Шавкат, Миромон, Мирзиё... ва ҳоказо - эгизаклар дунёси

Lauren and Dan Perkins with their six children Фото муаллифлик ҳуқуқи Lauren Perkins
Image caption Лорен Перкинс 2012 йилда олти эгизакларни дунёга келтирган

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда учизакларга Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйиш урф бўлган. Бахтиёр чақалоқларнинг ота-оналари Президентдан совғага Кобальт машинаси олишади. Аммо шу билан болакайлар ташвишсиз улғайиб қолишмайди, албатта. Агар улар учизакмас, олти нафар бўлишса-чи?

Тўғри, бир болага етти маҳалла ота-она, дейишади.

Учизакларга Мирзиёев исмини қўймаганлар ҳукуматдан ёрдам ололмайдими?

Саломатлик: Жисмоний фаоллик қариш жараёнини ортга қайтара оладими?

Ота-она бўлишдек масъулиятли иш ҳар кимни қайсидир даражада хавотирга солиши тайин, аммо бирданига олти чақалоқли бўлиш кишини қай аҳволга солиши мумкин?

Буни билиш учун Би-би-си ана шундай кўплаб гўдакларни тарбиялаётган икки оила билан суҳбатлашиб кўрди.

Лорен Перкинс олти чақалоқни дунёга келтиражагидан хабар топган вақт «тахтадек қотиб қолгани» ҳақида сўзлайди.

«Биз бунча гўдакни бир ўзимиз қарай олмаслигимизни, бизга ёрдам керак бўлишини олдиндан билган эдим,» дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Лореннинг бахтига у яшайдиган маскан аҳолиси ёрдам қўлини чўзади.

«Одамлар ёрдам бермаганда, биринчи йилдан умуман омон чиқа олмас эдик.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lauren Perkins

Олти чақалоқни овқатлантириш, чўмилтириш ва кийинтириш учун Лорен қатъий кун тартиби ишлаб чиқади.

«Ҳар тунда кейинги 24 соат учун озуқа тайёрлаб, идишларни музлаткичга қўярдим. Ҳар бир идишга ёрлиқ ёпиштирар эдим. Шу сабабдан бизга ёрдам бераётган ҳар бир одам қайси идиш қайси болага тегишлилиги ва овқатлантириш вақти қачон эканини осонгина билиб олар эди,» хотирлайди Лорен.

Ҳар бир гўдакнинг озуқавий эҳтиёжлари турлича бўлганидан, оила бир вақтнинг ўзида тўрт турдаги сутли қоришмадан фойдаланишга мажбур бўлади.

Лорен, шунингдек, кўнгилли ёрдамчиларга қулай бўлсин, деб навбатчилик тизимини ҳам ўйлаб топади.

"Ёрдам қўлини чўзган дўстлар ярим кечаси келиб ҳам, болаларни овқатлантириб, ювинтириб-тарантириб кетишарди. "

«Уларнинг мурувватисиз қўлимиздан ҳеч нарса келмаган бўлар эди. Улар бизга йил бўйи овқат ташидилар!» сўзлайди Лорен.

Кўп сонли ҳомилага нима сабаб бўлади?

Кўп сонли ҳомиланинг юзага келиши турли сабаблар, жумладан, оиланинг эгизак фарзандлар билан тарихи, 30 ёшдан сўнг ҳомиладор бўлиш ёки олдин ҳам фарзанд дунё келтирганликка боғлиқ бўлиши мумкин.

Афро-америкалик аёллар бошқа ҳар қандай гуруҳдан кўра эгизаклар кўришга кўпроқ мойил бўлса, ёши 35 дан ўтган оқ танли аёлларнинг учтадан кўп фарзандни дунёга келтириш эҳтимоли юқоридир.

Репродуктив саломатлик технологиялари охирги йилларда эгизаклар кўриш даражасининг ортишига туртки берди.

Маълумотларга кўра, АҚШдаги уч ва ундан кўп фарзанд кўрган ота-оналарнинг тўртдан уч қисми сунъий уруғлантириш технологиясидан фойдаланган, бепуштликка қарши даво курсларини олган.

1980 йилдан 2009 йилга қадар эгизак фарзанд туғган аёллар сони АҚШда 76 фоизга ортган, аммо эгизаклар барча чақалоқларнинг атиги 3.5 фоиз қисмини ташкил қилган, холос.

2017 йили АҚШда тўрт ёки ундан кўп эгиз ака-сингиллар қаторида бўлган атиги 31 нафар гўдак қайд этилган.

Дўстлар ва яқинлар Перкинслар оиласига нафақат вақтини ажратган, балки уларни турли моддий заруриятлар билан ҳам таъминлаб келган.

Лорен турмуш ўртоғи билан «мисли кўрилмаган даражада қиммат» сут қоришмасидан ҳар куни фойдаланишга мажбур бўлгани ва кийилган кийимлар сотиб олишига тўғри келгани ҳақида гапиради.

«Биз дўстлардан доим тагликлар олиб беришларини илтимос қилар эдик. Ҳар туғилган кунда таглик ва кийимлар сўрар эдик.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lauren Perkins
Image caption Перкинслар ўзларининг биринчи туғилган кунларида

Ниҳоят, тагликларни алмаштиришнинг тежамкор усулини ўйлаб топган Лорен илк икки йил давомида уларни сотиб олиш ташвишидан халос бўлади.

Болалар ўса бошлаган сари қийинчиликлар ҳам ўзгара боради.

«Уларни тувакка ёзилишга ўргатиш даҳшатнинг ўзи бўлди,» дейди у.

Лореннинг тушунтиришича, эгизаклар мустақиллиги ортган сайин ташқи кўмакка эҳтиёж ҳам камайиб борган.

«Улар катта бўлгандан кейин ташвиш ҳам бироз камайди. Бу худди назорат остидаги тартибсизликка ўхшайди. Атроф жуда шовқин, одам жуда кўп, лекин биз яратган вазиятни бошқариш тизими иш берди.»

Ҳозирда Перкинсларнинг эгизаклари деярли етти ёшга тўлган. Лорен турмуш ўртоғи билан «одатий ота-оналик босқичлари»дан ўтганларини айтади.

Бешовлон эгизаклар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lisa Holloway

Эми ва Чед Кемпел бирданига беш фарзанднинг ота-онасига айланишдан аввал, ҳомила тушиб қолиш сабабли, эгизакларидан айрилганлар.

«Бошимиздан жуда оғир кунлар ўтди ва беш фарзандли бўлгунимизга қадар узоқ йўл босдик,» сўзлайди Чед.

Улар ўтган йили туғруқхонадан уйга беш чақалоқ билан қайтганлар.

«Энди нима қиламиз?» ҳайрон қолган ўшанда Эми.

Улар дуч келган илк қийинчиликлардан бири болаларни овқатлантириш эди.

«Вақтни тежаш мақсадида биз уларнинг барини бир вақтнинг ўзида овқатлантиришга қарор қилган эдик,» эслайди Чед.

Бир қанча ёстиқлардан эҳтиёткорлик ва моҳирлик билан фойдаланган ҳолда, жуфтлик беш гўдакнинг барини тенгдан овқатлантиришга имкон берувчи тизимни ишлаб чиқади.

Ҳозирда бешовлоннинг бари битта хонада ухлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amy Kempel

«Бироз улғайгандан кейин улар бир-бирини уйғотиб юбора бошлаши мумкин. Ўшанда, уларни алоҳида хоналарда ухлатишимизга тўғри келади,» дейди Эми.

Кемпелларнинг икки катта қизи ҳам бор. Бироқ Эми бирданига беш эгизакни катта қилиш «мутлақо бошқача» кечаётганини таъкидлайди.

«Аввалига уларга ўрганишим қийин бўлди. Улар узоқ вақт касалхонада - инкубаторда сақланди. Фарзандингни бағрингга босиб, уйингга олиб кетолмаслик оғир экан,» сўзлайди Эми.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Chad Kempel

Чед ва Эмининг айтишича, улар чақалоқларнинг «жиддий соғлиқ муаммолари ёки нуқсонлар» билан туғилишини тахмин қилиб, бундай ҳолга ўзларини руҳан тайёрлаб келганлар.

Аммо илк тиббий кўрикдан сўнг Эми чақалоқларнинг улғайиш жараёни «жуда яхши» ўтаётганини айтади.

Баъзи пайтда юзага келадиган қийинчиликларни ҳисобга олмаса, жуфтлик ишларнинг ҳаммаси «аъло даражада» эканини маълум қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amy Kempel
Image caption Кемпеллар беш кишилик коляскаларида