Тарихдаги энг бадавлат инсон ким бўлган?

An old drawing of Mansa Musa's caravan in the desert Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Манса Мусо Маккага 60 минглик киши, 12 минг қул билан сафар қилган

Манса Мусо: Тарихдаги энг бой инсон?

Форбес нашрининг яқинда эълон қилинган янги рейтингига кўра, Amazon компанияси асосчиси Жефф Безос $131 миллиард маблағ билан замонавий тарихдаги энг бой шахсга айланган. Бироқ дунё тарихида уни доғда қолдириб кета оладиган яна бир бадавлат инсон яшаб ўтган.

Инсоният тарихидаги энг бадавлат шахс номи 14 асрда яшаб ўтган Ғарбий Африкадаги қадимий Мали давлати мансаси (ҳукмдори) Мусо I га тегишлидир.

Манса Мусо шунчалик бадавлат ва сахий бўлганки, унинг бойликларни одамларга тарқатиши оқибатида бутун давлат ва минтақа иқтисодиётига ўнглаб бўлмас завол етган.

«Мусонинг бойлиги тўғрисидаги ҳозирда мавжуд маълумотлар ақлни шошириб қўяди. Унинг қай даражада бой ва қудратли бўлганини англашнинг деярли имкони йўқ,» дейди Калифорния Университетидан тарихчи профессор Рудолф Батч Уэйр Би-би-сига.

"Манса Мусо ҳар кимнинг тасаввуридагидан ҳам бойроқ бўлган," дея ёзган эди Жейкоб Девидсон 2015 йилда Money.com сайтида эълон қилинган мақоласида.

Америкадаги машҳурлар бойлиги ҳақида маълумотлар тарқатиш билан шуғулланувчи Celebrity Net Worth вебсайти 2012 йилда Мусонинг умумий давлати қийматини $400 миллиардга баҳолаган, аммо тарихчилар бу тарихий шахснинг бойлигини бирор рақам билан тасвирлашнинг имкони йўқ эканини таъкидлайди.

Тарихдаги энг бой 10 шахс

Манса Мусо (1280-1337, Мали империяси ҳукмдори) бойлиги ақл бовар қилмас даражада

•Август Сезар (милоддан аввалги 63-милодий 14 йиллар, Рим императори) $4.6 триллион

•Жао Су (1048-1085, Хитойдаги Сун сулоласи императори) бойлиги ҳисобсиз даражада

•Акбар I (1542-1605, Ҳиндистондаги Бобурийлар сулоласи ҳукмдори) бойлиги ҳисобсиз даражада

•Эндрю Карнеги (1835-1919, Шотланд-америкалик саноатчи) $372 миллиард

•Жон Д Рокфеллер (1839-1937, Америкалик бизнес магнат) $341 миллиард

•Николай Александрович Романов (1868-1918, Россия подшоси) $300 миллиард

•Мир Усман Али Хон ( 1886-1967, Ҳинд зодагони) $230 миллиард

•Уилям Фотиҳ (1028-1087) $229.5 миллиард

•Муаммар Каддафий (1942-2011, Ливияни узоқ вақт бошқарган шахс) $200 миллиард

Манба: Money.com, Celebrity Net Worth

Тилла қирол

Манса Мусо ҳукмдор оиласида дунёга келади. У акаси Манса Абу Бакрдан сўнг 1312 йилда Мали империясини бошқара бошлайди.

14 асрда яшаган суриялик тарихчи Шибаб ал-Умарийнинг ёзишича, Абу Бакр Атлантика Уммонига саёҳат қилиш ишқида ёна бошлайди ва 1312 йилда 2,000 кема ва минглаб жориялари, хизматкорлари ва қуллари билан сафарга отланади. Абу Бакр ҳеч қачон ўз юртига қайтиб келмайди.

Натижада, Мусо ҳукмдорсиз қолган Мали давлати бошқарувини ўз қўлига олади.

Унинг ҳукмронлиги даврида салтанатда сезиларли даражада ўсиш кузатилади. Мусо 24 шаҳар, жумладан, машҳур Тимбуктуни фатҳ этади. Қироллик сарҳади, тахминан, 3,200 километрга етиб, у Атлантика Уммонидан замонавий Нигер ҳудудларига қадар чўзилиб кетган эди. Манса Мусо даврида Мали давлати таркибига ҳозирги Сенегал, Мавритания, Мали, Буркина Фасо, Нигер, Гамбия, Гвинея-Биссау ва Фил Суяги Қирғоғи ерлари кирар эди.

Бундай бепоён мамлакат ҳудудида олтин ва туз конлари ҳам керагидан ошиқ даражада сероб бўлиши табиий эди.

Британия музейи маълумотларига кўра, Мусо даврида Мали империяси Қадимги Дунёнинг ярим олтин захирасига эгалик қилган.

Ва бу олтинларнинг бари Мусонинг шахсан ўзига тегишли бўлган.

"Ҳукмдор сифатида Манса Мусо ўрта асрлар дунёсида энг қадрланган бойлик манбасига чекланмаган даражада эгалик қилган," дейди Норзуэстерн Университетидан Катлин Бикфорд Би-би-си билан суҳбатда.

«Олтин ва бошқа моллар билан савдо қилган йирик марказлар ҳам унинг давлатида жойлашган ва Мусо бу савдодан катта фойда олган,» қўшимча қилади Бикфорд хоним.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Маккага сафар Малини харитага жойлайди

Маккага саёҳат

Мали қанчалик олтинга бой бўлмасин, салтанат номи дунёда у қадар танилмаган эди.

Тақводор мусулмон бўлган Манса Мусо Саҳройи Кабир ва Миср орқали Маккага зиёрат учун отланганидан сўнг бутун ўрта асрлар марказларида бу саёҳат тафсилотлари иштиёқ билан муҳокама қилина бошланади, Малининг донғи чиқади.

Манбаларда Мусонинг 60,000 одам билан сафарга чиққанини ўқиш мумкин.

У барча сарой аъёнлари, расмийлар, савдогарлар, туячилар ва 12 минг нафар қул, яна сон-саноқсиз чорва молларини ўзи билан олиб кетади.

Бу карвон гўё саҳрода ҳаракатланаётган шаҳарни эслатар эди.

Мазкур шаҳар истиқоматчилари, қулидан тортиб амалдоригача, тилла зийнатлар ва энг аъло форс ипагига бурканган эди. Ҳар бир туя ўз устида ўнлаб килограмм олтин билан ҳаракатланар эди.

Бундай манзарани кузатган ҳар қандай одамнинг ҳайратдан эсдан оғиши тайин эди.

Ва карвон Қоҳирага кириб борганда, дунё Мали ҳукмдорининг не қадар бадавлат эканини ўз кўзи билан кўришга муваффақ бўлади.

Лотереядан ютилган миллиард доллар нега баракали бўлмайди?

Илҳомдек эр, Раҳмондек ота яна ким?

Ўта бадавлат инсонлар қандай қилиб солиқлардан бойликларини иҳота қилишади?

Муҳаммад Салоҳ энг сахий футболчими?

Қоҳирадаги олтин васвасаси

Манса Мусо қоҳираликларда шунчалик катта таассурот қолдирадики, 12 йилдан сўнг Мисрга келган тарихчи ал-Умарий шаҳарликларнинг ҳали ҳам Мали қироли тўғрисида мароқ билан ҳикоя қилаётганига гувоҳ бўлади.

Қоҳирада уч ой қолган Мусо ўз олтинларини одамларга аямай тарқатиб юборади. Оқибатда, минтақадаги олтин қадри кескин тушиб кетиб, 10 йил давом этган иқтисодий турғунлик юзага келади.

АҚШда асосланган SmartAsset.com технология компанияси Манса Мусонинг саёҳати оқибатида Яқин Шарқ иқтисодиёти $1,5 миллиард зарар кўрганини тахмин қилган.

Ортга қайтишда яна Мисрдан ўтган Манса Мусо, айрим манбаларга кўра, муомалада юрган олтиннинг баъзи қисмини қайта сотиб олиш орқали иқтисодиётни соғломлаштиришга уринади. Тарихчиларнинг бир қисми ҳаддан зиёд совуриш натижасида Мусонинг деярли олтинсиз қолганини қайд этадилар.

Бундан ташқари мамлакат бойликларини хорижда сарфлаб юборганидан Мали давлатининг кескин қашшоқликка юз тутгани тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Манса Мусо қурдирган масжид - 1327 йил

Қимматга тушган машҳурлик

Манса Мусо сахийлиги ортидан ўз давлати ва минтақа иқтисодиётига катта зарар келтирганига шубҳа йўқ, аммо унинг айнан қўли очиқлиги дунё назарини ўзига торта олган.

Манса Мусо шарофати билан қадимги дунё харитасида Мали аталмиш давлат пайдо бўлади. 1375 йилга оид Каталан Атласида ушбу африкалик ҳукмдор тилла тахтда қўлида олтин бўлагини тутганча тасвирланганини кўриш мумкин.

Маккага саёҳатдан сўнг Мали давлатидаги Тимбукту шаҳри йирик савдо ва сайёҳлик марказига айланади.

19 асрда ҳам европалик хазина изловчилар ва саёҳатчилар 500 йил муқаддам Манса Мусодан қолиб кетган бойликларни қўлга киритиш илинжида дунёнинг четида жойлашган бу шаҳарга оқиб келишда давом этадилар.

Манса Мусо Маккадан бир қанча ислом олимлари билан қайтади. Улар орасида бўлган Муҳаммад Пайғамбарнинг бевосита авлоди ҳисобланмиш андалузиялик шоир ва меъмор Абу Исоқ ас Саҳелий Тимбуктудаги машҳур Жингеребер масжидини лойиҳалагани билан маълум.

Манса Мусо шоир ас Саҳелийга бугунги кунда қиймати $8,2 миллионга тенг бўлган 200 килограмм олтин инъом қилгани айтилади.

Санъат ва меъморчиликни рағбатлантиришдан ташқари ҳукмдор адабиёт ва мактаблар, кутубхоналар, масжидлар қурилишига ҳам ҳомийлик қилади. Бутун дунёдан одамлар Тимбуктуга таълим олишга кела бошлайди.

Мазкур бадавлат ҳукмдор, кўп ҳолларда, Ғарбий Африкада маорифни шакллантирган шахс сифатида тилга олинади. Бироқ у қанчалик бой, сахий ва инсонпарвар бўлмасин, унинг салтанатини ташқи дунёнинг аксар қисмида ҳануз ҳеч ким билмас эди.

«Тарих ғолиблар томонидан ёзилади,» эътироф этган эди Буюк Британия собиқ бош вазири Уинстон Черчил.

Манса Мусо 1337 йилда 57 ёшида вафот этади. Салтанатни мерос қилиб олган ўғиллари унинг яхлитлигини таъминлай олмайдилар. Ҳудудлар Мали таркибидан аста-секин чиқиб кета бошлайди ва, оқибатда, давлат парчаланиб кетади.

Кейинроқ минтақага кириб келган европаликлар салтанат парчаланиши жараёнини ниҳоясига етказадилар.

«Ўрта асрлар тарихи, асосан, Мағриб кўзи орқали кўрилади,» сўзлайди АҚШдаги Санъат Блок Музейи директори Лиза Коррин Гразиос нега Манса Мусонинг номи кенг жамоатчиликка у қадар маълум эмаслигини изоҳлай туриб.

«Агар европаликлар, икки юз йилча кейин эмас, балки Мусо ҳукмронлиги остидаги Мали ўзининг иқтисодий ва ҳарбий қудрати чўққисига етган даврда келганда эди, ҳаммаси мутлақо ўзгача бўларди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek