бой бўлган бирор мамлакатнинг бир фуқароси йилига $1, иккинчиси эса $100,000 топади. Бу ўша давлатнинг барча фуқаролари фаровонликда яшамаётганини англатади. Ушбу давлатнинг ЯИМи йилдан-йилга кўпайиб бориши мумкин, аммо юқорида мисол қилиб келтирилган икки шахс ўртасидаги тенгсизлик ҳам, мос равишда, ошиб бораверади.

1980 йилда дунё аҳолисининг атиги 1 фоизи барча бойликларнинг 25-30 фоизига эгалик қилган бўлса, 2016 йилда бу рақам 40 фоизга етган. Айни вақтда юқори қатлам дунё бойлигининг ярмига эгалик қилаётгани тўғрисида ҳам тадқиқот хулосалари мавжуд.

Ўтган деярли бир аср мобайнида нефть ва нефть маҳсулотлари тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчиси бўлиб келди, инсоният ундан орқа кетига қарамай, аёвсиз фойдаланди. Бойликларнинг асосий қисми ҳам айни соҳа вакиллари қўлида тўпланди.

Бугун олимлар нефть ресурсларининг кескин қисқариши оқибатида бутун дунё бўйлаб турғунлик бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бироқ, ўз навбатида, қайта тикланувчи муқобил энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш йўллари қанчалик тез топилса ва ҳаётга татбиқ қилинса, яқинлашаётган инқироздан шунчалик асоратсиз ўтиб олиш мумкин, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Мослашувчанлик

Юқорида кўриб чиқилган ўлчов-омиллар инқирозлар табиатини тўла-тўкис тасаввур қилишда камлик қилади. Жамиятларнинг ҳар қандай ҳолатга мослашувчанлик қобилияти инқирозлар шаклланишини маълум вақт ортга суриши ёки бартараф этиши мумкин.

Масалан, халқаро экспортнинг қанчалик хилма-хиллиги ва такомилга эришганини кўрсатувчи глобал «иқтисодий диверсификация» ўлчови ҳозирда 1960 ва 1970 йиллардан кўра ўзининг юқори даражасига етган.

Давлатларнинг олдингидек бир маҳсулот экспортига қарамлик даражаси анча пасайган. Мисол учун, фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатга иқлим ўзгариши жиддий салбий таъсир қилиши мумкин. Замонавий давлатлар мазкур ҳақиқатни англаб етиб, ўз экспорт маҳсулотларини хилма-хиллаштиришга ҳаракат қилмоқда. Айнан шу ҳолат инсониятнинг вазиятга мослашиб бораётгани, яшаш учун жон-жаҳди билан курашаётганини кўрсатади.

Ўхшаш тарзда, инсоният юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтиш йўлида турли ихтироларга қўл урмоқда, инновациялар яратмоқда. Назарияга кўра, иқлим ўзгариши каби фалокатлар оқибатини юмшатишда ёрдам берувчи технологиялар қанчалик кўп бўлса, инқироз шунчалик ортга чекинади.

Аммо инсониятнинг вазиятга мослаша олиш қобилияти такомиллашиб бораётгани ортидан хотиржамликка берилиш ярамайди. Бизнинг келажакка нисбатан некбин кайфиятда бўлишимизга етарлича сабаблар мавжуд бир пайтда, дунёнинг турли нуқталарида қадим тамаддунларнинг заволга олиб келган жараёнлар бошланиб бўлган: иқлим ўзгариши жиддийлашиб бормоқда, бойлар ва қашшоқлар ўртасидаги жарлик борган сайин кенгаймоқда, жамият тузилмасидаги мураккаблик ўзининг юқори даражасига ўрлаши ортидан ижтимоий-сиёсий ҳаётда турғунликлар ва, ҳатто, ортга чекинишлар кузатилмоқда. Энг муҳими сайёранинг табиий ресурслари кескин қисқариб, инсоният Ерни мавжуд имкониятлариданда кўпроқ эксплуатация қилмоқда.

Поғоналари йўқ нарвон

Бу биз юзлашаётган муаммоларнинг ҳаммаси эмас. Энг хавотирлиси, замонавий дунёдаги бир-бирига боғлиқлик ва қарамлик даражаси ўзининг энг юқори нуқтасига етган. Ўтмишда бирор жамиятнинг қулаши айнан ўша минтақага таъсир қилган, холос ва одамлар вақтинчалик ибтидоий қишлоқ хўжалиги ва овчилик-термачилик шароитида кун кечириб, аксар ҳолларда, яна олдинги ҳолатини осонлик билан тиклай олган. Кўпинча, одамларнинг ўзи илк давлатлар зулмидан қочиш мақсадида ҳудудларни ихтиёрий тарк этган. Ўша вақтларда мавжуд бўлган ибтидоий қуроллар давлатга бундай парокандаликнинг олдини олиш имконини бермаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Технология тамаддун қулашини кечиктиришга қодир

Замонавий жамиятларда бундай ҳолатнинг юзага келиши ва унинг оқибатларини тасаввур қила олиш анчайин мушкул. Ҳозирги давлатлар, ҳатто, айрим гуруҳлар ихтиёрида биологикдан тортиб ядро қуролларига қадар қаршилик кўрсатиш ва жавоб бериш воситалари мавжуд. Бундай вазиятлар фонида бошлангувчи бошбошдоқликларнинг оқибати аянчли тугаши муқаррар.

Келинг, тамаддунни поғоналари мустаҳкам ишланмаган узун нарвон сифатида тасаввур қилиб кўрамиз. Сиз нарвон бўйлаб юқори кўтарилган сарингиз, босиб ўтилган поғона синиб, пастга қулай бошлайди. Қанча кўтарилсангиз, асоратларсиз пастга қайтиш имконияти шунча камайиб бораверади. Энг юқорига нуқтага етганингизда эса нарвоннинг икки асосини тутиб турган поғоналар қолмай, сиз барибир ерга қулайсиз ва бу қулаш, сўзсиз, ҳалокатли якун топади.

Ядро қуролларининг кашф қилиниши ортидан, эҳтимол, биз нарвоннинг энг юқори нуқтасига деярли чиқиб бўлдик. Яна бир поғона кўтарилганимиздан сўнг муқаррар пастга шўнғиймиз. Балки ядро урушидан сўнг инсоният яна тош асрига қайтади, деган гап бекорга айтилмагандир.

Биз иқтисодий жиҳатдан қудратли ва вазиятга мослашувчан бўлиб борганимиз сари ўзимиз яратаётган технологик имкониятлар тамаддунимизга нисбатан мисли кўрилмаган хавфга айланиб бораверади. Масалан, Майя ёки Аназаси тамаддунларининг йўқолиб кетишига сабаб бўлган иқлим ўзгариши ҳозиргисидан кескин фарқ қилган. Мавжуд иқлим ўзгариши табиий равишда кечмаётир - унга инсоннинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Унинг кўлами бутун дунёга ёйилган, у шиддаткор ва унинг асоратлари деярли тиклаб бўлмасдир.

Кун келиб, бизнинг жамият завол топса, бунга бирор ташқи омил эмас, балки айнан ўзимиз ишлаб чиққан технологик имкониятлар сабаб бўлган бўлади. Бундай фожиа юз бергандан сўнг инсониятнинг қайта тикланиш қобилияти деярли йўққа чиқади.

Албатта, ҳар нарсанинг ўз ибтидоси ва интиҳоси бор, жумладан, бизнинг жамиятнинг ҳам. Бироқ биз аллақачон онг жиҳатдан такомиллашган мавжудотларга айланиб улгурганмиз, бизда тарихдан хулоса чиқариш имконияти мавжуд.

Биз юз келишимиз эҳтимоли кучаяётган инқирознинг олдини қандай олиш йўлларини биламиз: атмосферага чиқарилаётган газларни камайтириш, тенгсизликни мувозанатга келтириш, атроф-муҳитни янада вайрон этилишидан сақлаб қолиш, табиатга мос инновацияларни кўпроқ яратиш ва иқтисодиётни диверсификация қилишга ҳали етарлича вақт ва имконимиз бор.

Сўнгги вақтларда бундай қадамлар ҳақида кўп ва ҳўп гапирилмоқда, дастурлар таклиф қилинмоқда. Бироқ уларни амалга оширишга сиёсий ирода ва қатъият етишмаётир.

Агар биз тақдиримиз қандай якун топишини олдиндан била туриб, бунга кўз юмсак, у ҳолда яна тош даврига қайтишимиз турган гап. Зеро тарихдан хулоса чиқармай туриб, олға интилиш бизни фақат тубсиз жарлик томон етаклайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek