Бизнинг дунё: Келажак авлод ҳаққи демократияни қайта кашф қилишимиз керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto/Getty

Кейинги сайловдан нарини кўра олмайдиган сиёсатчилар келажак авлод ҳуқуқ ва манфаатларига бепарволик билан муносабатда бўлмоқда, деган фикрни илгари суради файласуф Роман Крзнарич.

18 асрда яшаб ўтган шотландиялик файласуф Девид Юм сиёсий вакиллик ва парламент дебатлари каби давлат институтлари бизнинг таъсирчан ва худбин иштиёқларимизни оловлантириш ва жамиятнинг узоқ муддатли манфаатлари ҳамда фаровонлигини рағбатлантириш йўлида хизмат қилишига ишонган эди.

Бугун Юмнинг қарашлари оддий орзу кўринишига айланиб қолди. Сабаби бизнинг жорий сиёсий тизимларимиз узоқни ўйламай иш кўриш одатининг, олди-кетига қарамай, кенг қулоқ ёзишига йўл очмоқда. Кўплаб сиёсатчилар навбатдаги сайловлардан кейинги даврни кўра олмайдиган даражага тушиб қолди. Ҳукуматлар ҳар қандай масалани етти ўлчамай, шошма-шошарлик билан ҳал қилишни афзал билмоқда. Масалан, жиноятчиликнинг чуқур ижтимоий ва сиёсий сабабларини ўрганиш ўрнига янада кўпроқ жиноятчиларни панжара ортига ташлаш билан муаммони осонгина ҳал қилишга уринилмоқда. Миллатлар эса халқаро музокараларда фақат ўзининг қисқа муддатли манфаатларига ёпишиб олиб, бир-бири билан жиққамушт бўлмоқда. Айни вақт эса сайёра олов ичида ёнмоқда, жонзотлар турлари қирилиб битмоқда.

Сайловлар? Брексит ва Трампнинг твитлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Дунё матбуоти Брексит машмашаси ва АҚШ президентининг қолдирган твитини муҳокама қилишдан бўшамаётир. Хўш, келажак авлодлар манфаатларига заррача қизиқиш билдирмайдиган бундай сиёсий тизимга қарши бирор чора борми?

Келинг, биринчи навбатда муаммонинг табиатига бир назар солсак. Оёғининг остидан бошқа ерни кўра олмайдиган бундай сиёсий қараш ижтимоий медиа ва бошқа рақамли технологиялар маҳсулидир, деган хулосага келиш ҳозирги кунда одатий ҳолга айланган. Бироқ унинг илдизлари бунданда чуқурда жойлашган.

Бирламчи муаммо - сайловлар даврийлиги. Айнан ушбу даврийлик жорий демократик тизимларнинг дарз кетишига сабаб бўлмоқда. Сиёсатчилар сайловчилар кўнглини овлаш учун қисқа муддатли ваъдалар бериш билан овора. Масалан, солиқлар юкини камайтириш. Айни дамда, экология бузилишининг олдини олиш, пенция ислоҳоти ёки маориф тизимини молиявий қўллаб-қувватлаш каби муҳим, аммо фақат ўз ҳаётини ўйловчи сайловчилар эътиборини у қадар жалб этолмайдиган узоқ муддатли муаммолар назардан четда қолиб кетмоқда.

Сайловларга сиёсий тизимдан ўзининг қисқа муддатли манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фойдаланадиган алоҳида қудратли гуруҳларнинг - айниқса, корпорациялар - таъсир ўтказиши дард устига чипқон бўлмоқда. Замонавий дунёда сайлов кампанияларининг бундай гуруҳлар томонидан катта маблағ билан молияланиши ёки йирик бюджетга эга лобби амалиётлари янгилик бўлмай қолди. Оқибатда, узоқ муддатли сиёсий ирода кун тартибидан четга чиқиб қолиб, юзага келган асоратлар ҳақини жамиятнинг оддий вакиллари тўлашга мажбур бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сиёсий презентизм (презентизм - ҳамма нарса, айниқса, ўтмишга ҳозирги кун кўзи билан қараш)нинг яна бир муҳим сабаби вакиллик демократиясининг келажак авлод манфаатларини систематик равишда беэътибор қолдириб келишидадир. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳуқуқлари ҳеч қанақасига кафолатланмаган ёки, айниқса, бой мамлакатларда уларнинг бугун қабул қилинаётган сиёсий қарорларга нисбатан эҳтимолий муносабатини тамсил этувчи давлат институтлари шакллантирилмаган. Ҳозирги кунда ўйламай-нетмай қабул қилинаётган қарорлар ёшларнинг келгуси ҳаётига, шубҳасиз, таъсир этмай қолмайди.

Биз деярли илғамайдиган улкан бир қора бўшлиқ мавжуд: ўн йил давомида мен сиёсатшунос сифатида демократик бошқарув соҳасини ўргандим ва бирор марта келажак авлод худди ўтмишдаги қуллар ёки аёллар каби асосий ҳуқуқлардан маҳрум қилинганлиги ҳаёлимга ҳам келмади. Бироқ асл воқеликда ана шундай манзара ҳукмрон. Бекорга бугун швециялик ўсмир қиздан илҳомланган юз минглаб мактаб ўқувчилари бой давлатлардан атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдорини камайтиришни талаб этиб, юришлар ўтказмаётир. Улар ўзларининг овозини бўғаётган ва келажакларини ахлатга супуриб юбораётган демократик тизимлардан зада бўлган.

Ёқимсиз ҳақиқатни тан олиш вақти келди: замонавий демократия - айниқса, бадавлат мамлакатларда - келажак имкониятларини йўққа чиқармоқда. Биз келажакка, гўё, эрки ўз қўлида бўлмаган қулларимиз яшовчи мустамлака сифатида муносабатда бўлмоқдамиз. Онгли равишда атроф-муҳитни булғаб, келажакка ядровий чиқиндилар ва қарзга ботган жамиятни қолдирмоқдамиз, айни вақтда эса, ўзимиз эркинликни истаганимизча суиистеъмол қилмоқдамиз.

Британия Империяси 18-19 асрларда Австралияни ўз мустамлакасига айлантирган вақтларда, ҳозирда terra nullius - ҳеч кимнинг ери - номи билан маълум сиёсат юритган эди. Бу сиёсат унинг босқинчилиги ва маҳаллий аҳолига, гўё, улар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган ёки даъво қилишга бирор ҳудуди йўқ одамлардек муносабат кўрсатишини оқлашга хизмат қиларди. Бугун биз ҳам келажакка нисбатан ана шундай муносабатда бўлмоқдамиз.

Ҳозирги кунда узоқни ўйламаслик қусурига чек қўйиш учун демократия тушунчасининг ўзини қайта кашф қилиш зарурати билан юзлашиб турибмиз. Ўйлашимча, бу замонамизнинг энг шошилинч, аммо ечиш мураккаб бўлган сиёсий муаммосидир.

Айримлар демократия азалдан ана шундай калта ўйлаш қусурига эга бўлгани, бу муаммога инсоният дуч келаётган турли инқирозларга нисбатан узоқ муддатли қарашларни шакллантира олувчи «раҳмдил диктаторлар» яхшироқ ечим топа олиши мумкинлиги ғоясини илгари сурмоқда. Уларнинг бири сифатида атоқли британ астрономи Мартин Ризни келтириш мумкин. У яқинда иқлим ўзгариши ва биологик қуролларнинг тарқалиши каби ўта муҳим бўлган узоқ муддатли муаммолар тўғрисида мулоҳаза юрита туриб, "фақат маърифатли яккаҳокимгина зарурий чоралар орқали 21 асрни бехатар ниҳоясига етказа олиши мумкинлиги"ни билдирган эди.

Яқинда бўлиб ўтган ижтимоий форумлардан бирида мен унинг ўзидан диктаторлик тузумини узоқни кўзламаслик қусурига жиддий сиёсий ечим сифатида чиндан таклиф қилгани ёки йўқлигини сўрадим. У: «Аслида, мен бу гапни ярим жиддий тарзда айтган эдим,» деб жавоб берди. Сўнг у узоқ келажакни режалаштиришда мисли кўрилмаган ютуқларга эришаётган авторитар тузум сифатида Хитойни мисол келтирди, унинг қуёш энергиясини ўзлаштиришга катта куч ва маблағ сарфлаётганини тилга олди.

Мени ҳайрон қолдирган нарса бизни тинглаб турганларнинг аксарият қисми унинг сўзларини қўллаб-қувватлагани бўлди. Бироқ мен астрономнинг фикрига қўшилаётганлар орасида эмас эдим. Тарих узоқ вақт давомида маърифатли ва софдил сифатларни сақлаб қола олган диктаторларга жуда кам гувоҳ бўлган. Эҳтимол, бўлмаган ҳам. Бундан ташқари, авторитар тузумлар узоқни кўзлаш ва келажакни режалаштиришда демократик тузумлардан ўзиб кетганига далиллар деярли мавжуд эмас: масалан, Швеция, ҳеч қандай яккаҳоким раҳбарсиз, истеъмол қилаётган электр қувватининг деярли 60 фоизини қайта тикланувчи манбалардан олишнинг уддасидан чиқа олмоқда.

Масаланинг яна бир туб моҳияти шундаки, мавжуд заиф нуқталарига барҳам бериш учун вакиллик демократиясини қайта кашф этишнинг бошқа муқобил йўллари ҳам бўлиши мумкин. Аслида, бир қатор давлатлар келажакни ўйлаб, турли тажрибаларни синаб кўришда аллақачон кашшофлик қилмоқда. Мисол учун, Финляндия парламенти қошида Келажак Бўйича Қўмита ташкил қилинган. Бу қўмита қабул қилинаётган қарорларнинг келажак авлодга таъсирини диққат билан ўрганиб чиқади. 2001-2006 йилларда эса Исроилда Келажак Авлодлар бўйича Омбудсман лавозими бўлган. Бироқ, кейинчалик, қонун ижодкорлиги жараёнини кечиктиришга катта ваколати бўлгани важидан бу лавозим бекор қилинган.

Эҳтимол, келажакни ўйлаётган давлатларга энг замонавий ёрқин мисол Уэлс бўлса керак. Уэлс 2015 йилда Келажак Авлодлар Вакили лавозимини таъсис этган. Вакилнинг вазифаси давлат институтларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан тортиб иш жойлари яратиш масалаларига қадар эътибор қаратиши, бундай муҳим соҳалар бўйича камида 30 йилни ўз ичига қамраб олган онгли сиёсий қарорлар қабул қилишига ишонч ҳосил этишдан иборат.

Ҳозирда Буюк Британияда ҳам келажак хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ана шундай қонунлар ишлаб чиқишга даъватлар кўпайиб бормоқда.

Бироқ ўтган вақт давомида бундай ташаббуслар демократик ҳукумат тузилмасининг қайта ислоҳ қилинишига у қадар катта таъсир кўрсата олмасликда кўп бора танқид қилинган.

Канадалик атроф-муҳит муҳофазаси фаоли Девид Сузуки бошқа бир кескин муқобил таклифни ўртага ташлаган. Унинг фикрига кўра, мамлакатнинг сайланган сиёсатчиларини тасодифий тарзда сайланган ва ҳеч қандай сиёсий партияга алоқаси бўлмаган оддий фуқаролар кенгаши билан алмаштириш лозим ҳамда уларнинг ҳар бири олти йиллик муддат давомида қудратда қолиши керак. У бундай кенгашнинг иқлим ўзгариши ва биохилма-хилликнинг камайиб кетиши каби узоқ муддатли муаммоларга самарали ечим топа олиши ҳамда фақат кейинги сайловда ютиб чиқиш иштиёқида ёнишдан бошқа иши йўқ сиёсатчилар фаолиятига барҳам беришини иддао қилади.

Нима қилиш керак?

Аммо бугунги кун фуқароларидан иборат кенгаш келажак авлод манфаатларини самарали ҳимоя қила оладими? Future Design номини олган Япониядаги янги ҳаракат айнан шу саволга жавоб беришга уринмоқда. Киотодаги Инсоният ва Табиатни Тадқиқ Қилиш Институти иқтисодчиси бўлмиш Татсуёши Сайжо етакчилик қилаётган ушбу ҳаракат мамлакат шаҳарлари бўйлаб фуқаролар кенгашларини ташкил этишга интилмоқда.

Ўтмишда ҳам шунга ўхшаш ҳаракатлар мавжуд бўлган. Масалан, Америка туб халқларининг айримлари Еттинчи Авлод Тамойилига риоя қилган. Мазкур тамойилга кўра, қабул қилинаётган қарорларда келажакдаги еттинчи авлод (тахминан, 150 йиллик муддат) фаровонлиги ҳисобга олинган.

Бундай туб одатлардан руҳланган ёшлар АҚШда Фарзандларимиз Ишончи номли ташкилотга асос солиб, ҳозирги ва келажак авлод манфаатлари йўлида барқарор иқлим ва мусаффо атмосферага бўлган ҳуқуқини турли суд ишлари орқали ҳимоя қилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ўз ҳуқуқини даъво қилаётган фаолларнинг аксарияти ҳали ўсмир ёки энди 20 ёшларда. Уларнинг ишонишича, АҚШ ҳукумати онгли равишда илгари сурилган сиёсий қарорлар орқали иқлим, жамиятга тегишли ресурслар келажагини хавф остига қўймоқда, келажак авлод ҳуқуқларини тан олишдан бош тортмоқда.

Юқорида тилга олинган ташаббусларнинг бари нимадан дарак беради? Биз тарихий сиёсий ўзгаришлар бўсағасида турибмиз. Ҳуқуқ-эркинликлар ва келажак авлод манфаатларини ҳимоя қилишни кўзлаётган ҳаракат дунё миқёсида саҳнага кўтарилмоқда.

Қандайдир маърифатли диктаторнинг узоқ йилларга татигувчи муаммоларимизни ечиб беришига умид қилишдан эса фойда йўқ. Демократия Кўҳна Юнонистон давридан то 18 асрга қадар турли кўринишларни олиб, кўплаб марта қайта кашф этилган. Келажак авлодга ўз сўзини айтишга имкон бергувчи ва келажакни мустамлака занжирларидан озод этгувчи янги демократик инқилоб, эҳтимол, аллақачон эшик қоқа бошламоқда.

Демократия Индекси-2018: Ўзбекистон бироз демократлашди

Илм-фан: Араб Баҳорига иқлим ўзгариши сабаб бўлганми?

Эрдўғон: "Қўлида қуроли йўқ одамларнинг имони бор эди"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek