Facebook нимага ўчиб қолди? Россия ўзбекларга муҳтожми ва Брексит бошоғири давом этади...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"Битимсиз Брексит ҳам бўлмайди"

13 март куни кечқурун Британия парламенти депутатлари Европа Иттифоқи таркибидан бирор битимга эришмай туриб, чиқиб кетиш масаласига қатъиян «йўқ» деб жавоб қайтардилар.

Тереза Мей ҳукумати фақат Брексит белгиланган кун - 29 мартда Европа Иттифоқи билан ҳеч қандай битим имзоламасдан чиқиб кетмасликни таклиф қилган эди. Бироқ парламент депутатлари "битимсиз ҳеч қачон Брексит ҳам бўлмайди," деган қатъий жавобни айтган.

Депутатларнинг қарори ҳукумат учун юридик жиҳатдан буйруқ кучига эга эмас, лекин у парламент иродасининг муҳим кўрсаткичи ўлароқ қабул қилинади. Эндиликда, Британия Европа Иттифоқидан чиқишни 29 мартдан кейинга суришга мажбур бўлиши мумкин.

Шимолий Корея элчихонасига ҳужум

22 февраль куни - АҚШ президенти Доналд Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Жон Уннинг Въетнамда учрашишидан атиги бир неча кун олдин - Шимолий Кореянинг Мадриддаги элчихонасига 10 нафар шахс бостириб кирган эди. Босқинчилар элчихона ходимларини қўл-оёғини боғлаб, бир қанча компютерлар ва бошқа электрон қурилмаларни олиб чиқиб кетган.

13 март куни ушбу воқеанинг янги тафсилотлари ошкор этилган. Айни вақтдаги фаразларга кўра, босқинни АҚШ истихборот хизматлари уюштирган бўлиши мумкин. Ҳозирда бу иддаони тасдиқлайдиган бирор далил ёки босқинчилар элчихонада айнан қандай маълумотларни излагани борасида тугал хулоса мавжуд эмас. Бироқ кузатувчилар, агар мазкур ҳолат ортида АҚШ тургани тасдиқланса, йирик халқаро жанжал юзага келишини тахмин қилмоқда.

Facebook'да кенг кўламли узилиш кузатилди

Кеча Facebook оиласига кирувчи иловаларда - Facebook , Messenger ва Instagram - бутун дунё бўйлаб кенг кўламли носозликлар кузатилган. Кўплаб фойдаланувчилар 14 соат давомида мазкур тармоқларга сурат юклашда муаммога учрагани, изоҳлар ёза олмай қолгани борасида шикоят қилган. Instagram'да эса хабарлар янгиланмай қўйган.

Ҳозирча, Facebook маъмурияти ушбу муаммонинг сабабларига ойдинлик киритмаган. Тармоқда бундай кўламдаги энг охирги узилиш 2008 йилда кузатилган эди.

Барча Boeing 737 Max учоқлари парвози тўхтатилди

10 март куни Эфиопиянинг Ethiopian Airlines авиакомпаниясига қарашли Boeing 737 Max 8 русумли самолёт мамлакат пойтахтидан 60 чақирим нарида ҳалокатга учраши ортидан бутун дунё бўйлаб ушбу русумдаги самолётлар парвози тўхтатиб қўйилди. Ҳалокат оқибатида самолёт бортидаги барча 157 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Бу сўнгги олти ой ичида Boeing 737 Max русумидаги самолётларнинг иккинчи бор ҳалокатга учрашидир. Boeing компаниясининг ўзи ҳам хавфсизлик чора-тадбирлари ва жамоатчиликни тинчлантириш мақсадида барча Boeing 737 Max самолётлари парвозини тўхтатишга чақирган. Айни вақтда 19 давлат ихтиёрида 371 та айнан шу русумдаги самолёт борлиги айтилмоқда.

«Янги россияликлар»

Россия матбуоти Кремл кўриб чиқаётган муҳим лойиҳа тўғрисида хабар бермоқда: мамлакат аҳолисини қўшни давлатлардан одамлар жалб қилиш ҳисобига кўпайтириш. Хабарларга кўра, Россия ҳукумати Украина, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Молдавия каби русийзабонлар нисбати юқори бўлган донор давлатлардан одамларни жалб қилиш орқали, норасмий манбаларнинг таъкидлашича, яқин келажакда мамлакат аҳолисини 5-10 миллионга кўпайтириш ниятида. Президент Владимир Путин охирги вақтларда Россияда юзага келган демографик инқирозни бир неча бор тилга олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek