Дунё янгиликлари: Хитойда портлаш, Ғўлон Тепалиги ва Facebook калит сўзлари можароси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитойдаги кимёвий завод портлаши қурбонлари сони ошиб бормоқда

Пайшанба куни тонгда Хитойнинг шарқий Янгченг шаҳрида юз берган кимёвий завод портлаши оқибатида қурбон бўлганлар сони 47 нафарга етди, деб хабар бермоқда Синхуа хабар агентлиги.

Кучли портлаш ўғит ишлаб чиқарувчи Tianjiayi Chemical заводида бошланган ёнғин ортидан юзага келган. Натижада 90 нафар одам оғир тан жароҳати олган, умумий ҳисобда, 640 киши касалхонага ётқизилган.

Портлаш шу даражада кучли бўлганидан завод бинолари қулаб тушган ва ишчиларни босиб қолган. Хитой сейсмик хизмати портлаш вақтида кучи 2.2 баллга тенг зилзила кузатилгани ҳақида хабар берган. Гувоҳларга кўра, портлаш жойидан 3 километр наридаги бошқа бир завод биноси томи ҳам қулаб тушган.

Завод жойлашган Жиангсу провинцияси расмийлари Reuters агентлигига портлаш сабабларини ўрганиш ишлари ўтказилишини маълум қилган.

(Мавзуга алоқадор -Хитой: Кимёвий портлаш ҳудудидаги аҳоли кўчирилмоқда)

Президент Трамп Ғолан Тепалиги Исроил ҳудуди эканини таъкидлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Доналд Трамп бир неча ўн йилдан бери давом этиб келаётган АҚШ сиёсатидан воз кечиб, Исроилнинг оккупация қилинган Ғолан Тепалиги юзасидан суверенитетини тан олиш вақти келганини маълум қилди.

Исроил бу ҳудудни 1967 йилда Суриядан тортиб олган эди. 1981 йилда Исроил Ғолан Тепалигини аннекция қилганини эълон қилган, аммо халқаро ҳамжамият бу қадамни тан олмаган. Жаноб Трампга кўра, мазкур плато «Исроил Давлати ва минтақавий барқарорлик учун стратегик ва хавфсизлик жиҳатдан ўта муҳим»дир. Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу президент Трампнинг қарорини олқишлаган. Доналд Трампнинг ушбу қарори жаноб Нетаняҳу кучли рақобат билан юзланиши кутилаётган 9 апрелдаги ялпи сайлов олдидан чиқмоқда.

Исроил Сурия пойтахти Дамашқнинг жанубий-ғарбидан 60 километр узоқликдаги бу ҳудудни 1967 йилдаги уруш давомида босиб олган эди. Майдони, тахминан, 1,200 квадрат километрга тенг ҳудуд Исроил ва Суриянинг ҳалигача техник жиҳатдан уруш ҳолатида қолиб келишига сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади. БМТ Исроилнинг Ғолан устидан аннекциясини «қонуний кучга эга эмас» деб топган.

(Мавзуга алоқадор -Трамп: 'Қуддус-Исроилнинг пойтахти')

Facebook ходимлари миллионлаб фойдаланувчилар калит сўзларини кўриб келган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Facebook'нинг деярли 20 минг ходими бир неча юз миллион фойдаланувчиларнинг калит сўзларини очиқ кўриш имконига бўлган, деб хабар бермоқда компютер хавфсизлиги соҳаси бўйича тадқиқотчи Браян Кребс.

Тадқиқотчининг сўзларига кўра, 600 миллионга яқин калит сўзлар ҳимояланган кўринишда эмас, балки оддий матн шаклида сақланиб келинган. Facebook ўз баёнотида калит сўзларни ички тармоқда сақланиб қолишига сабаб бўлган «носозлик» бартараф этилганини маълум қилган.

Facebook'га кўра, калит сўзлари ички тармоқда ҳимояланмаган кўринишда сақланганларнинг аксарияти сифатсиз интернет алоқаси ҳолатида ҳам тармоққа киришга имкон берувчи Facebook Lite мобил иловаси фойдаланувчилари бўлган.

"Бизнинг ҳисобимизча, биз юзлаб миллион Facebook Lite фойдаланувчилари, ўнлаб миллион Facebook фойдаланувчилари ва ўнлаб минг Instagram фойдаланувчиларига бу ҳақида билдиришнома юборамиз," деган компания Reuters агентлигига.

(Мавзуга алоқадор -Дунё янгиликлари: Facebook нимага ўчиб қолди? Россия ўзбекларга муҳтожми ва Брексит бошоғири давом этади...

Ўзбекистон ва дунё: Facebook, Google ва Twitter ни биз ўқиймизми ёки улар бизни?..)

Европа Иттифоқи Брекситни кечиктириб туришга рози бўлди

Emmanuel Dunand Фото муаллифлик ҳуқуқи Emmanuel Dunand

Брюсселда ўтган саммитда Европа Иттифоқи аъзо давлатлари раҳбарлари 29 мартда бўлиши кутилган Брекситни ё 22 май ёки 12 апрелга қадар кечиктириб туришга розилик билдирган.

Евроиттифоқ етакчилари олган қарорга кўра, агар Британия парламенти бунга қадар ўзи томонидан икки марта рад этилган келишув лойиҳасини барибир тасдиқласа, у ҳолда Иттифоқдан чиқиш жараёни 22 майгача кечиктирилади. Мабодо парламент қуйи палатаси келишув лойиҳасини яна рад этса, унда Буюк Британияда бундан кейин Брексит юзасидан қандай қарорга келгани тўғрисида Евроиттифоқни хабардор қилиши учун 12 апрелгача вақт бўлади.

(Мавзуга алоқадор - Янгиликлар: Крайсчўрч отишмаси, Брексит можароси, Олимпия қўмитаси раҳбарига айблов ва савдо уруши)

Бразилия собиқ президенти Мишел Темер ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мамлакатни 2016-2018 йилларда бошқарган собиқ президент Мишел Темер коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинган. Жаноб Темер собиқ президент Дилма Русефнинг 2016 йилда импичмент орқали ҳокимиятдан кетказилиши ортидан унинг ўрнини эгаллаган эди.

Жаноб Темер дохил 80 дан ортиқ сиёсатчилар ва йирик бизнесменлар мамлакатда давом этаётган йирик аксил коррупция амалиёти давомида қўлга олинган. Бунга қадар ушбу амалиёт доирасида Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инациу да Силва ҳам 12 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

(Мавзуга алоқадор -Дунё янгиликлари: Мусулмонлар отилган ЯЗда қуролларга тақиқ ва умрбод қамалган Караджич)

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek