Ислом ва мусулмонлар: Салмон Рушдий бутун бошли авлодни радикаллаштириб юборди

Salman Rushdie Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Presentational white space

1989 йилнинг февраль ойи. Эрон олий руҳонийси Буюк Британиядаги ёш мусулмонларга катта таъсир ўтказаётган Салмон Рушдийнинг ўлимини талаб қилиб, фатво эълон қилади.

Ўша вақтлар Аляс Карманий ҳали талаба эди. У талабалик ҳаёти инъом қилиши мумкин бўлган ҳар қандай кўнгилхушликни синаб кўришга интилар эди.

Покистонликлар оиласида дунёга келган Аляс Лондон жанубида вояга етган. Отаси автобус ҳайдовчиси бўлиб, оила анъанавий қарашларга содиқ эди. Дин Алясга берилган тарбиянинг муҳим қисми бўлган эсада, унинг ўзига қизиқ эмас эди.

«Ота-онамизнинг чизган чизиғидан чиқмас эдик. Масжидга қатнардик, лекин оиладан яширинча, иккиюзламачи ҳаёт кечирардик. Биз тунлари кўнгилхушлик қилардик, наша чекардик, қизлар билан юрардик. Хуллас, завқ олиш мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилиб кўрардик,» ҳикоя қилади Аляс.

'Шайтон суралари" муаллифининг янги асари нашрдан чиқди

Британия: Экстремистларни қоралаган мусулмонлар хавотирдалар

Ўзга дин вакилларига: Масжидимизга келинг

Университетга кириш чоғи эшик қоққанда эса, Аляс мусулмонлар жамоатидан нари бўлишни истаб, Лондондан 640 километр шимолдаги Гласгоуни танлайди.

"Мен уй ва жамиятдан имкон қадар тезроқ қочишни истаган эдим. Покистонлик ўзлигимдан нафратланар эдим. Буғдойранг одамлардан дўст орттиришни истамасдим. Ҳамма дўстларим либерал оқ танлилар эди."

Гласгоуда ўқий бошлаган Аляс талабалик ҳаётини базму жамшидлар билан тўлдиради. У тунги клублардан бери келмас, мусиқа ва рақс жону дилига айланиб улгурган эди.

Бироқ 1989 йил февралида унинг ҳаётига жиддий таъсир қилган бир воқеа юз беради - бу Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳомейнийнинг фатвоси эди.

Эрон олий руҳонийси Муҳаммад Пайғамбар ҳаётидан илҳомланиб ёзилган ва мусулмон дунёсида шаккоклик меваси, дея ҳисобланган Satanic Verses (Шайтоний оятлар) китоби учун адиб Салмон Рушдийнинг жисмонан йўқ қилинишига фатво берган эди.

Тўсатдан Аляс ўзига алоқаси бўлмаган муаллиф ва фатво туфайли беайб айбдорга айланади.

"Мени тушунган ва қабул қилган дўстларим менга бармоқ ўқтай бошладилар. Уларнинг менга нисбатан муомаласи тамомила ўзгариб кетди. Энди суҳбатимиз шундай кеча бошлади: 'Сенинг одамларингнинг томи жойидами? Нега бундай қиляпсизлар ўзи? Нега Салмон Рушдийга ўлим билан таҳдид қиляпсизлар? Сен кимнинг тарафидасан? Биз биланмисан ёки бизга қаршимисан?ʼ Бирданига дўстларим учун бегонага айланиб қолдим."

Шундан сўнг Алясда бетоқат оқ танлиларга нисбатан нафрат пайдо бўлади. Ўзининг минг уринмасин, барибир оқ танли бўла олмайдигандек ҳис қилади ва ота-онаси онгига сингдиришга уринган динни яхшилаб ўрганишга, руҳан баркамол бўлишга қарор қилади.

Image caption Аляс Карманий 1990 йилнинг июн ойида

Аляс отаси билан 1980 йилларда қатнаган масжидлар инглиз тилини яхши билмайдиган жанубий осиёлик муҳожирларнинг биринчи ёки иккинчи авлоди томонидан бошқарилар эди. Шу сабабдан у ёшроқ ва инглиз тилини биладиган диний раҳнамо излай бошлайди. Бироқ у ўзи сезмаган ҳолда, 1980 йиллар сўнггида авж олган диний радикал оқимларга қўшилиб қолади. Бундай оқимлар кишининг ахлоқи ва руҳий поклигидан кўра глобал мусулмон ўзлигини шакллантириш ва тарғиб қилишга кўпроқ эътибор қаратар эди.

«Фикрлашим, турмуш тарзим мутлақо тескари томонга бурилиб кетди. Мусулмон бўлмаган барча дўстлардан воз кечдим, университетни ташлаб кетдим ва вужудимни бутунлай ҳаракатга бағишладим,» хотирлайди Аляс.

"Буларнинг бари ўзимга алоқаси бўлмаган китобнинг чоп этилиши ва дўстларимнинг менга қўлини бигиз қилиши ортидан бошланган эди. Шу сабабдан мен доим Рушдийнинг фарзандларидан бириман, дейман. У туфайли оқ танли либераллар мени радикаллаштириб юборди."

Image caption ... орадан олти ой ўтиб, худди ўша йилнинг декабр ойида

Оқибатда Аляс салафийлик мактабининг бир қисмига айланади. Бу оқимда Алясга шахсан таниш бўлган кимсаларнинг айримлари Босниядаги ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлади. Ўзининг айтишича, Аляс ҳеч қачон жанг майдонига тушмаган - сабаби у қурол кўтаришдан кўра «мафкурани тарғиб этишда маҳоратли» эди.

Бугунги кунда Аляснинг танасида қайнаган қон анча совиган.

«Ўша вақтларда мен фақат икки танловни кўрар эдим: яхши ёки ёмон. Биз билан ёки бизга қарши. Ҳалол ёки ҳаром.»


Аляс ҳозирда «ўрта йўлни танлаган» мўътадил мусулмон эканини айтади. Бугун у имомлик қилади, руҳшунослик билан шуғулланиб, одамларга кўмаклашади.

Satanic Verses нашр қилинган вақтларда Эд Ҳусайн Алясдан бироз ёшроқ эди. Ҳали мактабда ўқир эди. Отаси уни китобга қарши уюштирилаётган норозилик намойишига олиб борганида, боши осмонга етган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Брадфордда "Шайтон сура"ларини ёқишмоқда

Рушдийни шаккокликда айблаб, унинг китобларини ёқиш учун атрофдаги шаҳарлардан Лондонга 20 мингга яқин мусулмон келган эди. Масжидлардан ташқарига чиқмайдиган, маҳаллий одамларга қўшилмайдиган лондонлик мусулмонлар ҳам бош кўтарган эди.

Ғазабнок оломон Рушдийнинг китобини ёқа бошлаган пайтда Эднинг отаси уйга кетиш вақти бўлди, деган хулосага келади.

Уйга қайтгандан сўнг Эднинг отаси «биз ундай радикал мусулмон эмасмиз,» дея уқтиради. Бироқ намойиш Эднинг ҳаёлини ўғирлаб қўйган эди. У отасидан яширинча, масжидга қатнай бошлайди ҳамда сиёсат ва динни қориштириб юборган инглиззабон ёш имомларнинг муридига айланади.


'Мусулмонга айландимʼ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Салмон Рушдий ўша вақтлар журналист бўлиб ишлаган Ясмин Алибҳай-Браун учун асл қаҳрамон эди. Ясмин Британиядаги ирқчилик муаммосини очиқ кўтариб чиққани сабабли уни қадрлар эди. Шунинг учун ҳам у янги чоп этилган ва аксар мусулмонларнинг ғазабини тоширган Satanic Verses китобини ўқиб чиқади.

"Китоб ҳеч ҳам жаҳлимни чиқармади. Радикал мусулмон эмасдим, лекин нега Рушдий китоб орқали бошқа мусулмонларни ғазаблантиришга уринганидан ҳайрон бўлдим."

Мусулмонлар Рушдийнинг китобини ёқа бошлаганда, Ясминнинг дўстлари - худди Алясда бўлган ҳолат каби - ўзгариб қолади.

"Ҳаммаси бир зумда 'бизникилар-уларникиларъга айланди. Агар зиёфатлар пайти Рушдий ҳақида бир оғиз салбий фикр билдирсам ҳам, дўстларим менга ижирғаниб қараб, кетиб қолар эди."


Ясмин шундан сўнг онгида «уйғониш даври» бошлангани ҳақида сўзлайди.

"Жамиятдан сиқиб чиқаришгани мени мусулмонга айлантирди. Ўзимга ўзим шундай дедим: Онам мусулмон. Мен мусулмонман. Оилам мусулмон. Мен билан ишлаган оқ танли либераллар мендан юз ўгирди."

«Фатво Лондон масжидларини жонлантириб юборди. Энди унга қатнайдиган йигитларнинг овози янада баландроқ чиқаётган эди. Намойишларнинг кети узилмай қолди,» кўрганлари ҳақида ҳикоя қилади Эд Ҳусайн.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Эд Ҳусайн 2007 йилги Эдинбург китоблар фестивалида

Ундаги мафкуравий ўзгаришлардан хабар топган отаси қатъий шарт қўяди - ёки исломий сиёсатдан воз кечиш ё уйдан чиқиб кетиш. Натижада Эд ота-онасининг уйидаги қулай ҳаёт ва глобал мусулмон жамоатига хизмат қилишдек муқаддас бурчнинг қайси бирини танлашни ўйлаб, аросатда қолиб кетади. Бир қарорга келган Эд уйдан бош олиб кетади.

Эднинг саргузаштлари узоққа чўзилмаган бўлсада, у ўзига энг радикал ғояларни сингдириб, улгуради.

"Мен бутун дунёда халифалик қуриш истагида бўлган Ҳизб ут-Таҳрир ташкилотига бориб қўшилдим," дейди у.

Эднинг диний ўзлиги руҳий баркамолликдан кўра кўпроқ адолатсизлик борасидаги аюҳаннослар таъсирида шаклланиб борар эди.

"Салмон Рушдийга қарши намойишлар уюштирилган паркларда, эндиликда, Британия ҳукуматининг ташқи сиёсатига қарши норозилик билдира бошладик. Биз бир муаллифга қарши чиқишдан бутун бошли Британия ҳукуматига қарши чиқиш даражасига етиб борган эдик. Буткул сиёсийлашиб кетгандик."


Шайтоний оятлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Париждаги намойишлар
  • Адиб Салмон Рушдийнинг сюрреал, пост-модерн кайфиятдаги Satanic Verses асари чоп этилган 1988 йилдаёқ мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлади. Аксар мусулмонлар китобни тақиқлашни талаб қилиб чиқади, аммо, ўз навбатида, цензура ва китобни ёқишга қарши либерал қарашдаги одамлар ҳам мусулмонлар талабига нисбатан кенг намойишлар уюштиради.
  • Оятуллоҳ Ҳомейний фатвоси ортидан норозилик намойишлари ўзининг янги босқичига кўтарилади ва халқаро дипломатик зиддият юзага келади.
  • Satanic Verses китоби туфайли дунё бўйлаб 59 нафар инсон ҳаётдан кўз юмади - улар китобни бошқа тилларга таржима қилган ва намойишларда ҳалок бўлган инсонлар эди.
  • Рушдийнинг ўзи тўққиз йил мобайнида ёлланма қотиллар ва ғазабланган оломондан яшириниб яшашга мажбур бўлади.

Эднинг онгидаги радикал қарашлар шаклланишининг охири кўринмас эди. Бироқ коллежда ўқиб юрган Эд бир насроний болага уюштирилган ҳужум гувоҳига айланади. Эд болани ўлдирган кимсани танир эди.

"Ўша эркак бироз вақт олдин ётоқхонамизга келиб, 'агар кофирлар билан бирор муаммо туғилса, менга хабар беринглар,ʼ деб кетган эди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб, ўша шахс бечора болани кўчанинг ўртасида бўғизлаб ўлдирганига гувоҳ бўлдим."

Бу воқеадан сўнг Эднинг онги остин-устун бўлиб кетади. У кўнгил берган эътиқоди туфайли қалби сўқир инсонга айлангани, ҳар қандай мафкуранинг радикал шакли фақат бузғунчилик келтиришини англаб етади.

Кейинроқ у Британия собиқ Бош Вазири Тони Блейрга маслаҳатчилик қилади ва экстремизмга қарши курашувчи Quilliam таҳлил марказининг асосчиларидан бирига айланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek