Dunyo. Yangiliklar: Yanada shiddat olayotgan iqlim oʻzgarishi, dunyoning ilk OIV-ijobiy donori va taqiqqa uchragan Venesuela prezidenti

AQShda dunyoning ilk OIV-ijobiy donoridan buyrak koʻchirib oʻtkazildi

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/getty

Tanasida OIV (odam immun tanqisligi virusi) mavjud bemordan boshqa bir OIV-ijobiy shaxsga buyrak koʻchirib oʻtkazildi. AQShda amalga oshirilgan ushbu jarrohlik amaliyotini olib borgan shifokorlarning taʼkidlashicha, bu OIV-ijobiy bemorning tarixda ilk bor donorga aylanishiga ruxsat etilishi holatidir.

Bunga qadar OIV-ijobiy bemorlardan olingan buyrak, tibbiy jihatdan, juda xatarli hisoblab kelingan. Biroq antiretrovirus dorilarning yangi avlodi buyrakni xavfsizlantirishga imkon yaratayotgani aytiladi. Buyrakni koʻchirib oʻtkazish jarayonida ishtirok etgan doktor Kristin Dyurantga koʻra, mazkur amaliyot jamiyatning OIVga nisbatan munosabatini oʻzgartirishi va tibbiyotning qanchalik jadal surʼatda takomillashayotganini namoyon qilishi mumkin.

Jahon Sogʻliqni Saqlash Tashkiloti 2017-yilda dunyo boʻylab OIV/OITSga chalingan 37 million odam yashayotganini maʼlum qilgan.

Venesuela: Huan Guaydoga 15 yilga muhim lavozimlarni egallash taqiqlandi

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Shu yilning yanvar oyida oʻzini Venesuelaning muvaqqat prezidenti, deb eʼlon qilgan muxolifat yetakchisi Huan Guaydoning kelgusi 15 yil davomida muhim davlat lavozimlarida ishlashiga taqiq qoʻyildi. Davlat moliyaviy nazorati boshqarmasi rahbari Elvis Amorosoga koʻra, janob Guaydoning soliq deklaratsiyasida aniqlangan nomuvofiqliklar ushbu taqiqqa asos boʻlgan.

Bi-bi-sining Veneseula poytaxti Karakasdagi muxbiri Uill Grantning xabar berishicha, mazkur taqiq, agar janob Guaydo Milliy Assambleyadagi muddati yakunida yana qayta saylanishga qaror qilsa, kuchga kiradi.

Huan Guaydoning oʻzi janob Amorosoni mamlakatning Bosh auditori sifatida tan olmasligini taʼkidlab, uning qarori qonuniy kuchga ega emasligini maʼlum qilgan. Dunyoning 50 dan ziyod davlati Huan Guaydoni Venesuela prezidenti, deb tan olgan.

Дунё: Венесуэлада давлат тўнтариши юз бердими ё ҳокимият алмашдими?

WMO: Iqlim oʻzgarishi asoratlari shiddat bilan kuchaymoqda

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tomwang112

World Meteorological Organization (Jahon Meteorologiya Tashkiloti)ning ogohlantirishicha, soʻnggi yillarda iqlim isishi fenomenining tabiiy va moliyaviy asoratlari yuqori surʼatlarda ortib bormoqda. Ushbu tashvishli xabar WMOʻning iqlim oʻzgarishiga oid 25-yillik hisobotida eʼlon qilingan. Tashkilot maʼlumotiga koʻra, 2015-2018-yillar qayd etib borilgan davrning eng issiq yillari boʻlgan.

Qayd etilishicha, atmosferada qamalib qolgan issiqxona gazlarining 90 foizdan oshiq qismi dunyo okeaniga taʼsir qilmoqda va, bu oʻz navbatida, dengiz sathining koʻtarilib ketishiga sabab boʻlmoqda. Bu dengizlarga yaqin hududlarda dovul va boʻronlarning yanada koʻproq kuzatila boshlanishini anglatadi.

Hisobotda aytilishicha, 2018-yilda tabiiy ofatlar va keskin ob-havo oʻzgarishidan 62 millionga yaqin inson zarar koʻrgan. Birgina suv toshqinlarining oʻzidan, taxminan, 35 million odam jabr chekkan. Oʻtgan yili kuzatilgan atigi ikki boʻron AQSh iqtisodiyotiga $14 milliard zarar keltirgan.

Tramp nega AQShni Parij iqlim kelishuvidan olib chiqdi?

AQSh bosimiga qaramay, Huawei savdolari $100 milliardlik marradan oʻtdi

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Oʻtgan vaqt davomida AQSh tashabbusi bilan Xitoyning yirik telekom kompaniyasi boʻlmish Huaweiʼga nisbatan xalqaro moliyaviy bosim oʻtkazib kelingan boʻlsada, kompaniya 2018-yilda oʻzining umumiy savdo aylanmasi ilk bor $100 milliarddan oʻtganini maʼlum qildi. Huawei yillik hisobotiga koʻra, uning savdo aylanmasi 2018-yilda $107 milliardga teng boʻlgan, sof daromadi esa 25 foizga ortgan. Savdo aylanmasi Xitoyda Huawei smartfonlari yanada koʻproq sotilayotgani sababli oshgan.

AQSh yetakchiligidagi bir qator davlatlar kompaniyaning rasmiy Pekin bilan yaqin aloqaga ega ekanini iddao qilib, uning xalqaro faoliyatini cheklashga harakat qilib kelmoqda. Biroq kompaniya oʻzining mustaqil ekanini taʼkidlab, bu iddaolarni qatʼiyan rad etadi.

Huawei dunyoning eng yirik telekom jihozlari ishlab chiqaruvchisidir. Gʻarb davlatlari uning mobil tarmoqlarning 5G avlodi qoʻllangan mahsulotlarini xavfsizlikka tahdid sifatida baholagan.

AQSh Rossiyaga qarshi yangi sanksiyalar joriy qilish masalasini koʻrib chiqmoqda

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Rossiya Venesuelaga oʻz harbiylarini yuborishi ortidan AQShda Moskvaga nisbatan yangi sanksiyalar kiritish masalasi koʻtarilgan. Bu haqida AQShning Venesuela boʻyicha maxsus vakili Elliot Abrams xabar bergan. Janob Abramsning taʼkidlashicha, Rossiya prezident Nikolas Maduroni dastaklayotgani uchun, shubhasiz, tovon toʻlaydi.

Oʻtgan yakshanbada Venesuela poytaxti Karakasga ikki harbiy samolyotda 99 nafar rossiyalik harbiy kelgani xabar qilingan edi. AQSh va bir qator Janubiy Amerika davlatlari bu holatni Rossiyaning Venesuelaga nisbatan harbiy intervensiyasi, deb atagan. Rossiya tashqi ishlar vazirligi mamlakat harbiylarining Venesueladagi mavjudiyatini tan olgan, ammo ular ikki davlat oʻrtasidagi mudofaa boʻyicha shartnomaga muvofiq borganini iddao qilgan.

28 март дунё янгиликлари

АҚШнинг Сиетл шаҳрида отишма юз берди. Хитой Интерпол собиқ раҳбарини судга тортмоқчи. АҚШ Москвага қарши янги санкцияларни тайёрламоқда. Facebook оқ ирқчилик қарши курашмоқчи. Муҳожирлар ўзларини қутқарган танкерни эгаллаб олди

Сиетлда отишма юз берди

АҚШнинг Сиетл шаҳрида бир шахс ўточар қурол орқали икки инсонни ўлдирди ва яна икки нафар одам оғир тан жароҳати олди. У аввалига бир аёл ҳайдовчига ўқ узиб, уни яралаган. Сўнг келаётган автобусга қарата ўт оча бошлаган. Автобус ҳайдовчиси жароҳатланган, йўловчиларга зиён етмаган.

Шундан кейин яна икки эркак ҳайдовчи ҳужумчининг қурбонига айланган. Полиция уни ҳибсга олган. Матбуот конференцияси давомида полиция журналистларга бўлиб ўтган ҳодисани «бетартиб тарзда амалга оширилган, маъносиз ҳужум» сифатида тасвирлаган.

Хитой Интерпол собиқ раҳбарини судга тортмоқчи

Интерпол президенти Менг Ҳонгвей ўтган йилнинг сентябр ойида ватани бўлмиш Хитойга бориши ортидан ғойиб бўлиб, халқаро хавотирга сабаб бўлган эди. Кейинроқ Хитой ҳукумати унинг пора олганликда гумонланиб, ҳибс этилганини маълум қилган.

Менг Ҳонвей 2016 йил ноябрь ойида Интерпол президенти лавозимига сайланганди Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Менг Ҳонвей 2016 йил ноябрь ойида Интерпол президенти лавозимига сайланганди

Куни кеча Хитой ҳукумати жаноб Менгнинг шахсий манфаат йўлида давлат маблағларини оиласининг «дабдабали турмуш тарзи» учун сарфлаб юбориш ва Коммунист Партияси тамойилларини менсимасликда айбланаётгани эълон қилди. У, шунингдек, партия сафларидан ҳам ўчирилган. Жаноб Менг Хитой раҳбари Си Жингпинг олиб бораётган аксил коррупция амалиётининг қурбонига айланган энг сўнгги Коммунист Партияси расмийси экани айтилади.

Менг Ҳонвей 2016 йил ноябрь ойида Интерпол президенти лавозимига сайланган ва муддати 2020 йилда тугаши лозим эди. У узоқ йиллар Хитойнинг жамоат хавфсизлиги вазирлигида хизмат қилган ва мамлакат адлия тизимида 40 йиллик тажрибага эга. Шу сабабдан унинг Коммунист Партияси расмийлари тўғрисида жуда кўп сирларни билишига ишонилади. Ҳозирча Хитой жаноб Менгнинг айбини исботлайдиган ҳеч қандай далил келтирмаган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида унинг Интерпол президенти сифатида ўрнини жанубий кореялик Ким Жонг Янг эгаллаган.

Муҳожирлар ўзларини қутқарган танкерни эгаллаб олди

Муҳожирлар гуруҳи Ливия қирғоқларида уларни ўз бортига олиб, қутқариб қолган нефть танкерини куч ишлатиш йўли билан босиб олган ва экипажга йўналишни Малта томон буришни буюрган. Бу ҳақида хабар берган Италия ички ишлар вазири Салвини муҳожирларни қароқчилар, деб атаган.

муҳожир Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty

Юз нафарга яқин экани айтилаётган муҳожирларнинг бари ливиялик экани тахмин қилинмоқда. Малта ҳарбийлари эгаллаб олинган кеманинг мамлакат ҳудудига киришига йўл қўймасликларини таъкидлаганлар. Сўнгги хабарларга кўра, Малта қуролли кучларининг махсус гуруҳи кемани қайтадан қўлга олиб, бошқарувни капитанга топширишга муваффақ бўлган. Ҳозирда танкер Малта томон ҳаракатланмоқда. Соҳилга тушгандан сўнг босқинчи муҳожирларнинг полиция томонидан ҳибсга олиниши кутилмоқда.

АҚШ Москвага қарши янги санкцияларни тайёрламоқда

АҚШ Давлат Котиби Майк Помпеонинг маълум қилишича, Вашингтон НАТО билан биргаликда келаси ҳафта Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилади. Унинг сўзларига кўра, бу сафарги санкциялар Россиянинг Украинадаги фаолиятига боғлиқ бўлади.

АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео

Жаноб Помпео янги санкциялардан мақсад Россиянинг Қрим ва Азов дегизи, хусусан, бутун минтақада олиб бораётган фаолиятига зарба бериш эканини билдирган. Бироқ у санкцияларда айнан қандай чора-тадбирлар кўзланаётганига тўхталиб ўтмаган.

15 март куни ҳам АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқи ўтган йилнинг ноябрь ойида Керченский бўғозида бўлиб ўтган ҳолат ва украиналик денгизчиларнинг ҳибсга олиниши ҳамда Қрим аннекциясининг беш йиллигига боғлиқ равишда Россияга қарши янги санкцияларни жорий этганди.

Facebook оқ ирқчилик ва бўлгинчиликка қарши курашмоқчи

Facebook тарқатган баёнотда кейинги ҳафтадан бошлаб Facebook ва Instagram тармоқларида "оқ миллатчилик ва бўлгинчиликни улуғловчи, қўллаб-қувватловчи ва тамсил этувчи" фикрлар ҳамда шахслар блокланиши ҳақида гап боради.

марк Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Компания террорчи гуруҳлар тарқатаётган материалларни аниқлаш ва уларни блоклаш йўлидаги салоҳиятини такомиллаштиришга сўз берган. Баёнотда айтилишича, кейинги ҳафтадан ҳақоратли сўзларни тармоқдан излаган Facebook фойдаланувчилари ўта ўнгчи экстремизм билан курашувчи хайрия ташкилоти вебсайтига автоматик равишда йўналтира бошланади. Facebook'нинг ушбу қарори Янги Зеландия масжидларига уюштирилган қонли ҳужум туфайли юзага келган халқаро босим ортидан чиқмоқда.

27 март дунё янгиликлари:

Сурия шимолидаги курдлар ИШИД жангариларини халқаро трибуналга бермоқчи. Крайстчўрч ҳужумчисининг австриялик эҳтимолий маслакдоши уйи тинтилди. Жазоир қуролли кучлари бошлиғи президент Бутефликанинг истеъфосини талаб қилди.

Курдлар ИШИД жангариларини халқаро трибуналга бермоқчи

Сурия шимолидаги курдлар етакчилик қилаётган маъмурият Исломий Давлатга алоқадор кўрилган минглаб шахсларни жазога тортиш учун халқаро трибунал ташкил этишга даъват этмоқда. Айни дамда курд қамоқхоналарида минглаб собиқ жангарилар сақланаётгани айтилади. Маҳбусларнинг 1,000 нафарга яқини 50 дан зиёд хорижий давлат фуқароларидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Курд маъмурияти тарқатган баёнотда «террорчиларнинг айбини исботлаш учун Сурия шимолий-шарқида махсус халқаро трибунал» яратиш лозимлиги билдирилган. Шунингдек, маҳкама ишларининг «халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича битимлар ҳамда низомларга мувофиқ тарзда ўтишини таъминлаш» зарурлиги ҳам таъкидланган.

Ўз қудратининг чўққисига чиққан вақтларда ИШИД Сурия ва Ироқдаги 88 минг квадрат километрга тенг ҳудудни назорат қилган. Ҳозирда гуруҳнинг қўли остида ҳеч қандай ҳудуд қолмаганига қарамай, АҚШ расмийлари 15 мингдан 20 мингга қадар ИШИД жангарилари минтақада ҳали ҳам фаол эканига ишонишини айтади.

Крайстчўрч ҳужумчисининг австриялик эҳтимолий маслакдоши уйи тинтилди

Австриялик терговчилар Янги Зеландиядаги масжидларга уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонлаб, ўта ўнгчи гуруҳлардан бирининг етакчиси бўлмиш Мартин Селлнернинг Венадаги уйида тинтув ўтказган. Бу ҳақида Селлнернинг ўзи видеомурожаат орқали оммага хабар берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мартин Селлнер ҳужумларга алоқадорлигини рад этмоқда

Австрия ички ишлар вазирлиги вакилининг айтишига кўра, Селлнер бошчилик қилаётган гуруҳ бир мунча вақт аввал, катта эҳтимол билан, Крайстчўрч масжидларида 50 инсонни отиб ўлдирган Брентон Таррантдан салмоқли миқдорда (тахминан, $1,700) эҳсон олган.

Ўз видеомурожаатида Селлнер, ҳақиқатан, «Таррант» исмли шахсдан ичида «анчайин йирик миқдордаги» эҳсон бўлган электрон мактуб олганини тан олган, аммо унинг гуруҳи миграцияга қарши тинч кураш олиб боришини таъкидлаб, Янги Зеландиядаги террор хуружига алоқадор эканини қатъиян рад этган.

Ҳиндистон полицияси сайловларга алоқадор $80 миллион «поралар»ни қўлга туширди

Ҳиндистонда бир ойдан ошиққа - 11 апрелдан 19 майга қадар чўзилувчи йирик сайлов жараёни бошланиши кутилмоқда. Сайловлар олдидан полиция мамлакат бўйлаб умумий қиймати $80 миллионга тенг нақд пул, алкогол, наркотик, тилла ва бошқа қимматбаҳо нарсаларни қўлга туширди. Сайлов комиссияси буларнинг сайловга алоқадор поралар эканини таъкидлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қимматбаҳо буюмлар 10 мартдан 25 мартгача сайлов участкаларида ўтказилган рейдлар давомида мусодара этилган. Кузатувчиларга кўра, бундай ҳолат Ҳиндистон сайлов тизими ҳали ҳам коррупция ботқоғидан чиқа олмаётганини яққол кўрсатади. Ҳиндистонда бунга қадар ҳам номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловчиларни нақд пул, спиртли ичимликлар, тилла ва, ҳатто, телевизор ва ноутбуклар билан ўзи томонга оғдиришга уриниши одатий ҳол бўлган. Шу сабабдан жорий йилда полиция сайловлардан аввал назоратни кучайтирган.

Жазоир қуролли кучлари бошлиғи президент Бутефликанинг истеъфосини талаб қилди

Жазоир Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи генерал-лейтенант Аҳмад Гаед Салоҳ телевидение орқали чиқа туриб, ҳукуматга мамлакат президенти Абделазиз Бутефлика ўз вазифаларини бажара олмайди, деб эълон қилиш талабини қўйди. Жаноб Салоҳ зудлик билан мамлакатда давом этаётган инқирозга конституция доирасида ечим топиш зарурлигини таъкидланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty
Image caption 82 ёшли президент Абделазиз Бутефлика 20 йилдан бери ҳокимиятда

Жазоирликлар бир неча ҳафтадан буён 1999 йилдан бери ҳокимиятда қолиб келаётган 82 ёшли президент Абделазиз Бутефликанинг истеъфосини талаб қилиб, кенг кўламли намойишлар ўтказмоқда. Бундан олдинроқ президент Бутефлика келаётган сайловда ўз номзодини қўймасликка рози бўлган эди. Бироқ норозилик намойишларининг аксар иштирокчилари унинг ҳокимиятдан кетиш нияти йўқлигини таъкидлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek