"Қайтиш" ёки "босиб олиш"? - Қрим масаласи Россия ва Украина дарсликларида

Фото муаллифлик ҳуқуқи GENYA SAVILOV/AFP/Getty Images

Бундан роппа-роса беш йил муқаддам - айни шу кунларда Россия ва Украина, балки, бутун дунё тарихида кескин бурилиш юз берган эди. 2014 йил 18 март куни Қримда ўтказилган референдумда яриморолнинг тақдири узил-кесил белгиланди - у Россия Федерацияси таркибига киритилди. Бу «тарихий ватанга қайтиш» эдими ёки «куч билан қўшиб олиш?» Ҳозирги украин ва рус дарсликларида 2014 йил воқеалари қай йўсинда ҳикоя қилинмоқда?

Россия телевидениеси 2014 йилда Қримнинг «тарихий ватанга қайтгани» ёки «Россияга қайта қўшилгани»ни маълум қилган бўлса, Украина бу воқеани «аннексия» ёки «суверен ҳудудларни куч билан босиб» олиш сифатида тасвирлаган.

Россия ҳукуматига кўра, 16 март референдумида қримликларнинг 97 фоизи иштирок этган.

Украина ҳукумати ҳозирга қадар референдум натижаларини тан олмаган ва овоз бериш жараёни россиялик ҳарбийлар босими остида ўтганини таъкидлаб келмоқда.

Би-би-си Рус Хизмати Қрим билан боғлиқ воқеалар рус ва украин дарсликларида қандай ёритилаётганига қизиқиб кўрди.

Умумий тарих. XIX аср охири - ХXI аср бошлари. 11-синф, чуқурлаштирилган даража. Н.Загладин

Россия Федерацияси таълим ва фан вазирлиги томонидан тавсия этилган.

"Европа Иттифоқига интеграция қилиш йўлидан бора туриб, президент В.Ф. Янукович сўнгги дақиқаларда Евроиттифоққа қўшилиш бўйича келишувни имзолашни тўхтатиб қўйди. […] Бундай қарор ғарбпараст қарашлар ва миллатчилик кайфиятидаги мухолифатни қониқтирмади ва у Киевдаги Мустақиллик майдонида чодирлардан иборат янги шаҳарчани ташкил қилди (майдон, деб ҳам аталади). […] Мухолифат Евроиттифоқ ва АҚШнинг дастаги, жумладан, молиявий кўмагидан кенг фойдаланди. 2014 йил февраль ойида мухолифат давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни босиб олишнинг уддасидан чиқди.

Қатор шарқий вилоятлар, хусусан, Қрим Автоном Республикаси тўнтариш натижаларини тан олишдан бош тортди. Россия Украинанинг рус ва русийзабон аҳолисини қўллаб-қувватлашга киришди. Референдум натижаларидан (96 фоиз «ҳа» жавоби) келиб чиққан ҳолда, 2014 йил 21 март куни 1954 йилда Н.С.Хрушчев томонидан бирор асоссиз Украинага бериб юборилган Қрим Россия Федерацияси таркибига қайтди.

Украинадаги давлат тўнтаришини дастаклаган АҚШ ҳукмрон доиралари юзага келган вазиятни Россиянинг Украинага нисбатан тажовузи, дея баҳолади, давлатимизга қарши иқтисодий санкциялар жорий қилди. Буларнинг бари рус-америка муносабатларини «совуқ уруш» даражасига келтириб қўйди."

2013-2014 йиллардаги Қадр-Қиммат Инқилоби ва Россиянинг Украинага қарши тажовузи. В.Головко, А.Палий, О.Черевко, С.Янишевский

Ўқитувчилар учун методик материаллар. Украина таълим ва фан вазирлиги томонидан тавсия қилинган.

"В.Янукович тузумининг ағдарилиши Украинанинг Россия таъсир доирасидан батамом чиқиб кетишини англатар эди ва Путин тажовуз йўлига ўтишга шошилди.

Қрим яримороли Россиянинг биринчи ҳарбий мақсадига айланди. У ерга Россиянинг Қора Денгиз флотини асослантириш тўғрисидаги икки томонлама келишувларга мувофиқ рус ҳарбий базалари жойлаштирилди. 2014 йил 27 февраль куни бирор танитувчи белгиларсиз бўлган россиялик ҳарбийлар (Россия уларни ўз ҳарбий хизматчилари сифатида тан олмагани сабабли улар Ғарб ва Украина матбуотида "яшил одамчалар" номини олган) Симферополдаги Олий Кенгаш ва Вазирлар кенгаши биноларини тўсиб қўйди.

Автоматлар тиғи остида Қрим Автоном Республикаси Олий Кенгаши депутатлари йиғини бўлиб ўтди, унда «Рус бирлиги» партияси етакчиси ҳукумат раҳбари этиб эълон қилинди. 2014 йил 25 майда эса украин қонунчилигига зид тарзда Қрим Автоном Республикаси мақоми юзасидан «референдум» белгиланди. Украина марказий ҳокимияти Симферополда амалга оширилган ҳокимиятни босқинчиларча эгаллаб олиш амалини тан олмади. Бироқ Россия Давлат Думаси Россия Федерацияси таркибига янги субъектларни киритиш тартибига зудлик билан ўзгартириш киритди.

«Ноқонуний референдум» кўплаб қонунбузарлик асосида ўтказилди, ушбу ҳолат, ҳатто, Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш томонидан ҳам қайд этилди (кейинчалик ушбу ҳисобот «норасмий» ҳужжат, дея аталди). […]

Бунга жавобан жаҳон ҳамжамияти нафақат Қрим аннекциясини тан олмади, балки Қрим ва аннекция қилинган яриморолда фаолият олиб борган бошқа давлатлар компанияларига қарши санкциялар жорий этди. […]"

Тарих. XIX аср охири - XXI аср бошлари. 11-синф, таянч даража. Н.Загладин, Ю.Петров

Россия Федерацияси таълим ва фан вазирлиги томонидан тавсия этилган.

"2014 йилда Россия ва Украина муносабатлари Украина инқирози туфайли сезиларли даражада совуқлашиб кетди. Радикал миллатчи мухолифат етакчилик қилган халқ намойишлари оқибатида Украина президенти В.Ф.Янукович 2014 йилда ағдарилди ва у мамлакатни тарк этди. Асосан миллатчилар бошчилигида ҳокимиятга келган ноқонуний муваққат ҳукумат Украина жанубий-шарқидаги русийзабонларнинг иқтисодий ва маданий манфаатларига қизиқиш билдиришни истамади. […]

Қрим Автоном Республикасида оммавий намойишлар бошланиб, ҳокимиятга қримликларнинг Россияга қўшилиш истагини қўллаб-қувватлаган янги етакчилар (А.М.Чалый, С.В.Аксенов) келди. […]

Киев ҳукумати ўзини халқ республикаси, деб эълон қилган Донетск ва Луганскга қарши ҳарбий амалиётлар бошлаб юборди. Бироқ Жанубий-Шарқий Украина халқ армияси киевлик миллатчиларга қақшатқич зарба бера олди."

Мутахассис фикри

«Яққол кўриниб турибдики, ҳар ерда бадният чекинишларга йўл қўйилган. Тарихда ҳамма нарса ҳақида гапириш мумкин эмаслиги тушунарли, лекин муайян принципларга асосланган қоидалар ҳам мавжуд. Барча китобларда биринчи босқич ҳақида оғиз очилмаганини бемалол кўриш мумкин - Қримни эгаллаш ва Украина вилоятларидан бирининг россиялик махсус гуруҳлар ва ҳарбийлар томонидан босиб олиниши,» дея шарҳлайди Россия тарих дарсликларини россиялик тарихчи, МГИМО собиқ профессори Андрей Зубов .

"Ҳамма ерда референдум, унинг натижалари ҳақида гапирилган, аммо бу вақтга қадар Қрим уч ҳафта давомида Россия томонидан эгаллаб турилгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган ва бу муҳим нарса. Иккинчидан, Қримнинг аннексия қилинишига қарши чиққан одамлар, масалан, татар Мажлиси ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Мажлиснинг аннексияни дастакламагани учун экстремист ташкилот сифатида тақиқлаб қўйилгани тўғрисида ҳам бирор жойда ёзилмаган.

Бу, шубҳасиз, бир томонлама маълумотлардир. Уларни ўқиб, барча аҳоли «ҳа» жавобини берган бўлса, нега у ҳолда бутун дунё бу ҳолатни тан олмаётгани ва санкциялар жорий қилинаётганини тушуниб бўлмайди. Одамлар уларни ўқиб, қандайдир бемаъни театр томоша қилаётгандек тасаввурга келади. Бу дарсликлар ҳеч нарсани тушунтирмайди, дарсликларнинг бирламчи вазифаси тушунтиришдир," дейди профессор Зубов.

11-синф ўқувчиларига мўлжалланган Украина тарихи бўйича қўшимча бўлим, «Қадр-Қиммат Инқилоби ва Россиянинг Украинага қарши тажовузи». В.Головко, А.Палий, О.Черевко, С.Янишевский

Украина таълим ва фан вазирлиги томонидан тасдиқланган. Украина таълим ва фан вазирлиги томонидан жорий этилган.

11-синф ўқувчиларига мўлжалланган Украина тарихи бўйича қўшимча бўлим, «Қадр-Қиммат Инқилоби ва Россиянинг Украинага қарши тажовузи». В.Головко, А.Палий, О.Черевко, С.Янишевский

Украина таълим ва фан вазирлиги томонидан тасдиқланган. Украина таълим ва фан вазирлиги томонидан жорий этилган.

"Россия раҳбарияти Майдон ғалабаси ва Януковичнинг қочиб кетишини ўз фожиаси сифатида қабул қилди. Украинани ютиб юбориш ва унинг захираларидан империя мақсадларида фойдаланиш режалари барбод бўлди. Украинанинг муваффақиятли модернизация қилиниши Россиянинг бузуқ ниятларига нуқта қўяр, унинг ижтимоий-сиёсий тузуми Европа давлатлариники билан солиштирганда, самарали эмаслигини очиқ кўрсатиб қўяр эди. Шу сабабдан Кремл Қримни ҳарбий йўл билан босиб олишнинг олдиндан тайёрлаб қўйилган режасини ишга солишга қарор қилди. Бундан мақсад, бир томондан, ўзга ҳудудни босиб олиш орқали Россия аҳолисининг шовинистик қатлами қўлловига эга бўлиш ва рус жамияти эътиборини мамлакатдаги коррупция, бесамар бошқарув, қашшоқлик ва Россиянинг ўзида рус миллатининг хор қилинишидан чалғитиш бўлса, иккинчи томондан, Инқилоб учун Украинани «жазолаш,» унинг обрўсини тўкиш, охир-оқибат, забт этиб, сўнг давлат ва миллат сифатида йўқ қилиб юбориш эди.

Қримга олдиндан Россия ҳарбий кучларининг қўшимча махсус бўлинмалари ва кўп сонли рус миллатчи ташкилотлари аъзолари юборилди. Севастополдаги митингда Россия фуқароси бевосита «мер» сифатида эълон қилинди. Бироқ Симферополда қрим татарларининг Украина билан яхлитлик учун ўтказган митинги бўлгинчилар чиқишидан кўра оммавийроқ бўлди. […]

Айни вақтда Путин яриморолдаги воқеаларга россиялик ҳарбийларнинг алоқаси йўқлигини таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини бир неча бор чалғитди. […]

16 март куни Қримда ноқонуний «референдум» ўтказилди. Гўё, унда иштирок этганларнинг 97 фоизи Россия таркибига қўшилиш учун «овоз бергани» эълон қилинди. Бу очиқ ёлғон эди. Қримдаги 300 минг сонли татарлар ва 700 мингдан зиёд украинларнинг катта қисми Россияга қўшилишни истамади.

Аннекциядан сўнг Қримда фуқаролик ҳуқуқлари шиддат билан поймол қилина бошланди. Бундан биринчи бўлиб этник украинлар ва қрим татарлари жамоати зарар кўрди. Тинч фаоллар қамоқхоналарга ташланди, баъзилари ўғирлаб кетилди ёки ўлдирилди. Украина транспорти, электр таъминоти, озиқ-овқатига қарамлик, шунингдек, санкциялар туфайли яриморол қатор иқтисодий қийинчиликлар билан юзланди. Россия дунё қаршисида тажовузкор мамлакатга айланди. БМТ Бош Ассамблеяси Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлади ҳамда Қрим ва Севастополни Украина ҳудуди сифатида тан олди."

Тарих. Юқори синфлар ва олийгоҳга кирувчилар учун репетитор. С.Самигин, П.Самигин, В.Касянов

"Сўнгги йилларда Россия қатор соҳаларда барқарорлаштирувчи ва урушдан сўнг шаклланган халқаро ҳуқуқ тизими ҳимоячиси сифатида ўзини муваффақиятли намоён қилиб келди. Бироқ Украинадаги сиёсий инқироз (2013-2014 йиллар) халқаро вазиятни жиддий тарзда ўзгартириб юборди.

Вақт ўтиши билан намойишлар аксил президент ва аксил ҳукумат тус олиб кетди. Бунинг асосий сабаби ижтимоий адолатсизлик, даромадлар ва турмуш даражаси ўртасидаги улкан жарлик эди. […]

Агар пойтахт, шимолий, марказий ва ғарбий вилоятлар аҳолиси янги ҳукуматни дастаклаган бўлса, жанубий-шарқий вилоятларда рус тили мақомини ҳимоя қилиб чиққан, аксил ҳукумат ва руспараст шиорлар остидаги ўта миллатчи ташкилотларнинг намойишлари тўлқини бошланди. […]

Қрим инқирози бошланиши ортидан бир қатор Ғарб давлатлари «Россия тажовузи»ни қоралаб чиқди. Россияга талаблар қўйилди: халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиш, Украина ички ишларига аралашишни тўхтатиш ва Украина билан баҳсли масалаларни сиёсий диалог орқали ҳал этиш. Россия раҳбарияти ўзи конституцияга қарши ҳарбий тўнтариш уюштирган, деб ҳисобловчи Украинанинг янги ҳукумати легитимлилигини тан олишдан бош тортди."

Украина тарихи: абитуриентлар ва умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун маълумотнома. С.Кулчицкий, В.Власов

Украина таълим ва фан вазирлиги маориф масалалари бўйича илмий-методик кенгашининг тарих фани бўйича комиссияси томонидан умумтаълим муассасаларида фойдаланиш учун тасдиқланган.

"Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 2014 йил бошидаги Майдон воқеаларини диққат билан кузатиб борди. 20 февралда у Янукович тузумининг емирилаётганига ишонч ҳосил қилди ва Қримни аннексия этишга кўрсатма берди.

Журналистлар яриморолда пайдо бўлган танитувчи белгиларсиз ҳарбийлар қайси давлатга тегишли эканини Путиндан сўраганда, у Россиянинг Қримдаги воқеаларга алоқаси йўқлигини таъкидлаб, уларнинг юзига тикилганча, ёлғон гапирди. Янукович томонидан барбод қилинган Қрим гарнизони ўраб олинди, Россия агентураси муқобил ҳокимият органларини ташкил этди ва 16 март куни натижаси олдиндан маълум референдумни ташкиллади. 18 март куни Қрим ва Севастополнинг Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш тўғрисида келишув имзоланди. Бутун амалиётга бир ойдан кам вақт сарфланди. […]

Мутахассис мулоҳазаси

«Барча қўлланмаларда воқеаларнинг расмий тавсифи қайта-қайта такрорланади,» сўзлайди Украина Тарих Институтининг замонавий тарих ва сиёсат бўлими раҳбари Георгий Касянов украин дарсликларини таҳлил қила туриб.

"Яриморол аннексияси Кремлнинг империал сиёсати натижаси сифатида тасвирланган. Украин томонининг ҳаракати, аниқроғи, ҳаракатсизлиги оқловчи руҳда изоҳланган, Қримни қўлдан бой беришдаги бутун айб "Янукович тузуми"га ағдарилган. Референдум натижалари эса ҳарбий босим ва қалбакилаштиришлар билан тушунтирилган. Украина ҳукуматининг тажовузга қарши чоралар кўра олмагани сабаблари танқидий жиҳатдан мутлақо таҳлил қилинмаган.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, дарсликларнинг бундай тарзда бўлиши танқидий фикрлашнинг шаклланиши ҳамда ёш фуқаролар тарбиясига жуда кам таъсир кўрсатади - уларда Украина ожиз қурбон сифатида тасвирланган," дейди тарихчи.

Россия тарихи: ХХ аср ва XXI аср боши. Г.Наумова, А.Новиков, Ю.Корнеева

"2013 йилдан бошлаб Украинани сиёсий инқироз қамраб олди. Бутун Украина бўйлаб оммавий намойишлар авж олди ва январь ойида қуролли радикаллар ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашди. Юзлаб одамлар жабр кўрди. […]

Жанубий-шарқий ҳудудлар аҳолиси янги, аслида, ноқонуний Украина ҳукумати сиёсатини ўзи учун мос, деб ҳисобламади. […]

2014 йилда Россиянинг гўё Украинадаги сиёсий инқирозга алоқадорлигини важ қилиб кўрсатган Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар киритди. […] Таҳлилчиларнинг аксар қисми «Қрим баҳори», Украина жанубий-шарқидаги вазиятнинг кескинлашишини санкциялар жорий қилиш учун шунчаки баҳона, деб ҳисоблайди. Гап шундаки, Ғарб мамлакатлари, аввало, АҚШ Украинадаги вазият ўзлари хоҳлагандек ривожланмаётганига ишонч ҳосил қилган эдилар."

Украина тарихи. Маълумотнома, тест топшириқлари. А.Гисем.

Тўлиқ такрорлаш курси, ташқи мустақил баҳолаш ва якуний давлат аттестацияга тайёрланиш учун қўлланма

"Мамлакат Майдондаги қонли воқеалардан энди зўрға чиқиб олган вақтда, Россиянинг шиддатли қуролли тажовузи бошланди. Қрим Россиянинг биринчи мақсадига айланди. Босиб олиш амалиётига бир неча йил давомида тайёргарлик кўриб келинган эди. Бу урушнинг бош мақсади мамлакатни ичдан емириш, босқинчига нисбатан қаршилик иродасини синдириш эди.

Россия Қримда кучли агентура тармоғини яратган, у исталган вақт яриморолда бўлгинчилик ҳаракатини авж олдириб юборишга тайёр эди. […]

В.Януковичнинг ҳокимиятдан кетказилиши ортидан Қримдаги бўлгинчи кайфият янги куч билан портлаб чиқди. […] 25 февралда Қрим парламенти олдида бўлгинчиларнинг намойишлари ўтказилди, аммо улар Украина тарафдорлари митинглари фонида босилиб кетди. 27 февралга ўтар кечаси Қрим парламенти ва ҳукумати "яшил одамчалар" (россиялик махсус кучлар) томонидан босиб олинди, бино устида Россия Федерацияси байроғи кўтарилди. Бинонинг эгаллаб олиниши Қрим Олий Кенгаши депутатларининг йиғин ўтказишига халал бера олмади ва яриморол мақомига оид референдум ташкиллаш бўйича қарор қабул қилинди. […]

1 мартдан россиялик ҳарбийлар Қрим ҳудудидаги Украина ҳарбий базаларини ўраб олиш, транспорт магистраллари ва бошқа стратегик объектлар назоратини қўлга олишга қаратилган кенг кўламли кучишлатар акцияларни бошлаб юборди. Украина флоти қўмондони Д.Березовскийнинг хиёнатига қарамай, бирор объектни бир уринишда босиб олишга муваффақ бўлинмади. […]

2014 йил 16 март куни Украина қонунчилигига зид равишда Қрим парламенти қарори билан яриморол мақоми бўйича референдум ўтказилди. Украина президенти вазифасини бажарувчи А.Турчиновнинг Қрим парламенти қарорини бекор қилиш тўғрисидаги қарори, шунингдек, Украина Конституцион судининг референдум эълон қилишни Украина конституциясига зид, деб топишига қарамай, референдум ўтказилди.

Қрим татар халқининг референдумни бойкот қилиб чиқиши, кўп сонли россиялик қуролли ҳарбийларнинг иштироки, шунингдек, катта миқдордаги қалбакилаштириш амалиётлари шароитида 1,2 миллиондан зиёд тўлдирилган бюллетенлар тўпланди ва, гўё, овоз берувчиларнинг 96.77 фоизи «Россия Федерацияси субъекти ҳуқуқи асосида Қримнинг Россия билан бирлашиши» йўлини танлади. Аслида, Россия парламентининг алоҳида аъзолари ва қрим татар етакчиларининг таъкидлашича, Қрим мустақиллиги учун референдум иштирокчиларининг 32-34 фоизидан кўп бўлмаган қисми овоз берган, холос. […]

АҚШ ва Евроиттифоқ референдум натижаларини тан олмади, Россия ҳаракатларини танқид қилди ва россиялик ишбилармонлар ҳамда юқори мартабали амалдорларга нисбатан санкциялар жорий қилиб, уларнинг активларини музлатиб қўйди ва виза чекловлари жорий этди.

27 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилди."

Россия тарихи. 10-синф, 3-қисм. РАН академиги А.Торкунов таҳрири остида

Россия Федерацияси таълим ва фан вазирлиги томонидан тавсия этилган.

"Жиддий сиёсий инқироз шароити остида 2014 йил бошида Киевдаги ҳокимиятга миллатчилар келди. Қонунан сайланган президент В.Ф.Янукович ҳокимияти ағдарилди. Рус тилининг ҳудудий тил сифатидаги мақоми тўғрисидаги қонунни бекор қилиш таклиф қилинди. Бу амалда ундан фойдаланишнинг тақиқланишини англатар эди. Бунга жавобан Украинанинг шарқий қисмлари русийзабон аҳолиси ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришди. Қрим ва Севастополдаги референдумда қримликларнинг 96.77 фоизи ва севастополликларнинг 95.6 фоизи Қрим ва Севастополнинг Россияга қўшилишини исташини билдирди. Шундан сўнг Қрим Автоном Республикаси ва Севастопол шаҳри давлат мустақиллиги тўғрисида декларациялар қабул қилинди ва Россия билан Қрим ва Севастополнинг унинг таркибига кириши борасида келишув имзоланди. […]

Украинадаги воқеалар, Қримнинг Россияга қўшилиши АҚШ ва Европа Иттифоқининг кескин муносабат билдиришига сабаб бўлди. Улар Россияга қарши санкциялар жорий қилди. Бироқ бундай чоралар Россия Федерациясининг суверен ички ва ташқи сиёсатини ўзгартира олмади."