Британия: Ота-оналар ЛГБТ дарсларга қарши чиқишди

Protesters
Image caption Ота-оналарга кўра, болаларга бир жинсли алоқалар ҳақида жуда эрта ва жуда кўп маълумот берилмоқда

Англиянинг Бирмингем шаҳрида жойлашган мактабда бир жинсли муносабатлар ҳақида ҳикоя қилувчи дарслар ота-оналарнинг норозилиги туфайли вақтинчалик тўхтатиб қўйилди. Мактаб маъмурияти ота-оналарнинг бундай тушунмаслигидан қаттиқ ранжиганини маълум қилган.

Бирмингемдаги Parkfield Community мактабини бошқарувчи уюшманинг ижрочи директори Ҳейзел Пулли No Outsiders (Ҳеч қандай аутсайдерлар) номли дастур атрофида юзага келган жанжални деб айрим ўқитувчиларнинг озиб кетгани ва уйқусизликка дучор бўлгани ҳақида сўзлайди.

Ўзбекистон, ОИТС ва Азима: Ўзбеклар ВИЧ СПИД ҳақида билиши зарур 10 жавоб нима?

Ўзбек ёшларига жинсий тарбия қанчалар керак?

'Мусулмонлар учун жинсий тарбия' китоби ғазаб билан кутиб олинди

Ушбу лойиҳа 2014 йилда мактаб директори ўринбосари Эндрю Моффат томонидан болаларнинг замонавий жамиятдаги рангбарангликлар ва тафовутларни англаб етиши учун ишлаб чиқилган.

Дастур доирасида мактаб ўқувчиларига ЛГБТ озчиликлар ҳуқуқлари ва гомофобия тўғрисида маълумотлар бериб борилган. Бундан ташқари дастурдан ирқ, дин, ёш ва ногиронлик мавзулари ҳам ўрин олган. Бироқ ота-оналарнинг кескин норозилиги ортидан мактаб маъмурияти дастурни вақтинча тўхтатиб қўйишга мажбур бўлган.

Пулли хоним дастур орқали ўқувчиларга «барча оилалар турлича» бўлишини тушунтиришни истаганликларини айтади.

Image caption "Болаларимизни йўлдан оздиришни тўхтатинг!"
Image caption Мактабдаги охирги намойишга 250 нафар ота-оналар ва фарзандлари тўпланган
Image caption Паркфилд Комьюнити мактаби барча кўрсаткичлар бўйича олдинда

«Биз ёш болаларга бир жинсли жуфтликлар тўғрисида жинсий муносабатлар нуқтайи назаридан маълумот бермаймиз. Биз шунчаки хар ҳил оилалар борлиги, қайсиларидадир икки ота ёки икки она бўлиши мумкинлигини ўргатишга ҳаракат қиламиз.»

Аммо аксари мусулмон жамоатларидан бўлган ота-оналар ўз фарзандларининг бундай дарсларни ўрганишига қарши чиққанлар. Улар бир неча бор мактаб ёнида норозилик намойиши ўтказганлар. Уларнинг таъкидлашича, болалар ҳали бундай мавзуларни ўрганишга ёшлик қилади ва улар исломий қадриятларга зиддир.

Мазкур мубоҳасали масала билан шуғулланишни ўз бўйнига олган Британия таълим стандартлари назорати бўйича Бошқарма (Ofsted) шу ойнинг бошида No Outsiders дастури ЛГБТ мавзусига ортиқча урғу бермаган ва ушбу дарслар ўқувчиларнинг ёшига мос келган, деган хулосага келган.

Мактаб директори Девид Уилямс Ofsted ҳисоботини ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ажойиб янгилик, деб атаган.

Офстед катта инспектори Питер Хамфрис «ота-оналарнинг унча катта бўлмаган, лекин жуда фаол қисми мактабнинг бу масала бўйича сиёсати, тажрибаси ва қарашларини тушунмаётгани»ни айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Намойишчиларга кўра, болаларнинг жинсий тарбияси мактабнинг эмас, ота-оналарнинг иши

«Мазкур ота-оналар мактабнинг ЛГБТ мавзусига ҳаддан зиёд кўп эътибор қаратаётгани ва дарсларнинг ўзи ўқувчилар ёшига мувофиқ келмаслигини иддао қилади. Бироқ инспекторлар бу даъволарга асос топа олмади,» маълум қилади жаноб Хамфрис.

Лекин инспекторлар хулосаси норози ота-оналарни тинчлантира олмаган. Икки фарзанди шу мактабда таҳсил олувчи Мақсуд Ҳасан ҳисоботни ахлоқсизликларни оқлаш воситаси, деб атайди.

«Агар ҳаммаси яхши бўлса, у ҳолда нега ота-оналар 600 болани шундай дарслар туфайли мактабдан чиқариб олди? 500 дан зиёд имзо тўплаган петиция қайдан пайдо бўлди унда? Агар ҳаммаси жойида бўлса, нега унда ота-оналар беш ёки олти ҳафтадан бери норозилик намойишларини тўхтатмаяпти?» хитоб қилади у.

Ота-оналарнинг таъкидлашича, асосий муаммо - бу болаларнинг ёши.

Ўз навбатида Ofsted мактаб маъмуриятига ота-оналарнинг ўқитиш жараёнини яхши англашига имкон яратувчи ёндашув ишлаб чиқишни маслаҳат берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek