Исроил фақат яҳудийларникими ё қандай қилиб «Ғаройиб аёл» Исроил араблари юзасидан Бош вазир Нетаняҳу билан жанжаллашиб қолди?

Gal Gadot and Benjamin Netanyahu Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ғаройиб Аёл (Wonder Woman) филми юлдузи, исроиллик-америкалик актриса Гал Гадот мамлакатдаги араб озчилиги мақоми масаласида Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан қаттиқ тортишиб қолди.

Жаноб Нетаняҳу Исроил арабларини иккинчи даражали фуқароларга тенглаштирган.

«Қўшниларингизни ўзингиздек севинг,» деб ёзган унга жавобан исроиллик актриса.

Айни дамда Исроилда навбатдаги сайлов яқинлашиб келмоқда ва ундаги Исроил араб партияларининг иштироки қизғин мунозараларни юзага чиқарган.

Гадот хоним Бош вазирнинг «Исроил барча фуқаролар давлати эмас,» деб ёзиши ортидан унга жавоб қайтаришга қарор қилган. Жаноб Нетаняҳу ушбу сўзлари орқали мамлакат аҳолисининг 20 фоизини ташкил этувчи араб озчилигига ишора этган.

Жаноб Нетаняҳу ўз сўзлари исботи сифатида яқинда қабул қилинган «миллий давлат» тўғрисидаги қонундан иқтибос келтирган.

Ушбу қонун лойиҳаси ўтган йили турли зиддиятларга сабаб бўлган эди.

Ўтган йил июлида қабул қилинган ушбу қонунга кўра, мамлакатнинг миллий тақдирини белгилаш ҳуқуқига ёлғиз яҳудийлар эга ва иврит тили расмий тил сифатида арабчадан устун туради.

Исроил парламентидаги араб депутатлар мазкур қонуннинг қабул қилинишига ғазаб билан муносабат билдирган эди.

Актриса-Бош вазир жанжали қандай бошланди?

Исроил маданият вазири Мири Регев сайловчиларни 9 апрел куни бўлиб ўтадиган ялпи сайловда араб сиёсий партиялари ҳукумат коалицияси таркибига кириб олмаслиги учун жаноб Нетаняҳунинг Ликуд партиясига овоз беришга чақирган.

Исроиллик таниқли актриса ва телебошловчи Ротем Села 9 март куни Регев хонимнинг ушбу чақириғини саволга тутган.

«Араблар билан қандай муаммо мавжуд?» савол қолдирган Села хоним Instagram'даги саҳифасида.

"Қачон бу ҳукуматдаги кимдир Исроилнинг барча фуқаролар давлати экани ва барча одамлар тенг яратилгани, ҳатто, араблар, друзлар ва ЛГБТлар ва - шок - сўлчилар ҳам инсон эканини жамиятга тушунтиради," деб ёзган Села хоним.

10 март куни бош вазир Нетаняҳу Instagram орқали Села хонимга жавоб қайтарган.

"Қадрли Ротем. Исроил барча фуқаролар давлати эмас. Биз қабул қилган туб миллийлик тўғрисидаги қонунга кўра, Исроил яҳудий халқи давлати - ва ёлғиз уники," деб таъкидлаган жаноб Нетаняҳу.

"Ўзингиз ёзганингиздек, Исроилнинг араб фуқаролари билан ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Улар ҳам биз каби тенг ҳуқуқларга эга ва Ликуд ҳукумати Араб секторига ҳар қандай ҳукуматдан кўпроқ сармоя киритди," қўшимча қилган у.

Жаноб Нетаняҳуга кўра, Исроил тенг ҳуқуқлар таъминланган «демократик давлат,» аммо у «барча фуқаролар эмас, балки ёлғиз яҳудийлар давлатидир.»

Гал Гадот нима деди?

Голливуднинг таниқли актрисаси бўлмиш Гал Гадот ижтимоий тармоқда Ротем Села сўзларини ёқлаб чиққан.

"Бу ўнг ёки сўл, араб ёки яҳудий, секулар ёки диний масала эмас," деган у Instagram'даги 28.3 миллион обуначисига юзланиб.

«Бу тинчлик ва тенглик ҳамда бизнинг бошқаларга нисбатан тоқатлилигимиз масаласидир.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram

10 март куни баҳсга Исроил президенти Рувен Ривлин ҳам қўшилган.

Жаноб Ривлин бирор исмни тилга олмай туриб, «унинг Исроилнинг араб фуқаролари тўғрисида яқинда айтганлари қабул қилиб бўлмас» эканлигини таъкидлаган.

Бунинг сайловга қандай алоқаси бор?

Танқидчиларга кўра, Регев хонимники каби изоҳлар ўнгчи кайфиятдаги сайловчиларни фаоллаштириш ҳаракатининг бир қисмидир.

Яқинлашиб келаётган сайловда Ликуд партияси жиддий рақобат билан юзлашмоқда. Собиқ ҳарбий раҳбар Бенни Гантз ва собиқ молия вазири Яир Лапид бошчилигидаги Мовий ва Оқ иттифоқи сўровномалар натижаларида олдинда кетмоқда.

Бундан ташқари ўтган ой Исроил бош прокурори жаноб Нетаняҳуга нисбатан коррупция айблари бўйича иш очиш истагини билдирган. Бу масаладаги якуний тинглов сайловдан сўнг бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Жаноб Нетаняҳунинг бундан олдин ҳам Исроил араблари тўғрисида айтганлари кучли танқидга учраган.

Бундан тўрт йил аввал бўлиб ўтган охирги сайловда жаноб Нетаняҳу «араблар пода бўлиб овоз бераётгани» сабабли «ўнг қанот ҳокимияти хавф остида қолаётгани»дан огоҳлантирган эди. Кейинроқ у бу сўзлари учун кечирим сўрашга мажбур бўлган.

Исроил араблари 1948 йилда Исроил давлати ташкил қилингандан сўнг мамлакатда қолган 160 минг нафар фаластинликларнинг авлоди ҳисобланади. Улар узоқ йиллардан буён ўзларига иккинчи даражали фуқаролардек муносабатда бўлинаётганидан шикоят қилиб келадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek