АҚШ ва сиёсат, Майкл Коэн: Президент Трамп ирқчи ва фирибгар

Майкл Коэн Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Майкл Коэн Доналд Трампга қарши мисли кўрилмаган бир қанча айбловлар билан чиқмоқда. Айбловларда тилга олинган масалалар жаноб Трампнинг ўтган президентлик даври мобайнида турли зиддиятли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

Жаноб Коэнга кўра, президент Трамп порно филмлар юлдузи Сторми Дениелсга аталган тўлов чекларини шахсан ўзи имзолаган.

Шунингдек, жаноб Трамп ўз ўғлининг 2016 йили Трамп Минорасида россияликлар билан учрашуви ва Wikileaks ташкилоти демократлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш ниятида эканини олдиндан билган.

Бу иддаоларнинг аксар қисми бундан олдин Конгрессга ёлғон кўрсатмалар берган ва федерал ҳукуматни ўзининг солиқ тўловлари масаласида алдаган Майкл Коэннинг сўзларига асосланмоқда. Энг муҳими, унинг даъволари қанчалик шов-шувли бўлмасин, улар президент Трамп томонидан амалга оширилган қонун бузилиш ҳолатлари эҳтимолига нисбатан инкор қилиб бўлмас далил вазифасини бажара олмайди.

Мабодо жаноб Трампга қарши иш очилгудек бўлса ҳам, бу ишни олиб бориш учун унинг собиқ адвокати кўрсатмаларидан кўра кўпроқ далил зарур бўлади.

Айни вақтда жамоатчилик Майкл Коэн бундан олдин президентни ҳимоя қилиш учун ёлғон гапирганми ёки айни вақтда ўзини ҳимоя қилиш мақсадида олдин ёлғон гапирганини иддао қиляптими, деган саволга жавоб топиши лозим.

Эҳтимол, бу саволларнинг ҳар иккисида ҳам жон бордир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трампнинг собиқ адвокати Майкл Коэннинг таъкидлашича, жаноб Трамп Демократик партия Миллий қўмитаси сайтининг хакерлар томонидан бузилиши ва ундаги мактубларнинг сиздириб юборилишини олдиндан билган. Айнан мазкур ҳолат жаноб Трампнинг кутилмаган тарзда президентлик сайловида ютиб чиқишига катта ёрдам берганлигига ишонилади.

Конгрессга берган гувоҳлигида жаноб Коэн Трампнинг, ҳатто, президентлик сайлови кампанияси давомида ҳам Москвадаги осмонўпар бино қурилиши режалари билан шуғулланганини айтган.

Ўз кўрсатмаларида Майкл Коэн президент Трампни ирқчи ва фирибгар деб атаган.

Жаноб Коэн ўз виждонига қулоқ солиш ўрнига Трампнинг қонунга зид ҳаракатларига шерик бўлганидан пушаймон эканлигини билдирган.

Майкл Коэн 2016 йилдаги президентлик сайловига Россиянинг аралашуви ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, ўзида бевосита далиллар мавжуд эмаслигини маълум қилган.

Президент Трамп жаноб Коэнни ёлғон сўзлашда айблаб чиққан.

Ветнамда Шимолий Корея раҳбари Ким Жон Ун билан учрашаётган АҚШ президенти собиқ адвокатининг кўрсатмаларига нисбатан муносабат билдиришга вақт топа олган.

"Майкл Коэн мени тамсил этган (афсуски) кўплаб юристлардан бири бўлган. Унинг бошқа мижозлари ҳам бор эди. У яқиндагина ёлғончилик ва фирибгарлиги учун Олий суд томонидан адвокатлик унвонидан маҳрум қилинди. У Трампга алоқаси бўлмаган аҳмоқона ишларга қўл урган. У жазо муддатини қисқартириш илинжида ёлғон сўзламоқда. Виждонсиз юрист!" дея фикр қолдирган АҚШ президенти ўз Тwиттер саҳифасида.

Айни дамда, Майкл Коэннинг шов-шувли чиқиши фонида Доналд Трамп ва Ким Жон Уннинг узоқ кутилган учрашуви жаҳон матбуоти томонидан муҳокама қилинаётган иккинчи даражали мавзуга айланиб қолган.

Москвадаги Трамп-тауэр ҳақида

Майкл Коэннинг сўзлашича, президент Трамп Москвадаги Трамп-тауэр қурилиши режалари ҳақида билган ва улар билан шуғулланган, айни вақтда эса Россия билан ҳеч қандай бизнес алоқалари йўқлигини омма олдида таъкидлаб келган.

«У сайловда ютиб чиқишини кутмагани учун ҳам бу ҳақида ёлғон гапирган,» дейди жаноб Коэн.

Бироқ 2017 йилда Майкл Коэн Конгрессга Москвада бундай осмонўпар бино қуришга бўлган уринишлар 2016 йил январида якунланганини айтган эди.

Аммо эндиликда жаноб Коэн бу борадаги музокаралар президентлик сайлови кампанияси айни қизиган вақтда ҳам давом этганини таъкидламоқда.

Майкл Коэн унинг бунга қадар Конгрессга берган кўрсатмалари Трампнинг адвокатлари томонидан "текшириб чиқилгани ва таҳрирлангани"ни ҳам қўшимча қилган.

Бундан ташқари жаноб Коэн Москвадаги Трамп-тауэр қурилиши бўйича келиб чиқиши россиялик бўлган америкалик бизнесмен Феликс Сейтер билан муҳокама қилганини сўзлаб берган.

Америка матбуоти Сейтерни Россиядаги уюшган жиноятчиликка алоқадор санайди.

Коэн президент Трампнинг Сейтер билан яқин алоқада бўлганини маълум қилган.

Шунингдек, қурилажак Трамп-тауэрдаги квартиралардан бирини президент Путинга совға қилиш фикри ҳам Сейтерга тегишли эди, дейди жаноб Коэн.

Бироқ осмонўпар бино қуриш режалари амалга ошмай, қолиб кетган.

Россия ҳақида

Майкл Коэн жаноб Трампнинг сайлов кампанияси даврида ўз ёрдамчилари ва россиялик юристларнинг Ҳиллари Клинтонга «гард юқтириш» мақсадида учрашув ўтказганидан хабардор бўлганини ҳам қайд этиб ўтган.

Собиқ адвокат учрашув ташкилланишига президентнинг кичик ўғли Кенжа Доналд Трамп катта ҳисса қўшганини айтган.

Айни вақтда, жаноб Коэн Доналд Трамп ёки унинг вакиллари Россия билан фитна уюштирганига бевосита далиллари йўқлигини ҳам маълум қилган.

«Менда исбот йўқ. Бироқ бу борада гумонларим бор,» таъкидлаган у қасамёд остида.

Wikileaks ҳақида

Майкл Коэннинг кўрсатмаларидаги яна бир муҳим нарса Трамп ва унинг маслаҳатчиси Рожер Стоун ўртасидаги телефон мулоқотидир. Коэннинг сўзларига кўра, Доналд Трамп айнан Рожер Стоундан Демократик партиянинг бузиб кирилган серверларидан олинган кўплаб хатларнинг оммавий чоп этишга тайёргарлик кўрилаётганидан хабардор бўлган.

Wikileaks томонидан 2016 йил ёзида чоп этилган ушбу мактублар Демократик партия номзоди бўлмиш Ҳиллари Клинтон рейтингига ўнглаб бўлмас зарба берган, дея ҳисобланади.

Кейинроқ АҚШ ҳукумати бу хакерлик ҳужумида Россия ҳарбий разведкаси - ГРУни айблаб чиққан. Россия бу айбловларни рад этиб келади.

26 февраль куни Москва округ ҳарбий суди ФСБ ахборот хавфсизлиги Маркази собиқ ходими Сергей Михайлов ва Касперский Лабораторияси собиқ топ менежери Руслан Стояновни, мос равишда, 22 ва 14 йилга озодликдан маҳрум этди.

Судда кўриб чиқилган масалалар давлат сири ҳисобланганидан у ҳақида батафсил маълумот мавжуд эмас. Бироқ The Bell нашрининг икки манбаси мазкур шахсларнинг россияликларнинг Демократик партия серверларини бузиб киришга алоқадорлиги юзасидан далилларни қўлга киритиш йўлида АҚШга ёрдам берганини айтган.

Майкл Коэннинг сўзларига кўра, у 2016 йилнинг 18 ёки 19 июль куни Доналд Трампнинг иш кабинетида бўлган. Шу вақтда Рожер Стоун Трампга қўнғироқ қилган. Коэн бўлиб ўтган суҳбатни шундай тасвирлаган:

"Жаноб Стоун жаноб Трампга телефон орқали Жулиан Ассанж [Wikileaks асосчиси] билан суҳбатлашгани, икки кундан сўнг Ҳиллари Клинтон кампаниясига зарба берувчи кўплаб электрон хатлар чоп этилишини хабар қилди."

Конгрессменлар Коэндан Трамп ва Стоун мулоқоти санасини аниқлаштириб кўрган. Wikileaks 2016 йил 14 июлида Россия разведкасига алоқадор хакер орқали Демократик партия хатларига кириш имконини олган. 18 июль куни Wikileaks демократларга тегишли жуда кўплаб хатларни эълон қилиш арафасида турганини маълум қилган. 22 июлда бу хатлар оммавий чоп этилган.

Агар Коэн тилга олган саналар ҳақиқат бўлса, унда бу ёки Рожер Стоун ёки унинг ёрдамчилари хатлар эълон қилингунга қадар Wikileaks билан мулоқотда бўлганини англатади.

Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловига эҳтимолий аралашувини ўрганаётган махсус прокурор Роберт Мюллер 2019 йил январида Рожер Стоунни Конгрессга ёлғон кўрсатма беришда айблаган эди.

2018 йил ноябрида эса Америка матбуоти Мюллар жамоасининг Стоун ва Wikileaks ўртасидаги алоқалар билан қизиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Ҳозирча прокурор Мюллер жаноб Стоунни демократларга тегишли хатларнинг эълон қилиниши ҳақида олдиндан хабардор бўлганликда айбламаган.

Айни вақтда президент Трамп Рожер Стоун билан ҳеч қачон Wikileaks борасида суҳбатлашмаганини таъкидлаган. Wikileaks ташкилоти ҳам Стоун билан телефон мулоқотлари ўтказмаганини иддао қилган.

"Президент мени каламуш, деб атади. Менинг исмим Майкл Дин Коэн," таъкидлаган жаноб Трампнинг собиқ юристи Конгрессдаги кўрсатмаларида.

Жаноб Коэн бунга қадар Конгрессга ёлғон кўрсатмалар бергани ва ўз хўжайини айбларини яширгани учун оиласи ва Америка халқидан узр сўрашга келганини эътироф этган.

Собиқ юрист 2007 йили Доналд Трампга ишлашга рози бўлган вақтларида, унинг, кун келиб, нафрат ва бетоқатликка асосланган кампания орқали президентга айланишини тасаввур қилиб ҳам кўрмаганини маълум қилган.

Кўрсатмалари якунида жаноб Коэн хатоларга қўл урганини тан олган.

«Жаноб Трампга садоқатим мени ҳамма нарсамдан маҳрум қилди: обрўйим, эркинлигим, адвокатлик литсензиям ва ғуруримдан,» қайд этган у.

Жаноб Коэн президент Трамп тарафдорларини ҳам ўзи қўл урган хатоларни такрорламасликка чақирган.

Бир вақтнинг ўзида Майкл Коэн, агар 2020 йилдаги сайловда Доналд Трамп ютиб чиққудек бўлса, у ҳолда, «ҳокимиятнинг тинч алмашиниши» бўлмаслигидан хавотир билдирган.

Вакиллар Палатасидаги Назорат ва ҳукумат ислоҳотлари бўйича қўмита раҳбари Элайжа Каммингс Майкл Коэннинг чиқишини олқишлаган.

Элайжа Каммингс журналистларга жаноб Коэннинг кўрсатмалари ҳақиқатга мос эканига ишонишини айтган.

Барча экранларда

Майкл Коэннинг чиқишини мамлакатдаги барча йирик телекомпаниялар жонли узатиб турган.

Бу Коэнни ўнлаб миллион одамлар эшитган бўлиши мумкинлигини англатади, хабар қилган CNN канали ўз сайтида,

52 яшар Майкл Коэн сайлов кампаниясини молиялаштириш тартиб-қоидаларини бузгани, шунингдек, солиқлардан бўйин товлагани ва Конгрессга ёлғон кўрсатма бергани учун май ойида уч йиллик қамоқ муддатини ўташга киришиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek