Янги Зеландия масжидидаги террор қурбонлар кимлар эди?

Янги Зеландияликлар масжид қурбонларини хотирламоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Янги Зеландияликлар масжид қурбонларини хотирламоқда

Янги Зеландиядаги икки масжидга ҳужум оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони 50 га етди. Уларнинг орасида уч ёшли болакай ҳам бор. Жасадларнинг кимлигини аниқлаш жараёни давом этмоқда. Ҳозирча қурбонларнинг расмий рўйхати эълон қилинмаган.

Кўпчиликнинг тақдири ҳамон номаълум. Яқинларининг ҳикоялари остида бир неча қурбонларнинг кимлиги аниқланди.

Муқад Иброҳим, уч ёш.

Ҳужум вақтида "Ал-Нур" масжидида бўлган уч ёшли Муқадга нима бўлганини бир суткагача ҳеч ким билмади. У отаси ва акаси Абди билан бирга эди.

Қариндошлари уни тинимсиз шифохоналарда қидиришди. Аммо топишолмади.

Янги Зеландия матбуотида у яраланган ва ўзини ўлганга солиб олган отасининг қўлида ҳалок бўлди, деган хабар чиқди. Акаси қочишга улгарган ва омон қолган.

Ўзбекистон ва дунё янгиликлари: Янги Зеландияда масжидларга ҳужум, Трампнинг қўлдан кетган ‘олтин имкониятиʼ ва Илон Маскдан янги совға

49 мусулмон қириб ташланди - Янги Зеландиядаги ҳужум

Полиция камида бир бола ўлганини тасдиқлаяпти, кўплаб болалар жароҳат олган. Ҳукумат исмларни бермаяпти.

Маҳаллий мактаб камида икки ўқувчи ўқишга келмаганини тасдиқлади.

Довуд Наби, 71 ёш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Довуд Наби маҳаллий афғон жамоатининг етакчиларидан эди

Довуд Набининг ўлими расмий равишда эълон қилинганлардан бўлди.

У Афғонистонда туғилган ва 1980 йилларда Советлар бостириб кириши ортидан Янги Зеландияга қочган эди.

Наби муҳандис эди. Айтишларича, эски маркадаги автомобилларни яхши кўрган. Нафақага чиққанидан сўнг, маҳаллий афғон жамоати етакчиларидан бири ва бошқа давлатлардан келган мигрантларнинг ҳимоячиси бўлган.

Маълум бўлишича, қуролли эркак масжидга кирганида бошқаларни ўқдан ҳимоя қилиш учун Довуд Наби олдинга ташланган.

Ўғли Эн-би-си каналига, "Сиз қаердан бўлманг, Фаластин, Ироқ ёки Сурия у биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзганлардан эди", деб айтган.

Сайёд Милн, 14 ёш

Сайёд Милн катта бўлганида футболчи бўлишни ору қиларди.

Жума куни у "Ал Нур" масжидига онаси билан бирга борганди. Отасининг Янги Зеландия матбуотига айтишича, ҳозирча Сайёднинг ҳалок бўлгани борасида расмийлар ҳеч нарса дейишмаган. Лекин у ўғлининг ўлганига ишонади, чунки бошқалар унинг жасадини кўришган.

"Туғилган вақтида деярли йўқотиб қўяёзган чоғимни хотирлайман. Кичкина жасур аскарча эди. Ҳеч ким ва ҳеч нимани ўйламаган кимса томонидан унинг отилишини кўриш азоб. Мен унинг қаерда эканлигини биламан. У бу дунё билан хайрлашганини биламан", деган унинг отаси.

Унинг опаси Брайди Ҳенри журналистларга айтишича, Сайёдни "масжид гиламида қонга беланиб ётганини ва баданининг пастки қисмида қон оқаётганини кўришган".

"У оддий Янги зеландиялик йигитча эди", деган у.

Наим Рашид, 50 ёш

Наим Рашид Янги Зеландияга Покистоннинг Абботобод шаҳридан келган эди. Крайстчўрчда у ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Family handout
Image caption Наим Рашид бир неча йил олдин олинган суратда ўғли Талха билан

"Ал-Нур" масжидига қилинган ҳужум акс этган видеода у ҳужумчини тўхтатишган уринганини кўриш мумкин.

Наим Рашид оғир яраланган. Уни шифохонага олиб боришган. Кейинчалик Покистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг ўлимини тасдиқлади.

Видеони кўрган укаси Ҳуршид Алам акаси Наим Рашид ўзини қандай тутганидан фахрланишини айтди.

"У жасур одам эди. Бу нарсани видеони кўрган бир нечта одамдан ҳам эшитдим. Уларнинг айтишича, у ҳужумчини тўхтатишга уриниш орқали бир неча жонни қутқариб қолишга эришган. У қаҳрамон бўлган бўлса ҳам, бу биз учун шок. Биз ундан фахрланамиз, аммо уни йўқотдик. Бу танангизнинг ярмини кесиб ташлаганга ўхшаш ҳиссиёт", деган Ҳуршид Алам Би-би-си билан суҳбатда.

Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, Наим Рашиднинг танаси Крайстчўрчга қўйилади.

Талха Рашид, 21 ёш

Талха Рашид Наим Рашиднинг тўнғич ўғли эди. Оила Янги Зеландияга кўчиб келганида у 11 ёшда эди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amna Sardar
Image caption Талха Рашид бир неча йил олдин отаси билан

Дўстларининг айтишича, Талха яқинда яхши иш топган эди ва уйланишга ҳаракат қилаётганди.

"Бир неча кун олдин мен Наим Рашид билан гаплашган эдим, у менга Талхани Покистонга олиб келиб, уйлантирмоқчи эканлигини айтганди. Бироқ бунинг ўрнига биз уларнинг жасадини Покистонга қайтариш билан бандмиз", деган Покистоннинг Лаҳор шаҳрида яшовчи тоғаси.

Наим Рашиднинг яна бир ўғли жароҳатланган ва у шифохонада.

Фарҳод Ахсан, 30 ёш

Ҳиндистон фуқароси Фарҳод Ахсан бундан ўн йил олдин Ҳайдаробод шаҳридан Янги Зеландияга кўчиб келганди. У муҳандис-электрик бўлиб ишлаган.

Уйланган, уч ёшли қиз ва 1,5 ёшли ўғилнинг отаси эди.

Акаси Ҳошимнинг Би-би-сига айтишича, Янги Зеландия ҳукумати унинг оиласига ўлими ҳақида хабар берган.

"Янги Зеландиядек тинч давлатда бу каби нарсаларнинг содир бўлишини ҳеч ким тасаввур қилолмасди", дейди марҳумнинг отаси Саидуддин.

Ҳусни Ара, 42 ёш

Бангладешнинг Янги Зеландиядаги дипломатларининг айтишича, Крайстчўрчдаги ҳужумда уларнинг уч фуқароси ҳалок бўлди. Улар бошқа тафсилотлар ҳақида ҳеч нарса демаяпти.

Террор ҳужумига учраган икки масжидда бўлганларнинг айрим яқинлари журналистлар билан гаплашган.

Отишма бошланган вақтида Ҳусни Ара масжиднинг аёллар учун ажратилган бўлимида бўлган. Аравачада ҳаракатланувчи эри Фарид Уддин эркаклар хонасида бўлган.

"Ўқ овозларини эшитиши билан, у эрини қутқариш учун отилди. Бироқ унга ўқ тегди ва ҳалок бўлди", деган Бангладешнинг New Age газетасига гапирган жияни.

Хабар берилишича, унинг эри тирик қолган.

Ҳолид Мустафо

Янги Зеландиядаги "Сурия бирдамлиги" гуруҳининг айтишича, Ҳолид Мустафо "Ал-Нур" масжидида ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SSNZ
Image caption Ҳолид Мустафо Суриядан қочган эди

Ҳолид Мустафо Суриядан уруш туфайли қочган, 2018 йил у ва оиласи хавфсиз деб билишган Янги Зеландияга етиб келган.

Унинг вояга етмаган ўғилларидан бири бедарак кетганлардан бири. Яна бир ўғли оғир яраланган ва жарроҳлик амалиётидан чиқди.

Амжад Ҳамид, 57 ёш

Амжад Ҳамид врач эди. Уни ҳар жума келиб намоз ўқийдиган масжидига бўлган ҳужумдан сўнг ҳеч ким кўрмади.

Қариндошларининг Янги Зеландия журналистларига маълум қилишича, шифохона ва у бўлиши мумкин бўлган бошқа жойларни текширишган, бироқ топиша олмаган. Оиласи уни ўлган, деб билади.

"Бу даҳшат... Биз болаларимиз ва ўзимиз учун яхши ҳаётга умид қилгандик", дейди унинг хотини. Унинг айтишича, эри жуда ҳам меҳрибон бўлган.

Улар бундан 23 йил олдин Янги Зеландияга кўчиб келишган. Икки фарзанди бор. Доктор Ҳамид юрак-нафас касалликлари бўйича мутахассис бўлган.

"Бу давлат хавфсиз бўлиши керак эди. Янги Зеландия энди ҳар доим бошқача бўлади", - дейди ўғли Ҳусам Ҳамид.

Афғонистон фуқаролари, исм ва ёшлари маълум эмас.

Янги Зеландиядаги Афғон уюшмасининг хабар беришича, Довуд Набидан ташқари яна бир афғонистонликнинг ҳалок бўлгани тасдиқланган. Ҳозирча бу одамнинг исми ва ёши маълум эмас.

Ҳусайн ал Умари, 35 ёш

Ҳар жума куни Ҳусайн ал-Умари масжидда Жума намозини ўқиб, кейин ота-онасининг уйига тушлик қилиш учун кирарди.

Сўнгги марта ота-онаси билан у пайшанба куни гаплашган эди. Улар ўзларига янги машина сотиб олганини эшитиб, хурсанд бўлганди.

Унинг ота-онаси Янги Зеландияга 1990 йилларда Бирлашган Араб Амирлигидан кўчиб келган. Улар масжидга ҳужумдан сўнг ўғлининг тақдири борасида ҳеч нарса билмайди.

Уларнинг айтишича, у ҳар доим бошқаларга ёрдамга ошиқувчи яхши йигит бўлган.

Лилик Абдул Ҳамид, ёши номаълум.

Лилик Абдул Ҳамид ёки Муҳаммад Абдул Ҳамид номи билан таниқли бўлган шахс масжидда ҳалок бўлган биринчи индонезиялик бўлиб турибди.

Ҳужум вақтида яна етти нафар индонезиялик икки масжидда бўлган.

Индонезиянинг Янги Зеландиядаги элчиси Тантови Яҳёнинг айтишича, уларнинг 5 нафари тирик эканлигини айтган.

Покистоннинг тўрт фуқароси

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги яна тўрт фуқароси: Сухаил Шоҳид, Саид Жаҳандад Али, Саид Ариб Аҳмад ва Маҳбуб Ҳорунларнинг ҳалок бўлганини айтмоқда. Ҳозирча, уларнинг ёши аниқланмаган.

Бедарак йўқолганлар орасида яна тўрт покистонлик бор.

Мисрнинг тўрт фуқароси

Меҳнат ва миграция вазирлиги тўрт кишининг ўлганини тақдиқлади.

Вазирликнинг Facebook да хабар беришича, Мунир Сулаймон, Аҳмад Камолуддин Абдул Ғани, Ашраф ал-Мурси ва Ашраф ал-Масрилар ҳалок бўлган.

Тўрт иорданиялик

Иордания Ташқи ишлар вазирлиги тўрт фуқаросининг ҳалок бўлганини айтди, бироқ тўлиқ маълумот бермаган.

Яна тўрт нафар иорданиялик яраланган ва шифохонада қолмоқда.

Бедарак йўқолганлар орасида Иордания, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Афғонистон, Фиджи ва Саудия Арабистони фуқаролари бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek