Илм-фан янгиликлари: Қайноқ чой саратон келтириб чиқаради, эркаклар ва аёллар оғриқни турлича сезади

Қайноқ чой қизилўнгач саратонини келтириб чиқариши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock

Кўп миқдорда қайноқ чой (ёки бошқа ҳар қандай қайноқ ичимлик) ичиш хавфли ва катта эҳтимол билан қизилўнгач саратонининг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. 50 мингдан зиёд инсон қатнашган кенг кўламли тадқиқот шундай хулоса билан якунланган.

Тадқиқот Эроннинг шимолий-шарқида бўлиб ўтган. Олимлар 10 йилдан ошиқроқ вақт давомида 45 ёшдан 70 ёшга қадар бўлган қайноқ чой ичувчи эркак ва аёлларни кузатиб борганлар. Тадқиқот мобайнида ичимликнинг ҳарорати ва истеъмол қилинаётган миқдори ҳамда пиёлага қуйилишидан то ичилгунга қадар ўтган вақт қайд этиб борилган.

Тўпланган маълумотлар турли давлатлар ва маданиятлар кўра фарқланади. Маълум бўлишича, ҳарорати Цельсий бўйича 60 даражадан юқори бўлган ичимлик аксарият одамлар томонидан чидаб бўлмас даражада иссиқ чой сифатида қабул қилинади.

Олимлар келган хулосага кўра, бир кунда ҳарорати 60 даражадан юқори бўлган чойдан икки пиёладан кам бўлмаган миқдорда ичган одамларда қизилўнгач саратони ривожланиш хавфи бунча миқдорда чой ичмайдиганлардан кўра икки карра юқори бўлади.

АҚШда саратоннинг бу тури энг кенг тарқалган онкологик хасталиклар рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллаган. Қизилўнгач саратони билан касалланиш хавфи эркакларда 1:132, аёлларда 1:455 нисбатни ташкил қилади.

Бироқ бошқа мамлакатларда манзара умуман ўзгача. Масалан, Эрон ва Хитойда қизилўнгач саратони анча кенг тарқалган касаллик ҳисобланади. Бунга овқатланиш маданияти ва чекиш каби омиллар сабаб, дея кўрилади.


Паркинсон касаллигини ҳидидан сеза олувчи аёл

Паркинсон касаллиги ташхис орқали жуда қийин аниқланувчи нейродегенератив хасталиклар қаторига мансуб. Унда лаборатория усуллари орқали аниқлаш мумкин бўлган биологик маркерлар мавжуд эмас.

Бироқ англиялик Жой Милн ҳали илк аломатлари пайдо бўлмасидан олдин ҳам Паркинсон касаллигини ҳид орқали сеза олиш қобилиятига эга.

У бундай қобилиятидан биринчи бор эрининг терисидан келаётган иснинг ўзгариб қолганини пайқаган вақт хабар топган. Орадан 10 йил ўтиб, турмуш ўртоғига Паркинсон касаллиги ташхиси қўйилади. Милн хоним ўзи мулоқотда бўлган бошқа инсонлардан ҳам шундай ис келаётганини сезади.

Ўшандан бери олимлар бу аёл касаллик исини қандай сезаётганини аниқлашга уриниб келмоқдалар. Тахминларга кўра, Милн хоним ҳар бир инсонда мавжуд бўлган тери шираси ёки тери мойи исини ҳис қилади. Паркинсон касаллигига учраганлардан бу ҳид кучлироқ ажралиб чиқади.

Олимлар Манчестер университетида Жой Милн ва 64 кўнгилли иштирокида тадқиқот ўтказиб кўрдилар. Иштирокчилардан баъзилари Паркинсон касаллиги билан оғриган эди. Натижалардан аён бўлишича, Паркинсон касаллигига чалинганлар тери шираси таркибида уч модданинг миқдори юқори бўлади: гиппур кислотаси, эйкозан ва октадеконол.

Ушбу молекулаларнинг мавжудлиги Паркинсон касаллигига чалинган беморлардаги нейротрансмиттерлар, яъни мияга электрокимёвий сигналлар юборувчи моддалар даражасининг ўзгариши билан боғлиқ.

Жой Милн Альцгеймер синдроми ва саратоннинг бир қанча турларини ҳам ҳид орқали сеза олишини маълум қилади. У сил касаллигини аниқловчи ташхис тестини ишлаб чиқиш бўйича олимлар билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.

Айни вақтда Паркинсон синдроми билан оғриган беморлар сони дунё бўйлаб, тахминан, 10 миллионни ташкил қилади. Сайёра аҳолиси қариб борган сари беморлар сони ҳам ошмоқда.

"Агар Жойнинг ёрдами билан аниқланган биологик маркерлардан фойдаланган ҳолда, илк босқичларида Паркинсон синдроми ташхисини қўя олсак, уни даволашнинг янги услубларини ишлаб чиққан бўлар эдик," дейди тадқиқотчилардан бири Пердита Барран.


Ясси чувалчангларда регенерация гени топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ҳайвонот дунёсининг айрим вакиллари кишини ҳайратга солувчи регенерация - қайта тикланиш хусусиятига эга. Масалан, ёмғир чувалчангини иккига бўлиб ташласа, у яшовчанлик қобилиятини йўқотмасдан ўзининг олдинги ҳолатига осонлик билан қайта олади.

Олимлар узоқ йиллардан буён бу жонзотлар геномининг айнан қайси қисми бундай даражадаги самарали регенерацияни амалга ошириш имконини беришига жавоб топиш йўлида изланиб келар эди.

Гарвард университетидаги олимлар жамоаси ясси чувалчанг тўлиқ геномининг реконструкциясига бағишланган янги тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Улар EGR назорат генининг фаоллашишини бошқариб турувчи ДНКнинг ўзига хос қисмини аниқлаганлар.

Фаоллашиш пайтида EGR шу пайтгача ҳаракатсиз бўлган қайта тикланувчи генларни ишга туширади. Шу тарзда, ҳатто тенг иккига бўлиб юборилганда ҳам, чувалчангнинг тез ва самарали регенерация жараёни бўлиб ўтади.

Олимлар ясси чувалчанглардаги регенерация механизмини англаш орқали инсонлардаги орқа мия билан боғлиқ жиддий жароҳатлар асоратларини бартараф этиш усулларини ишлаб чиқишга умид қилмоқдалар.


Эркаклар ва аёллар оғриқни турлича ҳис қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дунёдаги 50 миллион ортиқроқ инсон сурункали оғриқ синдромидан азият чекади. Айнан ушбу синдром кўплаб Ғарб давлатларида юзага келадиган ногиронликнинг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланади. Айни вақтда эркаклардан кўра аёллар артрит, фибромиалгия ва мигрень каби сурункали касалликларга кўпроқ чалинади.

Ҳозирги кунда мавжуд оғриқ қолдирувчи воситалар бир неча ой, ҳатто, йиллаб давом этувчи сурункали оғриққа нисбатан у қадар кучли таъсир эта олмайди.

Бироқ, эндиликда, аёллар ва эркакларнинг оғриқни турлича ҳис қилишига оид далиллар пайдо бўлди. Бу ҳар икки жинс вакиллари турли дори воситаларига ҳар хил реакция билдиришини англатади.

Шу вақтга қадар янги оғриқни қолдирувчи воситаларни ишлаб чиқариш йўлида олиб борилган лаборатория тадқиқотларида, асосан, эркак жинсига мансуб каламуш ва сичқонлардан фойдаланилган. Оқибатда, қўлга киритилган натижалар нисбий бўлиб, бозорга чиқарилган дори воситаларининг аксарияти аёлларга у қадар самарали таъсир этмаган.

Техас Университети олимлари ўтказган тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, аёллар ва эркаклар орқа миясига келаётган оғриқ сигналлари бир-биридан фарқ қилади.

Маълум бўлишича, сурункали оғриқ синдромига чалинган эркакларда иммун тизимининг бир қисми ҳисобланмиш макрофаг ҳужайралар фаол бўлади. Аёлларда эса нейронлар томонидан ажратилувчи оқсилсимон моддалар - нейропептидлар кўпроқ фаол бўлади.

«Бу оғриқнинг жинсга боғлиқлигидан бевосита далолат берувчи илк натижалардир,» дейди тадқиқотда иштирок этмаган невропатолог профессор Жеффри Могил.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek