Ислом, илм-фан ва Муҳаммад назарияси: Эволюцияни Дарвиндан олдин мусулмон олим топган

Ал-Жаҳиз етти томлик Жониворлар Китоби Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Ал-Жаҳиз етти томлик Китоб ул-Ҳайвон муаллифидир.

Британиялик олим Чарльз Дарвиннинг эволюция ёки тадрижий тараққиёт назарияси замонавий илм-фанда туб бурилиш ясаган, деб ишонилади.

Унга кўра, вақт ўтиши билан жонли мавжудотлар, хусусан, ўсимлик ва ҳайвонлар ҳам ўзгариб боради ва бу ўринда табиий танланиш муҳим ўрин тутади.

Айни фикр тирик мавжудотлар дунёси ёки Ер сайёрасидаги ҳаётни тушунишда муҳим ўрин тутади.

Алоқадор мавзулар:

Австралияни мусулмонлар очган

Бобурдан биз билмаган икки сўз

Унутма, ҳар бир қўл телефонида мусулмон ўзбек бор

Фазода намоз ўқиш 400 йил олдин тушунтирилган

Дарвинга кўра, барча тирик жонзот ягона аждоддан келиб чиққан.

Афтидан, барчанинг бир аждоддан келиб чиққани ҳақидаги эволюция назарияси Ислом оламида анча олдин юзага келган.

Табиий танланиш

Чарльз Дарвин туғилмасидан минг йил олдин, Ироқда яшаган олим ал-Жаҳиз ҳайвонлар табиий танланиш асосида ўзгаради, дея ёзган.

Унинг ҳақиқий исми Абу Усмон Амир Баҳр ал-Қонуний ал-Басрий бўлган. Аммо у ал-Жаҳиз исми билан тарихда қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи State of Qatar
Image caption Қатар ҳатто ал-Жаҳизга бағишланган марка чиқарган.

Ал-Жаҳизнинг асари "Китоб ул-Ҳайвон" деб аталган.

Бўлғуси олим милодий 776 йили Ироқ жанубидаги Басра шаҳрида дунёга келган. У пайтлар инсон яралиши ҳақида баҳс юритувчи илмий интилишлар кучайган ва Мутазилаҳ ҳаракати ўртага чиққан даврлар эди.

Аббосийлар бошқарувидаги айни даврда мусулмонлар Юнон олимлари асарларини Араб тилига ўгириб, қизғин диний, илмий ва фалсафий баҳсларга киришардилар. Басра эса илмий янгиликлар марказларидан бири эди.

Хитойлик тужжорлар Ироққа қоғоз келтиришган ва ёзма адабиёт ривожлана бошлаганди.

Ал-Жаҳиз илм-фан, география, фалсафа фанларига қизиққан. Араб тили ва адабиётини чуқур ўрганган. Ўз ҳаёти давомида олим 200та китоб ёзган.

Аммо бу китобларнинг учдан бир қисмигина шу кунгача етиб келган, холос.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Британия Чарльз Дарвиннинг меҳнатига ҳурмат кўрсатиб, уни машҳур инсонлар қаторида Вестминстер Аббатлигида дафн этади.

Китоб ул-Ҳайвон

Ал-Жаҳизнинг энг машҳур асари - Китоб ул-Ҳайвон энциклопедия каби кенг қамровли ва унда 350 хил жонивор ҳақида батафсил маълумот берилган.

Ҳайвонлар ҳақидаги фикрлари эса Дарвинники кабидир.

"Ҳайвонлар яшаб қолиш ва захиралар учун, йиртқичларга ем бўлмаслик ва кўпайиш учун курашишади" - деб ёзади ал-Жаҳиз.

"Атроф-муҳит эса жонзодларда янгича хусусиятлар яратилишига таъсир этади. Шу асно улар янгича турларга (ёки бошқачароқ жониворларга - таҳр.) айланиб, яшаб қолишади".

"Яшаб қолган жонзодлар эса ўзларидаги муваффақиятли (яъни кучли - таҳр.) хислатларни авлодларига ўтказишади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Франциядаги La Petite нашри 1871 йили Дарвинни калака қилиб чизган сурат.

Яшаб қолиш, овқат топиш, авлод қолдириш ва ёки бошқаларга ем бўлмаслик учун жонзодлардан рақобатбардошлик талаб қилинган.

Шу сабабли жонзодлар бир авлоддан иккинчи авлодга ўтганда ўзгариб боришган.

Ал-Жаҳизнинг фикрлари ундан кейинг Мусулмон олимларига ҳам таъсир кўрсатган. Унинг шогирдлари - ал-Форобий, ал-Арабий, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Холдун устодлари асарларини чуқур ўрганишган.

Покистонлик Аллома номи билан машҳур олим Муҳаммад Иқбол эса ал-Жаҳизнинг асарлари жуда муҳимлиги ҳақида 1930 йили махсус рисола чоп этган.

"Жониворлар кўчиш ва атроф-муҳит таъсирида ўзгаришини ал-Жаҳиз кўрсатган" - деб ёзган Аллома Муҳаммад Иқбол.

Муҳаммад назарияси

Эволюция назариясига Мусулмон дунёси қўшган ҳисса ҳақида 19-асрдаги Европа олимлари ҳам яхши билишган.

Дарвиннинг замондоши Вильям Дрэйпер ҳали 1878 йили "Эволюция ҳақидаги Муҳаммад назарияси" ҳақида гапирган.

Аммо Дарвин ҳам Араб тилини билганми ва ал-Жаҳизнинг фикри ҳамда назарияси билан таниш бўлганми ё йўқми - номаълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дарвин Галапагос оролларидаги қуш тумшуқлари ўзгарганини қайд этган.

Британ олими узоқ йиллар дунё кезиб, табиатни ва жонзотларни ўрганган ва ўз эволюция назариясини яратган.

Аммо илм-фан журналисти Эҳсон Масъуд ББС учун тайёрлаган Ислом ва Илм-фан номли эшиттиришида эволюция назариясига ҳисса қўшган бошқа тарихий шахсларни ҳам унутмаслик керак, деб айтади.

Креационизм

Журналист Масъуднинг тадқиқотларига биноан, Креационизм 9-асрдаги Ироқда йирик ҳаракат бўлмаган. Зотан бу даврда Бағдод ва Басра бутун Ислом оламиннинг илм-фан маркази эди.

"Олимлар у пайтлари барча нарсани ўзлари текшириб, кашф этганлар" - деб ёзади Эҳсон Масъуд Британиядаги The Guardian нашрида.

Алал оқибатда, айнан илмга интилиш ал-Жаҳизнинг ўлимига сабаб бўлган экан.

92 ёшли олим кутубхона токчасидан китоб олишга интилган пайтида унинг устига китоб жавони қулаб тушади ва мусулмон олими вафот этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek