Дунё: Эртаклар ўқиш қамоқхонадан омон чиқиб олишимга ёрдам берди

Lewis Hardy Фото муаллифлик ҳуқуқи Trevor Burrows
Presentational white space

Луис Ҳарди ёш рафиқаси ва гўдакларидан ажралиб, қамоқда яшашдан жуда қийналаётган эди. Кўп ота-оналар ҳар тунда такрорлайдиган одат билан танишганидан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетади: болаларга эртак ўқиб бериш.

Эндигина қамоқдан озод этилган Луис тўққиз ойдан бери кўрмаган икки ўғлининг ёнига шошиб, таксига ўтирган вақт телефони жиринглаб қолади.

«Нималар қилмоқчисан?» тўнғиллайди таниш овоз.

«Таксидаман. Ўғилларимни ёнига кетяпман.»

«Қўйсангчи. Уларни эртага кўраверасан. Кел қовоқхонага, биз билан ўтир.»

Луис эски улфатининг бу таклифига қандай жавоб беришни яхши билар эди.

«Мен сен билан ортиқ ҳеч қачон қовоқхонада ўтирмайман. Фарзандларим муҳимроқ менга.»

Маҳбусларнинг ўйлашга вақти кўп бўлади, дейди Луис. У ҳам айни шу вақтдан фойдаланиб, ҳаётини бундан буёқ қандай ўтказиш борасида тугал қарорга келиб бўлган эди.

Уйга кириб келганимда, олти ва беш яшар ўғилларим устимга шундай сакрадики, йиқилиб тушишимга сал қолди, хотирлайди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lewis Hardy

У ўғиллари билан кўп ишлар қилишни режалаштириб қўйган, аммо қамоқхонадан ўрганиб келган одати - уларга эртаклар ўқиб бериш рўйхатнинг биринчи қаторида турар эди.

Англиянинг Плимут шаҳрида туғилиб, вояга етган Луис 2013 йили маст ҳолда муштлашиб, шахсга тан жароҳати етказгани туфайли икки йилга озодликдан маҳрум этилган.

У илк болалик йилларидан бери тажовузкорлик феъл-атворининг ажралмас қисми бўлиб келганини тан олади.

Бироқ қанчалик тажовузкор бўлмасин, қамоқхона муҳити уни ақлдан оздира ёзгани ҳақида сўзлайди. Айтишича, оддий папирос қоғози туфайли чиққан жанжал оқибатида маҳбуслар тиш чўткасига ўрнатилган писка-пичоқ билан осонгина бир-бирини сўйиб ташлаши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

«Ҳар тонг камера эшиклари очилганда, бугунги кунинг қандай ўтиши мумкинлигини била олмай, қийналасан,» дейди у.

Зўравон маҳбуслар эса кимнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан ожиз эканини аниқлашга тинмай ҳаракат қилади. Бахтига Луис бирор жиддий муаммога юзланишдан сақланишга муваффақ бўлади, аммо қамоқда кучли тушкунлик билан рўбарў келади.

Storybook Dads (Эртакчи дадалар) дастурига ёзилгандан сўнг унинг маҳбуслик ҳаёти тубдан ўзгариб кетади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дастур ёш болали маҳбусларга студияда эртаклар ўқиб, улар ёзилган дискларни оиласига юбориш имконини берар эди.

Луис уйига ҳафтасига битта эртак жўната бошлайди. Кейинроқ унинг эртаклари ўғиллари ва рафиқасига жуда асқотаётганидан хабар топади.

«Эртакларгача рафиқам тунда болаларни тинчлантира олмай, хуноб бўлаётган экан,» сўзлайди Луис.

Ётиш олдидан отасининг тили билан айтилган эртакларни тинглаган болакайлар тинч ором ола бошлайди.

Бундан ташқари эртаклар болаларнинг мурғак қалбидаги ота соғинчини юмшатишга ҳам ёрдам берар эди.

Қамоққа тушгунига қадар Луис болаларига эртак ўқиб бериш тўғрисида деярли ўйламаганини тан олади.

Эртаклари фарзандларига ёқаётганини эшитган Луис уларни янада завқ ва меҳр билан ўқишга тиришади.

У эртаклар қалбида қамоқдаги совуқ муҳит туфайли пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш, одамийликни сақлаб қолиш ва фарзанд соғинчини бостиришда катта роль ўйнагани ҳақида гапиради.

Болалари учун эртак ўқиб бериш унинг ҳаётига қайтадан илиқлик олиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Trevor Burrows

Шерон Берри қамоқхоналарда маҳбусларнинг ана шундай илиқ ҳисларга муҳтожлиги ортишига гувоҳ бўлганидан сўнг Storybook Dads дастурига асос солган.

Радиоузатиш соҳасида таҳсил олган Шерон ҳафтасига бир кун вақтини Channing Wood қамоқхонасида радио станция ташкил қилишга бағишлай бошлайди.

У суҳбатда бўлган эркак маҳбусларнинг кўпи фарзандларини қанчалик соғинаётгани, уларнинг туғилган куни ёки мактабга илк чиққан кезларида бирга бўлолмаётганидан ўкинишини тан олган.

У оиласи билан телефон орқали мулоқотдан сўнг бурчакда ҳаммадан яшириниб, овоз чиқара олмай йиғлаган маҳбусларни кўради.

Шундан сўнг Storybook Dads дастури ғояси унинг ҳаёлига келади. Бу дастур ота ва оилага жазо муддати даврида ҳам ўзаро илиқ муносабатларни давом эттиришга ёрдам бериши лозим эди.

Ниҳоят у 2003 йили Dartmoor қамоқхонасидаги бўш камерада студия ташкил қилади.

Орадан 16 йил ўтиб, йилига 100 га яқин маҳбус ушбу студияда 5-6 минг эртак ёзмоқда.

Шерон қамоқхонадаги оғир муҳит сабабли маҳбусларнинг аксарияти эртакларни ўқиш давомида кўнглидагини очиқ чиқара олмаганини пайқаган.

«Сиз бу муҳитда ўзингизнинг ожиз тарафингизни мутлақо кўрсата олмайсиз. Шунга қарамай, бизнинг студиямиз маҳбусларга ўзини ота сифатида намоён қилиш имконини беради.»

У эртаклар бошида фарзандларига ўз саломини етказаётган аксар маҳбусларнинг кўзи жиққа ёшга тўлганини кўрган.

________________________________________

Бироқ эртак ўқиш пайтида айрим маҳбуслар мутлақо бошқа муаммога дуч келади.

Уларнинг баъзилари болалигида умуман эртак эшитмаган, шунинг учун улар эртак ўқишга қийналади, дейди Шерон.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Storybook Dads

Луис эртак ўқиётганимни кўрган бошқа маҳбуслар устимдан кулмасмикан, деб қўрққан.

Аммо кўплаб маҳбуслар зўраки жиддийликдан кўра эртакларнинг ўз фарзандларига ижобий таъсир қилаётганига кўпроқ эътибор қаратган.

Болалари эртаклар ёзилган дискларни мақтаниб мактабга олиб бораётганини эшитган оталарнинг ўзига бўлган ишончи янада ортган.

«Бу болалари уларни ҳали ҳам севиши ва ёддан чиқармаганини кўрсатади,» дейди Шерон.

Қамалганидан тўққиз ой ўтиб, Луис озодликка чиқарилган. Мана орадан беш йил ўтган бўлса ҳамки, у бошқа ҳеч қандай ҳуқуқбузарликка қўл урмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Trevor Burrows
Image caption Қамалганидан тўққиз ой ўтиб, Луис озодликка чиқарилган.

У ичкиликдан воз кечган, ишига қайтган ва ўтган йили учинчи бор ўғиллик бўлган.

Луис фарзандларига эртак ўқиб бериш ҳалигача энг севимли машғулоти эканини айтади.

У бугунги кунда тўнғич ўғлига Гарри Потер тўпламини ўқиб бермоқда. Улар Азкабан маҳбуси бобига етиб келганда, Луис ўғлига қамоқхона ҳақида бор ҳақиқатни ошкор қилишни режалаштирмоқда.

«Мен унга қамоқхона ҳақида ҳамма нарсани, у жойнинг қанчалик даҳшатли эканини айтиб бераман,» таъкидлайди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek