Дин ва дунё: Ҳиндистонда сигир туфайли мусулмон эркак ўлдирилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Allison Joyce)
Image caption Рамгардаги гов ракшаклар. 2015 йил

Ўтган йилнинг июль ойи тунида ҳиндистонлик бир мусулмон фермер мамлакат шимолий-ғарбидаги Рожастон штатида икки сигирни етаклаб олиб кетаётган эди. Орадан бир неча соат ўтгач, эркакнинг жасади топилади. Би-би-си мухбири Жеймс Клейтон мазкур қотиллик тафсилотларини ўрганишга қарор қилди. Фермерни ким ўлдирган: сигирларни ҳимоя қилган самосудчиларми ёки полиция?

Соат тонгги 4 эди. Полиция Рамгар касалхонаси навбатчи шифокори Ҳасан Хон ҳузурига шахси номаълум эркак жасадини олиб келади.

«Ўша пайтда полициячилар ўзини қандай тутган эди? Улар хотиржаммиди?» сўрайман доктор Хондан.

«Йўқ. Улар жуда асабий эди,» жавоб қайтаради у.

Эркак жасадини кейинроқ отаси танийди. У маҳаллий фермер Раҳбар Хон бўлиб чиқади.

Мазкур иш тасодифий қотилликка ўхшамас эди. Унда Ҳиндистон шимолига хос ижтимоий зиддиятлар аломати яққол кўриниб турарди.

Кейинроқ бу ишга расмийлар, жумладан, қудратдаги миллатчи BJP партияси ўз эътиборини қаратади.

Қотиллик сабабчиси - сигир

Фото муаллифлик ҳуқуқи IndiaSpend
Image caption Сигир туфайли ҳужумлар қайд қилинган жойлар

Раҳбар Хон етти фарзанднинг отаси эди.

У сигир боқар ва Исломга эътиқод қиларди. Ҳиндистонда сигирни уй ҳайвони сифатида боқувчи мусулмонларнинг мутаассиб ҳиндулар томонидан ҳужумга учраш ҳолатлари тез-тез кузатилади.

«Биз доим сигир боқиб келганмиз. Тирикчилигимиз сутга боғлиқ,» сўзлайди Раҳбарнинг отаси Сулаймон.

«Олдинлари сигирларни машинада ташиганимизда ҳеч ким ортиқча гапирмас эди.»

Бироқ ҳозир вазият ўзгарган. Раҳбар Хон яшаган, пойтахт Деҳлидан унча олис бўлмаган Меват ҳудудида сўнгги йилларда машинада сигир ташиган бир неча мусулмон ўлдирилган.

«Одамларимиз қўрқиб қолган. Агар сигир ташисак, машина атрофини ўраб олишмоқда. Бу ҳайвонларга яқинлашишга ҳам қўрқиб қолдик,» дейди Сулаймон.

Хонлар оиласи истиқомат қилувчи қишлоқдаги одамлар гов ракшак - сигирларни ҳимоя қилувчи тўдалардан қўрқиб яшаётганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Allison Joyce)
Image caption Навал Кишор Шарманинг сигир муҳофазачи гуруҳи. 2015

Бундай тўдаларга, асосан, Ҳиндистонда муқаддас саналмиш сигирларни муҳофаза қилишни ўз бурчи, деб билувчи мутаассиб ёш ҳиндулар аъзо бўлади.

Уларга кўра, қонунлар ҳайвонларни сўйилишдан ҳимоя қилиши зарур, аммо бундай қонунлар доим ҳам ишламайди. Шу сабабдан гов ракшаклар, катта эҳтимол билан, сигирларни сўйиш учун олиб кетаётган «контрабандачилар» йўлини тўсишга ҳаракат қилади.

Статистик маълумотларга қараганда, охирги беш йил ичида ўнлаб фермерлар ана шундай ҳужумлар қурбонига айланган.

2018 йилнинг 21 июли тунида Раҳбар Хон ҳам шундай тўдалардан бирига йўлиққан эди.

Ўша тунда Раҳбар Хон билан бирга бўлган, бахтли тасодиф билангина омон қолганини таъкидлаган дўсти воқеани ўта мужмал тасвирлайди.

Унинг сўзлашича, Раҳбар Хон қишлоқнинг кичик йўли бўйлаб икки сигирни ҳайдаб кетаётган бўлган. Вақт ярим тундан ошган, ёмғир шаррос қуяётган эди.

Тўсатдан, йўл ўртасида турган бир неча мотоциклларнинг чироғи ёнади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Enrico Fabian)

Шу жойга келганда, воқеа тафсилотлари анчайин хиралашади.

Айни вақтда воқеанинг уч талқини мавжуд.

Раҳбарнинг дўсти Асламнинг ҳикоя қилишича, улар биргаликда қочишга уринадилар, лекин тўда аъзолари Раҳбарни тутиб олади.

Аслам эса лой ерга ётиб олиб, яширинишга муваффақ бўлади.

«Қўрқувдан юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Ётган жойимда қаттиқ чинқириқларни эшитдим. Улар Раҳбарни дўппослаётган эди. Танасининг шикастланмаган ери қолмади.»

Аслам Раҳбарнинг ўша ердаёқ жон таслим қилганини таъкидлайди.

Бироқ тергов давомида аниқланган айрим далиллар унинг кўрсатмасига зид келган.

Аслам ўз кўрсатмасида тўдабоши Навал Кишор Шармага урғу берган.

Унинг таъкидлашича, Шарма ўша тунда қотиллик тепасида бўлган, лекин Шарманинг ўзи бу иддаони қатъиян рад этади.

Image caption Навал Кишор Шарма

«Соат тахминан тунги 00.30 эди. Уйимда ухлаётгандим… Гуруҳимдан кимдир менга қўнғироқ қилиб, сигир контрабандачиларидан бирини қўлга олишганини хабар қилди,» дейди Шарма менга.

Навал Кишор Шармага кўра, телефон мулоқотидан сўнг у полиция билан воқеа жойига етиб борган.

«Раҳбар тирик ва аҳволи яхши эди,» дейди у.

Полиция эса воқеани мутлақо бошқача тасвирлаган.

Полиция тузган илк баённомага кўра, Раҳбар Хон воқеа жойида ҳақиқатан ҳам тирик топилган.

"Навал Кишор Шарма соат 00.41 да бир қанча эркак сигирларни яширинча олиб кетаётгани тўғрисида хабар берди," дейилади баённомада.

"Воқеа жойида жароҳатланган ва лойга ботган эркак топилди. У полицияга исми, шарифи, ёши (28) ва яшаш жойини маълум қилди. Сўзларини деярли тугатиб бўлиши билан унинг жони узилди. Сўнг у Рамгар шифохонасига олиб борилди. У ерда шифокор жабрланувчининг оламдан ўтганини маълум қилди."

Бироқ ушбу талқиндаги кўрсатмалар ўта шубҳали.

Менинг Рамгар шифохонасига боришимга тўғри келди.

Шифохона ходимлари бир дунё қоғозлар ичидан Раҳбарнинг қабул қилиб олингани тўғрисидаги қайдномани қидира бошладилар.

Қайдномада «номаълум шахс жасади» 2018 йилнинг 21 июль куни соат тонгги 04.00 да касалхонага олиб келингани ёзилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Allison Joyce)
Image caption Тунги Рамгар

Қайдномадаги сўзлар полиция талқинига мутлақо мос келмас эди.

Биринчи бўлиб, энг муҳим савол ўртага чиқади: Раҳбар Хон касалхонадан машинада атиги 12 дақиқали йўл наридан топилган. Полициянинг шу арзимаган масофани нақ уч соатдан кўп вақтда босиб ўтишига нима сабаб бўлган?

Агар, илк баённомага мувофиқ, Раҳбар Хон полицияга ўз исм-шарифини айтган бўлса, у ҳолда полициячилар навбатчи шифокорга нега жасаднинг шахсини маълум қилмаган?

Навал Кишор Шарма мазкур жумбоқ жавобини билишини иддао қилади. У бўлган воқеани юқоридаги талқинлардан кўра умуман ўзгача тасвирлайди.

Раҳбарнинг ўлим гувоҳномасида унинг қаттиқ калтаклангани, оёғи cингани ва қовурғалари ўпкасини тешиб юборгани ҳақида ёзилган.

Мен ўша тунда навбатчи бўлган шифокордан олиб келинганда, Раҳбарнинг танаси қандай аҳволда бўлганини сўрайман.

«У музлаб бўлган эди. Жонсиз тана бир-икки соатда совийди,» дейди у.

«Раҳбарнинг иши тўғрисида гапиришни истамайман,» таъкидлайди маҳаллий полиция бўлими бошлиғи Режендра Сингҳ.

У менга низом бўйича ҳаракат қилмагани учун бир неча полиция ходимининг ишдан четлатилганини маълум қилди.

Навал Кишор Шарма гуруҳидан уч киши Раҳбарнинг ўлимида айбланган.

Шарманинг ўзи эса тергов беришда давом этмоқда.

Тўда ва полиция қотилликда бир-бирини айблашда давом этмоқда, аммо улар ўша тунда бирга ҳамкорлик қилганларини инкор қилмайди.

Рожастон штати полициясининг асосий фаолияти сигирларни сўйилишдан асраб қолишга қаратилган. Бироқ Шарма бутун ҳудудни назорат қилишга полицияда имкон йўқлиги, шу сабабдан унинг тўдасига ўхшаган кўнгиллилар «сигир контрабандачилари»га қарши курашга ёрдам бериши ҳақида сўзлайди.

Штат бўйлаб бир қанча расмий блокпостлар ташкил қилинган.

Полиция бу нуқталардан ўтаётган юк машиналаридан сўйиш учун олиб кетилаётган сигирларни излайди.

Мен вазиятни кузатиш учун шундай блокпостлардан бирига бордим.

У ерда полициячилар ҳар бир машинани эринмай, текшираётганини кўрдим.

Охирги вақтда бундай блокпостлар Ҳиндистон бўйлаб одатий ҳолга айланган.

Улар полиция ёки кўнгиллилар томонидан назорат қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Enrico Fabian)
Image caption Навал Кишор Шарма гуруҳининг аъзоси юк автомобилини текширмоқда. 2015

Инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи гуруҳлар полиция ва гов ракшакларнинг, аксар ҳолларда, ўзаро яқин ҳамкорлик қилишини таъкидлайди.

Айрим ҳудудларда полиция қотилликка қўл урган сигир ҳимоячиларини ҳибсга олишга рўйхушлик билдирмайди.

Қайтанга, сигир гўштини истеъмол қилган ёки қорамол билан савдо қилганларга зудликда чора кўрилади.

Бироқ сигир туфайли ҳалок бўлган инсонлар фожиасида фақат полиция айбдор эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Allison Joyce)
Image caption Сигир ҳимоячилари ўзлари қидирган нарсани топишди. 2015 йил ноябрида олинган фотосурат

Фаолияти ҳиндиуй миллатчилик мафкурасига асосланган BJP партиясидан бўлмиш Гяндей Аҳужа Раҳбар ўлдирилган кезларда Рамгар маҳаллий парламенти аъзоси эди.

У «сигир контрабандачилари» юзасидан билдирган зиддиятли баёнотлари билан машҳур.

2017 йил декабрь ойида Аҳужа маҳаллий матбуотга очиқ-ойдин шундай деган: «Дангалини айтаман - агар сиз сигир контрабандасига бош қўшган бўлсангиз, айнан сигирдек ўласиз.»

Раҳбарнинг иши овоза бўлиши ортидан у сигирни ўлдириш террорчиликдан ҳам ёмонроқ эканини таъкидлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Enrico Fabian)
Image caption Сигир ҳимоячилари, ўғирланган қорамол олиб кетилаяпти деб гумон қилинган юк автомобилини мана шундай мосламалар билан тўхтатишга қарор қилганлар.

Ҳатто, Бош вазир Нарендра Моди ҳукумати аъзоси сигир туфайли уюштирилган бир самосуд ташкилотчиларини табриклаётган ҳолда суратга ҳам тушган.

Сўнг ўша вазир бу иши учун кечирим сўраган.

Human Rights Watch ташкилотидан Минакши Гангули сайланган расмийларнинг қотилларни дастаклаши ҳолатини «даҳшатли» дея тасвирлайди.

Қудратдаги партиянинг қўллови ўтган вақт давомида самосудчиларнинг ўзига бўлган ишончини ошириб юборган.

Сигир туфайли уюштирилган ҳужумлар бўйича расмий маълумотлар мавжуд эмас.

Бироқ мустақил ташкилотлардан бири 2015 йилдан бери гов ракшаклар ҳужуми оқибатида 250 киши жароҳат олгани ва 46 нафар ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Enrico Fabian)
Image caption Рамгардаги сигирлар асраладиган жой

Мустақил инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, асл рақамлар бундан анчайин кўп.

Сабаби қурбонлар ва уларнинг яқинлари иш чаппасига кетиб қолиши эҳтимолини англаган ҳолда, самосудчилар хуружи тўғрисида полицияга арз қилишдан қўрқади.

Аниқланган қурбонларнинг катта қисми эса айнан мусулмонлардир.

BJP сўзчиси Налин Коҳли унинг партияси ва гов ракшаклар ўртасида алоқа борлигини мутлақо рад этди.

«Бундай ишларга BJPни алоқадор, дейиш қип-қизил бўҳтон,» таъкидлайди у менга.

«Жуда кўпчилик буларнинг бари ортида BJP турибди, деган баёнотлар тарқатишдан манфаатдор. Бунга зинҳор тоқат қилиб бўлмайди.»

Мен ундан Гяндей Аҳужанинг зўравонликка чорловчи баёнотлари ҳақида сўрайман.

«Биринчидан, бу унинг қарашлари партияникига мувофиқ, дегани эмас. Биз доим шахсий қарашлар шахсларнинг ўзига тегишли, партияники эса партиянинг ўзи томонидан эътироф этилади, деб келганмиз.»

"BJP Аҳужани ҳеч рағбатлантирган ёки ҳимоя қилганми?" сўрашда давом этаман.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images (Allison Joyce)

«Йўқ.»

Аммо ушбу суҳбатдан бир ой ўтгач, Аҳужа BJP партиясининг Рожастондаги вице-президенти этиб тайинланди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Рожастонга ташриф буюрган Бош вазир Нарендра Моди оломон қаршисида Аҳужа билан хурсанд қўл силкитганча, суратга тушди.

Меватда мен Раҳбарнинг аёли Асмина билан суҳбатлашдим.

«Бева бошим билан етти фарзандни қандай боқиш йўлини кўрсатинг менга. Уларни қандай катта қиламан?» дейди у кўз ёшларини артганча.

«Энг кичик қизим дадам Худонинг даргоҳига кетган, дейди.»

«Бир ҳайвоннинг умри шунчалик қадрли, лекин инсонники муҳим эмас.»

Раҳбарнинг ўлимида айбланган уч шахснинг устидан ҳали суд бўлиб ўтмади.

Эҳтимол, биз бу қотиллик аслида қандай содир бўлганини ҳеч қачон била олмасмиз.

Ҳиндистон маҳаллий матбуоти Раҳбар ўлим билан олишиб ётганда, полиция унга эътибор ҳам бермай, сигирларни панага олиш билан банд бўлгани тўғрисида ёзган.

Шунингдек, полициячилар уни касалхонага олиб бориш ўрнига бамайлихотир чой ичиб ўтиргани ҳақида хабарлар ҳам бор.

Нима бўлган бўлса ҳам, улар Раҳбарга ёрдам кўрсатишга шошилмагани аниқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ