Дунё. Янгиликлар: Украинада сайлов, янги даврга қадам қўяётган Япония ва сайловларда мағлуб бўлган Эрдўғон партияси

Зеленский ва Порошенко иккинчи турда куч синашади

Украина Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Кеча - 31 март куни Украинада бўлиб ўтган президентлик сайловининг икки пешқадами маълум бўлди: комик актёр Владимир Зеленский ва мамлакатнинг амалдаги президенти Петр Порошенко сайловнинг иккинчи турига чиқиб олди. Иккинчи тур 21 апрел куни бўлиб ўтади.

Илк натижаларга кўра, Зеленскийга сайловчиларнинг 30 фоизи овоз берган, Петр Порошенко эса 16 фоиз овоз билан кифояланишга мажбур бўлган. Яна бир жиддий номзод - Юлия Тимошенко учинчи ўрин билан иккинчи турга ўта олмаган.

Владимир Зеленский иккинчи ўринни олган Порошенкодан деярли икки баробар кўп овозни қўлга киритишга эришдан бўлсада, унинг иккинчи турдаги ғалабаси кафолатланмаган, дейди экспертлар. Уларнинг фикрига кўра, амалдаги президентда ватанпарвар давлат арбоби, Украина армиясини оёққа турғазган ва мамлакатни Россия тажовузидан ҳимоя қилган қаҳрамон имижи мавжуд. Шу сабабдан иккинчи тур кутилмаган натижа билан тугаши мумкин.

(Мавзуга алоқадор -Президент сайловларида қизиқчига овоз берган бўлармидингиз? )

Ш. Корея раҳбари акасининг қотили озодликка чиқиш арафасида

Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг Уннинг ўгай акаси Ким Жонг Намни ўлдиришда айбланган ветнамлик аёл нисбатан енгил айблов - кишига ҳалокатли тан жароҳати етказиш билан айбланди. Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг Уннинг ўгай акаси Ким Жонг Намни ўлдиришда айбланган ветнамлик аёл нисбатан енгил айблов - кишига ҳалокатли тан жароҳати етказиш билан айбланди. Агар Доан Ти Ҳонг исмли бу аёл қасддан қотилликка қўл уришда айбдор, деб топилганда, у ҳолда ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди. Малайзия суди уни уч йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум қилган. Жазо муддати Ти Ҳонг хоним қўлга олинган 2017 йилнинг февраль ойидан ҳисобланган. Унинг адвокати ўз мижозининг шу йилнинг май ойида озод этилиши кутилаётганини маълум қилган.

Ким Жонг Нам 2017 йилнинг февралида Малайзия пойтахти Куала Лумпур аэропортида Ти Ҳонг хоним дохил яна бир аёл томонидан VX нерв агенти билан заҳарланган эди. Ушбу суиқасд Шимолий Корея раҳбари Ким Жонг Уннинг бевосита кўрсатмаси асосида амалга оширилганига ишонилади, аммо Пхенян ушбу иддаони рад этиб келади. Ти Ҳонг хоним маҳкама тингловларида шериги билан бирга кўнгилочар телекўрсатувда иштирок этяпмиз, деб ўйлаганини таъкидлаган. Икки аёлга Ким Жонг Намнинг юзига нерв агенти билан ҳужум қилишни ким буюртма бергани ҳалигача номаълум қолмоқда.

Японияда янги императорлик даври номи эълон қилинди

1 май куни Япония императорлик тахтига янги ҳукмдор ўтириши кутилмоқда. Шу муносабат билан ҳукумат янги императорлик даври қандай аталишини эълон қилди. Эълонда қайд этилишича, мамлакат қадам қўяётган янги давр "Рейва" деб номланади. Бу сўз тартиб ва уйғунлик маъносини англатади.

85 яшар император Акиҳито 30 йиллик ҳукмронликдан сўнг ўз вазифаларини бажаришга ёши ва соғлиги бундан буён имкон бермаслигини таъкидлаб, тахтни ворис шаҳзода Наруҳитога топширган эди. Анъанага кўра, ҳар бир япон императорининг даври (ёки "генго") бирор ном билан аталади ва тахтга янги ҳукмдор келгунга қадар мамлакатдаги йиллар, муҳим саналар ва воқеалар айнан ушбу ном билан уйғунликда белгилаб борилади. Генгонинг номи оддий японияликларнинг кундалик турмуш тарзида муҳим ўрин эгаллаб, тангалар, газеталар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бошқа расмий ҳужжатларда ўз аксини топади.

Акиҳито сўнгги икки аср ичидаги тахтдан воз кечаётган илк япон императорига айланди. Одатда, генгонинг номи император ўлими ортидан меросхўрнинг тахтни эгаллашидан сўнг эълон қилинар эди. Бироқ бу сафар ҳукумат расмий идоралар ва компаниялар компютер дастурлари ҳам иш ҳужжатларини янги даврга мослаб олишига имкон бериш мақсадида генго номини бир ой аввал маълум қилган.

Маҳаллий сайловларда Эрдоғон партияси пойтахтни бой берди

Маҳаллий сайловларда Эрдоғон партияси пойтахтни бой берд Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдоғоннинг Адолат ва Тараққиёт Партияси (AKP) бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда пойтахт Анқара дохил бир қанча шаҳарлар юзасидан назоратни мухолифатдаги Республика Халқ Партияси (РХП) фойдасига қўлдан чиқарди. Бироқ AKP ҳам, мухолифат ҳам Истанбулда энг кўп овозга эга бўлганини даъво қилмоқда.

Ушбу сайловлар юзага келган иқтисодий қийинчиликлар фонида президент Эрдоғонга нисбатан халқнинг ишончи синови ўлароқ кўрилаётган эди. Би-би-сининг Туркиядаги мухбири Марк Ловенга кўра, жаноб Эрдоғон мазкур сайловларни «ҳаёт-мамот масаласи» сифатида тасвирлаб келган ва AKPнинг чорак асрлик давр давомида Анқарани биринчи бор қўлдан бой бериши президентга кутилмаган зарба бўлган. Бундан ташқари мухолифатнинг катта миқдордаги овозларни олишга эришуви президент Эрдоғон ҳокимиятига нисбатан ишончсизлик даражаси ортиб бораётганидан дарак беради.

(Мавзуга алоқадор -Туркия демократик султонликка айланмоқда(ми?))

Facebook ширкати жонли эфирни чеклаш йўлларини қидиради

Янги Зеландиядаги икки масжидга қуролли ҳужум видеоси тўғридан-тўғри намойиш этилганидан икки ҳафта ўтиб Facebook ширкати жонли эфирни чеклаш йўлларини қидириб топишга ваъда берган.

Facebook раҳбарларидан бири Шерил Сандбергнинг айтишича, ширкат раҳбарияти зўравонлик тарғиб этилиши олдини олиш йўлида "янада кўпроқ иши қилиниши лозим" деган чақириқларга қўшилади.

Янги Зеландиянинг Крайстчўрч шаҳридаги масжидга Жума намозига йиғилган мусулмонларга ўт очилиши оқибатида 50 инсон ҳаётдан кўз юмган, ҳужумнинг Facebookда тўғридан-тўғри намойиш этилган видеоси олиб ташланишидан олдин 4000 марта фойдаланувчилар томонидан кўрилгани аниқланган.

15 март кунги террор хуружи қурбонлари бир ҳафта ўтиб Крайстчўрчда хотирланди, хотира маросимида 20 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

ЯЗ расмийларига кўра, масжидларга ҳужум пайтида жароҳатланган 21 киши шифохонада қолмоқда, улардан уч нафарининг аҳволи оғир.

"New Zealand Herald" рўзномаси Facebook раҳбарларидан бири Шерил Сандбергнинг мактубини чоп этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шерил Сандберг бундан кейин нафрат тарғиботи олдини олиш йўлида катта ишлар қилишга ваъда берди.

Мактубида Сандберг хоним Фейсбук фойдаланувчиларидан кимнинг жонли эфирга чиқиши чекланиши ўрганиб чиқилишини маълум қилган.

Бошқа социал медиа тармоқларида бўлгани сингари Facebookда ҳам зўравонлик, фаҳш ва бошқа қонунга зид контент устидан шикоят қилиш имконияти мавжуд.

Ва Facebook Крайстчўрчдаги мусулмонларнинг отиб ўлдирилиши видеоси 17 минут давом этганини, видеони Facebookнинг 200 га яқин фойдаланувчиси томоша қилганини билдиради.

Крайстчўрчдаги террорчи видеоси устидан илк шикоят Facebookка видео тугаганидан 12 дақиқа ўтиб келиб тушган.

Социал медиа сайтлари ҳужум видеоси ўчириб ташлашни бошлаганлар, бу видеони тарқатмасликка чақириқлар кўп бор янгради.

Шунга қарамасдан, файлларни бўлашиш 8chan сайтида видеодан нусха олинган, у эса 1,5 миллион марта тарқатилган.

Крайстчўрчдаги фожеадан сўнг Facebook кескин танқидлар остида қолди.

Шерил Сандберг бундан кейин ширкат нафрат тарғиботи олдини олиш йўлида катта ишлар қилишга ваъда берди.

Facebook террочилик хуружини тергов қилишда Янги Зеландия полицияси билан ҳамкорлик қилаётганини айтмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ