Тиннитус: қулоғимдаги шовқин билан қандай яшаяпман?

Британиялик Натали Лунинг қулоғи ичкарисидан келаётган шовқин кечасию кундузи тўхтамайди.

Баъзан кучаяди, баъзан пасаяди, бироқ тўла йўқолиб кетмайди.

Подкастер бўлиб ишлайдиган Наталининг кундалик иши аудио тинглаш билан боғлиқ.

У тиннитусли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

"Қачонки Инстаграмда Тиннитус ҳақида сўз очсам, ҳар доим одамлар ҳайрон бўлиб сўрашади: "Эй, Худойим, сизда ҳам Тиннитус борми? Менда ҳам бор." Шундан кейин гурунг бошланиб кетади, ҳар ким бу вазиятдан қандай қилиб чиқаётгани ҳақида ҳикоя қила бошлайди, ўз тажрибаси билан ўртоқлашади", дейди Натали.

Тиннитуснинг номи лотинча tinnire сўзидан олинган ва "қўнғироқ жиринглаши" деган маънони беради.

Тиннитус ташқарида ҳеч қандай овоз бўлмаганда вақтда ҳам қулоқ ичидаги шовқинни англатади, унинг кўринишлари ғувиллаш, вишиллаш, ҳуштак чалганга ўхшаш, сув оқишига ўхшаш бўлади.

Мутахассисларга кўра, Тиннитус, дунёда анча кўп тарқалган. Айниқса, ёши 55-65 ларда бўлган инсонларда кўп учрайди.

Шу вақтгача Тиннитусдан буткул халос этадиган даво топилмаган.

Даво усуллари сифатида медикаментоз терапия, физиотерапия, рефлексотерапия, эшитиш органлари протези, зулук ва Ҳижома(қон олдириш) қўлланилади.

Натали Лу тиниқиб дам олиш, ўзини стрессга соладиган ҳолатларни камайтиришга интилиш ва кундалик ишларини тўғри ташкиллаштириш қулоғидаги шовқинини камайтиришини айтади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek