Президент сайловларида қизиқчига овоз берган бўлармидингиз?

Все 5

31 март куни Украинада президентлик сайловларининг биринчи тури бўлиб ўтади. Украиналиклар нақ 39 номзод ичидан мамлакатнинг навбатдаги раҳбарини танлаши лозим. Бироқ ижтимоий сўровномалар аллақачон рейтинги энг баланд беш номзодни аниқлаб бўлган. Уларнинг бири Украинанинг бўлажак президентига айланиши кутилмоқда.

"Қайтиш" ёки "босиб олиш"? - Қрим масаласи Россия ва Украина дарсликларида

Украина Россия билан чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилди

Украина Россияни халқаро судга берди

Би-би-си қуйида энг илғор беш номзоднинг сайловолди дастури, ютуқлари ва камчиликлари ҳақида имкон қадар қисқа ва лўнда маълумот беришга ҳаракат қилади.

Владимир Зеленский, 41 ёш, қизиқчи

Кинокомедияларда Украина президенти образини ижро этган таниқли қизиқчи мамлакатнинг ҳақиқий раҳбарига айланиши эҳтимоли анчайин юқори. У рейтинглар бўйича барча номзодларни доғда қолдириб кетишга муваффақ бўла олган.

Таржимаи ҳол

Кривой Рогда дунёга келган актёр юридик маълумотга эга, лекин ўз соҳасида бир кун ҳам ишламаган. Ижодий фаолиятини КВНда бошлаган Зеленский телекўрсатув раҳбари Александр Масляков билан муроса қила олмай, ўзининг «Квартал 95» номли студиясига асос солган. Студия асосида турли ҳажвий шоулар, комедик филм ва сериаллар яратган. Шулардан бири бўлмиш "Слуга народа" (Халқ хизматкори) телесериалида Зеленский Украина президентига айланган оддий ўқитувчи образини ижрони этган.

Сайловолди дастури

Фақат бир муддат президент бўлишини таъкидлайди. Қабул қилмоқчи бўлган илк қонуни - «Халқ ҳокимияти тўғрисида». Бу қонун халқнинг референдумлар орқали ҳукумат олдига вазифалар белгилаб беришига имкон яратади. Ҳар бир ишбилармон ўз даромадининг 5 фоиз қисмини қонунийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳар бир бола давлат томонидан ўзлаштирилаётган табиий захиралардан ўз ҳисобига даромад йиғиб бора олади.Имтиёзлар ва субсидиялар монетизация қилинади. Украина экологик тоза маҳсулотлар сотадиган жаҳон бозорига айланади.

Россия ҳақидаги фикрлари

«Мен у ерга томоша қўйгани бора олмайман, бундан ўзимни шунчаки ёмон ҳис қиламан.»

Ютуқлари:

•Украина сиёсий майдонида «номига доғ тушмаган, янги» имиж.

•Сайловчилар уни "Слуга народа" сериалининг коррупцияга ботган амалдорлар билан муроса қилмайдиган ҳалол қаҳрамони сифатида билади.

•Бутун Украина бўйлаб концертлар кўринишида тарғибот ишларини олиб боради.

Камчиликлари:

•Сиёсий ёки ижтимоий фаолиятда тажрибаси йўқлиги.

•Зиддиятли шахс бўлмиш олигарх Игор Коломойский билан яқин алоқада экани борасидаги гап-сўзлар.

•Россияда бизнеси мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Шиори: «Биргаликда амалга оширамиз!»

Иштироки: "Слуга народа" партияси номзоди.

Аввалги президентлик сайловларидаги тажрибаси: мавжуд эмас

Петр Порошенко, 53 ёш, Украина президенти

Ўзини президентликка номзодлар ичида Путин учун энг исталмаган шахс сифатида атайди. Мавжуд рейтинги мақтовга арзигулик эмас, аммо ҳаётидаги ҳеч бир сайловда мағлубиятга учрамаганини таъкидлайди.

Таржимаи ҳол

Энг бой украиналикларидан бири ҳисобланмиш Порошенко собиқ президент Ющенко даврида Хавфсизлик Кенгаши котиби ва ташқи ишлар вазири, Янукович даврида эса иқтисодиёт вазири лавозимларида хизмат қилган. Евромайдон воқеалари ортидан кутилмаган тарзда президентлик сайловида қўли баланд келган. Ўз бизнесини сотиш ва мамлакат шарқидаги ҳарбий инқирозга чек қўйишга ваъда берган, аммо сўзининг устидан чиқа олмаган.

Сайловолди дастури

Миссияси - Европа Иттифоқи ва НАТО аъзосига айланиш, минтақавий етакчиликни қўлга киритиш. Бошланган ислоҳотларни якунига етказиш. Украина нафақат ўзи, балки бутун Европа тамаддунини Россия тажовузидан асраб қолди. Иқтисодиётдаги бирламчи стратегик мақсадлар: аграр сектор, ахборот-технологиялар сектори, саноат тараққиёти, транспорт ва туризм. Украина - бу Европа.

Россия ҳақидаги фикрлари

«Путин Украинини қўлдан бой бериш унинг империяни қайта тиклаш ва Россияга буюк давлат мақомини қайтариш йўлидаги режаларининг барбод бўлишини англатишини яхши билади.»

Ютуқлари:

•Губернаторлар ва йирик шаҳарлар мерларининг дастаги.

•Ватанпарвар давлат арбоби, Украина армиясини оёққа турғиза олган шахс ва Путиннинг душмани имижи.

•Европа Иттифоқи билан визасиз тартиб жорий қилиниши ва Украина Православ черкови учун автокефалия (ўз-ўзини идора қилиш) мақомининг қўлга киритилиши.

Камчиликлари:

•Президентлиги давомида аксар украиналикларнинг ундан кўнгли қолган.

•Коррупция, жумладан, ўз атрофидагиларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига қарши аниқ кураш олиб бормаганликда айбланган.

•Украина шарқидаги урушга барҳам бера олмаганликда айбланган.

Шиори: «Биз ўз йўлимиздан борамиз!»

Иштироки: мустақил номзод.

Аввалги президентлик сайловларидаги тажрибаси: 2014 йил: 54,7% (1-ўрин).

Юлия Тимошенко, 58 ёш, Олий Рада депутати

Уни Украина тарихидаги энг қудратли мухолифатчи, деб атайдилар. Икки бор президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурган ва икки марта иккинчи ўринни эгаллаган.

Таржимаи ҳол

Сиёсатга 1997 йилда газ бизнесидан келган - «газ маликаси» номини олган. Икки марта Бош вазир бўлган, иқтисодий моддалар билан икки бор панжара ортида ўтирган. Бу айбловларни унинг ўзи сиёсий, деб атайди. Барча президентларга қарши кураш олиб борган: Кучма, Ющенко, Янукович ва, сайловларга бир ой қолганда, Порошенконинг импичмент орқали ҳокимиятдан кетказилиши ташаббуслари билан чиққан.

Сайловолди дастури

«Украинанинг янги йўналиши» дастури устида тўрт йилдан буён юзлаб экспертлар ишламоқда. Россия Украинага келтирган зарарларни ҳали тўлайди. Фуқаролар исталган пайт инқилоблар эмас, балки референдумлар орқали ҳукуматни ўзгартира олиши мумкин. Президентлик қасамёдидан бир ой ўтиб, газ нархи икки баробарга арзонлашади. Беш йилдан сўнг ойлик маошлар Польша даражасига чиқиб олади. Ипотека кредитлари ставкаси йилига 3 фоиздан ошмайди.

Ютуқлари:

•"Бизнинг Юля" учун овоз беришга тайёр фаол сайловчилар қатлами.

•Кўп йиллик сиёсий тажриба.

•"Батькивщина" сиёсий партиясининг тармоқланиб кетган ташкилотлари бирлашмаси.

Камчиликлари:

•«Эски авлод» сиёсатчиларга мансублиги.

•2009 йилда Владимир Путин билан имзолаган «газ бўйича битимлари» учун кескин танқидга учрагани.

•Популизмда айбланиши.

Шиори: «Украинага ишонаман!»

Иштироки: "Батькивщина" партияси номзоди.

Аввалги президентлик сайловларидаги тажрибаси: 2010 йил: биринчи тур - 25% (2-ўрин), иккинчи тур - 45,5% (2-ўрин). 2014 йил: 12,8% (2-ўрин).

Юрий Бойко, 60 ёш, Олий Рада депутати

Сайловларнинг иккинчи турида энг «йирик» номзодларнинг жиддий рақибига айланиши айтилади. Бироқ унинг биринчи турдан ўтиб олишига ишонч жуда кам.

Таржимаи ҳол

Ҳозирда ўзини «халқ республикаси» деб эълон қилган Донецк Халқ Республикаси назорати остидаги Горловка шаҳрида дунёга келган. Москвадаги кимё-технология институтини тамомлаган, ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилган, Виктор Янукович ва Николай Азаров ҳукуматларида энергетика ва кўмир саноати вазири ҳамда Бош вазир ўринбосари бўлган. Бир вақтлар қудратли Регионлар партияси етакчиларидан бири ҳисобланган

Сайловолди дастури

Киев Донбассдаги инқирознинг барча томонлари билан музокаралар ўтказади, зиддиятга фақат тинч йўл билан нуқта қўйилади. Фуқаролар Россиянинг блокланган ижтимоий тармоқларига қайта кириш имконига эга бўлади. Украина ҳудудларининг иқтисодий мустақиллиги таъминланади. Пенсия ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотлар бекор қилинади. Мактаб 10 йиллик таълимга қайтади ва фуқаролар ўз она тилида ўқиш ҳуқуқини қайта қўлга киритади. Украина бетараф ва блокларга қўшилмайдиган мамлакатга айланади.

Россия ҳақидаги фикрлари

«Бизда ҳамма ердан рус изини қидиришади - бу тушунарли ҳолат. Ҳаттоки, Николаев ёки Херсон вилоятида бузоқларнинг кам туғилиши ҳам яқинда рус изи, дея ҳисоблана бошланади.»

Ютуқлари:

  • Жорий ҳукуматнинг ички сиёсатидан норози сайловчиларнинг қўллови.
  • Россия билан муносабатларни тиклашга бераётган ваъдалари.
  • «Қатъиятли хўжалик юритувчи» имижи.

Камчиликлари:

  • Бойконинг сайлов майдонида бошқа кучли номзодлар ҳам мавжуд - биринчи навбатда, олигарх Ринат Ахметов томонидан қўллаб-қувватланаётган Александр Вилкул.
  • Коррупция билан боғлиқ жанжалларда айблангани.
  • «Эски ҳукумат»га мансублиги.

Шиори: «Украиналикларга муносиб ҳаётни қайтарамиз!»

Иштироки: мустақил номзод.

Аввалги президентлик сайловларидаги тажрибаси: 2014 йил: 0,2% (14-ўрин).

Анатолий Гриценко, 61 ёш, "Гражданская позиция" партияси раҳбари

Собиқ мудофаа вазири бўлмиш Гриценко на Тимошенко, на Порошенкони қўллаб-қувватлашни истамаётган ғарбпараст сайловчиларни ўзига жалб қилган.

Таржимаи ҳол

Собиқ ҳарбий амалдор АҚШда таҳсил олган, Украинадаги энг йирик таҳлилий марказлардан бирини бошқарган. Президент Ющенко даврида икки йил мудофаа вазири лавозимида ўтирган, НАТО билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Сўнг ўз сиёсий партиясига асос солган. 2014 йилги парламент сайловларидаги кутилмаган мағлубияти ортидан рамзий маош эвазига университетда Украина хавфсизлиги бўйича муаллифлик курсини ўқита бошлаган.

Сайловолди дастури

Ҳалол президент барчага ўрнак бўлади. Донбасс ҳеч қандай «алоҳида мақомларсиз» мамлакат таркибига қайтарилади. Амалдорлар сони камайтирилади, лекин уларнинг маоши оширилади. Уларнинг пора олишга мойиллиги айёрона йўллар билан текшириб борилади. Дори-дармонлар нархи икки баробарга пасайтирилади. Давлат ёшларга биринчи иш ўрнини кафолатлайди. Бу вазифаларни амалга ошириш учун беш йил етарлидир.

Россия ҳақидаги фикрлари

«Сайёрадаги хавфсизлик учун энг йирик хавф, дунёдаги беқарорликка сабаб бўлаётган энг катта омил - бу Россия Федерацияси.»

Ютуқлари:

  • Сўнгги йилларда ҳукумат лавозимларида ишламагани.
  • Унинг фойдаси учун президентликка номзодлигидан воз кечган «мухолиф-демократ» фаолларнинг қўллови.
  • Ҳақиқий полковник имижи.

Камчиликлари:

  • Мудофаа вазири бўлган вақтда ҳарбий мулкларни сотиб юборишда айблангани.
  • Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларга аралашмагани учун маломатга қолгани.
  • Уники каби ваъдаларни илгари сураётган номзодларнинг кўплиги.

Шиори: «Кўпроқ ҳалоллар!»

Иштироки: "Гражданская позиция" партияси номзоди.

Аввалги президентлик сайловларидаги тажрибаси: 2010 йил: 1,2% (9-ўрин). 2014 йил: 5,5% (4-ўрин).

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.