Ўзбекистон - Мода саноати: Битта пахтали футболкага 2700 литр сув сарфланади

Мўғул аёли эчки жуни билан Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳар қандай замонавий инсон чиройли кийинишни истайди. Бироқ мода саноати уйимизга қанчалик зарар келтираётганини кўпчилигимиз яхши англамаймиз. Масалан, оддий пахтани олайлик. Ўта катта миқдорда сув талаб қилувчи ушбу ўсимлик дунё бўйлаб чучук сув етишмаслигининг муҳим сабабчиларидан бирига айланиб улгурган.

Замонавий кийим-кечак ишлаб чиқариш дунё бўйлаб ёввойи табиат ва инсониятнинг ўз келажагига ўнглаб бўлмас талафот келтираётган энг йирик саноатлардан биридир. Қиммат кийим бутикларида сотилаётган маҳсулотларнинг аксарияти атроф-муҳит ва жониворларга бевосита салбий таъсир кўрсатади. Қуйида фейшн материалларнинг сиз ҳаёлингизга келтирмаган энг кўп учровчи беш зарари билан танишишингиз мумкин.

Арзон кашмири жемпер ва Мўғулистон даштлари

Мўғулистоннинг бепоён даштлари ва унда яшаётган турли жониворлар, жумладан, қор барси, корсак тулкиси ва бобак суғури айни вақтда жиддий хавф остида қолмоқда. Иқлим ўзгариши, тупроқ емирилиши ва дарёлар-кўлларнинг қуриб қолиши туфайли бу даштлар аллақачон саҳролашиш босқичига кириб бўлган.

Айни вақтда эса жундан иборат майин мато бўлмиш арзон кашмири олиш саноати бу фалокатни янада тезлаштириб юбормоқда. Гап шундаки, бу мато учун жун олинадиган ҳайвонлар сони 1990 йиллардан бери уч баробарга ортган ва улар яйловларни ҳаддан зиёд еб битирмоқда.

Тадқиқотларга кўра, ҳозирда Мўғулистоннинг машҳур яйловларининг 70 фоизи йўқолиб кетиш ёқасига келиб қолган ва бундай ҳолатнинг 80 фоизига айнан чорва ҳайвонларини ўтлатиш сабаб бўлган.

Хўш, мўғул чўпонлари нега чорва бошини янада кўпайтиришга интилмоқда? Жавоб оддий: жаҳон бозорида арзон кашмирига бўлган талабнинг ўсиб бораётгани туфайли. Жуни майин бўлган эчкилар кашмири мато учун жуда ажойиб манба бўла олади, аммо улар бошқа ҳайвонлар, масалан, қўйлардан фарқли ўлароқ, ўсимликларни таг-томири билан суғуриб ташлайди.

Мўғулистон бугунги кунда дунёдаги иккинчи йирик кашмири мато ишлаб чиқарувчи давлат ҳисобланади.

Кир ювиш машинаси ва сув ҳавзалари

Пластикнинг микрозаррачалардан тортиб идишларга қадар бўлган кўринишда уммонлар ва бошқа сув ҳавзаларини булғаётгани, сувда яшовчи жониворларнинг кенг кўламда қирилиб кетишига сабаб бўлаётгани ҳақида кўпчилигимиз эшитганмиз.

Уйингиздаги беозор кўринган дастёр - кир ювиш машинасининг сув ҳавзаларини қанчалик даражада заҳарлаши мумкинлигини биласизми?

Замонавий кийимларнинг аксарияти синтетик материаллардан тайёрланади. Бундай кийимлар оддий кир ювиш машинасида ювилганида, миллионлаб митти толалар оқава тизимлар орқали уммонлар, денгизлар ва дарёларга бориб тушади. Бу толалар ўзида ўта заҳарли кимёвий моддаларни сақлайди. Сувга тушгандан сўнг улар шиддат билан экотизимлар, сув жониворларини заҳарлай бошлайди.

Тадқиқотчилар бундай толаларни дунёнинг турли бурчагида турфа жониворлар танасидан топган. Микротолалар, ҳаттоки, биз истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам тушиши аниқланган.

Толаларнинг жониворлар организми учун энг хавфли жиҳати шундаки, у ҳазм қилиш трактини бузиб юборади. Оқибатда, ҳазм қилиш жараёни ишдан чиқади ва жонивор чекланган миқдорда озиқланиш ҳамда очликдан ҳалок бўлади.

Целлюлоза толалар ва йўқолиб бораётган ўрмонлар

Целлюлозадан олинган толали матолар фейшн саноатида юксак қадрланади. Ўз навбатида целлюлоза, асосан, ёғочдан олинади. Бу ишлаб чиқариш жараёнининг мантиқий давоми ўрмонларга бориб тақалади. Демак, биз сотиб олаётган кийимлар ўрмонларнинг қисқариб бориши ва уларда яшаётган ҳайвонларнинг қирилиб кетишига бевосита ҳисса қўшмоқда.

Бугунги кунда, йилига 150 миллион дарахт кийим-кечак саноати учун кесиб ташланмоқда. Машҳур кийим брендларининг атиги бармоқ билан санарли қисмигина бу учун махсус қайта тикланувчи ўрмонлардан фойдаланади. Бироқ целлюлоза толаларга бўлган талаб Индонезия, Канада ва Амазон ўрмонларининг остин-устун қилинишига сабаб бўлмоқда.

Ўрмонлар сайёрамизни кислород билан таъминловчи асосий «ўпка» бўлгани сабабли ҳам уларнинг қисқариб бориши иқлим ўзгаришига бевосита таъсир қилади, аммо инсоният чиройли кийимларга бўлган ҳавас ортидан бундай фожиага эътибор бермай, ўз келажагини булғамоқда.

Оби-ҳаёт васвасаси

Одамларда табиий маҳсулотлар атроф-муҳитга зарар келтирмайди, деган қараш мавжуд. Бироқ зарар маҳсулотнинг ўзидан келмаса ҳам, уни етиштириш ва ишлаб чиқариш давомида экотизимга тиклаб бўлмас фалокат етиши мумкин.

Масалан, оддий пахтани олайлик. Ўта катта миқдорда сув талаб қилувчи ушбу ўсимлик дунё бўйлаб чучук сув етишмаслигининг муҳим сабабчиларидан бирига айланиб улгурган. Пахтадан тайёрланган биргина футболканинг тайёр ҳолга келиши учун 2,700 литрга қадар сув талаб этилади. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистонда пахта етиштириш саноати Орол Денгизининг тамомила қуриб битишига олиб келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бундан ташқари пахта етиштириш давомида юқори даражада заҳарли пеститсидлар ва бошқа хавфли кимёвий моддалардан фойдаланилади. Бу ҳам сув ва тупроқнинг катта кўламда зарарланишига сабаб бўлади.

Дунё бўйлаб қишлоқ хўжалигида ҳашаротларга қарши қўлланилувчи кимёвий моддаларнинг 22.5 фоизи айнан пахта саноатига тўғри келади. Айни дамда олимлар яқин келажак ичида ҳашаротлар тури ва сонининг кескин қисқариб кетишидан огоҳлантириб, бонг урмоқда.

Тинимсиз ўзгараётган кийимлар

Сўнгги вақтларда ишлаб чиқарувчилар ҳар бир фасл ёки муддатга мослаб, ўз кийим коллекцияларини тинимсиз ўзгартирмоқда. Бундан асосий мақсад - одамларни тезроқ ва кўпроқ кийим сотиб олишга янада ундаш. Оқибатда, ҳар бир инсоннинг уйида кундалик ҳаётда деярли кийилмайдиган кийим-кечак ғарами юзага келмоқда.

Ҳар йили дунё фейшн саноати 100 миллиарддан зиёд янги кийим-бош ишлаб чиқаради. Бироқ уларнинг ҳаммаси кўп вақт ўтмай, ахлатга отилади. Замонавий кийимлар чириши қийин кечувчи синтетик материаллардан тайёрланган. Синтетик материалларнинг аксарияти эса нефть маҳсулотларидан олинади.

Хулоса ўрнида айтганда, оддий бир кўйлак истеъмолчи учун арзимаган пулга тушиши мумкин, лекин у ёввойи табиатга келтираётган зарарни тўлашга инсониятнинг ҳеч қачон қурби етмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek