Дунё: ИШИД бутунлай яксон қилиндими?

"Сурия демократик кучлари" ИШИД устидан мутлоқ ғалабага эришганини маълум қилди. Фото муаллифлик ҳуқуқи GIUSEPPE CACACE/AFP/Getty Images
Image caption "Сурия демократик кучлари" ИШИД устидан мутлоқ ғалабага эришганини маълум қилди.

АҚШ қўллаб-қувватловчи "Сурия демократик кучлари" ИШИД устидан мутлоқ ғалабага эришганини маълум қилди. Сурияда ИШИД назорат қилаётган бирорта ҳам маскан қолмагани айтилмоқда. Бироқ таҳдид ҳамон сақланиб қолмоқда.

"Сурия демократик кучлари ўзларини халифалик деб атаётган ИШИДдан минтақани 100 фоиз тозалаганини хабар қилади", -деб ёзди SFD нинг расмий вакили Мустафо Бали Twitter да.

Олдинроқ у ИШИДнинг сўнгги таянч нуқтаси бўлмиш Боғуз қишлоғида жанглар кетаётганини ёзган эди. Гуруҳ энг қудрат чўққисига чиққан вақтида Сурия ва Ироқдаги 88 минг квадрат километр майдонни назорат қилганди.

Image caption "Халифалик" ҳудудлари қандай қисқариб борди?

ИШИД ўз ерларини йўқотган бўлса ҳам, унга глобал миқёсда ҳамон таҳдид сифатида қараш мумкин. Гуруҳ минтақада мавжудлигини ва Нигерия, Яман, Афғонистон ҳамда Филиппин каби давлатлардаги ўзига ўхшаш гуруҳлар билан алоқасини сақлаб қолган.

ИШИД жангарилари ҳужум қилиш режаларини тузиш ҳамда қаршиликсиз ҳаракатланиши мумкин бўлган олис қишлоқларда фаоллигини ушлаб турибди.

Феврал ойида БМТ Бош котиби Антониу Гуттереш Хавфсизлик кенгашига қилган ҳисоботида жангарилар Ироқнинг Анбар, Салоҳиддин, Дияла, Ниневия вилоятларида ҳамда Ироқнинг Киркук шаҳри атрофидаги тоғларда мавжудлигини айтган эди.

Гуттереш ИШИД тармоқларининг Суриядан Ироқ ҳудудига ўтаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. ИШИД аскарлари, шунингдек, Суриянинг шимоли-шарқий вилояти бўлмиш Идлиб вилояти, пойтахт Дамашқнинг жанубий туманлари ва Сурия чўлларида сақланиб қолмоқда.

Жанглар қандай кечди?

"Сурия демократик кучлари" жангарилари сўнгги ойларда АҚШ ҳаво кучлари ёрдамида ИШИДни Сурия шимоли-шарқидаги шаҳар ва қишлоқлардан сиқиб чиқарди.

Курд исёнкорлари бошчилигидаги "Сурия демократик кучлари" март ойи бошида ИШИДга сўнгги ҳамласини бошлади. ИШИДнинг қолган кучлари ўша вақти Сурия шарқидаги Боғуз қишлоғига тўпланган эди.

Қишлоқда кўплаб тинч аҳоли қолгани маълум бўлгач альянс ишғолини тўхтатиб туришига тўғри келди.

Шундан сўнг Боғузни бир неча минг аёл, бола ва хориж фуқаролари тарк этди.

Image caption Сўнгги ҳафталарда Боғузни минглаб аёл ва болалар тарк этди

ИШИДнинг кўплаб жангарилари ҳам Боғуздан чиқиб кетди, бироқ қолганлар жиддий қаршилик кўрсатди. Улар ҳимояда бомбали худкушчилардан ҳам фойдаланишди.

Рейтер агентлиги мухбирининг гувоҳлик беришича, қишлоқдан асрга тушган жангариларни ортиб олган юк машиналар карвони чиқиб кетган.

Энг охирги жангмиди?

АҚШ ҳукуматининг маълумотларига кўра, минтақада ИШИДнинг яна 15-20 минг қуролли издошлари бўлиши мумкин. Уларнинг кўпчилиги ташкилотнинг "уйқу"даги бўлинмаларида. Америка ҳукуматиига кўра, гуруҳ ўз таъсирини тиклашга уриниб кўриши мумкин.

ИШИДнинг Афғонистон, Миср, Ливия, Жануби-шарқий Осиё ва Ғарбий Африка давлатларида кўплаб издошлари бор.

Бундан ташқари гуруҳнинг ғоявий таъсири остига тушиб қолган одамлар якка ҳолатда террор ҳаракатларини содир қилиши мумкинлигига бир неча далил бор.

Шунга қарамасдан 2018 йилнинг декабр ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Сурияда ИШИД устидан ғалабага эришилгани ва Америка ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилди.

Кейинчалик Трамп Суриядан қўшинларни олиб чиқиш тез орада бўлмаслигини, чунки улар ИШИД қолдиқлари билан курашаётганини айтганди.

Жума куни Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Сурияда халифалик йўқ қилингани ва ИШИД бошқа бирорта ҳам ҳудудни назорат қилмаётганини маълум қилди.

У Сурияда АҚШнинг 400 аскардан иборат қўшини маълум вақтгача қолишини ҳам айтди.

Суриянинг БМТдаги доимий вакили Башар ал Жафари АҚШнинг ИШИД устидан мутлоқ ғалабаси ҳақидаги баёнотини уйдирма деди.

"Сурияда ИШИД устидан ҳали ғалабага эришилгани йўқ. ИШИД билан ҳақиқий кураш олиб бораётганлар бу- Россия ва Суриядир. АҚШ ва унинг иттифоқчилари эмас", - деган Ал Жафари.

РИА Новости агентлигининг Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси АҚШнинг ИШИД устидан ғалабаси ҳақидаги баёнотини ишончли эмаслигини айтган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.