Дунё, Ўзбекистон ва Афғонистон: Толибон билан музокаралар тинчлик келтирадими ё аксинча?

Taliban militants in Afghanistan. File photo Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/Getty Images
Image caption Бугун Толибон 2001 йилдан ҳам кўпроқ Афғонистон ҳудудини назорат қилади

18 йил ичида илк бор АҚШ Афғонистондан ҳарбийларини олиб чиқиш ва ўз тарихидаги энг узоқ давом этган урушга барҳам беришга жиддий киришган кўринади.

Ўтган йилнинг октябр ойидан бери АҚШ ва Толибон вакиллари беш марта юзма-юз музокара олиб бордилар ва олтинчи учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилмоқда - бу сафар америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлаш ҳамда Толибоннинг афғон ҳудудидан бошқа хорижий жангариларнинг фойдаланишига йўл қўймаслиги ва дунёга ҳеч қандай хавф солмаслигини кафолатлаш масалаларининг муҳокама қилиниши кутилмоқда.

АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция ал-Қоидага бошпана бергани иддаоси билан 2001 йилда Толибон ҳукуматини ағдариб ташлаган эди. Ўшандан бери ҳар икки томоннинг тинчликни қарор топтириш йўлида ҳамкорлик қилиши ҳеч кузатилмаган эди.

Бироқ Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтаётган АҚШ-Толибон музокаралари натижаси қандай тугаши номаълум мураккаб жараённинг илк босқичи, холос - ҳали олдинда ошиб ўтилиши лозим бўлган кўплаб тўсиқлар турибди.

Оташкесимга эҳтиёж борми?

Ҳозирда бутун Афғонистон бўйлаб тўқнашувлар ва отишмалар тинмаётир. Толибон эса 2001 йилдан бери ўтган вақт ичида энг катта ҳудуд ва таъсирга эга бўлиб олди.

Шунга қарамай, АҚШ президенти Доналд Трамп ўз мамлакати учун йилига $45 миллиардга тушаётган бу урушни тугатиш ниятида.

Унинг Афғонистондаги барча 14,000 нафар америкалик аскарларни яқин вақт ичида олиб чиқиш режасида экани ҳақидаги хабар, ҳатто, Толибонни ҳам ҳайратда қолдирган.

Аммо Толибон ва АҚШ ўзаро муносабатларни барқарор йўлга солиб олишга эришгани билан Афғонистоннинг ички муаммолари мамлакатда ялпи тинчлик ўрнатишга халал бериши мумкин. Оташкесим, Толибон ва Афғон ҳукумати ўртасида диалог бошлаш ва, энг муҳими, янги ҳукумат ва сиёсий тизимни шакллантириш ана шу муаммолар ичига киради.

Таҳлилчилар оташкесим шу йилнинг охирида янги сайловлар ўтказиш ва унда Толибоннинг ҳам иштирок этишига имкон яратган бўлар эди, дейди. Бироқ иккинчи ҳолатнинг имкони йўқдек туйилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Трамп Афғонистондан Америка қўшинларини чиқариш ниятида

Ҳокимиятни иккига бўлиш мумкинми?

Бу борада бир қанча йўл ва сценарийлар мавжуд.

Аввало, барча йирик сиёсий ўйинчилар шундоқ ҳам сентябрга қолдирилган президентлик сайловининг ўз вақтида ўтказилиши бўйича якдил қарор олиши зарур бўлади.

Шундай қарорга келинса, янги Кобул ҳукумати, агар сайловга қадар тинчлик бўйича келишувга эришилмаган бўлса, Толибон билан музокарага кириша олиши мумкин.

Аммо барча томонларга маъқул бўлган янги ҳукумат шакллантиришнинг механизми ишлаб чиқилса, сентябрга қолдирилган сайлов яна чўзилиши ёки вақтинча бекор қилиниши - ва жорий ҳукуматнинг муддати узайтирилиши - ҳам мумкин.

Толибон ҳам ҳукумат таркибига қўшиладими?

Ҳатто Толибонни ҳам ўз ичига олган вақтинчалик бетараф ҳукумат ёки коалицияни яратиш кўрилиб чиқилаётган эҳтимолий сценарийлардан биридир.

Лоя Жирға - ёки катта кенгаш - АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетгандан сўнг сайловлар ташкилловчи муваққат ҳукуматни танлаш учун чақирилиши ҳам мумкин. Бу сайловларга Толибонни жалб қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бундан ташқари 2001 йили Германиянинг Бонн шаҳрида ўтказилган конференцияга ўхшаш халқаро йиғин орқали Афғонистоннинг келажаги белгиланиши ҳам мумкин.

Агар бундай конференция ташкилланса, унда Афғон ҳукумати, халқаро қудратли кучлар ва қўшни давлатлар ҳамда, илк бор, Толибон иштирок этади.

Айрим Толибон етакчилари менга афғон жамиятининг назарига тушиш ва сайловларга тайёрланишлари учун вақт зарурлигини маълум қилдилар.

Собиқ душманлар бирга ишлай оладиларми?

Агар Афғонистондаги вазият ўзгариши лозим бўлса, у ҳолда ошиб ўтиш зарур бўлган бир қанча тўсиқлар пайдо бўлиши аниқ.

Масалан, Толибон Афғонистоннинг жорий конституциясини тан олмайди ва ҳукуматни «АҚШ томонидан қўйилган қўғирчоқ тузум» деб атайди.

Президент Ашраф Ғани эса, Толибон рўйхушлик бермаганидан, жангарилар билан шу вақтгача ўтган музокараларда бевосита иштирок этмаган.

Айрим афғонлар агар Толибон билан қўшҳокимиятчилик юзага келса, мамлакатда яна қайтадан гуруҳнинг қаттиққўл исломий тартиблари ўрнатилишидан хавотирда эканини айтади.

1990 йилларда Афғонистонда назоратни ўз қўлига олган Толибон аёлларни жамиятга қўшилишини тақиқлаган ва тошбўрон ҳамда қўлни кесиш каби жазо чораларини жорий қилган эди.

Тинчлик музокаралари иш бермаса, нима бўлади?

1979 йилда советларнинг Афғонистонга бостириб кирганидан бери мамлакатдаги урушга чек қўйиш йўлида бир қанча муваффақиятсиз уринишлар амалга оширилган.

Яқин келажакда ҳам ўтмишда кузатилган айрим ҳолатлар такрорланиши мумкин.

АҚШ кучларининг мамлакатдан чиқиб кетиши Кобул ҳукуматининг зудликда парчаланишига сабаб бўлмаслиги мумкин.

Таҳлилчилар америкаликлар кетгандан сўнг урушнинг яна давом этиши ва Кобул ҳукуматининг мавжудияти хорижий ҳарбий ҳамда молиявий кўмакка боғланиб қолишини тахмин қилади.

1989 йилда Собиқ Иттифоқ ўз қўшинларини олиб чиққандан кейин Москва дастагини олган Кобулдаги ҳукумат ҳокимияти атиги уч йил давом этган, холос.

1992 йилда турли минтақавий кучлар томонидан қўллаб-қувватланган афғон гуруҳлари зиддияти ортидан қонли фуқаролар уруши юзага келган.

Мабодо ҳозир муаммоларга эҳтиёткорлик билан ечим топилмаса, 1990 йиллардаги ҳолат яна қайталаниши эҳтимоли юқори.

Тартибсизлик бунданда кенгайиши мумкинми?

Айни вақтда мавжуд тинчликни қарор топтириш режасида Толибоннинг янги тузиладиган Афғон ҳукуматида иштирок этиши кўзланмоқда. Бу мамлакатдаги йилларга татиган урушнинг ҳам афғонларнинг ўзи, ҳам АҚШ ва ҳам минтақа учун қониқарли натижа билан тугашини англатади.

Бироқ Хитой, Россия, Эрон ва Покистон каби таъсирли кучларга стратегик жиҳатдан яқин жойлашган мамлакатдаги янги вазият ҳаммага бирдек маъқул келмаслиги мумкинлигини ҳам ҳисобга олмоқ зарур.

Камига Афғонистон ўз сарҳадидан жой эгаллашга интилаётган ал-Қоида ва Исломий Давлат каби жангари гуруҳлар муаммоси билан юзлашганча қолмоқда. Тинчлик музокаралари самарали ўтганига қарамай, ушбу омиллар туфайли мамлакатдаги тартибсизлик бунданда кенгайиб, минтақа ва дунёнинг қолган қисмига таҳдид солиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Толиблар Ашраф Ғани ҳукуматини Американинг қўғирчоғи деб билади

Зиддиятни қандай юмшатиш мумкин?

Тарих музокаралар ва тинчлик битимларини имзолаш зиддиятларнинг осонгина якунига етишини кафолатламаслигидан дарак беради.

Бу қадамлар ҳали узоқ давом этувчи мураккаб жараённинг бошланиши, холос.

Тинчлик жараёнининг муваффақиятли ўтиши фақатгина маҳаллий ва халқаро таъсир кучларининг ўзаро муросага кела олишига боғлиқ. Ўтган тарих давомида Афғонистон бўйича илгари сурилган деярли ҳар бир тинчлик муросаси бирор маҳаллий ёки ташқи ўйинчининг қаршилиги туфайли йўққа чиққан.

Ҳозирда 40 йиллик уруш тарихидаги камдан-кам имконият томонлар қўлида турибди - ёки бу имкониятдан самарали фойдаланиб, мамлакатга осойишталик қайтарилади ё янада жиддий оқибатлар юзага чиқади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Толибон мамлакатнинг 70 фоиз ҳудудида эркин фаолият юритади

Афғонистон: Толибон раҳбари Мулло Умар "АҚШ ҳарбий базаси биқинида яшаган"

Ўзбекистон, Россия ва АҚШ: Толибон мақсадига етдими?

Ўзбекистон: Россия пропагандаси кучаймоқдами?

Эксклюзив: Мирзиёев махсус вакили Тошкент истаги, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида

Толибонни ким тамсил этмоқда?

Давом этаётган тинчлик музокараларини олиб бораётган Толибон делегацияси таркибида гуруҳнинг қудратдан кетказилиши ортидан 13 йил давомида АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланган беш нафар юқори мартабали расмийлар ҳам иштирок этмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи US Defense Department
Image caption "Гуантанамо бешлиги"

Бу шахслар жангарилар томонидан асир олинган америкалик ҳарбий Бов Бергдал билан 2014 йили Қатарда айирбошланган эди.

Муҳаммад Фазел 2001 йилдаги АҚШ ҳарбий кампанияси даврида Толибон мудофаа вазири ўринбосари сифатида хизмат қилган. У эҳтимолий уруш жиноятлари, жумладан, кўплаб тинч аҳолининг умрига зомин бўлишда айбланган.

•Муҳаммад Наби Омари АҚШ ва халқаро коалиция кучларига қарши ҳужумларни уюштиришда иштирок этган, дея кўрилади. Шунингдек, у Ҳаққоний тармоғи билан яқин алоқада бўлган.

•Мулла Нуруллоҳ Нури юқори даражали Толибон ҳарбий қўмондони ва вилоят ҳокими бўлган. У шиалар ва бошқа тинч аҳолининг оммавий қирғин қилинишида айбланган.

•Адбул Ҳақ Восиқ Толибон истихборот хизмати раҳбари муовини бўлган. Унинг бошқа исломий гуруҳлар билан иттифоқчиликлар ташкил қилинишида марказий роль ўйнагани айтилади.

•Хайруллоҳ Ҳайрвҳа Толибон ички ишлар вазири ва Ҳирот шаҳри ҳокими вазифаларида ишлаган.

Делегацияга раҳбарлик қилаётган Шер Муҳаммад Аббос Станикзай яқинга қадар Толибоннинг Қатардаги сиёсий қароргоҳини бошқарган.

У февраль ойида Би-би-си билан суҳбати давомида барча хорижий кучлар мамлакатдан чиқиб кетмагунигача ҳеч қандай оташкесим бўйича келишув бўлмаслигини таъкидлаган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek