Уруш ва тинчлик: Дунёни ядро урушидан сақлаб қолган тартибга дарз кетдими?

Россиянинг собиқ Ташқи ишлар вазири Игор Иванов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Россиянинг собиқ Ташқи ишлар вазири Игор Иванов

«Биз миналар кўмилган майдонга кириб қолдик ва улар айнан қаерда портлашини билмаймиз.»

11-12 март кунлари Carnegie таҳлил маркази томонидан Вашингтонда ташкилланган Халқаро Ядро Сиёсати Конференциясида нутқ ирод қила туриб, Россия собиқ ташқи ишлар вазири Игор Иванов дунё ҳамжамиятини ана шундай сўзлар билан огоҳлантирган.

АҚШ собиқ сенатори ва узоқ йиллардан бери қуролларни назорат қилишга чақириб келаётган фаол Сем Нунн ҳам жаноб Ивановнинг огоҳликка даъватини қўллаб-қувватлаган.

«Агар АҚШ, Россия ва Хитой биргаликда ишламас экан, у ҳолда воқеалар ривожи фарзандларимиз ва набираларимиз учун даҳшатли тус олади,» деган жаноб Нунн.

Сем Нунн жорий давлат раҳбарларини Роналд Рейган ва Михаил Горбачевдан ўрнак олиш ва ядро урушида ҳеч ким ғолиб чиқмаслигини эътироф этишга чақирган.

Совуқ Уруш ниҳояси арафасида АҚШ собиқ президенти Рейган ўзининг россиялик ҳамкасби жаноб Горбачев билан биргаликда ядровий қуролсизланиш масаласи бўйича қатор ижобий натижаларга эришган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Икки давлат раҳбарлари ҳаракати шарофати билан START I (Стратегик қуролларни чеклаш) битими имзоланган эди. Мазкур битим тажовузкор қуроллар арсеналини қисқартириш бўйича тарихда эришилган энг йирик келишув сифатида тан олинган.

2010 йилда президентлар Барак Обама ва Дмитрий Медведев томонидан имзоланган «Янги START» аталмиш битимнинг янгиланган шакли тақдири бугун савол остида қолмоқда. АҚШ ва Россия чиқиб кетиши ортидан Ўрта ва Қисқа Масофали Ракеталарни Тугатиш Бўйича Битим (INF) ҳам инқирозга юз тутган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россиянинг йиллар давомида битим шартларини бузиб келишда айблаган.

Россия бу айбловларни рад этган, аммо НАТО иттифоқчиси бўлмиш Вашингтон иддаоларини дастаклаган.

Шунга қарамай, кўплаб европалик иттифоқдошлари жаноб Трампнинг халқаро муносабатларга нисбатан бўлган ёндашувидан норози. Мазкур норозилик кайфияти Carnegie конференцияси давомида яққол кўзга ташланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Германиянинг АҚШдаги элчиси Эмили Ҳебер муқаддам халқаро тизимни назоратга солиб турган «тартибнинг емирилгани»га ишора қилган.

Ҳебер хоним бирор давлатнинг келажакдаги хулқини шакллантириш ўрнига унинг ўтмишдаги амаллари учун иқтисодий санкциялар билан ҳаддан зиёд жазога тортилаётганини таъкидлаган. Ушбу сўзлари орқали немис дипломати, катта эҳтимол ила, АҚШ ташаббуси билан Россияга қарши жорий қилинган санкцияларни билвосита тилга олиб ўтган.

Шунингдек, Ҳебер хоним жаноб Путиннинг кўплаб хатти-ҳаракатлари ишонч ва дипломатик жараёнга дарз туширганини ҳам маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption 2015 йил март ойида Қрим қўшиб олинганидан сўнг, Россия Қрим ва Украина ўртасига панжара торта бошлаган.

Конференцияда аксарият сўзга чиққанлар асосий хавотир қуролларни назорат қилиш бўйича шакллантирилган эски тизимнинг емирилаётгани ёки ядровий қудратга эга давлатлар ўртасидаги зиддият ошиб бораётганида эмаслигига урғу берган.

Уларнинг ташвишланишича, биз янги ва қандайдир хатарли даврга кириб бормоқдамиз.

Қуролларни назорат қилувчи эски тизим парчаланиб бораётган бир вақтда янги технологиялар майдонга чиқмоқда. Товушдан ҳам тез учувчи қитъалараро ракеталар, кибер-қуроллар, фазони ҳарбийлаштириш ва сунъий идрокдан ҳарбий йўлда фойдаланиш ана шулар жумласидандир.

Бугунги кунда мавжуд мудофаа тизимлари бундай юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилган қурол-яроғларга бас кела олмаслиги мумкин.

«Ушбу янги даврда олдиндан режалаштирилган ҳужумдан кўра қўпол хатолар ёки нотўғри ҳисоб-китоб қилиш оқибатида уруш бошланиб кетиши эҳтимоли юқорироқ,» таъкидлаган жаноб Нунн.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption АҚШ Давлат котибининг қуроллар назорати бўйича ўринбосари Андреа Томсон Хитойнинг бундай битимга нисбатан қизиқиш билдирмаслигини эслатиб ўтган.

Хитойни жалб қилиш ёрдамида INF'ни қайта тиклаш мумкинми? Бу саволга нисбатан ҳам салбий жавоб янграган.

АҚШ Давлат котибининг қуроллар назорати бўйича ўринбосари Андреа Томсон Хитойнинг бундай битимга нисбатан қизиқиш билдирмаслигини эслатиб ўтган.

Ҳеч бўлмаганда, Янги START битимини сақлаб қолиш мумкинми?

Битимнинг амал қилиш муддати 2021 йил февралида тугайди. Айни вақтда АҚШ ва Россия юқори мартабали расмийлари унинг аҳамиятини эътироф этсада, битимнинг узайтирилишига билдирилаётган қизиқиш анчайин суст.

Бундан ташқари, жаноб Трампнинг Шимолий Корея ядровий дастурини тугатиш юзасидан келишувга эришишга берган ваъдаси ҳам амалга ошмади. Февраль ойи сўнггида Въетнамда бўлиб ўтган жаноб Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Жон Ун учрашуви муваффақиятсиз якун топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Трамп ва Ким ўртасидаги учрашувда бирор натижага эришилмаган

Учрашув давомида жаноб Ким ўз мамлакати ядровий дастурининг бир қисмидан воз кечиш эвазига АҚШдан жорий этилган барча иқтисодий санкцияларни олиб ташлашни талаб қилган. Жаноб Трамп бундай талабга рози бўлмаган.

Ҳозирда, АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан бундан кейинги сиёсати қандай ўзанда кетиши ёки раҳбарлар яна учрашиши ё йўқлиги борасида аниқ ишоралар юзага чиқмаган.

Шу билан бирга Томсон хоним сиёсий шаклланиш ва муросанинг технологиялар тараққиёти суръатига етиб ололмаётганини қайд этиб ўтган.

Кўпчилик унинг фикрига қўшилган.

Бу анъанавий қуролларни назорат қилиш даври ўз ниҳоясига етганини англатадими? Янги авлод қуролларини назорат қилиш бўйича битимларга эришиш қанчалик қийин кечади?

Шу вақтга қадар Вашингтон ва Москва ўртасидаги стратегик барқарорликни сақлаш муҳимлиги аксарият томонидан тан олиниб келинган эди.

Бироқ, Россиянинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашуви юзасидан давом этаётган можаро ёки жаноб Путиннинг Сурия ва Украинадаги ҳаракатлари масаласи каби зиддиятлар ҳисобга олинса, бундан буён ушбу барқарорликни тутиб туриш осон кечмайди.

Совуқ Уруш ўз чўққисига чиққан йилларда АҚШ ва Совет Иттифоқи бир-бирини Ер юзидан йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилган эди.

Шу каби таҳдидлар ва ядро урушидан қўрқув ҳисси битимлар ҳамда ўзаро англашувлар тизимларининг шаклланишига хизмат қилган эди, аммо, эндиликда, бундай тизимлар ўтмишга айланган кўринади.

Эски адоватлар яна қайтиб келди. Юзага келган зиддиятларни юмшатиш ва уларни бартараф этишга бўлган ирода сустлиги ҳисобга олинса, яқин келажакда бутун инсоният давридаги энг хатарли Совуқ Уруш уйғониши ҳеч гап эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek