Дунё. Янгиликлар: Трамп девори, адашиб қолган самолёт ва Ғазони ўққа тутган Исроил

Америкада янги ҳаёт бошлаш илинжида минглаб мексикаликлар чегарани кесиб ўтади Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Америкада янги ҳаёт бошлаш илинжида минглаб мексикаликлар чегарани кесиб ўтади

Пентагон АҚШ ва Мексика чегарасида янги деворни қуриши лозим бўлган муҳандислар жамоасини шакллантириш учун $1 миллиард ўтказишга рухсат берди. British Airways самолёти давлат ва шаҳарни адаштириб қўйди. Тел Авив шимолидаги бир уйга ракета келиб тушиши ортидан Исроил Ғазо бўлгасига ҳужум бошлади.

Пентагон Мексика билан чегарада девор қуриш учун $1 миллиард ўтказишга рухсат берди

Пентагон АҚШ ва Мексика чегарасида янги деворни қуриши лозим бўлган муҳандислар жамоасини шакллантириш учун $1 миллиард ўтказишга рухсат берди. Бундан аввалроқ президент Доналд Трамп ўз сайловолди кампаниясида ваъда берган деворни қуриш юзасидан Конгресс билан тил топиша олмаган ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Демократлар Пентагоннинг қарорига нисбатан норозилик билдириб, уни бундай рухсатни беришдан аввал Конгресснинг тегишли қўмиталарини огоҳлантирмаганликда айблаганлар. Пентагон эса ўз баёнотида мудофаа вазирлигига наркотик моддалар коридорларини тўсиш учун Қўшма Штатларнинг халқаро чегаралари бўйлаб йўллар ва деворлар барпо қилиш ҳуқуқини берувчи федерал қонундан иқтибос келтирган.

Президент Трампнинг йиллардан буён таъкидлаб келишига кўра, жанубий чегара «инқироз» ёқасига келиб қолган ва у ердан жиноятчиларнинг АҚШга кириб келишига йўл қўймаслик учун девор қуриш лозим. Жаноб Трампнинг президентлиги даврида девор учун илк бор ажратилаётган ушбу маблағ 91 километрга чўзилган, баландлиги 5 метрга тенг тўсиқ қуришга сарфланади.

British Airways самолёти давлат ва шаҳарни адаштириб қўйди

Британиянинг British Airways авиакомпаниясига тегишли самолёт душанба куни Лондондан Германиянинг Дюсселдорф шаҳрига учиши лозим эди, аммо хатолик туфайли Шотландия пойтахти Эдинбургга бориб қолди. Йўловчилар «Эдинбургга хуш келибсиз!» жумласини эшитиб ҳайратдан ёқа ушлаб қолганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Дюсселдорф шаҳрига (ўнгда) учиши лозим бўлган одамлар хатолик туфайли Шотландия пойтахти Эдинбургга бориб қолди (чапда).

Хатолик учувчиларга нотўғри парвоз режаси берилгани сабабли юзага келган. Рейсни British Airways билан лицензия келишуви асосида самолётни бошқараётган Германиянинг WDL Aviation авиакомпанияси амалга ошираётган бўлган.

British Airways'га кўра, хатолик аллақачон тўғриланган ва йўловчилар ўз манзили - Дюсселдорфга етказилган.

Исроил Ғазо бўлгасини ўққа тутди

Тел Авив шимолидаги бир уйга ракета келиб тушиши ортидан Исроил Ғазо бўлгасига ҳужум бошлади. Исроил Мудофаа Кучлари баёнотига кўра, ҳужум давомида Ҳамас гуруҳининг сиёсий раҳбари ва ҳарбий истихборот қароргоҳлари нишонга олинган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужумларда етти киши жароҳат олганини маълум қилган.

Бундан олдинроқ Исроил Ғазони назорат қилиб келувчи Ҳамасни Тел Авив шимолидаги Мишмерет аҳоли пунктига келиб тушган ракета ҳужумида айблаган эди. Бунинг оқибатида икки аёлнинг ўртача ва яна беш одамнинг енгил шикастлангани хабар қилинган. Ҳамас бу ҳужум бўйича жавобгарликни бўйнига олмаган.

Душанба куни тунда Ҳамас расмийлари Миср воситачилигида Исроил билан оташкесим ўрнатишга муваффақ бўлинганини маълум қилган.

Airbus Хитой билан кўп миллиардли шартнома имзолади

Airbus компанияси Хитойдан 300 самолёт учун буюртма олди. Битимнинг умумий қиймати $34 миллиардга тенглиги айтилмоқда. Хитой раҳбари Си Жингпингнинг Парижга ташрифи давомида ушбу келишувга эришилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Airbus

Хитойнинг буюртмаси Airbus рақиби Boeing ўзининг барча 737 Max русумидаги самолётлари парвозини тўхтатишга мажбур бўлган вақтга юзага чиқмоқда.

Airbus'нинг баёнотидан маълум бўлишича, Хитой 290 та А320 ва 10 та А350 XWB самолётларини сотиб олиш истагини билдирган.

Мексика Испания ва Ватикандан босқинчилик учун узр талаб қилмоқда

Мексика президенти Андрес Мануэл Лопез Обрадор Испания қироли Филип VI ва Рим Папаси Франсисга мактуб йўллаб, улардан 500 йил муқаддам Мексика ҳудудида олиб борилган босқинчилик ишлари вақтида қўл урилган инсон ҳуқуқларини топташ амаллари учун кечирим сўрашни талаб қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президентнинг таъкидлашича, ўша вақтлар қилич ва хоч ёрдамида туб аҳоли қириб ташланган, маҳаллий ибодатхоналар вайрон этилиб, ўрнига черковлар қурилган. Мексика дунёдаги энг кўп католиклар истиқомат қилувчи иккинчи (Бразилиядан кейин) давлат саналади.

Испаниянинг икки Американи истило қилиши 1492 йилда қитъанинг Христофор Колумб томонидан кашф этилиши ортидан бошланган. 16 аср бошида ҳозирги Мексика ҳудудига келган испанлар бу ерда ҳукмрон Атстек Империясини тор-мор этиб, минтақани 300 йил ўз назоратида сақлаган. Мексика 11 йилга чўзилган мустақиллик учун урушдан сўнг 1824 йилда федерал республикага айланган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.