Ўзбекистон ва дунё: Брекситдан сўнг Британиянинг авторитар давлатларга муносабати қандай бўлади?

British and EU flags flutter outside the Houses of Parliament

Сурат манбаси, Reuters

Британ сиёсатчилари ва сиёсатшунослари Европа Иттифоқидан чиқиб кетганидан сўнг Буюк Британия ташқи сиёсатини қандай аҳволда тасаввур қиладилар?

Охирги уч йилдан бери Буюк Британия Брексит масаласи билан банд. Ҳеч кимнинг келажак ҳақида ўйлашга вақти ва имкони йўқ.

Иттифоқдан чиқиб кетишнинг белгиланган сўнгги муддати - 29 март яқинлашган сари келажакдан ташвишланган сиёсатчилар уч йиллик уйқудан бирин-кетин уйғона бошламоқда.

Бу, айниқса, ташқи сиёсат масаласида кўзга ташланмоқда.

Айрим сиёсатчиларни Брекситдан сўнг Буюк Британиянинг халқаро майдондаги мавқейи қандай бўлиши ташвишга солмоқда.

Сурат манбаси, AFP/PRU

Баъзи сиёсатчилар ва парламент депутатлари аллақачон ўзларининг ташқи сиёсат келажагига тааллуқли таклифлари билан чиқа бошлаган.

Яқинда расмий мухолифат ҳукуматининг ташқи ишлар вазири Эмили Торнберри илмий институтлардан бирида нутқ сўзлади. Ўз нутқи давомида Торнберри хоним келажакда Лейбористлар ҳокимияти остида олиб борилиши кўзланган ташқи сиёсат қораламаси тўғрисида гапирди. Унинг таклифларида нафақат тижорий манфаатлар, балки Буюк Британиянинг қадриятларини ҳам тарғиб этувчи ташқи сиёсат борасида сўз боради.

Торнберри хоним лойиҳасида инсон ҳуқуқлари ва қурол-яроғ савдосига катта эътибор берилганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи,

Расмий мухолифат ҳукуматининг ташқи ишлар вазири Эмили Торнберри

Орадан бир неча кун ўтиб, Консерваторлар партиясидан сиёсатчи, парламент депутати ва Ташқи Ишлар Қўмитаси аъзоси Боб Силей Буюк Британиянинг келажакда дунёдаги ўрни қандай бўлиши лозимлигига бағишланган ўзининг 40 саҳифалик лойиҳасини эълон қилди.

Унинг лойиҳасида Буюк Британиянинг ҳар бир соҳада эркинлик намунаси бўлиши зарурлигига урғу берилган: савдо эркинлиги, тазйиқ-таъқибдан эркинлик ва фикр эркинлиги.

Жаноб Силей Буюк Британия келажакда протекционизмга қарши кураш, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва замонавий қулликни йўқ қилиш ҳамда Би-би-си Жаҳон Хизмати фаолиятини кучайтириш орқали авторитаризмга зарба бериш йўлида Жаҳон Савдо Ташкилотини ислоҳ қилиши зарур, дея уқтирган.

Сурат манбаси, Getty Images

Асосий эътибори Брекситга қаратилган бўлсада, ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант, эндиликда, диққатини матбуот эркинлиги ва насронийларни таъқиблардан муҳофаза қилиш масалаларига йўналтирмоқда. Жаноб Ҳантнинг мамлакат ташқи сиёсатига доир асосий ғояси - бу Британиянинг дунё демократик кучларини бирлаштириб турувчи «кўринмас занжир»га айланиши.

Унинг умид қилишича, Буюк Британия келажакда озодлик, қонун устуворлиги ва фуқаролик-сиёсий ҳуқуқларни кенг қулоч ёзиб бораётган авторитар режимлардан ҳимоя қилувчи муҳофазачига айланади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант Британияни ташқи сиёсатда демократиянинг «кўринмас занжири» сифатида кўради

Бироқ юқорида тилга олинган таклифлар 2016 йил июнь ойида Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш масаласи бўйича ўтказилган референдумдан бери деярли ҳеч бир сиёсатчи ташқи сиёсат масаласида жиддий бош қотирмаганидан далолат бермоқда.

Сиёсатчиларнинг ташқи ишлар масаласига доир саволларга ўлда-жўлда жавоб қайтариши кишида келажакка нисбатан қаттиқ хавотир уйғотади.

Ноаниқ ғоя

Жаноб Силей илгари сурган ташқи сиёсат лойиҳасида соҳага тааллуқли мамлакат сиёсий тузилмаларини тубдан ўзгартириш ҳақида гап боради. Бироқ бу тузилмалар айнан қандай вазифани бажариши лозим, деган саволга жавоб топилмайди.

Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант таклиф қилган демократиянинг «кўринмас занжири» ғоясининг номиданоқ унинг қанчалик нўноқларча ишлаб чиқилганини англаса бўлади.

Кўринмас сиёсат мутлақо мужмал тушунча, аммо, энг муҳими, бир вақтлар йирик мустамлакачи бўлиш ортидан замонавий дунёда ўз ўрнини топишга уринаётган мамлакат ташқи сиёсатини «занжир» сўзи билан ифодалаш унинг имиджига жиддий путур етказиши мумкин.

Бундан ташқари жаноб Ҳант янада кўпроқ британ дипломатларини тайёрлаш, БМТни ислоҳ қилиш каби кўплаб тузилмавий ўзгаришлар юзасидан ҳам ўз таклифларини берган.

Аммо сиёсатчилар ўз таклифларида кун тартибидаги асосий масалаларни назардан қочириб қўйган.

Ўн йиллар давомида Британия АҚШ ва Европа Иттифоқи муносабатларида кўприк вазифасини ўтаб келди. Бироқ, айни вақтда, келажакда Британиянинг АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабати қандай кечиш лозим, деган асосий масала юзасидан таҳлиллар жуда кам.

Шунингдек, Африкада юз бераётган демографик портлашга нисбатан ҳам деярли эътибор қаратилмаган.

Яна ҳам муҳими, таклифларнинг аксариятида бирламчи тамойиллар бир четга суриб қўйилган.

Бирламчи тамойил шуки, Буюк Британиянинг келажакдаги ташқи сиёсати борасида бош қотиришдан аввал 21 асрда Британиянинг ўзи қандай бўлиши лозимлигини муҳокама қилиш зарурроқдир. У қандай умумий сиёсат юритиши керак?

19 асрда яшаб ўтган давлат арбоби ва бош вазир Уилям Гладстон ўзининг ташқи сиёсатдаги бирламчи тамойили сифатида «ҳукуматнинг, аввало, ички сиёсатда яхши бўлиши»ни эътироф этган эди.

Ва у ҳақ эди: миллий ўзлиги кучли бўлган, иқтисодий жиҳатдан бақувват ва барқарор сиёсий бошқарувга эга мамлакатларгина яхши ташқи сиёсат олиб бориши мумкин. Бироқ Буюк Британияда шундай сифатлар мавжудми? Эҳтимол, у ташқи сиёсат ҳақида ўйлашдан олдин ички сиёсатини ислоҳ қилиши муҳимроқдир?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek