Янгиликлар: Крайсчўрч отишмаси, Брексит можароси, Олимпия қўмитаси раҳбарига айблов ва савдо уруши (bbc.com/uzbek)

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Австралиялик Брентон Таррант икки масжидга уюштирган қонли ҳужумини деярли 17 дақиқа вақт давомида Facebook орқали жонли узатиб турган. Воқеаларни 200 га фойдаланувчи жонли кузатган. Эфир тугаганидан 12 дақиқа ўтиб, биринчи фойдаланувчи юз берган жиноят тўғрисида тармоқ маъмуриятига хабар берган, дейилади Facebook баёнотида.

Хабар келиб тушгач, Facebook асл видеони ўчириб ташлаган ва унинг нусхаларини автоматик тарзда йўқ қила бошлаган. Баёнотда айтилишича, ҳужумдан сўнг 24 соат давомида видеонинг тармоққа юкланаётган 1.2 миллион нусхаси йўқ қилинган ва аллақачон тарқалган 300 минг нусхаси аниқланиб, ўчириб юборилган. Бироқ аксар фойдаланувчилар видеони монтаж усуллари орқали Facebook автоматик тарзда аниқлай олмайдиган кўринишга келтириб, тармоқ бўйлаб тарқатишда давом этгани маълум қилинмоқда.

Facebook'га кўра, тармоқ фойдаланувчилари ўчириб ташлангунга қадар асл видеони 4,000 марта кўришга улгурганлар. Айни вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан уч миллиардгача одам Facebook'даги бундай жонли узатувларни ўз вақтида кўриш имконига эга экани айтилмоқда.

(Алоқадор мавзу -Янги Зеландия масжидидаги террор қурбонлар кимлар эди?)

Япония Олимпия Қўмитаси раҳбари коррупцияда айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Япония Олимпия Қўмитаси раҳбари Сунеказу Такеда 2020 йилда пойтахт Токиода ўтадиган Олимпия Ўйинларига боғлиқ юзага келган коррупция жанжали ортидан истеъфо берди. Прокурорлар Токионинг Олимпия Ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун 2 миллион евро пора берилгани тўғрисидаги иддаоларни ўрганиб чиқмоқда. 2001 йилдан буён Япония Олимпия Қўмитасига раҳбарлик қилиб келган жаноб Такеда ушбу айбловларни қатъиян рад этган.

Токио шаҳри 2013 йилда Мадрид ва Истанбулни ортда қолдириб, Олимпия Ўйинлари мезбони бўлиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Брексит можароси: Бош вазир ЕИдан чиқишни кечиктирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Буюк Британия Бош вазири Тереза Мей Европа Иттифоқидан Брекситни кечиктириб туришни расман сўрашга қарор қилган. Жорий қонунчиликка кўра, Буюк Британия бирор келишувга эришилмаса ҳам, Иттифоқни 29 мартда тарк этади. Ўтган ҳафта Британия парламенти аъзолари "бирор келишувсиз Брексит содир бўлмаслиги"ни қатъиян таъкидлаган эди.

Ҳукуматдаги манбаларнинг Би-би-сига билдиришича, Мей хоним Европа Иттифоқини Брекситни жорий йилнинг 30 июнига қадар кечиктириб туришга кўндиришни режалаштирмоқда. Бироқ унинг ҳукуматидаги бошқа бир манба Брексит машмашаси яна икки йилга қадар чўзилиши мумкинлигини тахмин қилган.

21 март куни Мей хоним Брюсселда ўтадиган Евроиттифоқ саммитида кечиктириш масаласини кўтариши кутилмоқда. Унинг таклифи кучга кириши учун иттифоқнинг барча 27 аъзоси бунга розилик билдириши талаб этилади.

(Алоқадор мавзулар - Дунё янгиликлари: Facebook нимага ўчиб қолди? Россия ўзбекларга муҳтожми ва Брексит бошоғири давом этади...

Брекситдан сўнг Британиянинг авторитар давлатларга муносабати қандай бўлади? )

АҚШ ва Хитой савдо урушига чек қўйиш ниятида

АҚШ ва Хитой расмийлари ўтган бир йил ичида бир-бирига миллиардлаб долларга тенг бож тарифларини жорий этиши ортидан юзага келган савдо урушига барҳам бериш истагини билдирмоқда. Президент Трамп маъмуриятидаги шахсини очиқламаган манба АҚШ расмийлари келгуси ҳафта юзма-юз музокаралар бошлаш мақсадида Хитойга боришини маълум қилган. Манба, шунингдек, музокаралар икки ҳафтадан сўнг Вашингтонда давом этишини ҳам билдирган.

Ҳозирда икки томоннинг апрел ойи ниҳоясига қадар савдо урушини юмшатиш ёки унга бутунлай чек қўйиш юзасидан ижобий келишувга эришиши кутилмоқда. Бундан олдинги икки томонлама музокаралар 15 \февралда бесамар якун топган эди.

Бир йилдан бери давом этаётган савдо уруши президент Доналд Трамп Хитойни АҚШ фирмаларининг интеллектуал мулкини ўғирлаш ва савдо тартибларига риоя қилмасликда айблаши ортидан бошланган эди. Ўтган вақт давомида ҳар икки томон бир-бирининг юзлаб миллиард долларга тенг товарларига бож тарифлари жорий қилган. Бунинг оқибатида дунё иқтисодиёти сезиларли секинлашиб бормоқда.

(Алоқадор мавзулар - Хитой мусулмон уйғурларни қамаб тўғри қилаётгани айтилди

АҚШ ва сиёсат: Президент Трамп устма-уст айбловлар остида

Дунёни ядро урушидан сақлаб қолган тартибга дарз кетдими?)

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek