1986 йил 26 апрел, Чернобил: Одамлар ҳалокат асоратларидан ҳамон қўрқадилар

1986 йили Чернобил атом электр станциясида портлаш юз берганидан бери 4,000 квадрат километрдан зиёдроқ майдон кимсасиз ҳудудга айланган. Би-би-си мухбири Виктория Жилл хавфли нурланиш даражаси юқори бўлган бу ерларнинг чекланган фаолият олиб боришга рухсат берилган истисно зонасида бир ҳафта бўлиб, қайтди.

Victoria Gill in the Chernobyl Exclusion Zone

«Ҳаётимнинг ярмидан кўп қисми шу ерларда ўтди,» дейди украиналик олим Геннадий Лаптев.

«Бу ерда ликвидатор сифатида ишлашни бошлаганимда, энди 25 ёшда эдим. Ҳозир деярли 60 ёшдаман.»

Ҳалокат юз бериши ортидан минглаб одамлар ядровий асоратларни тозалаш-тугатиш ишларига жалб қилинади. Уларни ликвидаторлар, деб аташар эди.

Геннадий ва унинг жамоаси ҳар куни истисно ҳудудидан тупроқ намунаси олиб, ундаги радиоактив заҳарланиш даражасини ўлчайди.

Шу тариқа, сўнгги 30 йилдан бери юзлаб олимлар табиатнинг ядровий фалокат ортидан ўзини қандай тиклаб олишини кузатиб келмоқдалар.

Қимматга тушган тажриба

портлаш юз берган тўртинчи реактор усти улкан пўлат ҳимоялагич билан ёпиб қўйилган.
Image caption Портлаш юз берган тўртинчи реактор усти улкан пўлат ҳимоялагич билан ёпиб қўйилган.

1986 йил 26 апрел. Соат тунги 1:23. Муҳандислар Чернобил станциясининг тўртинчи рақамли реакторини электр қувватидан узиб қўйдилар. Бу электр таъминоти ўчиб қолганда, қандай ҳолат юз беришини билиш йўлида ўтказилаётган тажрибанинг муҳим қисми эди. Бироқ бу тажриба инсоният учун қимматга тушади.

Электр қуввати ўчиши ортидан реакторни совуқ сув билан таъминлайдиган турбиналар ҳаракати секинлашади. Оқибатда, сув миқдори камайиб, кўпроқ буғ ажраб чиқа бошлайди ва ички босим юқорилаб кетади. Реактор операторлари нима юз бераётганини англаганда эса, аллақачон кеч бўлган эди.

Кучли буғ босими натижасида юз берган портлаш реакторнинг юқори қисмини осмонга учириб юборади. Икки одам ҳалок бўлади. Шамол радиоактив тутундан ташкил топган булутни Европа томон олиб кетади.

Short presentational grey line
Геннадий Лаптев (ўнгда) 1986 йил ҳар куни тикучар билан реактор портлашидан зарар кўрган зоналардан тупроқ ва сув намуналарини олиб келарди Фото муаллифлик ҳуқуқи G Laptev
Image caption Геннадий Лаптев (ўнгда) 1986 йил ҳар куни тикучар билан реактор портлашидан зарар кўрган зоналардан тупроқ ва сув намуналарини олиб келарди

Юзага келган кучли ёнғинни ўчиришга уринган ишчиларнинг 134 нафарига ўткир нурланиш ташхиси қўйилади. Уларнинг 28 нафари бир неча ой давомида дунёдан кўз юмади.

Украиналик атроф-муҳит ўзгаришлари бўйича мутахассис Геннадий нурланиш даражасини аниқлаш ва зарар кўрган ҳудуд харитасини чизиб чиқиш ишларини олиб борган гуруҳ таркибида эди.

Бугун одам кириши тақиқланган 4,000 квадрат километрли бу зона Украина ва Белорус ҳудудида жойлашган. У Лондон шаҳридан икки баробар каттадир. Станциядан 30 километр радиусда жойлашган ҳар бир аҳоли маскани ҳалокатнинг илк вақтларидаёқ шошилинчда эвакуация қилинган ва ҳеч кимнинг ўз уйига қайтиб келишига рухсат берилмаган.

30 километрдан сўнг бошланувчи истисно ҳудуди четларига одамлар фожиадан бир неча ой ўтиб, яна қайтиб келган.

2,500 нафардан сал зиёдроқ одам истиқомат қилувчи Народичи шаҳарчаси истисно ҳудудига энг яқин аҳоли маскани ҳисобланади. Народичиликлар ҳукуматнинг қатъий талабларига бўйсуниб яшайди: истисно ҳудудида ҳеч қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилмаслиги ва бирор бино бунёд этилмаслиги шарт.

Народичи зарарланган шаҳарлардан бири
Image caption Народичи зарарланган шаҳарлардан бири

Бугунги кунда Украинанинг ушбу ҳудудини ҳақиқатан хавфли ёки хавфдан ҳоли, деб аниқ айтиш мушкул. Тадқиқотлар Чернобилнинг оқибатлари жуда мураккаб ва чалғитувчи эканини кўрсатмоқда. Фақат бир нарсани аниқ эътироф этиш мумкин: нурланишдан қўрқув ҳисси одамларни нурланишнинг ўзидан кўра кўпроқ қийнамоқда.

'Самолёт борти бу ердан кўра хавфлироқʼ

Ҳозирда портлаш юз берган тўртинчи реактор усти улкан пўлат ҳимоялагич билан ёпиб қўйилган.

Британиялик профессор Жим Смит Геннадий билан биргаликда бу ерни 1990 йилдан бери тадқиқ қилиб келади. Мен унинг қўлида оддий телефон ҳажмидаги нурланиш даражасини ўлчовчи махсус асбоб - дозиметрни кўраман.

Дозиметр инсон танаси ҳар бир соатда қанча миқдорда нурланиш даражаси олаётганини кўрсатиб туради. Бу миқдор махсус бирлик (микрозиверт)да ўлчанади. Киевга учиб келаётганимизда, учоқ бортидаги нурланиш даражаси соатига 1.8 микрозивертни ташкил қилган эди.

дозиметр

Истисно зонасидаги нурланиш эса ундан анча паст эканига гувоҳ бўлдик.

"Ҳозирги даража 0.6 микрозиверт. Бу биз учоқда олган нурланиш даражамиздан уч баробарга камдир," дейди Жим.

Жимнинг тушунтиришича, сайёрамиз доим ўзидан табиий нурланиш таратиб туради. Нурланиш қуёш нури, биз истеъмол қилаётган овқат, Ер қаъридан келади. Атмосфера бўйлаб қанча юқори кўтарилган сари нурланиш даражаси ҳам ортиб бораверади. Шу сабабдан 12 километр баландликда учаётган самолёт бортида нурланиш юқори бўлиши табиий.

Inside Unit 3 of the Chernobyl nuclear power station

Истисно зонасидаги хавфлилик даражаси дунёнинг аксар қисмларида учрайдиган табиий нурланиш даражасидан сезиларли пастдир.

Ҳалокатли нуқталар

Одамлар кўчириб олиб чиқилгандан сўнг ёввойи табиат тақиқланган ҳудуд устидан мутлақ ҳукмронлигини ўрнатган.

Жим ва унинг ҳамкасблари яширин камералар ёрдамида ёввойи ҳайвонларнинг қандай кун кечираётгани ва нурланиш уларга қай даражада таъсир қилаётганини ўрганиб келади.

Истисно зонасида жойлашган Қизил Ўрмон хавф даражаси энг юқори нуқталардан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби портлаш юз берган вақтда шамол радиоактив материаллар куйиндисини айнан шу ерга учириб келган.

Red Forest, 4km from the Chernobyl reactor

Биз махсус кийимда ўрмонга кирамиз. Жимнинг дозиметридаги рақамлар 35 микрозивертга қадар кўтарилганини кўраман. Бу истисно зонасининг бошқа ҳудудларидаги нурланиш даражасидан салкам 60 баробар кўпроқ деганидир.

«Бундай нуқталарда узоқ қолиб бўлмайди,» огоҳлантиради Жим.

Жим ва унинг жамоаси зудлик билан тупроқ намуналари, бир неча фотосурат олади ва биз ҳалокат нуқтасидан ташқарига шошиламиз.

'Отлар ҳудуд шароитига кўникмоқдаʼ

Ўрмон ёнғинининг олдини олиш мақсадида тақиқланган ҳудудга ёввойи отлар қўйиб юборилган
Image caption Ўрмон ёнғинининг олдини олиш мақсадида тақиқланган ҳудудга ёввойи отлар қўйиб юборилган

Кимсасиз жойга айланган Бураяковка қишлоғи электр станциясидан атиги 10 чақирим нарида жойлашган. Бу ердаги нурланиш даражаси учоқдагидан ҳам паст - 1.0 микрозиверт.

Ёғоч уйларнинг биридаги манзара ҳалокатдан сўнг одамлар қанчалик шошилинчда кўчирилганини кўрсатади. Деярли ҳамма нарса ўз ўрнида турибди - гўё одамлар бир зумда ғойиб бўлгандек. Стулга ташлаб қўйилган пальтони ўттиз йиллик чанг қоплаган.

Burayakovka

Эндиликда уйларни ёввойи ҳайвонлар эгаллаб олган. Узоқ вақт давом этган тадқиқотлардан аён бўлишича, ёввойи жониворлар - қўнғир айиқ, силовсин ва қобон - очиқ ерлардан кўра ташландиқ қишлоқларда яшашни маъқул кўради.

Киев Ҳайвонот Боғи тадқиқотчиси доктор Марина Шквирия йиллардан бери Чернобил атрофидаги йирик сутемизувчилар ҳаётини тадқиқ қилиб келади.

Камерага тушган тасвирларда тақиқланган ҳудудда силовсин юрганини кўриш мумкин Фото муаллифлик ҳуқуқи TREE Research Project
Image caption Камерага тушган тасвирларда тақиқланган ҳудудда силовсин юрганини кўриш мумкин

Унинг ишларидан нурланиш юқори нуқталарда қушларнинг ДНКси бузилгани маълум бўлган, аммо Марина истисно ҳудудида ёввойи ҳаёт қайтанга гуллаб-яшнаб бораётганини таъкидлайди.

У Чернобил бўриларига алоҳида тўхталиб ўтади.

«15 йиллик кузатишлар натижасида биз бўрилар ҳақида жуда кўп нарсалар билиб олдик. Чернобил бўриси Украина ҳудудидаги энг табиий бўрилардан биридир.»

«Табиий» сўзи орқали у Чернобил ҳудудида яшовчи бўриларнинг озиқланишига инсон омили умуман таъсир кўрсатмаслигини назарда тутмоқда.

«Одатда, бўрилар аҳоли масканлари яқинида кун кечиради. Улар чорва моллари, уй ҳайвонлари ва ташландиқ овқатлар билан озиқланади. Бироқ бу ер бўриларини фақат Табиат боқади,» изоҳлайди Марина.

Ов қилинмаслик Чернобил бўриларнинг кўпайишига олиб келган бўлиши мумкин Фото муаллифлик ҳуқуқи TREE Research Project
Image caption Ов қилинмаслик Чернобил бўриларнинг кўпайишига олиб келган бўлиши мумкин

Чернобил бўрилари кийикларни овлайди, балиқ тутади. Яширин камералар, ҳатто, уларнинг мева еяётганини ҳам тасвирга олган.

Чернобил ҳудудида яна шундай бир жонивор борки, у азалдан маҳаллий ёввойи муҳитга мос эмас. Бу - Прежевалский отлари.

1998 йилда олимлар 30 бош Прежевалский отларини истисно зонасига қўйиб юборадилар. Бундан мақсад баланд ўсаётган пичанни отлар ёрдамида камайтириб, табиий ёнғинлар юз бериш эҳтимолини пасайтириш эди. Айни дам отлар сони 60 тага етган.

Прежевалский отларининг асл ватани Мўғулистон даштларидир. Қаровсиз қолган уйлар ва ўрмонларга улар кўникмаган.

«Лекин улар айнан уйларда яшамоқда. Улар эски бостирмалар ва биноларга кириб, иссиқ, чивинлардан сақланади. Отлар ўзи учун бегона муҳитга кўникмоқда,» ҳикоя қилади Марина.

'Олчали ароқдан олинг'

Бироқ барча қишлоқлар ҳам ҳайвонлар учун қолдирилмаган - станцияга яқин ҳудудда ҳали ҳам одамлар яшаб келади.

Мария (ўнгда) ва унинг қўшниси 15 кишидан иборат қишлоқда яшашади.
Image caption Мария (ўнгда) ва унинг қўшниси 15 кишидан иборат қишлоқда яшашади.

Сафаримизнинг тўртинчи кунида биз Мариянинг уйига меҳмонга бордик. Қарангки, ташрифимиз унинг туғилган кунига тўғри келиб қолибди. Мария 78 ёшни қарши олмоқда эди.

У мен, Жим, ҳамкасбимиз Майк ва тилмочимиз Денисни ҳовлидаги ёғоч столга таклиф қилади.

Мария байрам дастурхонини безай бошлайди - ёғли шўр бекон, бутунлигича пиширилган балиқ, тўғралган сосиска ва буғи чиқиб турган картошка. Яна қўлбола тайёрланган икки хил спиртли ичимлик ҳам олиб келади. Уларнинг бири рангсиз, иккинчиси эса қип-қизил.

"Агар оддий ароқ ёқмаса, унда олчалисидан олинг. Ўзим тайёрлаганман," меҳмондўстлик қилади Мария.

Мария атиги 15 кишидан иборат маҳаллий жамоат аъзосидир. Улар мажбурий кўчириш ортидан 1986-йилнинг ўзидаёқ ташлаб кетган уйларига қайтиб келганлар.

Бўшаб қолган қишлоқларнинг номи ёзилган белгилар Чернобилда ёдгорлик майдонига айланган
Image caption Бўшаб қолган қишлоқларнинг номи ёзилган белгилар Чернобилда ёдгорлик майдонига айланган

Ҳудуддан зудлик билан кўчирилган деярли ҳар бир оилага яқин атрофдаги шаҳар-қишлоқлардан янги хонадон берилган. Мария ва унинг ёши ўтиб қолган онаси учун шу ер асл уй эди.

«Ортга қайтишимизга изн беришмади, лекин онам қайтаман, деган гапида туриб олди. Ўша вақтда ёши 88 да эди. Мен эса жимгина онамнинг ортидан эргашиб келдим,» эслайди Мария.

Истисно зонасида, умумий ҳисобда, 200 га яқин инсон муқим кун кечиради. Ташқи дунёдан узилиб қолган бу жамоатларда ёшларни умуман учратмайсиз.

«Ҳаммамизнинг ёшимиз бир жойга бориб қолган. Яшаш осон эмас, аммо биз яшашда давом этмоқдамиз.»

«Киевдан болаларим кўргани келганда, уйим тўлиб кетади. Бўлмаса, ҳаёт зерикарли бўлиб қолар эди. Биласизми, бу бизнинг она еримиз. Унинг ўрнини ҳеч ер боса олмайди,» таъкидлайди Мария.

Мариянинг қўл телефони жиринглаб қолади. У инсон боласи яшаши ўта хавфли бўлган боғидан туриб, Киевдаги қизига Би-би-си номидан ташриф буюрган меҳмонлар билан суҳбатлашаётганини айтади. Табиийки, қизи бундай кутилмаган ҳолдан ҳайратга тушади.

Чернобил атрофидан кўчирилган одамларнинг катта қисми станциядан атиги бир неча чақирим беридаги Припят шаҳрида яшар эди. Совет мезонлари бўйича орзудаги шаҳар бўлган бу маскан станция ишчилари учун бунёд этилган эди. Бироқ 50 минг аҳолига эга шаҳар бир кечанинг ўзида ҳувиллаб қолади.

Узоқ вақт олиб борилган текширувлар давомида Припят ҳудудида қисқа вақт бўлиш инсон соғлиги учун хавфли эмаслиги аниқланди. Ҳозирда бу ташландиқ шаҳар Украинадаги машҳур сайёҳлик манзилларидан бирига айланиб бормоқда. Ўтган йили 60 мингга яқин одам бу жойни кўришга келган.

'Чернобил қўрқинчли жой эмаслигини одамларга айтинг'

Чернобил шаҳрининг ўзи, номига зид равишда, атом электр станциясидан узоқроқда жойлашган. Хавф даражаси анча паст бўлган шаҳар бошқа ҳудудларга нисбатан гавжумроқ. Олимлар, техник ишчилар ва сайёҳлар шу ерда тунайди.

Геннадий, Жим, мен ва тадқиқот жамоасининг бошқа аъзолари Чернобил шаҳридаги мўъжаз меҳмонхоналардан бирига жойлашамиз. Меҳмонхона совет усулида қурилган ва безалган. Ходимлар, қабул қилинаётган нурланиш даражаси ортиб кетмаслиги учун, ҳар уч ойда алмашиб туради.

Меҳмонхона менежери Ирина бувиси билан Припятда яшаган вақтларини бизга ҳикоя қилиб беради.

Ҳалокатдан олдин Припятда 50 минг одам яшаган
Image caption Ҳалокатдан олдин Припятда 50 минг одам яшаган

Портлашнинг эртаси куни - 27 апрелда одамларни оммавий кўчириш бошланади. Одамлар кўчалар бўйлаб тизилиб, «халоскор» автобуслар келишини кута бошлайди. Ирина ўша куни бувисининг квартирасига қайтаётган эди.

музқаймоқ

«Бувимнинг танишларидан бири мол-холини юк машинага орта бошлади. Бувим ундан мени ҳам олиб кетишини илтимос қилди. Мен машинанинг устига чиқиб олдим,» хотирлайди Ирина.

Chernobyl town

«Нималар юз бераётганини умуман тушунмас эдим.»

Ирина, минг истамасин, Припятга қайта олмайди. Бироқ у Чернобилни қайта тикланишига ҳисса қўшаётганидан ғурурланади.

Припятдаги ўйин аттракциони
Image caption Припятдаги ўйин аттракциони

«Ватанингизга қайтганингизда, одамларга Чернобилнинг қўрқинчли жой эмаслигини айтинг,» илтимос қилади у мендан.

'Чернобиллик эканимизни унутиб қўйганмизʼ

Чернобил меҳмонхонаси ичида
Image caption Чернобил меҳмонхонаси ичида

Геннадий Народичи шаҳарчасида маслаҳат йиғини ўтказилиш арафасида эканини айтиб қолди. Хавфли ҳудуддан ташқарида ўтказилаётган бу йиғинда олимлар, маҳаллий жамоат аъзолари, тиббий экспертлар ва истисно зонасига масъул расмийлар иштирок этиб, ҳудуднинг келажаги қандай бўлиши лозимлигини муҳокама қиладилар.

Narodichi, Ukraine

30 йилга чўзилган тадқиқот истисно зонаси анча хавфсиз, бу ерда экин экиш ва уй-жой қуриш мумкин, деган хулосага келди.

Мажлисда Жим ва Геннадий ҳам ўз хулосалари билан ўртоқлашадилар.

Йиғин давом этаётган бир пайтда мен шаҳарча болалар боғчасини бориб кўраман.

Фожиадан аввал бу ерда 360 нафар бола тарбияланар эди. Юзидан табассум аримайдиган боғча мудираси Татяна Кравченко эвакуация онларини ёдга олади.

«Болаларни тарбиячилар билан бирга хавфсиз жойга кўчиришди. Уч ойдан сўнг бизни яна ортга қайтардилар. Ўша вақтда 25 нафар бола қолган эди, холос. Сўнг боғчамиз яна болага тўла бошлади. Ҳозир болаларимиз сони 130 нафарга етган.»

Children at Narodichi kindergarten in the Chernobyl exclusion zone

Татяна яшаётган ҳудуди ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламай қўйганини айтади.

"Биз чернобиллик эканимизни унутиб юборганмиз. Саломатликдан кўра бошқа ўйлайдиган ташвишимиз сероб. Аҳолининг ярми ишсиз. Тирикчилик асосий ғамимиз."

'Эҳтимол, харитани қайтадан чизиш вақти келгандирʼ

Мажлисда эса иштирокчилар хавфсизлик чекловларини енгиллатиш масаласи юзасидан мунозарани давом эттиради. Бироқ томонларнинг фикри ҳа, деганда бир ердан чиқавермайди.

Одамлар 1986 йил содир бўлган ҳалокат асоратларидан ҳамон қўрқади
Image caption Одамлар 1986 йил содир бўлган ҳалокат асоратларидан ҳамон қўрқади

Аммо тирикчилик ғами оддий аҳолини хавфсизлик масаласи билан бирдек ташвишга солади. Фожиа оқибатида зарар кўрганлар давлатдан ҳар ой товон пули олади, лекин шаҳарчадаги ишсизлик даражаси жуда юқори.

Албатта, шаҳарча аҳолиси ҳануз нурланиш эҳтимолидан чўчийди. 30 йиллик изланиш, тадқиқот ва ўрганиш нурланишнинг одам саломатлигига асл таъсири, оқибатларини тугал аниқлай олмаган.

Ўтган вақт давомида радиоактив заҳарланиш туфайли юзага келган 5,000 га яқин қалқонсимон без саратони ҳолати қайд этилган. Касалликка чалинганларнинг аксарияти даволанган ёки бутунлай хасталикдан фориғ бўлган.

Chernobyl Nuclear Power Plant

Айни вақтда ҳудуд аҳолисида юзага келаётган касалликларнинг қанча қисми айнан Чернобил фожиаси туфайли юзага келаётганини аниқлашнинг деярли имкони йўқ.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, ҳудуддаги саратон тарқалиши даражаси Европанинг бошқа қисмларидан юқори эмас.

Шунингдек, турли ноқисликлар билан туғилаётган болаларнинг ҳаммасини Чернобил қурбонлари сифатида кўрсатиб бўлмайди, дейди мутахассислар. Уларга кўра, оддий ёд етишмаслиги ҳам айни ҳолатга сабаб бўлиши мумкин.

Scientist inside Chernobyl exclusion zone
Image caption Геннадий (ўнгда) ва ҳамкасблари радиация ҳудудида тадқиқот доирасида ҳосил етиштирмоқда

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг 2006 йилдаги ҳисоботида таъкидланишича, Чернобил ҳудудига яқин яшаган кўплаб одамларнинг ақлий ҳолатида жиддий бузилишлар юзага келган. Бунга сабаб - нурланишдан ҳаддан ташқари қўрқиш ҳисси.

Геннадий Народичи халқининг ҳанузга қадар нурланишдан қўрқиб яшашини айтади.

Умидсизлик ва қўрқув асирига айланган одамларнинг аксарияти чекиш ва ичишга берилиб қолган. Айнан зарарли одатлар народичиликлар саломатлиги ва турмуш тарзига нурланишдан кўра кўпроқ салбий таъсир қилади.

'Биз ҳеч қаерга кетмаймизʼ

Геннадий мажлиснинг ўзи кутган натижаларсиз тугаганини айтади, лекин иштирокчиларнинг кўпчилиги ҳудудга ўзгаришлар керак эканини тан олганини ҳам қўшимча қилади.

«Одамлар шаҳарча ҳаётини жонлантирмоқчи. Олимлар сифатида биз жуда кўп тақиқланган жойларда ҳаётни қайта тиклаш мумкинлигини яхши биламиз. Менимча, одамлар тўғри йўлдан кетмоқда,» хурсанд сўзлайди Геннадий.

Народичидаги мажлис шаҳарни қайта жонлантириш учун илк қадам бўлиши мумкин
Image caption Народичидаги мажлис шаҳарни қайта жонлантириш учун илк қадам бўлиши мумкин

Болаларни тушки уйқуга чорлаётган Татяна шаҳарчанинг тезроқ тақиқланган ҳудуд ҳисобидан чиқариб юборилишини исташини айтади.

«Уйларни қайта тиклаб, уларни одамлар билан тўлдириш мумкин. Биз шуни орзу қиламиз.»

«Биз шу ерликмиз. Ҳеч қаерга кетмаймиз. Фарзандларимиз ҳам шу ерда яшайди.»

Би-би-си Илм-фан мухбири Виктория Гилл. Суратларни Жемма Кокс олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek