Дунё янгиликлари: ‘Айбсизʼ топилган Трамп, Венесуэладаги рус ҳарбий самолётлари ва Apple’нинг сирли тадбири

US President Donald Trump departs from West Palm Beach, Florida, 24 March 2019 Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Трампнинг сайловолди кампанияси 2016 йилдаги сайлов давомида Россия билан тил бириктирмаган, деган хулосага келган махсус прокурор Роберт Мюллер икки йил давом этган текшируви натижасида. Унинг ҳисоботи якшанба куни Конгрессга топширилган.

Мазкур текширув давомида жаноб Трампнинг яқин ёрдамчиларидан баъзилари жавобгарликка тортилган, айрим ҳолларда, қамоққа ҳукм этилган. Президент Трамп якшанба куни бирор асосга эга бўлмаган ушбу «жодугарлар ови»нинг ниҳоясига етганидан мамнун эканини билдирган.

Бироқ жаноб Мюллерга кўра, "бу ҳисобот президент бирор жиноятга қўл урган, деган хулосага келмаган бўлсада, шунингдек, уни оқламайди ҳам." Махсус прокурор Роберт Мюллер ўтган икки йил давомида Доналд Трампнинг сайловолди кампанияси аъзолари орасидан сайловлар натижасига таъсир ўтказиш бўйича Россия билан эҳтимолий тил бириктирган ёки ҳамкорлик қилган ҳар қандай шахсни аниқлашга ҳаракат қилган.

Россия Венесуэлага ҳарбий самолётларини юборди

Шанба куни Россияга тегишли икки ҳарбий самолёт Венесуэланинг асосий аэропортига бориб қўнган. Хабарларга кўра, самолётлар ўнлаб ҳарбийлар ва катта миқдорда аслаҳа-ускуна олиб борган. Россиянинг Спутник хабар агентлигининг ёзишича, самолётлар «техник ҳарбий шартномаларни амалга ошириш» учун юборилган.

Венесуэлалик журналист Ҳавиер Маёрка юзга яқин ҳарбий ва, тахминан, 35 тонна юкнинг самолётлардан туширилаётганига гувоҳ бўлгани ҳақида ёзган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда Россия байроғи туширилган самолётнинг пойтахт Каракас аэропортида ёнида бир қанча россиялик ҳарбийлар билан турганини кўриш мумкин.

Россия узоқ йиллардан буён Жанубий Америкада жойлашмиш Венесуэлани миллиардлаб доллар маблағ орқали қўллаб келади. Расмий Москва АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Венесуэла президенти Николас Мадуро ҳукуматини ағдаришга уринишда айблайди. Россия, шунингдек, январь ойида ўзини мамлакатнинг вақтинчалик президенти сифатида эълон қилган Ҳуан Гуайдо ҳукуматини ҳам тан олмаган.

Таиланддаги сайловда ҳарбийлар қўли баланд келди

Ҳарбийлар ва 2006 йилда ҳокимиятдан ағдарилган собиқ Бош вазир Таксин Шинаватра тарафдорлари ўртасида ҳал қилувчи кураш сифатида кўрилган Таиланддаги сайловлар кутилмаган натижалар билан тугаган. Ҳарбийлар 2014 йилда ҳокимиятни эгаллаб олгандан бери биринчи бор ўтказилган ушбу сайловда, ҳали натижалар расман эълон қилинмаган бўлсада, ҳарбийпараст Паланг Прача Рат партияси қўли баланд келгани айтилмоқда. Бунга қадар ушбу партиянинг сайловда учинчи ўринни эгаллаши тахмин қилинаётган эди. Хабарларга кўра, бюллетенларнинг 90 фоизи санаб бўлинган. Натижалар бўйича расмий эълоннинг бугун ёйинланиши кутилмоқда.

2014 йилда генерал Прают Чан-оча бошчилигидаги ҳарбийлар сургундаги Таксин Шинаватранинг 2011 йилда Бош вазирга айланган синглиси Йинглук Шинаватрани ҳокимиятдан ағдариб ташлаган эди. Собиқ ҳукуматни мамлакатни талон-тарож қилишда айблаган ҳарбийлар «тинчлик ва тартиб»ни тиклашга ваъда берган, аммо ўтган беш йил давомида улар авторитар бошқарув усулини қўллаш, матбуотни қаттиқ назорат остига олиш ва сўз эркинлигини бўғишда айбланган.

Таиланд қонунчилигига кўра, сайловда кўп овоз олган партия ёки партиялар коалицияси ким Бош вазир лавозимини эгаллашини ҳал қилади. Айни вақтда қўли баланд келгани айтилаётган Паланг Прача Рат партияси генерал Прают номзодини илгари сурган. Кузатувчилар воқеалар ривожининг кескин ўзгариб кетишидан генералнинг Бош вазирга айланишини тахмин қилмоқда, лекин, шу билан бирга, ҳаммаси бир неча соатдан сўнг маълум бўлишини ҳам таъкидламоқдалар.

Apple'да катта ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда

Бугун - 25 март куни Apple тарихида iPhone'нинг эълон қилинишидан бери ўтган давр ичидаги энг муҳим ўзгариш юз бериши кутилмоқда. Компания Тошкент вақти билан 22.00 да бошланувчи сирли тадбирда қандай янгиликлар эълон қилинишини ошкор қилмаган. Бироқ журналистларга «Томоша вақти келди» шиори туширилган таклифномалар тарқатилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тахминларга кўра, Apple бугун, катта эҳтимол билан, Netflix ва Amazon'га рақобатчи бўлувчи видео стрим хизматини тақдим этади. Агар бу тахминлар ўзини оқласа, у ҳолда компания iPhone ва MacBook'лар савдосига қарамлигидан воз кечиб, ўз тарихидаги янги босқичга қадам қўйган бўлади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.